Журналистика: Миср билан ҳамкорлик шартномаси имзоланди
Ўзбекистон нуфузи дунё ҳамжамиятида тобора юксалиб бормоқда. Бу сўнгги йилларда рўй бераётган улкан сиёсий, иқтисодий ва манавият соҳасидаги ислоҳотлар туфайлидир.
Жумладан, журналистик ташкилотлар чет эллик ҳамкасблари билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик алоқаларини ҳам ўрнатишяпти.
Ўзбекистон журналистлар уюшмаси Фарғона вилоят бўлими ташаббуси билан бир қатор журналистлар шу кунларда Миср Араб Республикасида ижодий сафарда бўлиб турибди. Ташриф доирасидаги учрашувда улар Миср журналистлари Ассоциацияси билан ўзаро ахборот ва тажриба алмашув юзасидан музокаралар олиб боришди.
– Мисрда айни чоқда 600 дан зиёд босма нашрлар, 101 та телеканал, 200 га яқин интернет сайтлари фаолият юритмоқда ва уларда 11 мингдан ортиқ журналист мақоми берилган ижодкорлар ишлашмоқда, – деди тадбирни очар экан Миср журналистлари асоциацияси раиси Холид Балаши. – Ўзбекистондан биринчи бор журналистларнинг бундай катта делегациясининг келиши. Биз ҳам ҳамкорликка тайёрмиз. Зеро Миср халқи Ўзбекистон буюк аждодлар юрти ва тарихий обидалар марказларидан бири эканини яхши билади.
Учрашув чоғида Миср журналистлари ассоциацияси ва Ўзбекистон журналистлари уюшмаси Фарғона вилояти бўлими ўртасида 6 банддан иборат ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Унга кўра икки мамлакат оммавий ахборот воситалари ўзаро аҳборот алмашинувини йўлга қўядилар. Томонлар ҳар йили 3 нафардан журналистни Қоҳира ҳамда Фарғонага юборадилар. Ҳамкорликда журналистлар форуми ва конференциялар ўтказишади. Шу йилнинг ўзида Миср журналистлари малака ошириш марказида 2 нафар Фарғоналик ижодкор ўқув амалиётлари ўташи мумкин.
– Энди бизда буюк олим Аҳмад ал-Фарғоний юртига бориш ва у ердаги ўзгаришлар ҳақида мақолалар ва китоблар ёзиш имкони бўлади, – деди Холид Балаши.
Шу куниёқ ҳамкорликнинг амалий натижаларидан бири сифатида Ўзбекистон журналистлар уюшмаси Фарғона вилоят бўлими раиси Муҳаммаджон Обидовнинг “Ал Фарғоний юрти ҳақида ва мисрликлар нега уни эъзозлайди?” сарлавҳали мақоласи бир неча миллион ўқувчиси бўлган 3 та йирик интернет сайтлари: “Al Diplomacy”, “Al Watan al Misriy” ва “Minbar al tahrir”ларда эълон қилинди.
Журналистларнинг Мисрга ижодий сафари давом этмоқда.
Муҳаммаджон ОБИДОВ.