Алишер Ибодинов. СОҲИЛ ЯҚИН, ЯҚИН… (қисса)
Мен сенга демонки, тарки ишқ эт, лекин,
Андок килким, сўнгра пушаймон бўлма!
Заҳириддин Муҳаммад Бобур.
1 — боб
Туни билан эзиб ёққан ёмғир тонгда тинди. Бироқ осмоннинг қовоғи очилгани йўқ, залворли булутлар хуршиди олам юзини тўсган, этни жунжиктирадиган, шашти паст шамол эсиб турарди. Бекмирза ётган жойида бошини кўтариб, деразадан ташқарига бир қаради-да, яна ёстиққа ўзини урди. Хона иссиқ, сокин…
Девор соати одатий “чиқир-чиқир”игина жимликни бузади. Бекмирза у ёққа тўлғонди, бу ёққа тўлғонди, барибир уйқуси келмади. Кўп ўтмай ҳовлида йўтал товуши эшитилди. Бу — Моҳигул, Бекмирза ака наинки хотини Моҳи, балки бу уйдаги барчанинг йўгалини бир-биридан ажратади, танийди. Худди шу фикри тасдиғидай Моҳининг бўғиқ, хирқироқ йўталига нариги айвондан чиққан ингичка, калта йўтал жавоб берди. Бу — келини Нисохон.
Ярим соатлардан сўнг ўғли Тоҳирнинг гулдурос йўтали янгради, у Нисо юз-қўл ювгани иситадиган сувни кутиб ётади, сув исигач, Нисо келиб, деразадан «Дадаси, таҳоратингизга иссиқ сув тайёр» дейди. Тоҳир гулдурос йўталганича чопонини елкасига ташлаб,мис чойнакдаги илиқ сувни қўлга илиб ҳожатхонага йўрғалайди…
Шаҳар иситиш тармоғидан бу ерга сув етиб келма¬ди. Ҳаммомни ҳар куни иситиш эса қимматга тушади. Сўнг невараларнинг йиғиси, Нисонинг қай бир боласини жеркиб шапатилаши эшитилади. Қўш қаватли уйнинг зинапояси эса Бекмирзанинг эрдан ажраб, анчадан буён икки боласи билан ота уйида яшаётган қизи Севаранинг шиддатли, негадир доимо аламли туюладиган «тақ-туқ, тақ-туқ» оёқ зарбларидан нола қилаётгандай овоз чиқаради. Унинг йўтали ҳам оёғи товушидай ғазабнок, аламли, аллақандай «ҳиқ! ҳиқ!…» Гўё эзилиб йиғлаётган одамнинг ҳиқиллашидай…
Сўнг ғала-ғовур бошланади. Нонушта, болаларни мактабга, Тоҳирни, Моҳини, Севарани ишга жўнатиш можароси ҳовлини тутади. Устига-устак Тоҳир, Севара, Моҳининг хоналарида телевизор вағирлашни бошлайди. Тавба, булар ўзи тун ярмидан оғгунча теле¬экран қаршисида гоҳо мизғиб, гоҳо сергак ўтиришган, тонг саҳардан яна ўша худолари пойига тиз чўкишади. Ярим соатлар чамаси давом этган бу можаро ҳам тугагач, Бекмирзанинг хонасида полга тез-тез босилаётган шиппак товуши яқинлашади.
— Дада, ассалому алайкум. Яхши ётиб турдингизми?! Чойингиз тайёр… — Нисонинг товуши меҳрибон. Унда ҳамдардлик оҳанглари кучли, ҳа, худога шукур, келини жўяликкина, уйдаги барча рўй берган можароларга қарамай, қайинотага ҳурматини сақлаган…
— Хўп, қизим, ҳозир…
Нонуштадан сўнг у ҳовлига чиқди. Куртаклари эндигина бўртиб келаётган турли нав ўриклар, қашқар гилос новдаларида ҳали ҳам ёмғир суви иниб турибди. Қўш қават, пишиқ ғиштдан замонавий қурилган ҳайбатли данғиллама иморатнинг тунука томидан ҳам биллур томчилар пастга энади. Нисогир атрофи иморатлар билан ўралган қовлидан кунчиқарда жойлашган молхонада сигир соғяпти. Кимдир ўрнатган одатга мувофиқ бу уйда сигир эрта саҳарда эмас, балки, ҳамма юмушга жўнаб, ҳовли холи қолгандагина соғилади…
Бекмирза негадир кўчага қараб юрди. Ҳашаматли дарвозадан чиқиб, атрофга аланглади. Тунги ёмғир аямай ювган асфальт йўл ялтираб, кулиб ётарди. Кўча қирғоғидан ўтган ариқда эса юзасига шох-шабба, хашаклар илиб олган лойқа, бўтана сув тошгудек тўлиб оқяпти. Онда-сонда ўтиб турган машиналарни ҳисобламаса, кўча кимсасиз. Шу аснода Бекмирзанинг кўзи ариқдаги сув юзасида, хас-хашаклар орасида қалқиб келаётган оқ бир нарсага тушди. Воажаб… Бу қоғоз кема-ку! Оддий ўқувчилар дафтари варағидан ясалган, ичига аллақандай суратлар туширилган қоғоз кема! Шошиб оқаётган лойқа сув сатҳидаги қоғоз кема гоҳ гир айланар, гоҳ шох-шаббаларга туртинар, гоҳ майда тўлқинлар бағрида каловланар, бироқ ғарқ бўлмай оқиб… Йўқ, йўқ, худди улкан дарё мавжларидаги ҳақиқий кемадай сузиб келарди! Бекмирзанинг хаёлига ариқда оқиб келаётган қоғоз кемани кўрмаганига ҳам анча йиллар бўлгани келди. Негадир ҳозирги болалар қоғоз кемалар ясашмайди. Ариқ ва сойларга ўзлари ясаган кемаларни қўйиб юбориб, ўжар, майда тўлқинлар оша сузаётган кемалари ортидан қийқириб, қувишмайди. Бекмирзанинг болалигида эса бундай ўйинлар жуда кўп эди.
У беихтиёр ариқ ёқалаб қоғоз кема ортидан юрганини сезмай қолди. Мана, қоғоз кема қўшни ҳовли кўприги тагидан ҳам эсон-омон ўтиб олди. Кўприк тагидан муваффақиятли ўтиб олгани учунми, сув юзасида рақсга тушгандай «гир» айланди-да яна олисларга сузиб кетди.
* * *
«Шомирза» йўл-патруль хизмати пости серқатнов йўллар чорраҳасида жойлашган. Юксак Помир тоғлари бағридан чиқиб, Сирдарё соҳилларига кетган Водил— Ёзёвон ва Андижон—Тошкент йўллари шу ерда кесишади. Кундуз соат 10-… февралнинг сўнгги кунларидан бири. Гарчи осмонни булут қоплаган, қуёш кўринмаса-да, ҳаво илиқ.
— Яна ёмғир ёғади-ёв, осмоннинг қовоғи солиқ,— дея норози минғирлади эрталаб постни қабул қилиб олган сержант Сайфиддин Иномов шериги Толибжонга.
— Э, нимасини айтасиз, — тўнғиллади Толибжон.
Ҳа, ёмғир қуйиб турса аввало ҳаракат хавфсизлиги сусаяди, қолаверса катта йўлдан «ғиз-ғиз» ўтаётган машиналар назоратини ҳам қоидасидан чиқмай бажариш мушкул. Ҳужжатида анча-мунча нуқсонлар бор, машинасига ноқонуний юк ортган ҳайдовчиларга эса худо беради.
Иккаласининг ҳам кайфияти шу тариқа суст ва зиқ ҳолатда эди. Шу аснода йўлда Андижон тарафдан катта тезликда келаётган қора «Мерседес» кўринди.
— Толиб, тўсчи анавини! Энасининг уйига шошяпти шекилли, занғар…
Толиб олатаёғини кўтариб йўл четига чиқди.
«Мерседес» ҳайдовчиси постни кўриб тезликни пасайтирди-ю, лекин энди кеч, ўлчагич асбоб аллақачон қоида бузилганлигини қайд этиб улгурган эди. Маши¬на постдан хиёл ўтиб тўхтади. «Мерседес»дан олифта кийинган, хушмўйлов йигитча тушиб, ходимлар томон дадил одимлади. Машина ичида яна уч киши ўтирарди. Ёши олтмишлар чамасидаги, оқсоч бошига бахмал дўппи қўндирган, қора кўзойнакли салобатли одам уловдан тушди. Лекин у ҳайдовчи ортидан юрмади, йўл ёқасидаги ўрикзор боғларни томоша қилиб қолаверди.
Йигитча йўл ҳаракат хизмати ходими билан қуш-қўллаб сўрашди, ходим ва ҳайдовчи орасидаги анъанавий муомала бошланиб кетди.
Сержант бу хатти-ҳаракатлардан машинанинг унчалик «катта» одамларга тегишли эмаслигини пайқади-да, энди ҳайдовчидан назарини узиб, тоғларга кара¬ли. Бунақа пайтда ходим билан ҳайдовчининг муомаласига аралашмаган маъқул…
Водил йўлидан пост томонга бир отлиқ келарди. Чавандоз отни ўз ҳолига ташлаб кўйган, зулукдай қоп-қора от «босайми-босмайми» мақомида туёқларини эринибгина кўтариб туширар, гоҳ йўл четидаги дарахтлар шохларига оғиз солар, баъзан йўл ўртасига ҳам интилиб қоларди. Кунлар хиёл исиб қолганига қарамай чавандознинг бошида мўйна телпак, эгнида қимматбаҳо чех пўстини.
Отнинг зотдор қорабайирлигини кўриб, Сайфиддиннинг чавандозга қизиқиши ортди. Ҳа, асл қорабайирлар ҳозир жуда кам… Бу орада чавандоз йўлни кесиб ўгиб постга яқинлашди. Афтидан ёши элликлардан ошган, кўринишига қараганда ўзига тўқ одам. Ёмғир ёғиши аниқ бўлган бу ярамас об-ҳавода бундай одам нега от миниб кўчага чиқди экан?.. От Сайфиддиннинг олдига келиб тўхтади.
— Ассалому кпайкум, — деди Сайфиддин негадир шошиб.
Чавандоз саломга алик олмади. Қуюқ қора қошлари остидаги қисиқ кўзлари аллақандай чақнаб милиция ходимига тикилди.
Сайфиддин ўзини йўқотди. Ким бу одам?
— Ккелинг… — деди у ҳар эҳтимолга қарши каловланиб. Чех пўстинига ўралган одам Сайфиддиндан қаҳрли назарини узмаган ҳолда пўстин чўнтагидан пичоқ чиқарди… Толиб билан баҳслашаётган қоидабузар ҳайдовчи ҳам, Толиб қам, Сайфиддин ҳам илон авраган бақадай қотиб қолишди. Чавандоз эса пичоқни қинидан суғурди…
— Ккечир…асиз, — дея негадир бидирлади Сай¬фиддин, — хизмат?..
Чавандоз Сайфиддиндан кўзини узмасдан ўткир пичоқ тиғини ўз томоғига қадади. Сўнг куч билан пичоқни томоғига босиб, ўнг томонга тортиб юборди! Қирқилган томоқдан шариллаб қип-қизил қон отилди! От бирдан чўчиб, бошини илкис тепага кўтарди. Кейин қаттиқ кишнаганича, сувлиқни чайнаб турган жойида гир айланди-да, юқорига, баланд тоғлар томонга чопиб кетди.
«Мерседес»дан тушиб атрофии томоша қилиб тур¬ган қора бахмал дўппили одам, ҳаммадан аввал вазиятни англаб улгурди шекилли, от йўлига югуриб чиқди. Чавандознинг қўлидан жилов чиқиб кетган, ўзи чап ёнбошга оғиб борар, жон талвасасида эгар тумшуғини иккала қўли билан чангаллаб олган, томоғидан оқаётган қон сариқ чех пўстини этакларини бир зумда қорайтириб юборган эди.
Қора бахмал дўппили одам от бўйнида дилдираб, у ёқ-бу ёққа оғаётган жиловга осилди. Бироқ бақувват қорабайир унга бўй бермади. Калласини юқорига ирғаб-ирғаб елишда давом этди. Шу аснода отлиқнинг ўнг оёғи узангидан чиқиб кетди ва у чапга оғиб жи¬ловга осилган қора бахмал дўппилининг устига қулади. Дўппили одам чап қўли билан жиловни маҳкам ушлаганича ўнг қўли билан устига ағанаган отлиқнинг елкасидан қучоқлаб олди. Бироқ шу аснода оёқдари чалишиб жилов ҳам, от ҳам қўлидан чиқиб кетди… Отлиқнинг боши асфальт йўлга тўқиллаб тушди. Бахмал дўппили шу вазиятда ҳам ўзини йўқотмади. Бир лаҳзада бир амаллаб от туёқлари остидан ўэини четга олишга улгурди. Отлиқнинг боши, қўллари беш-олти метр асфальтни сузиб борди-ю, иккинчи оёғи ҳам узангидан бўшалди…
Сайфиддинлар унинг олдига югуриб боришганда нотаниш отлиқ тирик эди. Дўппили одам чала кесилган, қон шариллаб оқаётган бўғизини дарров белбоғи билан маҳкам боғлади. Ярадорни шоша-пиша «Мерседесга ётқизиб, туман марказидаги шифохона томон ўқдай учишди.
Бекмирза яна уйга қайтиб кирди. Келин ҳамон куймаланиб юрибди. Ҳа, ҳайҳотдай ҳовли, мол-ҳол, ўзининг уч, бева қайинсинглисининг икки боласи ташвиши… Ҳа, шу боланинг сабр-тоқатига тасанно, агар бошқа келин бўлса бу уй тинимсиз ғавғо маконига айланарди, ё келин деган оила аъзоси аллақачон икки, э, кўйинг, уч бор янгиланган бўларди…
Тоҳир ёлғиз ўғил, лекин эрка, шўх-шалтоқ ўсмаган. Эсини таниши, катта ҳаётга қадам қўйиш йиллари кўпроқ онаси ёнида бўлди, шу боисми феъл-атворида аёлларга хос куюнчаклик, озгина ғийбатга мойиллик, қолаверса кетини ўйламай, даб-дурустдан қарор чиқариш каби нуқсонлар илдиз отган. Отани ҳурмат қилса-да, лекин она чизган чизиқдан ҳатламайди. Севара ҳам бу борада акасидан қолишмайди. Рўзғорининг бузилишига ҳам шу — ўйламай иш қилиш, ўйламай турли гап-сўзни чуваш, ўйламай қарор чиқариш сабаб бўлди. Йўқса, куёв жўяликкина, ишчан, эпақадаги бир йигит эди. Қайнота-қайнонанинг ғийбатини қилавериб, Севара охири уни ҳам тўйдирди… Рўзғордан кўнгли барбод бўлган йигит ичкиликка берилди… Ота-она икковини бир амаллаб шаҳарнинг янги мавзесидаги «дом»лардан бирига кўчириб қутулишди. Бироқ «дом»-да куёв баттар бўлди. Кунига хонадонда қий-чув, маст бўкириш, Севаранинг чинқириғи, болалар «дод-войи»… Охири Моҳигул қизни икки боласи билан уйга олиб келишга мажбур бўлди. Бу ҳақда Бекмирзадан ҳатто бирор оғиз маслаҳат ҳам сўрашмади. Бекмирза бир кун сафардан қайтса шу гап… На қуда томондан биров «Нима гап?» деб келди, на куёв ароқ ичишдан бўшаган пайтда бир оғиз «Севара, қайдасан?» деб сўради… Шу тариқа, орадан уч-тўрт йил ўтди. Бекмирза индамади. Моҳигул, Севара ҳам жим… Кейинги беш-олти ой ичида эса Бекмирза бу хонадонда бегонадай ҳаёт кечирди. Наинки рўзғор, балки оиланинг мулкий муносабатлари тизгинини ҳам Моҳигул ўз қўлига олган. Шаҳарнинг марказий бозоридаги кийим-кечак дўкони ҳам, Гулистон мавзесидаги озиқ-овқат ва спиртли ичимликлар дўконлари ҳам унинг тасарруфида. Тоҳир иккита сотувчи қиз билан Гулистон мавзесидаги дўконларни, Севара эса Марказий бозордаги дўконни бошқаришади. Дўконларни мол билан таъминлаш, солиқ ва бошқа идоралар билан муомалани Моҳигул олиб боради. Хуллас, Бекмирза минг сўмлик қоғоз пулдай бору, лекин, яроқсиз нарсага айланган… Моҳигул эри билан гаплашмайди. Тоҳир билан Севара кўрса салом беришади, лекин муносабат саломлашишдан нарига ўтмайди. Ҳолбуки, шу икки болани одам қиламан деб Бекмирза бошини не-не шўришларга урмади…
Моҳигул асли савдогар наслидан, унинг отаси ҳам жуда узоқ йиллар савдо уммонида сузган, гоҳ этак-этак пул топиб, баланд давраларда жавлон урган, гоҳ кемаси тешилиб, ўзининг ҳам асов тўлқинлар бағрида ғарқ бўлишига оз қолган, хуллас, шўро даври муҳитининг паст-баландларида пишган одам. Беш-олти йил илгари оламдан ўтган бу кекса савдо ходими болалари, айниқса, қизига савдога аралашишга изн бермаганди… Лекин, қондаги аслият барибир ғолиб келдими, ота ўлимидан бир-икки йил илгариёқ, Моҳигул йигирма йил ишлаган мактабидан этак силтаб, ўзини савдога урди. Бекмирза билан Моҳигул шаҳардаги пе¬дагогика институтида бирга ўқишган. Иккови ҳам ма¬тематик. Бекмирзанинг отаси новвойчилик қиларди. Тонг саҳардан қоқ тушгача гуриллаб турадиган оташ тандирга ҳар куни бу одам албатта беш юз-олти юз марта бош суқар, шу тандир боис оилалари анча ўзига тўқ, тагларида «Жигули» машинаси бор эди. Ўша йиллари чўнтагида «беш сўм» пули бор одам одатда фарзандини бирор олий ўқув юртига жойлаш ниятида юрар, чунки, фарзанднинг институтда ўқиши, худди машина ёки ҳашаматли уйдай оила фаровонлигининг бир аломати ҳисобланарди. Бекмирза ҳам шу умумий кайфият боис институт талабасига айланганди. Лекин, болалигидан меҳнат билан ўсган, саҳарларда ханпада ун элаб, хамир қорган йигитча ўқишда ҳам бўш келмади. Курсдошлардан бир поғона баландроқ юрди. Гуруҳда етакчи (староста дейиларди) бўлди. Институт олимлари, раҳбарият назарига тушди. Моҳигулнинг «бир новвой ўғлига» меҳр қўйишида шу омиллар ҳам ҳазилакам роль ўйнамаганди…
Институтни битиришган йили тўйлари бўлди. Тўғри, аввалига Моҳигулнинг отаси шу ерда бир оз тайсаллади, нима қилса ҳам баланд дорларга осилган одам бир оддий новвой билан қуда-анда бўлишни эп кўрмай турди анчагача. Лекин, бўлажак куёвининг салоҳияти, одоб-ахлоқи хусусида ўртага тушган одамларнинг оғиз кўпиртиришлари, қолаверса, факультет деканининг совчиликка келиши мағрур отани отдан пастга туширди. Албатта, хотини «Моҳигулнинг кўнгли ўшанда»лиги ҳақидаги тунги шипшитишлари ҳам ўз таъсирини кўрсатган эди…
Икки йилча Бекмирза институтда ўқитувчилик қилди. Бу орада бўлажак илмий иш учун мавзу ҳам танланди. Аспирантура масаласи ҳал этилиш арафасида эди. Моҳигул мактабда ўқитувчилик билан банд. Ку¬тилмаганда, Бекмирзанинг кўринишда соппа-соғ, бақувват отаси юрак хуружидан вафот этди. Ўшанда Моҳигул Тоҳирга бошқоронғи эди. Кечагина Тошкентда, аспирантура масаласидаги режалар билан боши банд юрган Бекмирза бирданига саккиз нафар ука-сингиллар, касалванд она боқувчиси, раҳнамосига айланди. Кейинчалик Бекмирза ҳаётининг ана ўша икки йўл орасида қолган дақиқаларини таҳлил этар экан, «айб ўзимда» деган қатъий хулосага келарди. Ҳа, саккиз бола билан яримжон онани ташлаб аспирантурага йўрғалаш инсофдан эмасди. Аммо бир чорасини топиб илм йўлидан ҳам чекинмаслик керак эди. Агар ўшанда… Ўшанда бой-бадавлат қайнотаси қўллаб юборганда ҳаёт бошқа издан кетармиди… Йўқ, бадавлат қайнота қуданинг дафн маросимларида турди-ю, кейин ўзини аста четга тортди. Қизига “ўзинг пиширган ош..” маъносида гап қилган шекилли, Моҳигул ота уйидан бир қизариб келганича миқ этмади. Тоҳир туғилганда келган отасига қовоқ ҳам очмади. Бекмирза ҳам бўлган воқеа хусусида хотинидан ижикилаб сўраб ўтиришни ўзига эп кўрмади: Ёрдам сўраб қайнотасига ҳам бош эгмади.
Институтдан чиқди-ю, маҳалладаги мактабга ишга кирди. Кечалари нон ёпиб тонгда укаларини бозорга чиқариб юраверди. Ҳа, оғир кечган эди ўша кунлар. Бу ёқда Моҳигул ёш бола билан банд. Бекмирза мактабда дарс бериб, тунлари хамир қоради… «Уйда нон ёпади» деб участка милиционери деярли кун ора хабар олади, ҳар хабар олиши 25—50 долларча пул бошини ейди, санэпидстанция ходимлари, бозор мутасаддилари ҳам ҳар куни Бекмирзанинг уйдаги тандирдан чиқадиган шу икки юзта нон атрофида гирдикапалак… Лекин, шу тандирга раҳмат, ўн икки жонни бокди, тинмади… Бу орада «қайта қуриш» бошланиб кетди. Бекмирза тандирни катта укасига, мактабни хотинига ташлаб, ўзи Польшага қатнай бошлади. У Польшага яхши алюминий қошиқлар, электр моторчалар, металл буюмлар олиб борар, у ердан турли газламалар келтирарди.
Тоҳир уч ёшларга кириб тили чиққан, гапириши, юриши катта оиланинг эрмагига айланган кунлари Севара дунёга келди. Севара туғилгач, қайнота Бекмирзалар хонадонига яна қатнай бошлади. Куёв Польшадан келтирадиган буюмларни ўз дўконида сотиб беришга киришди. Бу орада Польшага, собиқ СССРнинг шимолий республикаларига қатнаб, савдогарликнинг ҳавосини олган Бекмирза йирик ишларга ҳам қўл урди. Икки-уч киши билан тил бириктириб, Узоқ Шарқдан илгари ишлатилган япон, корейс енгил машиналари келтириб сота бошлашди. Қисқа фурсатда Бекмирзанинг қўлида каттагина маблағ тўпланди. Бу орада катга укасини уйлашди. Икки сингилни турмушга чиқаришди. Яна икки ўғил ука етилиб қолганди. Бекмирза шаҳар четидан, баҳаво, сувга яқин жойдан томорқа олиб, қашаматли уй қурди. Бола-чақаси билан ота уйини тарк этиб, шу ҳовлига кўчди. Шаҳарнинг икки-уч жойида хотини ва ўзи номига дўконлар барпо қилди. Хуллас, ўқитувчи Бекмирза кейинги йилларда қўлида пул ўйнайднган, эл аро таниқли йирик савдогарга айланди қолди.
Савдогарлик дунёдаги кадимий, нуфузли, айни пайтда қалтис, етги ўлчаб бир кесишни тақозо этадиган, қолаверса, кўп томони омадга ҳам боғлиқ касблардан ҳисобланади. Дейдиларки, бу касб этагини ушлаган ўн одамдан тўққизтаси маррага етгунча сафдан чиқиб қолади. Хўш, марранинг ўзи нима, у қай ерда, қандай ҳолда намоён бўлади? Ҳолбуки, савдогар худди қиморбоздай ҳеч қачон маррага етмайди. Ҳар бир эгаллаган сарҳади кейин эгаллаши лозим сарҳадлар остонаси бўлиб қолаверади…
Бекмирзанинг ишини худо ўнгладими, узоқ йиллар савдогарлик фаолияти давомида сира қоқилмади. Саккиз етимнинг бошини силаётган одам эди-да, ахир у… Хаш-паш дегунча болалар ҳам етилди. Эр-хотин, кекса қайнона ва кудалар ўзаро маслаҳатлашиб дастлаб Севарани турмушга узатишди. Орадан бир йил ўтиб Тоҳирни ҳам уйлашди. Укалари ҳам ҳаммаси уйли-жойли бўлишди. Худди шу онларни кутиб юргандек, дунёдан кўнгли тинчиган касалванд она ҳам оламни тарк этди. Қудадан сўнг Моҳигулнинг ота-онаси ҳам бирин-кетин вафот этишди. Бекмирза бир кўзини очиб оламга разм солиб курса, ёши элликдан ошибди, чорак асрлик умри савдода ўтибди. Соч оқарган, яқинлашиб келаётган кексалик ҳам асорат бериб қолган… Ҳаётда излаган нарсаларига етишган бўлса-да, армонлари ҳам кўп… Кўнгил нимадандир қониқмас, хотиржам эмас эди. «Нимадан бу ғашлик, кўнгилдаги иштибоҳ?..» дея кўп ўйлар эди у. Ё, илмга аталган ҳаётни савдога сарфлаб хато қилдимикан? Оиладан кўнгли тўқ, болалар яхши. Моҳигул билан шунча йиллар бирга яшашди, рўзғор юки босиб, баъзи майда айтишув, тўқнашувлар ойда бир рўй бериб турганини ҳисобга олмаса, орада бирор-бир жиддий келишмовчилик бўлган эмас. Ўша, ота вафот этиб, бошига оғир кунлар тушган кезларда хотини ота-онасининг гапига юрмай, Бекмирзанинг ёнига кирди. Ўшанда «Боланг битталигида этагингни ёп, мана, амакингнинг ўғли— Тошкентда ишлайди, ўзинг биласан, турмуши бўлмаган, агар сал рўйхуш берсак, чопиб келади, нима қиласан исқирт новвойхонада умр ўтказиб. Бу Бекмирзанг ҳали саккиз нафар етимни катта қилгунча сен карийсан…» ва ҳоказо гаплар билан ота-онаси Моҳигулнинг қулоғини қоқиб ташлашган эди ўша кунлари. Лекин Бекмирза ич-ичидан тан беради — Моҳигул ҳамма оғирликни ўз бўйнига олди…
Хўш, бўлмаса, бу кўнгил дарди, нимадан ахир?! Сабаби савдогарчилик, олис юртларда гоҳо-гоҳо шерикларга қўшилиб, малласоч хонимлар билан кўнгилхушлик қилгани бор. Бироқ, эртасигаёқ ўша хонимларнинг афт-башаралари ҳам, қилиқлари ҳам дарров хотирадан кўтарилиб кетарди.
— Ё бирор касалга дучор бўлдимми? — дея Бек¬мирза Россиядаги яхши докторларга ҳам учрашди. Униси у деди, буниси бу деди, у ер-бу ердаги курорту санаторияларда дам олди, аммо кўнгил ғашлиги сира тарқамади… Бу орада ўғли ёнига кирди, хонадонга келин тушиб, уй- рўзғор ташвиши хиёл нари кетган хотин савдо ишларига астойдил қараша бошлади — иш ҳам озгина енгиллагандай бўлди. Аммо юрагидаги ғашлик юки тобора оғирлашиб борарди.
Шундай кунларнинг бирида кутилмаган бир ҳодиса юз берди-ю, Бекмирзанинг ҳаёти алғов-далғов бўлиб кетди. Қалбининг қоп-қоронғи бурчакларида гуриллаб ёрқин, қайноқ олов ёнди.
***
Нотаниш одамнинг асфальт йўлда урилиб-сурилиб борган юзи таниб бўлмас қиёфага келган, бурни пачоқ бўлган, ияги ёрилган, юзини асфальтни туртиб чиқиб турадиган майда тошлар аямай тилган… Бўғзини дарров тикиб, боғлаб қўйишди, аммо жиддий жароҳатлардан ташқари ярадор кўп қон ҳам йўқотган эди. Лекин унинг ҳаётини саклаб қолиш учун доктор ва ҳамширалар на билим ва на вақтларини аяшди. Ҳаммаёғи яра-чақа, уст-боши қонларга беланган одамни тозалаб, ювиб-тараб жонлантириш бўлимига ётқизишди.
— Кўп қон йўқотган, аммо юраги бақувват, — деди операциядан сўнг жарроҳ Ҳамидулло ака. — Менимча, яшаб кетади… Аммо-лекин мия фаолиятига кафолат бера олмайман. Мия чайқалган… Лат еган…
Туман милициясида шу ҳодиса юзасидан тезкор қидирув гуруҳи тузилиб, капитан Адҳам Солиев унга бош этиб тайинланди. Прокуратура ва бошқа тегишли идораларга воқеа хусусида ахборотлар берилди. Албатта, қидирув ишини бошлашда биринчи навбатда жабрланувчи ёки жиноятчининг шахсини аниқлаш муҳим…
Отлиқнинг на чўнтакларида, на кнйимининг бирор жойида унинг шахсини кўрсатувчн ҳужжат бор эди. Ушлаб олиб келинган қорабайирда ҳам на от, на суворийни аниқлашга оид қилча ҳам белги топилмади.
Биринчи навбатда туман ва шу атрофлардаги фер¬мер хўжаликларидан қорабайир от ҳақида суриштирила бошланди. Чавандознинг кийимларига қараганда, у анча бадавлат одам эканлиги маълум эди. Шунга кўра ўзига тўқ кишилар орасидан от спортига ишқибозлар, зотдор отлар савдоси билан шуғулланадиган кишилар суриштирилди. Орадан уч-тўрт кун ўтди. ДАН постида ўз жонига суиқасд қилган одам ҳақида ҳеч қандай дарак чиқмади. Унинг фоторасмлари кўпайтирилиб, вилоят миқёсида тарқатилди. Вилоят ҳуқуқий нашрида жабрдийда ҳамда қорабайирнинг суратлари, уларга тегишли ашёларнинг белгилари эълон қилинди. Орадан бир-икки ҳафта ўтди…
Эрталабки муолажа учун керакли дори-дармонларни кўтариб олган ҳамшира эшикни очиши билан рўпарадаги каравотда ётган беморнинг кўзлари очиқлигини кўриб, сесканиб кетди! Хиёл кўтарилган қовоқлар остидан қоп-қора кўзлар милтиллаб турарди…
— Ассалому алайкум, — дея салом берди ҳамшира қўлидагиларни палатадаги стол устига қўяркан, — яхшимисиз? Хайрият, хайрият… Мана энди кўп ўтмай, ҳеч нарса бўлмагандек чопқиллаб кетасиз…
Лекин, бемор на жавоб берди, на кўз ишораси билан ҳамширани тушунганлигини билдирди. У яна бир оз муддат эшик томонга маъносиз боқиб турди-да, кўзларини юмиб олди.
* * *
Тонг саҳарда фарёд солган телефон гўшагини би¬роз хавотир билан кўтарган Бекмирза Комилжоннинг:
— Бек ака! — дея мембранани ёргудек қаҳқаҳа отишидан кўнгли дарров равшан тортди. Аммо пинагини бузмай:
— Ҳа, намунча… Сўфи мезанага чиқиб улгурмай… Тинчликми? — дея сўради.
— Иш битди, Бек ака! Айланиб келиб, ўша сиз айтган Белорус колхозлари жонга оро кирди. Могилёвдан бир вагон парранда гўшти йўлга чикди. Украинлардан нархни аллақанча арзон қўйишди.
— Хўп, икир-чикирини келганингда гаплашамиз. Мақсадга ўт.
— Шартномаларимиз, бошқа ҳужжатлар ҳаммаси жойида… Фақат божхона… Уларнинг назорат лабораторияси масаласини ҳал қилиб қўйишимиз керак.
— Нима, бирор гап борми?
— Ҳа, энди… Парранда гриппи деган ваҳима ҳамманинг бошини қотиряпти-ю… Белоруссияда ҳали бу касаллик қайд этилгани йўқ. Аммо, юк етиб боргунча бирор гап-сўз оралаб қолса, маҳсулотимиз ўзимизда анча туриб қолиши эҳтимолдан холи эмас… Шунга икки-уч кун ичида вагонни ўтказиб юбормасак, иш бир оз тайсаллаши мумкин. Биласиз, парранда гўшти нозик, тез бузилади… Шунга вагон етиб бориши билан уни тўхтатмай ўтказиш тадоригини кўриб қўйсак бўлармиди. Жавдот Абдуллаевичга…
— Бўлди! Бас қил, э, оғзинг қурсин… Телефоннинг тилини тилсим қилгин дея неча марта айтганман! Яхши! Кўришгунча!
Бекмирза гўшакни тарақлатиб жойига қўйди. Кайфияти бузилди. Овозинг ўчгур, галварс! Агар синглисининг ўғли бўлмаганида аллақачон тагини супуриб қўйиши шарт эди бу Комилнинг! Лекин, нима қилсин, жигари…
Жавдот Абдуллаевич тушдан кейин кабинетда бўлишга ваъда берди. Бекмирза тушлик тугаб, ходимлар кабинетларга қайтиб киришга улгурмай у кишининг қабулхонасида пайдо бўлди. Жавдот Абдуллаевичнинг котибаси — хипча бел, «кабинет хандон» Сорахонга атаб олган «Шанель»нинг энг кейинги нусхаси ҳам чўнтагида…
Бироқ қабудхонада шўх-шодон Сорахон эмас, бал¬ки мутлақо бошқа аёл ўтирган эди. Оқишдан келган, катта-катта қора кўзлари чақнаб турган бу аёлнинг сочлари жиддий русумда турмакланган, ўзи одмигина кийинган… Аёл Бекмирза хонага кириб келиши билан унга қаради.
— Яхшимисиз? — дея негадир бидирлай бошлади Бекмирза, — Жавдот Абдуллаевич билан учрашувимиз белгиланган…
– Бекмирза Асронович, — қўл остидаги қоғозга бир кўз югуртириб олди аёл, — хабарим бор, лекин у киши бир оз ушланиб қоладилар. Ҳозиргина қўнғироқ қилишди. Агар ишингиз зарур бўлмаса, бирон соатлардан кейин келишингиз ҳам мумкин.
— Ахир, биз… Бирор гап борми?
— Бошлиқнинг олдига бирров кириб чиқадилар.
Бекмирза котиба аёл рўпарасидаги диванга чўқди.
Бу идорадан чиқиб яна кириб келиш осонми…
— Сорахон кўринмайдилар?
— Сорахоннинг тоблари йўқ. Ўрнига вақтинча ишлаб турибман.
Бекмирза жим қолди. Котиба, афтидан, нима би¬лан машғул бўлишни ҳам билмасди. Тўғри-да, Жавдот Абдуллаевич анча-мунча муҳим ҳужжатларини дарров бу аёлга ишонмаслиги табиий. Сорахон ишга чиққунча бу аёл келди-кетдини қайд этиб туришга ярайди, холос.
— Сиз қайси бўлимда ишлардингиз? — дея беш минутлардан сўнг орага чўккан ноқулай сукутни бузиб сўради Бекмирза.
— Ишга келганимга кўп вақт бўлгани йўқ. Лабораторияда гўшт маҳсулотлари таҳлили бўйича шуғулланаман.
Ажабо, худо ишингни ўнгласа тощда уруғ кўкаради, дея бежиз айтмаганлар…
Жавдот Абдуллаевич Бекмирзанинг «арзини» тинглагач, бир кулди-да, котибанинг қўнғироғини босди. Зум ўтмай кабинетга кирган ҳалиги аёлга қараб:
— Солиҳа! Мана шу акангиз билан гаплашиб, у кишига ёрдам беринг! — деди.
Солиҳа ялт этиб Бекмирзага қаради, нигоҳлар тўқнашди…
Жавдот Абдуллаевич билан хўшлашиб қабулхонага чиққан Бекмирза ўзига савол назари билан қараб турган аёлга қараб, негадир ўнғайсизланди.
— К-кечирасиз, С-солиҳахон, энди… хизматчилик…
— Бемалол, — деди Солиҳа жойига ўтираркан,— нима гап?
— Шу кунларда республикага кириб келадиган юкимиз бор. Парранда гўшти… Узингизга маълум, парранда гриппи деган ваҳима оралаб юрибди…
Бекмирза аёлга масаланинг моҳиятини тушунтириб берди.
— Яхши, — деди Солиҳа, — қўлимиздан келганича ёрдам берамиз.
Икковлон бир-бирларига телефон рақамларини беришди. Бекмирза қабулхонадан чиқаёттанда чўнтагидаги «Шанель» ёдига тушди ва каловланиб бир зумга тўхтаб қолди. «Йўқ, «Шанель»га учадиган аёл эмас у!» Миясида шу хулоса чақмоқдек ялт этди-ю, юришда давом этди.
Орадан уч-турт кун ўтиб, тушлик пайти Бекмирза¬нинг қўл телефони жиринглаб қолди.
— Бекмирза ака! — қўнғироқ қилаётган аёлнинг овозини таниб Бекмирзанинг оёқларидан мажол кетди. Солиҳа!
— Лаббай, Солиҳахон! Эшитаман.
— Юк етиб келди. Бу ёғини ўзим тўғрилайман. Ахир, ҳеч қандай ноқонунийлик йўқ бу ишда. Тушдан кейин идорага бирров кириб ўта оласизми?
— Жоним билан!
Шу куни ишлар кўнгилдагидек якунланди. Парран¬да гўшти текширувдан ўтказилиб, савдога чиқариб юборилди.
— Солиҳахон! — деди Бекмирза қош қорайган маҳали. — Ёрдамингиз учун катта раҳмат. Кечгача иккаламиз ҳам югуриб-елдик. Сизга минг раҳмат. Агар… Агар имкони бўлса бирор жойда бир пиёла чой устида бафуржа гаплашиб олсак…
— Майли, — деди Солиҳа бир оз ўйланиб олгач, — чиндан ҳам чарчадик.
Ўтган уч-тўрт кун ичида Бекмирза танишлари орқали Солиҳа ҳақида кўп нарсани билиб улгурганди. Ёши ўттиздан ошган, ўн-ўн икки ёшли ўғли бор. Уч йил муқаддам эри узоқ давом этган оғир касаллиқдан сўнг вафот этган. Европача тарбия кўрган аёл. Давраларда эркаклар суҳбатидан тортинмаса-да, лекин чегарадан чиқмайди.
Бекмирза, «Ҳали бу аёлга кўп ишим тушади, таниш-билиш бўлиб олсак зиён қилмайди», дея ичида ўзини аддашга уринар, лекин шу аёлни кўргандан сўнг неча йиллардан буён қалбини, бутун вужудини занглатиб ётган ғашлик бирдан чекинганини ҳис қилиб, кўнгли ёришар эди. Шаҳарда у ҳали бирорта бегона аёл билан ишқий муносабатларга бормаган эди. Дўстлари бу борадаги «ютуқ»лари билан мақтаниб қолишган кезлари, у мийиғида кулиб ўтираверар, баъзилар ана шу сирли жилмайишидан ўзларича турли маънолар топишарди… Лекин Бекмирза бу борада жуда нозик кўнгил. Ўша олис шаҳарлардаги йўл-йўлакай юз берган тасодифий ишқий саргузаштларни ҳисобга олмаса, бирорта аёл ҳали кўнглини жизиллатган эмасди. Мана, неча йиллардан сўнг божхонадаги аёл кутилмаганда калбида тўфон қўзғади.
Ҳали қуёш ётоғига кириб улгурмай саррин шамол эсди. Ҳа, яқинлашиб келаётган кузнинг муждаси бу… Бекмирза янги «Нексия» қучоғига гўзал хонимни олганича шаҳар ташқарисига, ўркач қирлар тарафга йўл олди. Ўша ёқда Бекмирзага таниш одамга қарашли кичиқроқ кўл бор. Таниши кўлда балиқ боқарди. Кўл атрофида кўкаламзор сайргоҳ, икки-уч ёғоч уй ҳам бор. Солиҳа билан келишиб улгурмай Бекмирза у одамга хабар бериб бўлганди. Орқа ўриндиққа чўккан Солиҳа қора кўзойнак тақиб олди. Бекмирза магнитофон тумшуғини эзди. Машина салонини Берта Давидова нолалари тутди.
— Кечирасиз, таъбим шунака, — хижолатомуз оҳангда гап бошпади Бекмирза, — бу янги чиққан ёш қўшиқчнларга сира ўрганмади. Азиза дейдими, Даврон дейдими, саноғи йўқ… Биз энди шу классик қўшиқлар, Шер ака, Ортиқ ака, Ғуломжонлар даврасидан, уларнинг оҳангларидан чиқиб кетишимиз мушкул…
— Тўғри айтасиз, — дея ўйчан оҳангда гапирди Солиҳа, — мен рус мактабида ўқиганман. Олий таълимни ҳам русча олдим. Табиийки, рус, европа қўшиқлари қон-қонимга сингиб кетган. Лекин, ўзимизнинг эстрада, Ботир Зокиров, «Ялла» ва яна кўплаб қўшиқчилар ҳам юрагимнинг бир парчаси.
Бекмирза бисотини титкилаб «Ялла» эстрада гу¬руҳ қўшиқлари ёзилган кассетани топиб қўйди…
Балиқчи фермернинг кўл бўйидаги сайргоҳга ўрнатилган вагон-уйчаси ичи жуда шинам, бурчакда теле¬визор, магнитофон, стол усти худди жаннат дастурхонидай тўкис эди.
Нотаниш ярадор аста-секин ўзига кела бошлади. Кўзини очгандан сўнг орадан икки кун ўтгач махсус мосламадан оғзига қуйилган суюқ овқатни ичиб олди. Бир муддат кўзларини очиб-юмиб ётди-да, кейин секин, қўрқа-писа лабларини қимирлатди. Хўжакент тумани марказий шифохонаси хирурги Ҳамидулло ака тажрибали, моҳир жарроҳ эди. У бўғизни тикиш жараёнида товуш аъзоларини сақпаб қолиш учун керакли ишларни қилган, шу боис беморнинг гапира олиш қобилияти бут эди.
— М…мен… қ…қаердаман? — дея сўради бемор каравоти ёнида турган ҳамширадан. Товуш чиқарганда томоғи ачишиб оғриди шекилли, юзлари буришиб кетди.
— Сиз Хўжакент касалхонасидасиз, — деди бийрон товушда ҳамшира, — икки ҳафта илгари отдан йиқилиб жароҳат олгансиз.
— Ҳ… ҳа…, — дея чўзиқ нафас чиқарди бемор ва жимиб қолди.
Эрталабки муолажадан сўнг даволовчи врач у би¬лан суҳбатлашишга уринди. Бироқ жароҳатланган одам шифокорнинг саволларига жавоб бермаци. Лекин врачнинг нима деганини тушунгани афтидан билиниб турарди.
Икки кундан сўнг врачлар рухсати билан палатага капитан Адҳам Солиев кирди.
— Аҳволингиз яхши, — деди у беморнинг кўзига тикилиб, — энди икки-учта саволимизга жавоб берсангиз.
Нотаниш одам бошини аста ирғаб, розилигини билдирди.
— Аввало, исми-шарифингиз, турар жойингиз.
— Ҳ… ҳеч… Эсимга к…келмаяпти, — деди бемор,— к…кимлигим..ни эс…слай ол.мадим. М…менга от…дан й… йқил…ган…сиз д…дей..ишди…
— Ҳа, сиз Хўжакент тумани юқорисилаги чорраҳада, ДАН постидаги навбатчи милиция ходими рўпарасига тоғ томондан қорабайир от миниб келгансиз. Сўнг кутилмаганда шу ерда бўғзингизга пичоқ тортиб юборгансиз. Бу ҳаракатингиздан чўчиган от сизни олиб қочган, қирқ-эллик метр нарида турган машина йўловчиси от йўлини тўсган. Кейин бошингиз билан асфальтга йиқилгансиз…
Адҳам Солиев ярадорга бўлган воқеани ипндан игнасигача сўзлаб берди.
Афсуслар бўлсинким, жабрдийда ҳайдовчи буларнинг бирортасини ҳам эслай олмади… У на ўзининг кимлигини биларди, на бошидан ўтган воқеаларни хо¬тирларди.
* * *
Солиҳа Бекмирзанинг шампан шишаси томон узатилган қўли енгидан тутди-да:
— Қўйинг ўшани, — деди кулиб, — молдован виноси бор экан-ку… Ўша дуруст…
Бекмирза унга вино, ўзига ароқ қуйди…
— Худойим ҳамиша ҳаммамизни, халқимизга, ҳаққимизга, ҳақиқатга ҳамнафас, хиёнатдан холи, ҳамиятлиларга ҳамдўст, ҳақикий холиқларга ҳамдаму ҳамроҳласин!
— Ҳамфикр, ҳамқадаммиз! — дея жаранглаб кулди Солиҳа қадаҳ уриштиришаркан. Чинни садосидай бу кулгу қадаҳ жарангими ёки Солиҳанинг овозими, Бек¬мирза англолмай қолди… Солиҳа гарчи русча ўқиган эса-да, ўзбекчани ҳам жуда нозик ҳис қилар, гаплари қочирим, енгил ҳазилга бой эди. Ўша куни жуда ёзилиб ўтиришди. Қайтаётганларида Солиҳанинг овози бир¬оз титраб:
— Анча йиллар бўлди, Бекмирза ака, бундай очилиб-сочилиб ўтирмаганимга, — деди.
Бекмирза савдогар одам эмасми, Солиҳа, гарчи умумий зиёфатлардан қочмаса-да, лекин, эркак зоти би¬лан чиндан ҳам якка-ёлғиз, айниқса, дастурхон устида суҳбат қурмаслигини билиб олган эди.
— Рахмат, Солиҳа, тўғрисини айтсам… Мен ҳам бундай… Ёзилиб ўтирмаганимга анча бўлди-ёв?..
Эрта тонгда уйгонди-ю ённни пайпаслаб… Солиҳани қидирди! Ҳатто «Солиҳа» деб чақириб ҳам юборди. Хайриятки, Моҳигул ҳали кўз очмаган эди… Ташқарида келин супириш-сидириш билан банд. Болалар эрта тонгдаги ширин уйқуда. Бекмирза аста ўрнидан туриб кийинди-да, ҳовлига чиқди. Эрта куз тонги… Ишкомларда тизилиб ётган пақирдай-пақирдай узум бошлари доно мўйсафидцай салобатли сукунатга ғарқ… Қаердадир зарғалдок, сайради. Бекмирзанинг келинидай саҳархез жувонларгина ҳовлиларни тартибга келтиришни бошлашган. Бекмирза саҳар ҳавосидан симириб-симириб нафас оларкан, бирдан бақиргиси келди. Мана шу сокин дунёни ларзага солиб ҳайқирса, манави сервиқор узум бошлари наъра зарбидан чўрт-чўрт узилиб, ер билан битта бўлса…
У чўнтак телефонии олиб, Солиҳага қўнғироқ қилди.
— Солиҳа, узр, тонгда безовта қилдим…
— Яхшимисиз, Бекмирза ака?.. Яхши дам олдингизми?
— Раҳмат. Жуда эрга тураркансиз… Балконда бўлсангиз керак…
Солиҳа майин кулди. Бекмирза унинг юзлари кулганда аллақандай бошқача ёришиб кетишики хаёлига келтирди. Эҳ, бу юзлар… Шу пайтгача қаерларда юргандинг, Бекмирза? Ахир шу юзлар, кўзлар, қарашларсиз ҳаётнинг мазмуни ночор, умр аллақандай бемақсад эмасмиди?
— Солиҳа… Агар вақтингиз бўлса…
— Қачон? — аёлнинг овози яна титраб кетди.
— Тушдан кейин… Телефон қиламан.
— Майли.
«Наҳот, ёши элликдан ошган одам шу даражада ўзини йўқотади? — хаёлидан ўтди Бекмирзанинг, — нима бу? Наҳот, ўша — достокларда куйланган, Мажнуну Фарҳодларни адо қилган туйғу қариган чоғимда мени танлаган бўлса? Ахир бундай гўзал туйғу, қайноқ интилиш, олдинда гуриллаб ёнаётган гулханга ўзини ташлаб, роҳатланиб… ёниш кайфияти қаердан пайдо бўлди? Фақат Оллоҳнинг ўзи инъом этиши мумкин бўлган муқаддас туйғу — муҳаббат туйғуси шу эканми?..»
Давоми бор.
Алишер ИБОДИНОВ
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси