Фарғоналик журналистлар Санкт-Петербургда
Ўзбекистон Мустақиллигининг 20 йиллиги умумжаҳон миқёсидаги воқелик сифатида тан олиниб унга бўлган қизиқиш тобора ортиб бормоқда. Бу жиҳат юртимизда бўлиб ўтаётган турли мавзулардаги халқаро симпозиум, конференция ва бошқа анжуманларда дунёнинг барча қитъаларидан нуфузли иқтисодий институтлар вакиллари, дипломатлар, таниқли фан намоёндалари, олимлар, адиблар иштирок этаётганлари ҳамда етакчи оммавий ахборот воситаларида мамлакат президенти Ислом Каримов раҳнамолигида Янги Ўзбекистоннинг ўзига хос ривожланиш йўли ва эришган ютуқларини мамнуният, ҳавас билан бот-бот тилга олаётганларида ҳам кўринади. Шундай қутлуғ кунлар арафасида Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлимининг ОАВлари раҳбар ва вакилларидан иборат 20 кишилик делегацияси Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти журналистлари ижодий уюшмаси таклифига биноан Россия федерациясининг иккинчи пойтахтида сафарда бўлдилар.
Бундан салкам уч юз йил муқаддам илк бор варақа тарзидаги газета (кундалик) чоп этганларида вақти келиб дунёни тезкор хабарлар тўри қамраб олишини, интернет журналистикаси йиллар давомида шаклланган матбуот қиёфаси, маъно мазмуни, услуб ва тилига сезиларли таъсир кўрсата билишини тасаввур ҳам қилмагандирлар. Лекин компьютер ва унинг имкониятлари кашф этилиши анъанавий журналистикада илгари маълум бўлмаган хислатларни шакллантирди. Бундай шароитда ўзаро тажриба алмашиш журналист шахси такомиллашуви ҳамда кўп тармоқли ОАВсининг ривожида муҳим аҳамиятга эга эди.
—Аниқроғи бундай учрашувлар нафақат тажриба алмашиш, балки икки мустақил давлат, икки мамлакат халқлари босиб ўтган сўнгги 20 йил уларга нима берди, жумладан, ОАВлари нима билан нафас оляпти, шу каби саволларга ҳам жавоб бериш керак,-дейди кейинчалик мулоқотлар чоғида Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти журналистлар ижодий уюшмаси масъул котиби Елена Сергеевна Шаркова.
Ҳа, дарҳақиқат, биз мустақил давлатнинг ижодда эркин журналистлари дунёни ўз кўзимиз билан кўришимиз, ундаги воқеликларни бевосита, юракдан ўтказиб англашимиз ҳамда таққос асосида юртимизда эришилган улкан ютуқлардан фахрланишга ҳақли эдик. Шундай ўй, мулоҳаза билан биз Санкт-Петербурглик ҳамкасбларимиз таклифини қабул қилдик.
Бир биримиздан ўрганиб…
Андрей Константинов матбуотнинг детектив воқеликлар таҳлилчиси ҳамда иқтидорли ёзувчи сифатида бир қанча халқаро ижодий танловларда ғолиб ва совриндор бўлиб ном қозонган машҳур шахслардан бири. У ихтисослигига кўра араб тарихчиси. Узоқ йиллар шарқ мамлакатларида ишлаган. Сўнгги 20 йиллик ҳаёти эса журналистика билан боғлиқ. Бир қанча номдор газеталар мухбири, кейинроқ ўзи тузган “Журналистик суриштирув агентлиги” бош директори ҳамда Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти журналистлари ижодий уюшмасининг раиси.
Расмиятчилик учун икки ижодий уюшма фаолияти ҳақидаги ахборот узоқ чўзилмади. Учрашув дастлабки дақиқалариданоқ самимий мулоқот, савол жавоблар тарзида ўтди.
—Россияда ҳам Ўзбекистондаги каби цензура қонун билан бекор қилинган. Лекин журналистлар ички цензурани четлаб ўтолмаяптилар,-деди А.Константинов.—Яна бир муаммо журналистика факультети талабаларининг умумий билим савияси саёзлигида. Улар кўп китоб ўқимайдилар. Ўқиб ўрганмасдан, билим пойдеворига эга бўлмасдан қандай қилиб таҳлилий мақола ёзиш мумкин?
Мавзу биз учун ҳам қизиқарли эди. Чунки шу каби муаммолар ўзбек журналистикасига ҳам қайсидир маънода дахлдордир. Ҳар биримиз бу масалада фикр-мулоҳаза ва таклифларимизни баён этишга ҳаракат қилдик.
—Мана кўрдингизми, турли давлат журналистларининг жонли мулоқоти қанчалар аҳамиятли. Афсуски, мамлакатимиз раҳбарияти бундай муҳим масалага етарлича эътибор беряпти, дея олмайман,-деди А.Константинов делегациямизга бир оз ҳавас билан қараб.
Мен ҳамкасбимга айрим Россия нашрларига эътирозларимни билдирдим. Яъни, уларда баъзида ҳатто мамлакатимизга келмай, одамлар билан учрашмай миш-миш ёки интернетдаги муаллифи тайинсиз, мазмуни ҳақиқатдан йироқ маълумотларга асосланиб воқеликларни бузиб кўрсатиш ҳоллари рўй бераётганини мисоллар билан айтдим.
—Афсуски, бундай ҳақиқатдан кўз юмиб бўлмайди. Журналист этикаси фақат ва фақат аниқ, исботланган фактларга асосланиб ёзишни тақозо этади,-деди ижодий уюшма раиси.
Суҳбат чоғида журналист холислиги ва эркинлиги мавзусида ҳам баҳсли мулоҳазалар билдирилди.
—Бир газета таҳририятига шаҳар ҳукумати ғоят имтиёзли нархда редакция биносини ижарага берган. Хўш, бу нашр шаҳар маъмурлари фаолияти ҳақида танқидий мақола бера оладими энди? Шундай қилсам кўчада қолмасмиканман, деб ўйлайди аввало. Демак, журналист ҳам, у ишлайдиган таҳририят ҳам иқтисодий мустақил бўлиши керак.
А.Константинов куйиниб тилга олган мавзу Ўзбекистонда Президент Ислом Каримов томонидан илгари сурилган Концепцияда алоҳида йўналиш сифатида белгилаб берилгани, журналистик фаолиятни тартибга солувчи қонунлар, жумладан оммавий ахборот воситаларини иқтисодий асослари тўғрисидаги қонун лойиҳаси устида ҳам иш олиб борилаётганини айтганимда ҳамкасбим кўзларидан ҳайрат маъносини ўқидим.
Шу каби ижодий мулоқот Санкт-Петербургдаги “Журналистлар уйи”да ҳам давом этди.
—Ҳозир шаҳар ва вилоятда 50 та газета, 30 та теле ҳамда радиоканаллар фаолият кўрсатади. Уларда 2500га яқин журналист меҳнат қилмоқда,-дейди медиокомпания бош директори Виктор Машенджинов.—Санкт-Петербург аҳолиси “ўқийдиган”лар тоифасидан. Шунинг учун ҳам газеталарнинг бир марталик адади 1,5 миллион нусхани ташкил этсада у ўз муштарийларини топади.
Биз Санкт-Петербург ҳукуматининг бош нашри бўлган “Петербургский дневник” газетаси билан танишдик. У ҳафталик бўлиб, 300 минг нусхада 24-36 саҳифада чоп этилар ҳамда тўлиғича бепул тарқатилар экан. Газетада ижтимоий-сиёсий, маърифий-маданий мавзулар бош ўрин тутади. Аммо реклама ҳам оз эмасди.
—Санкт-Петербургда Швеция, Финляндия каби қўшни давлатларнинг савдо уйлари ишлаб турибди. Газета билан боғлиқ ҳаражатларнинг асосий қисмини уларни реклама қилишдан келадиган маблағ ҳисобидан қоплаймиз,-дейди нашр бош директори Владимир Гронский.—Қолган бир қисмини ҳукумат ажратади. Натижада у ижтимоий газетага айланади ва мана бир неча йилдирки, муштарийга қулай шароитда бепул тарқатилади.
Аслида ижтимоий бепул нашрлар тажрибаси янгилик эмас. Мен аввалги чет эл сафарларим чоғида Япония, Корея, Саудия Арабистони, Европанинг бир қанча мамлакатларида йирик компаниялар рекламаси ҳисобидан ижтимоий газета чиқариб тарқатилаётганини кўрганман. Бунинг учун моддий жиҳатдан бақувват реклама берувчи субъектлар бўлиши керак. Масалан, Фарғонада ҳам нефтни қайта ишлаш заводи, автосаноат ва тўқимачилик корхоналари билан шартнома асосида шу каби газета чиқариш, уни ҳар бир хонадонга етказиш масаласини ўрганиб кўрса арзийди. Бунда ижтимоий газетани тарқатишда аҳоли кўплаб тўпланадиган (кино, театр, истироҳат боғлари, стадион ва ҳоказо) ёки йўловчилар гавжум (бекат, аэропорт, ўтиш жойлари каби) манзилларга қўйилса ўқишни хоҳловчилар ўзлари оладилар, яъни газета ҳақиқий ўқувчиси қўлига етиб боради.
Ҳамкасбларимизнинг яна бир тажрибалари ибратли эди. Шаҳар ва вилоятдаги 3 мингта мактабга газета қўядиган мослама ўрнатибдилар. Унга халқ таълими муассислиги ва молиявий таъминотида “Большая перемена” (“Катта танаффус”) номи билан ҳафталик газета чиқариб илиб қўяр эканлар.
—Газетамиз тез орада ўқувчиларнинг кейинги сонини кутадиган нашрга айланди,-дейди унинг бош муҳаррири Регина Азеран.—Энди бепуллигини сақлаган ҳолда ададини ошириш йўлларини изламоқдамиз.
—Айниқса, газета таҳририятларида ёш журналистларга эҳтиёж катта,-дейди Санкт-Петербург матбуот ва жамоатчилик билан алоқалар қўмитаси раисининг ўринбосари Валентин Сидорин.—Бу масала сизларда қандай ечим топяпти?
Бир неча муҳаррирларимиз бундай муаммо бизда ҳам борлигини, таҳририят қошида ёш мухбирлар мактаби ташкил этилгани, лицей, университетнинг иқтидорли битирувчилари билан шартнома асосида иш олиб борилиши, ёшлар учун махсус ташкил этилаётган ижодий танловлар каби омиллар унинг ечимига йўл топаётганини айтдилар.
—Ибратли тажриба, бизда ҳам шу каби усулларни қўлласак бўлар экан,-деди В.Сидорин мамнун бўлиб.
Шу куни “Фарғона ҳақиқати” —“Ферганская правда” газеталарининг бош муҳаррири Баҳром Обиджонов “Петербургский дневник”, “Славьянка сегодня” газеталари бош муҳаррирлари билан келгусида икки томонни қизиқтирувчи маданий-маърифий ҳамда фуқаролик жамиятини қарор топтириш мавзусидаги мақолалар алмашиш ҳақида келишиб олди.
Фарғоналик журналистларни “Санкт-Петербург телеканали”да унинг бош директори Юрий Зинчук мамнуният билан қаршилади. У узоқ йиллар НТВнинг махсус мухбири бўлиб ишлаганини, Ўзбекистонда бўлиш унга ҳамон орзу бўлиб қолаётганини, телеканал дастурлари ва журналист маҳорати ҳақида завқланиб гапирар эди.
—Мен Фарғона вилоят телерадиокомпанияси журналистлари тайёрлаб юборган кўрсатувлардан хабардорман,-дейди Ю.Зинчук.—Яқин кунларда уни Санкт-Петербург телетомошабинлари эътиборига ҳавола қиламиз.
Биз бир пайтлар “600 секунд” кўрсатуви билан машур бўлган сўнгги уч чақириқ Россия думаси депутати таниқли тележурналист Александр Невзоров иш кабинети, кичик студия билан танишдик. Ленинград телевидениеси аслида мен учун ҳам қадрли эди. 1972 йили Ўзбекистон Миллий Университети (ўшанда ТошДУ) журналистика факултети 4-босқич талабаси эканимда шу ерда “Горизонт” ёшлар учун кўрсатувлар студиясида амалиёт ўтаган, илк бор камера қаршисида туриб рус тилида тўғридан тўғри телерепортажлар олиб боргандим. Ҳозир Ўзбекистондаги каби бу ерда ҳам телевизион техниканинг энг сўнгги русумларидан фойдаланишар экан.
—Шундай бўлсада ўзаро мулоқотдаги инсон тафти ўрнини ҳеч нарса боса олмайди,-дейди Юрий Зинчук.—Шунинг учун биз кичик студияларда жонли суҳбат, баҳс-мунозара, тортишувлар асосидаги кўрсатувлар билан долзарб ҳаётий мавзуларни ўртага ташлаймиз. Ана шундай бевосита мулоқот шаклидаги кўрсатувларимизнинг бирини 10 миллионга яқин томошабин кузатгани ҳақида тадқиқотчилар ўрганиб хулоса бердилар.
Информация жанри ўрнини камситмаган ҳолда айтиш керакки, воқеликка турлича муносабатда бўлганларнинг ўз нуқтаи-назарини ҳимоя қилишига асосланган кўрсатувлар уюштириш аслида томошабин эркин фикрлай олиши, шахсий ёндашувининг шаклланиши, фуқаролик жамиятида фикрлар хилма-хиллиги шароитини яратади. Бу эса онг ва тафаккур ривожидаги энг муҳим жиҳатлардан биридир. Шу маънода ҳам масала Фарғона вилояти телерадиокомпаниясидаги “Очиқ мулоқот”ларда расмиятчиликдан четлаш, аҳолининг турли табақалари вакилларини чин маънодаги очиқ мулоқотга чорлаш зарурга ўхшайди.
Келинг, биродарлашайлик!
—Санкт-Петербург ҳукумати ташрифингизга катта эътибор беряпти. Балки сизларни Смольнийда қабул қилишар,-деганди сафаримиз ташкилотчиси Елена Шаркова анча аввалроқ телефондаги суҳбатимиз чоғида. Шундай ҳам бўлди. 4 май куни бизни ҳукумат биносига таклиф қилдилар. Смольнийдаги қабуллар залида ҳукуматнинг ташқи алоқалар Қўмитаси раисининг ўринбосари Сергей Марков илтифот ила кутиб олди. Дастлаб Питер ва вилоят иқтисодий-ижтимоий аҳволи, имкониятлари, эришган натижалари, Ўзбекистон ва Санкт-Петербург муносабатларининг янада ҳар томонлама ривожлантириш ҳақида гапирган мезбон сизларга бир илтимосим бор, деб қолди.
—Биз учун Ўзбекистон жуда қадрли. Блокада чоғида минглаб юртдошларингиз қони тўкилган бу шаҳарда. Питернинг минглаб етим, бемор болаларини уриш йиллари ўзбек оилалари бағрига олиб ота-оналик меҳрини кўрсатганини биламиз ва бундай инсоний туйғуларни юксак қадрлаймиз. Илтимосим шуки, ўзаро борди-келди, дийдор кўришишни расман йўлга қўйсак, Фарғона вилояти, Фарғона шаҳри раҳбарлари, жамоатчилиги рози бўлса Санкт-Петербург ёки унинг округлари билан биродарлашайлик. Бу гапларимни матбуот орқали етказсангиз. Токи бугун сиз бу ерда айтган Ўзбекистон, унинг мустақиллик йилларида эришган ютуқларини бизнинг жамоатчилик вакиллари Фарғона мисолида бориб ўз кўзлари билан кўрсинлар. Фарғоналиклар келганда эса биз ҳам мақтанадиган гапларимиз бор.
Бир ярим соатлик ғоят самимий мулоқот чоғида делегациямиз аъзолари вилоят телерадиокомпанияси директори Иброҳимжон Ҳалимбеков, “Фарғона ҳақиқати”—“Ферганская правда” газеталари бош муҳаррир ўринбосари Баҳтиёр Қамбаров, “Қўқон садоси”—“Знамя труда” газеталари бош муҳаррир ўринбосари Равил Мамин ва бошқалар Ўзбекистонда миллатлараро толерантлик, миллий маданий марказлар иши, рус тилидаги босма ва электрон оммавий ахборот воситалари, иқтисодий-ижтимоий ўсиш асослари, яқинда эълон қилинган ривожланиш Концепцияси принциплари ҳақида ҳаётий мисоллар билан гапириб бердилар.
Учрашув сўнггида Санкт-Петербург ҳукумати расмийси айтган бир гап фақат бизгагина тегишли эмасди.
—Дунёнинг кўплаб мамлакатларидан келган турли даражадаги меҳмонларни қабул қилганман. Аммо собиқ иттифоқ ҳудудидаги давлатлардан журналистлар делегацияси биринчи бор келиши. У ҳам Ўзбекистондан бўлди. Шу воқеликнинг ўзи жуда катта маънога эга.
Ягона оила бўлиб
Санкт-Петербург шаҳрининг қоқ марказида, тарихий Невский шоҳ кўчасида муҳташам бир бино бор. У—“Миллатлар уйи” деб аталади. Бу ерда турли миллат маданий автономиялари жойлашган.
—Биз ҳам яқинда Санкт-Петербургда яшайдиган ўзбеклар вакиллари шу бинода ўз анжуманимизни ўтказдик. Унда оқсоқоллар кенгаши сайланди. Энди бизга “Миллатлар уйи”дан доимий бириктирилган хоналар ажратилади,-дейди ўзбек автономияси оқсоқоллар кенгаши аъзоси, унинг ижрочи директори Суратбек Абдураҳимов.
Касби хирург бўлган, медицина фанлари доктори, катта олим Суратбек ака махаллий ўзбеклар бирлашмаси режаси ҳақида тўлқинланиб гапирди.
—Мақсадимиз Ўзбекистон, у ерда мамлакат раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, иқтисодий-ижтимоий ислоҳотлар ҳақида аввало тарихий ватандошларимизга, қолаверса, Санкт-Петербург аҳлига турли анжуман, учрашув, конференциялар йўли билан ҳамда оммавий ахборот воситалари ёрдамида кенг тарғиб қилишдир. Яқиндан бошлаб ўзбек ва рус тилида “Петербург Уз” номли газета чоп этдик ҳамда уни 20 минг нусхада бепул тарқатяпмиз.
Делегациямизни “Миллатлар уйи” бош директори Алла Дидимова очиқ чеҳра билан қарши олди.
—Шаҳримизда 150дан зиёд миллат вакиллари яшайди. Санкт-Петербург ҳукумати “Толерантлик (миллий бағрикенглик) дастури”ни қабул қилган. Ўзбеклар бирлашмаси ҳам ягона оиладан муносиб жой олган. Баъзи жиҳатлари билан эса бошқаларга ибрат кўрсатадилар. Бу уларнинг аввало меҳмондўстлиги, очиқ кўнгиллиги, илмлилиги ва албатта шарқона одобида кўринади. Мен ҳар гал ишга метрода келаман. Очиқ айтай. Ҳатто асл питерлик ёшлар ҳам менга жой бермайдилар. Аммо вагонда ўзбек боласи бўлса, у дарҳол ўрнидан туриб аёл ва кексаларга жойини бўшатиб беради. Бу қанчалар гўзал ва ёқимли ҳолат!
Биз сафар арафасида “Миллатлар уйи” ўзбек тилида ўқитиладиган ҳафтада бир кун ишлайдиган “Якшанбалик мактаб” очаётганидан хабар топгандик. Алла Дыдымовага Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва ўзбек адибларининг сайланган асарларидан иборат 120 томлик кичик кутубхонани уюшмамиз номидан совға қилдик.
—Бу биз учун кутилмаган, аммо ғоят қимматли туҳфа бўлди,-деди Алла Дыдымова.
Ҳудди шу каби китоблар тўпламини Юрий Лермонтов номидаги халқлар тиллари кутубхонасига ҳам тортиқ этдик.
—Кутубхонамизда 40 мингта ўзбек тилидаги китоб бор. 2 мингга яқин ўзбек ўқувчиларимизни 700 таси “Фаол китобхон” рўйхатида туради. Яъни улар бир ойда камида битта ўзбек тилидаги китобни олиб ўқийдилар,-дейди кутубхона директори Гарина Бутурович биз келтирган ҳар бир китобни ҳавас билан варақлар экан.—Сиз келтирган китоблар пештахталарни тўлдирибгина қолмай, китобхонларимиз учун ҳам янгилик бўлди.
Режалар туздик. Ҳамкорлик давом этади
Санкт-Петербургда бўлган чоғимиз федерал миграция хизмати бошқармаси бошлиғи Елена Дунаеванинг илтимосига кўра унинг қабулида бўлдик ва миграция муаммоларини оммавий ахборот воситаларида кенгроқ ҳамда малакали ёритиш масаласини муҳокама қилдик. МДҲ меҳнат, миграция ва ижтимоий кўникма Кенгаши раисининг маслаҳатчиси Маҳсуд Абдужабборов билан учрашувимизда бу мавзу янада чуқурроқ таҳлил этилди.
Янги ташкил этилган “Петербург Уз” газетаси таҳририяти билан ўзаро информация айирбошлаш, Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти журналистлари ижодий уюшмаси билан келгусида ҳамкорликда конференция, семинарлар ўтказиш, тажриба алмашиш учун ижтимоий шерикчиликда дастурлар тайёрлаш режаларини тузиб олдик.
Маълумки, иккинчи жаҳон уруши йиллари бу шаҳар немис босқинчилари томонидан қамал қилинган ва уни қўлда сақлаб қолиш учун ўн минглаб ўзбек ўғлонлари ҳам жон фидо қилганлар. Уларнинг ҳоки Пискарево қабристонига қўйилган. Фарғоналик журналистлар шаҳид бўлган ватандошларимиз руҳини ёдга олиб қабристондаги ёдгорлик ҳамда Ўзбекистон ҳукумати номидан ўрнатилган зарлавҳа пойини гулчамбарлар билан безадилар.
Расмий учрашувлардан бўш вақтимизда эса Санкт-Петербург тарихий обидалари, музейлари билан танишдик, Нева дарёсида кўркам кемада сайр қилдик.
Ўзаро тажриба алмашиш дастури ижодий уюшманинг Фарғона вилоят бўлими учун янгилик эмас. Илгарилари, Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Қашқадарё, Андижон, Наманган, Тошкент шаҳри журналистлари билан делегация алмашиб ҳамкорликда газеталарнинг қўшма сонларини чиқардик, телевидениелари орқали кўрсатувлар айирбошлаб намойиш этдик, журналистика муаммолари мавзуларида ижодий семинарлар, конференциялар ўтказдик. Бу жараён аввало малака ошириш, дунёқарашни кенгайтириш, ҳаётни теранроқ тушуниш, журналистика муаммолари ечимига етишни тезлаштириш каби муҳим масалаларда кўмаклашди. Санкт-Петербург сафари эса хорижлик ҳамкасблар тажрибасини таққослаб кўриш ҳамда у ерда нафақат ўзбек журналистикаси, балки мустақил Ўзбекистон эришаётган натижалар, ютуқларни тарғиб қилиш билан бойиди.
Муҳаммаджон Обидов,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси
Фарғона вилоят бўлими раиси,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист