Уюшма ҳақида

ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ – ИЖОДИЙ ЮКСАЛИШНИНГ ПИЛЛАПОЯСИ БЎЛСИН

Журналистларни ижтимоий жиҳатдан муҳофаза қилиш, рағбатлантириш, уларнинг меҳнат, турмуш ва дам олиш шароитларини яхшилашга ёрдам бериш ижодий уюшманинг вилоят бўлими учун ҳамиша устувор йўналишлардан бири бўлиб келган. 2004 йилда ижодий уюшмамиз қайта тузилгандан кейинги дастлабки мулоқотларда биз фаолиятнинг шу йўналишидаги концепцияни ҳам ишлаб чиқдик. У тўрт устундан иборат бўлишини белгилаб олдик. Булар журналистлар малакасини мунтазам равишда ошириб бориш, улар саломатлигини мустаҳкамлаш, кам таъминланганларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва ҳуқуқий хизмат кўрсатишдир. Эътибор берган бўлсангиз, журналист учун ижтимоий ҳимоя деганда, биз кўламни кенгроқ олдик. Зеро малакаси ошган, саломатлиги мустаҳкамланган, хуқуқий ҳимояланган журналист ижоди юксалади, демакки, жамиятдаги мавқеи мустаҳкамланади ва провард натижада моддий аҳволи яхшиланади.

МАЛАКА ОШИРИШ

Оммавий ахборот воситалари ижодий ходимлари касб маҳоратини ошириш, уларнинг ижодий ва амалий тажриба алмашишларига кўмаклашишни уюшма вилоят бўлими энг долзарб маслалардан бири деб хисоблайди. Ҳаёт шуни кўрсатдики, ўша 2004 йил апрель ойида бўлиб ўтган ижодий уюшма вилоят бўлимининг таъсис йиғилишида, ҳатто бир вилоятда фаолият кўрсатаётган кўплаб газета муҳаррирлари бир-бирларини яхши билмас, танимас эдилар. Биз ишни шу нуқтадан бошладик. Аввало, ижодий ҳамкорлик керак эди. Оммавий ахборот воситалари ўз муаммолари қобиғида ёлғиз қолишлари мумкин эмасди. Шунинг учун турли мавзуларга бағишлаб вилоят миқёсида кўчма конференция, семинарлар ташкил этдик, таҳририятлар, босмахоналар иши билан танишдик. Бу каби анжуманлар ҳамкасблар тажрибасини оммалаштириш, камчиликларни пайқаб олиш ва бартараф этиш, ўзаро дўстона муносабатларнинг шакилланиши ҳамда мустаҳкамланишига олиб келди. Худди шундай усулни иккинчи босқичда водий вилоятларидаги ҳамкасбларимиз билан  тажриба алмашишни ташкил этганимизда қўлладик. Дастлаб, Андижон ва Наманган вилоятлари журналистларини Фарғонага таклиф этдик. Уларни ҳокимлик, тармоқ ва хусусий газеталар таҳририятларига, босмахоналарга, давлат ва нодавлат телевидениеларига олиб бордик. Ҳар жабҳада фикр алмашув, мунозаралар бўлди. Сўнг вилоятда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, илғор меҳнат жамоалари билан таништирдик.

Шу куни бош газеталар, масалан, “Фарғона ҳақиқати” – “Андижоннома” ва “Ферганская правда” – “Андижанская правда”ларнинг қўшма сонларини чиқардик. Уларда ҳар икки вилоят ҳаётини тўлақонли акс эттиришга ҳаракат қилдик. Вилоятдаги телевидение ва радиоканаллар орқали ҳамкасбларимиз тайёрлаб келаган қўшни вилоятнинг ютуқ ва мувафаққиятлари, фидоий инсонлари, мафтункор гўшалари ҳақидаги икки соатли кўрсатув ҳамда радиоэшиттириш эфирга узатилди. Журналистларнинг ижодий учрашувлари энди икки вилоят аҳлини бир-бирига яқинлаштирувчи кенг доирадаги тадбирга айланганди.

Худди шундай анжуманлар кейинчалик Наманган ва Андижонда ҳам бўлиб ўтди. Энди водий журналистлари “ким қандай нафас олаётгани”ни биладиган, камчиликларини бартараф этиб, илғор тажрибаларини ўзида қўллайдиган бўлганди.

Ўзаро ҳамкорликнинг учинчи босқичида биз республиканинг бошқа вилоятлар журналистлари билан алоқаларни ўрнатдик. Фарғонага Хоразм, Самарқанд, Қашқадарё, Бухоро, Навоий вилояти, Тошкент шаҳри журналистлари делегациялари ташриф буюрди.

Хеч кимга сир эмаски, вилоятларда журналист мутахассислар “корпуси”нинг ўртача ёши улғайиб бормоқда. Журналистика ўқув юртларини битирган ёшларнинг жуда катта қисми пойтахтда қолиб кетяпти. Тахририятларда ёш журналистларга бўлган талаб бугунга келиб юқори чўққига чиққан. Айрим тахририятларда бор-йўғи 2-3 та кекса журналистлар газета чиқармоқда. Бундай шароитда журналистикага ҳайрихох бошқа соҳа ёшларини жалб этиш, улар малакасини ошириш муҳим эди. Шу мақсадда ёшларни Тошкентга юбориб, республиканинг етакчи босма Оммавий ахброт воситаларида бир хафталик ижодий-амалий ўқувини ташкил эидик. “Халқ сўзи”, “Ўзбекистон овози”, “Жамият”, “Ҳуррият”, “Моҳият”, “XXI аср” каби тахририятларда журналистика сабоғини олган ёшлар бугун вилоятимиздаги турли нашрларда муваффақият билан ижод қилмоқдалар.

Умуман, давр билан ҳамнафаслик журналистлардан ҳар жойда ўз устида тинимсиз ишлаш, изланишни талаб этади. Шунинг учун вилоятда чоп этилаётган газета муҳаррирларидан 21 нафари Тошкент шаҳрида бир хафталик малака оширишга боришини ташкил этдик. Улар республика нашрларида, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Сенатнинг тегишли қўмиталарида, журналистика олий ўқув юртларида бўлиб, соҳага оид билим ва маълумотлар билан танишдилар.

Ўзбек журналистикасида ўзига хос ижод мактабини яратган ижодкорлар, етук матбуот хоидмлари борки, уларнинг тажрибаси ҳар доим ёшларга қўл келади. Вилоятда журналистлар касб-маҳоратини оширишда уларнинг ижод лабараториялари билан таништириш, жонли мулоқотлар уюштириш усули ҳам назаримиздан четда қолгани йўқ. Катта публист ва матбуот  ташкилотчиси Аҳмаджон Мелибоевнинг журналистик тажрибаси билан яқиндан танишиш мақсадида  вилоятга таклиф қилиб, ундан юзма-юз сабоқ олинди. Муҳаррирликнинг ўзига хос нозик томонлари, таҳрир сирлари, муаллиф билан ишлаш, ўз устида изланиш каби мавзулардаги семинарлар унинг иштирокчилари учун фойдали бўлди. Худди шу каби ижодий учрашувлар профессор Хушид Дўстмуҳаммедов, “Жамият”, “Ҳуррият”, “Қишлоқ ҳаёти”, “Туркистон” газеталари бош муҳаррирлари билан ҳам ташкил этилди. Бундай тажрибали ижодкорлар Фарғонада ҳам бор. Ижодий уюшма вилоят бўлими ҳомийлигида салкам 90 йиллик умрнинг 75 йилини матбуотга бахш этган, “Фарғона ҳақиқати” газетасида катта ижод мактабига асос солган марҳум Воғиз Музаффаров ҳақида  “Воғиз Музаффаров мактаби” китоби чоп этилди. Ҳаёти вилоят ва мамлакатнинг бош нашрлари билан боғлиқ бўлган Ўзбекистон халқ шоири Охунжон Хакимов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналистлар Донёр Эргашев, Абдужаббор Ҳусанов, газета ишининг билимдони Аъзамжон Ортиқовнинг тажриба мактаблари ҳам ўрганилди.

“Чимён” сиҳатгоҳида ҳар йили 50 нафар журналист учун медиа-лагер ташкил этилмоқда. Унда журналистиканинг долзарб масалалари мамлакатимизнинг етакчи олимлари, масалан, профессорлар А.Ғофуров, Ф.Мўминов, доцентлар Ш. Қудратхўжаев, Б.Олимов, амалиётчи Ҳабиб Темиров, Х.Дўстмуҳаммедов Ўзбекистон Олий Мажлиси депутатлари, ҳокимлар иштирокида интерактив усулда тадқиқ қилинади.

Ўзбекистон ривожланган давлатлар сафига илдам кириб бормоқда. Демакки, унинг ОАВлари ҳам шунга муносиб бўлиши лозим.

Журналистларнинг кенг миқёсда мулоҳаза юритиши, глобал масалалар моҳиятини чуқур англаб таҳлилий мақолалар ёзишда хориж журналистикасининг тажрибаси билан танишиш, у ердаги ҳамкасблари билан фикр алмашиш муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун ижодий уюшма бугунгача Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри, Жанубий Кореянинг Ёнсан-гу райони, Хитой Халқ Республикасининг Шандун провициялари журналистик ташкилотлари билан ўзаро келишувлар асосида бу  мамлакатларда 56 фарғоналик журналистнинг ижодий сафарини ташкил этди. Уларнинг етакчи газета ва электрон Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувлари, долзарб мавзуларда ўзаро баҳс-мунозаралари ўтказилди, тажриба алмашилди.

СОҒЛОМ ТАНДА…

Ижодий уюшма вилоят бўлими ишлаб турган журналистлар соғлиғини мустаҳкамлаш, уларни ижодий руҳлантириш омили деб қараб келади. Шу мақсадда касаба уюшмалари вилоят Кенгаши билан ҳамкорликда 80 нафар журналистга “Чимён” санаторийсига бепул йўлланма берилди. Яъни йўлланма қийматининг 60 фоизини касаба уюшмаси, 40 фоизини журналистлар уюшмаси тўлади. 20-30 кишилик журналистлар гуруҳи бир вақтда, бир сиҳатгоҳда дам олишини ташкил этганимиз эса бир-бирлари билан тажриба алмашиш, ижодий мулоқотда бўлишга шароит яратди.

Хасталанган журналистларни бевосита Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат қилиб, мамлакатнинг нуфузли даволаш клиникаларига жойлаштирамиз. Ҳатто бир ҳамкасбимиз учун хорижда жарроҳлик амалиёти ўтказиш зарур бўлиб қолди. Ижодий уюшма вилоятдаги тижорат банкларидан бирида унинг номига хайрия хисоб рақами очди ва ёрдам бериш ҳақида мурожаатнома эълон қилди. Атига бир неча кунда хорижий клиникага тўланиши лозим бўлган ва йўл харажатига зарур маблағ йиғилди.

Мамлакатимзда тарихий обидалар ва жахон маданияти тараққиётига улкан ҳисса қўшган шаҳарлар борки, уларни зиёрат қилиш ҳамиша руҳий мадад ҳамда илҳом бахш этади. Шунинг учун 24 нафар журналистнинг Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига 6 кунлик саёҳатни уюштирдик. Улар сафар чоғида энг нуфузли меҳмонхоналарда яшаши, тилга тушган ресторанларда овқатланиши, дастурга кўра ташриф буюрадиган ҳар бир меъморий обида, музей, кўнгилочар томошалар тўловчига уюшма вилоят бўлими томонидан тўлиқ амалга оширилди. Самарқандда ижодкор ҳамкасблар билан учрашувлар ташкил этилди. Бундай тадбирлар натижаси ўлароқ матбуотда одамларда шукроналик ва ватанпарварлик туйғурларини мустахкамлашга йўналтирилган мулоҳазали мақолалар, телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар кўпайди.

ФАХРИЙ ВА КАМ ТАЪМИНЛАНГАН ХАМКАСБЛАРНИ МОДДИЙ ҚЎЛЛАБ ҚУВВАТЛАШ

Хар йили Мустақиллик, Наврўз байрамлари, Хотира ва Қадрлаш куни арафасида вилоят Оммавий ахборот восталарида узоқ йиллар ишлаб, ҳозир кексалик таътилида бўлган устозлар, бемор, кам таъминланган хамкасбларимиздан хабар олиш, улар кўнглини кўтариш тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Самимий истакларимиз ёзилган дил сўзлари ва гулдастамиз ёнига совғаларимизни қўшиб, жамоа бўлиб хонадонларига кириб борганимизда қувончдан чехраси очилиб, рухлари ва қаддилари тетиклашиб, юзларини қадр ёшлари ювганини неча бор кўрдик… ва ҳар гал бу каби савоб ишни ҳеч қачон тўхтатмасликни дилимизга туйдик.

Журналистларнинг юбилейларини, ижодий кечаларини ташкил этиш билан уюшманинг вилоят бўлими ҳар доим шуғулланиб келди. Баъзи мисолларни келитирайлик. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Дониёр Эргашевнинг 70 йллик тан–таналарини ўтказиш билан бирга унинг вилоят  матбуоти тарихига оид “Йиллар ва одамлар” китоби чоп этилишига ҳомийлик қилинди. Ёки фотомухбир Шухрат Олимов таваллудига 60 йил тўлиши муносабати билан вилоят ўлкашунослик музейида унинг фотоасарлари кўргазмасини  ташкил этдик. Бир ой мобайнида вилоят аҳли ва меҳмонлари фотоижодкор тасвирга туширган унитилмас лаҳзалар билан танишдилар.

Ижодкор, тиниб тинчимас журналсит Абдумалик Бойматовнинг ижодий кечасини бир дастурхон атрофида яқинлари иштирокида ташкил этдик.

Журналистларнинг меҳнат жамоалари, дала шийпонлари, ўқув юртларида ижодий кечаларини нишонладик. Шубҳасиз, бу тадбирлар уларга ижодий куч ва руҳ бахш этди.

ХУҚУҚИЙ ХИЗМАТ

Тажриба шуни кўрсатмоқдаки, журналист учун уни маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашнинг ўрни ва аҳамияти катта. Биз вилоят адвокатлар ассосацияси билан ўзаро ҳамкорлик келишувига эгамиз. Зарур пайтда жамоатчилик асосида ишловчи ҳуқуқшуносларимиз Оммавий ахборот воситалари ёки журналист ҳимоясини зиммасига олади. Бундай воқеалар эса учраб туради.

Истиҳола қилиб номларини тилга олмадик, бир гал туман ҳокимлиги таҳририят балансидаги бино ва ховлини ободонлаштириш идорасига олиб бериш ҳақида ноқонуний топшириқ берганди. Яна бир холатда тахририят хизмат автомашинасини тумандаги мансабдорлардан бирига бириктириб қўймоқчи бўлдилар. Касбига садоқатли ҳамкасбларимиздан бирини эса амалдорлардан бири тазъйиқ остига олди… Хуллас журналист ҳам жамиятнинг бир аъзоси ва у юқоридаги каби муаммоларга учрамайди деб хеч ким кафолатлай олмайди. Шундай пайтда унинг қонуний ва ҳуқуқий ҳимоясига киришиш, ёнида туриш ижтимоий ҳимоянинг ёрқин кўринишларидан бири, деб ҳисоблаймиз.

Биз Фарғонада янгилик яратаётганимиз йўқ. Оддий, кундалик ишимиздан айрим лавҳаларни тилга олдик, холос. Балким у кимгадир асқотар. Балким ҳамкасбларимиз ижтимоий ҳимоянинг бошқа йўналишларини таклиф этарлар. Нима бўлганда ҳам, ижтимоий ҳимоя журналистикада ижодий юксалишга пиллапоя бўлиб хизмат қилсин.