Пресс-тур

Фарғоналик журналистлар Корея республикасида

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими қалам аҳли касбкор малакасини оширишнинг самарали усулларини қўллаб келади. Улардан бири журналистик ташкилотлар, таҳририятлар ўртасида халқаро алоқаларни йўлга қўйиш икки мамлакат журналистларининг бевосита мулоқотларини ташкил этиш ва илғор тажрибаларни оммалаштиришдир.

Бундан бир йил аввал Санкт-Петербург журналистлар уюшмаси таклифи билан 20 нафар фарғоналик оммавий ахборот воситалари вакиллари Россия сафарида бўлган эдилар. Яқинда улар халқаро ҳамкорлик анъаналарини давом эттириб Корея Республикасига ташриф буюрдилар.

 Халқаро ҳамкорлик

Корея Республикаси ёки халқ тилида Жанубий Корея деб аталувчи бу давлат дунё харитасида пайдо бўлганига эндигина 60 йилдан кўпроқ бўлди. Унга қадар минг йиллар давомида қўшни давлатлар мустамлакасидан озод бўлиш, мустақил давлат тузиш бу замин халқининг энг буюк орзуси ва мақсади бўлган. Фақатгина иккинчи жаҳон урушидан кейин бу орзу рўёбга чиқди.

Корея Республикаси  ёки Жанубий Кореяда 50 миллиондан зиёд аҳоли яшайди. Корея сўзи эрамизнинг Х-ХIV асрларида ташкил топган. Корё давлати номидан олинган. Мамлакат 1950-1953 йиллардаги фуқаролик уришидан кейин иқтисодий жиҳатдан ғоят ғариб, вайроналардангина иборат эканига бугун, орадан жуда қисқа вақт ўтгач ривожланган, бозор иқтисодиётига асосланган давлатга айланганига ишонгинг келмайди.

Корея Республикаси дунёнинг иқтисоди барқарор ривожланган йирик давлатлардан биридир. Биргина кемасозликни олсак дунёда ишлаб чиқарилаётган барча кемаларнинг 45 фоизи Кореяга тўғри келади. Ички ялпи маҳсулот ҳажми бўйича Корея дунёда 13 ўринда туради. Ўтган йили жон бошига 29 минг доллардан зиёд маҳсулот ишлаб чиқарилган.

Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришган дастлабки йилларданоқ бу мамлакат билан ўзаро иқтисодий алоқаларни йўлга қўйди. Икки мамлакат сармояси иштирокидаги 170 дан зиёд корхоналар ташкил этилди.  Асакадаги автомабил заводи ўзбек-корейс ҳамкорлигида бунёд этилганининг ўзи ёки Навоийдаги халқаро терминал, тўқимачилик мажмуалари, электроника соҳасидаги қўшма корхоналар – буларнинг ҳаммаси Ўзбекистон ва Корея Республикаларининг ташқи иқтисодий сиёсатда ҳамфикр ва собитқадамлигидан далолатдир.

Бундай манзарани Фарғона вилояти мисолида ҳам кўриш мумкин. Шунинг учун Фарғона вилояти ва Корея Республикасининг Йонгин округи, Фарғона шаҳри ва Сеулнинг Ёнсангу маъмурий районлари биродарлашгани, ўзаро борди-келди йўлга қўйгани бежиз эмасди. Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими  делигациясининг Корея Республикасидаги ҳамкасблари билан тажриба алмашиш мақсадидаги сафари ҳам ана шу ҳамкорликнинг бир кўриниши.

Сафар Ёнсангу шаҳри мери Сунг Жанг Юн жанобларининг  таклифига асосан амалга ошди. Сеул шаҳрининг қоқ маркази Нам тоғи ва Хан дарёлари оралиғидаги бу маъмурий район кўп жиҳатдан эътиборли бўлиб, бу ерда мамлакатнинг мудофаа ва хавфсизлик идоралари, 90 та хорижий мамлакат элчихоналари, дунёга машхур “Samsung”, “LG” компаниялари президентларининг қароргоҳлари жойлашган.

Ёнсангу мериясида бизни жуда самимий ва илиқ кутиб олдилар. Мериянинг  ҳашаматли биносида фарғоналик меҳмонларни қутловчи шиорларни кўриб дилимиз ёришди.

Сунг Жанг Юн жаноблари фарғоналик журналистлар шарафига расмий қабул уюштирди. Дастлабки танишувдан сўнг биз Фарғона ва Ёнсангу ўртасидаги муносабатлар ривожидан мамнунлик изҳор этдик ҳамда Фарғона вилояти ҳокими Шухрат Ғаниевнинг илиқ саломларини етказдик . Ўзбекистондан олиб борилган совға-саломларни топширдик.

– Мен дунёнинг  кўплаб мамлакатларда бўлганман, лекин Ўзбекистон,Фарғонага қилган сафарим таассуротлари бир умр ёдимда қолди, – дейди Сунг Жанг Юн . – Очиқ чеҳра, пок ният, ўта меҳмондўст одамлар билан танишиб, дўстлашганимиздан фахрланаман. Сиз журналистлардан эса илтимосим шуки, Фарғона вилояти тадбиркорларини Ёнсангуда интиқлик билан кутаётганимизни, улар корея компаниялари билан хамкорлик ўрнатишлари, Фарғонага Корея инвестицияси киритилишига барча шароит яратишга тайёрлигимизни етказинглар. Тўғри, ўртамиздаги географик оралиқ катта. Лекин, ҳар қандай узоқ масофага ҳам йўл биринчи қадамдан бошланади.

Биз Корея сафарига анчайин ҳозирлик кўргандик. Жумладан, “Фарғона ҳақиқати” газетаси билан “THE KOREA TIMES” газеталарининг қўшма сони учун корейс тилида мақолалар тайёрладик, фарғоналик болажонлар ҳаёти, уларнинг корейс тенгдошларига мактуб ва ҳикояларидан иборат “Билимдон” журналининг махсус корейс тилидаги сонини чоп этгандик. Сунг Жанг Юн жанобларига 500 нусхадаги ана шу журнални топширдик.

– Мақсадимиз шу йўл билан болалар дипломатиясини ташкил этиш ва икки мамлакат муносабатлари келажакда янада мустаҳкамланишига оз бўлсада ҳисса қўшиш, – деди қабулда сўз олган “Билимдон” журнали ижодий раҳбари Баходир Ҳамидов.

Корея Республикасида 183 та газета, жумладан, 40 та умуммиллий ва 143 та маҳаллий газеталар чоп этилмоқда. Уларнинг  6 таси инглиз, 2 таси ҳитой  тилларида “Чосон ильбо”, “Донга ильбо”, “Ҳанбук ильбо”, “Чунам-ильбо”, “Хан-Тире”, “Унминильбо”, “Мунхеильбо” каби газеталар ҳафтада 6 марта, ҳар бир сони 24 бетдан босилади. “Чосон ильбо” ва “Донга ильбо” газеталарининг бир марталик тиражи 2–2,5 миллион нусха бўлиб, уларнинг ҳар бирида дунёнинг 25 тадан мамлакатларида мухбирлик бўлимлари бор. Бу газеталарда сиёсат билан бирга иқтисод, суд ҳуқуқ, жамоат ҳаёти, спорт, маданият каби саҳифалар мавжуд.

Корея Республикасида 1956 йилдан хусусий телеведение, 1961 йил 31 декабрдан эса КВС давлат телеведениеси фаолият кўрсатиб келмоқда. Бугунги кунда 39 та телеканал бўлиб, унинг 19 таси давлат тасарруфидадир.

Фарғоналик журналистларни мамлакатнинг нуфузли нашрларидан бири бўлмиш  “THE KOREA TIMES”  газетаси таҳририятида қабул қилдилар. Биз Корейс ҳамкасбларимиз иш шароити, мухбир, муҳаррир мақоми, ахборот олиш, қайта ишлаш, тарқатиш борасидаги қонунчилик, таҳририят ва муассис, таҳририят ва ижодий ходим ўртасидаги шартнома шартлари билан танишдик. Ўзимизни қизиқтирган саволларга жавоб олдик.

–“THE KOREA TIMES” газетаси нашр этила бошланганига 70 йил бўди,–дейди бош муҳаррир ўринбосари  Пак Ён Бе. – Биз ҳафтада олти  марта 24 саҳифада куннинг энг долзарб мавзуларидаги ахборотни тарқатамиз. Давлат раҳбарининг барча сафарларида бизнинг мухбиримиз албатта ҳамроҳлик қилади.

Биз обуна усуллари, журналист манфаатдорлиги билан ҳам қизиқдик.

  • Обуна билан бирон-бир идора шуғулланмайди. Газетхон

ихтиёрий равишда обуна бўлади. Кореядаги ахборот бозоридан ўрин топиш  шунинг учун ҳам жуда мушкул,–дейди Парк Ён Бе. – Газетани газетхон  билан боғлаб турадиган битта меъзон бор:  у ҳам бўлса таҳририятнинг ҳеч кимга тобе бўлмаган мустақил ички сиёсати. “THE KOREA TIMES” ахборот етказишда  холислик, тезкорлик, юқори малака каби ички сиёсатга асосланади. Бу бизга юз минглаб ўқувчиларимиз бўлишини таъминлаяпти.

Кореялик ҳамкасбларимизни фарғоналик журналистлар фаолияти, Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситалари фаолиятига доир қонунлар билан таништирдик ва “Фарғона ҳақиқати” “THE KOREA TIMES” газеталарининг қўшма саҳифаси учун вилоятимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, маънавий ҳаёт ҳамда корейс диаспораси ҳақидаги  корейс тилида тайёрланган мақолалар, фотосуратларни топширдик.

Бу учрашув ва мулоқотлар Корея ва Фарғона журналистлари ўртасида ташкил топаётган ижодий муносабатларнинг илк қадами бўлди. Кореялик ҳамкасбларимизни Ўзбекистонга, Фарғонага ташриф буюришини, юртимиздаги ўзгаришлар, халқимизнинг бахтли ҳаёти билан танишишга таклиф этдик.

Навбатдаги учрашувлар мамлакатнинг йирик шаҳарларидан бири  Йонгинда режалашганди. Биз бу ерга келганда кўчалар байрамона безатилган. “Шаҳар куни” деб номланган байрам нишонланар эди. Йонгин Сеулдан 60-70 километрлар чамаси  жанубда жойлашган йирик саноат, шаҳри ва мамлакатнинг жанубдан шимолга, шарқдан ғарбга магистрал йўллари кесишиб ўтадиган муҳим стротегик райондир. Бу ерда ҳам бизни иззат-икром билан кутиб олдилар.

Байрам чоғида Америка, Туркия, Хитой каби Йонгин билан биродарлашган мамлакат вакиллари қатори биз, фарғоналик журналистлар иштирок этаётганлигимиз тантанали суръатда эълон қилинди.

– Йонгин Кореянинг иқтисодий      марказларидан биридир, – дейди

Йонгин шаҳри мери ўринбосари Хонг Сонг Пьё. – Ҳудди шунингдек, Фарғона вилояти ҳам Ўзбекистоннинг йирик саноат ва тадбиркорлик ривож топган марказларидан экан. Биродарлашув амалий ишларимиз учун ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Сизларнинг ташрифингиз эса жамоатчилик алоқаларига йўл очди.

Йонгинда биз фарғоналик тадбиркорлар билан учрашиб қолдик. Маълум бўлишича улар Корея компаниялари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, биргаликда бизнес юритиш мақсадида келган эканлар.

–Қўқонда кафел ишлаб чиқариш қўшма корхонасини бунёд этмоқчимиз, – дейди “Қўқонўртақурилиштаъмир” МЧЖ раиси Маҳмухўжа Турсунов. – Йонгин тадбиркорлари лойиҳа қимматининг  40 фоизи миқдорида инвестиция киритишмоқчи.

Корея сафари чоғида биз мамлакат тарихи ва бугуни акс этган музейларга бордик, жамоат ташкилотлари вакиллари билан мулоқотлар бўлиб ўтди, ўқув юртлари фаолияти билан танишдик. Ана шундай унутилмас учрашувларнинг бири Корея Республикасининг энг нуфузли олий даргоҳларидан бири Сеулдаги Сукмён қиз-аёллар университетида бўлиб ўтди.

  • Уневерситетимиз ташкил топганига 100 йил тўлмоқда, – дейди

бизни қарши олган олий даргоҳ етакчи аёллар тайёрлаш маркази раҳбари мис Сонг хоним. – Корея асрлар давомида мустамлака давлат бўлган ва ўшанда жамиятда аёлнинг ўрни камситилган. Бундай иҳтисослашган ўқув юртини ташкил этишдан мақсадимиз жамиятни бошқаришда аёл ўрнини мустаҳкамлаш, етакчи аёллар тайёрлашдир.

Учрашув чоғи уневерситетнинг Осиё ва Океания давлатлари талабалари бўлим раҳбари мис Чанг, халқаро алоқалар бўлим раҳбари мис Сюнг, чет эллик талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи мис Му ва бошқалар таълим йўналишлари, ўқув услублари ҳақида батафсил маълумот бердилар.

–Университетда 14 мингдан зиёд талаба бакалавр, 4 мингдан зиёди магистратурада таҳсил олади. Улар орасида 46 давлатдан 1641 та талабалар ҳам бор, – дейди мис Сюнг. – Жумладан Ўзбекистонлик 5 нафар қизлар ҳам ўқимоқда.

Биз учун журналистика факултети билан танишиш ҳам қизиқарли бўлди. Бу ерда машғулотлар эркин, ижодий қобилятни рағбатлантирувчи услубда, аксарият ҳолларда таҳририятлар билан чамбарчас боғлиқликда ташкил этилар экан. Факултет раҳбар ўринбосари жаноб Чанг бизни студентлар ўқув телестудиясига таклиф қилди.

  • Асосан Япониянинг рақамли телевизион техникаси ўрнатилган

студияларда талабалар муаллифлик кўрсатувлари, дастлабки пайтда янгиликлар, дастури учун лавҳалар тайёрлайдилар,– дейди Чанг жаноблари.

  • Биз Кореянинг энг оммавий телекомпаниялари бўлган КВS, МВS,TBS

билан узвий алоқадамиз. Талабаларимиз ана шу телекомпания таҳририятларида ишни ўқув жараёни билан уйғунлашган ҳолда олиб борадилар.

Дарвоқе, Ўзбекистон Корея ҳамкорлиги ҳар соҳада ривожланиб бораётганлиги туфайли Корея Республикаси университетларида таҳсил олаётган Ўзбекистонлик талабалар сони ҳам ортиб бормоқда. Улар ўзларининг билимдонлиги ва наъмунали хулқи билан эътибор қозонганлар. Сафаримиз чоғида Фарғоналик Беҳруз Жалолов, Зохид Мамажонов, Акбаршох Ахмедов, Вохид Акбаров каби Сеул университетларининг талабалри бизга навбат билан таржимонлик қилдилар.

–Ўзбекистонда иқтидорли ёшларга яратилган кенг имкониятлар туфайли мен Фарғонадаги мактаб, кейинчалик лицейда хорижий тилларни, жумладан, корейс тилини ўргандим. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига ўқишга киргач Сеул миллий университетида давом эттириш ҳуқуқини берувчи давлат грантини ютиб олдим. Келажакда нафақат Ўзбекистон-Корея, балки юртимнинг жаҳон миқёсидаги ташқи алоқалари ривожланишига муносиб хисса қўшадиган фарзанд бўлишга ҳаракат қиламан, – дейди Акбаршох Аҳмедов.

КОРЕЯ МАНЗАРАЛАРИ

Фарғоналик журналистларининг Корея республикасига сафари расмий учрашув ва мулоқотлар, мамлкатнинг тарихий обидалари, замонавий иншоотлари, кўнгилочар масканлари билан танишувнинг уйғунлигида бўлиб ўтди.

Сеул Осиёнинг 12 миллион аҳолиси бўлган йирик мегаполисларидан биридир. Шаҳар эрамиздан 370 йил аввал пайдо бўлган. У ўшанда Верисан деб аталган. Кейинчалик уни Хансан, Ханян, Кёнсан деб номладилар. Фақат 1945-йилга келиб у Сеул деган ном олди. Замонавий шаҳар кўринишидаги Сеулда қадим минг йилликларни эслатиб турувчи саройларини ҳам кўриш мумкин.

Кёнбокку  Чосонлар даврида бунёд этилган бешта энг муҳташам саройлардан биридир. У 410 гектар майдонни эгаллаган. Бу ерда ҳамон Чосонлар давридагидек, қироллик қоровуллари сарой дарвозаларини қўриқлаб турарди.

Кёнбоккун  Сеулнинг энг катта ва марказий Сейжонг шохкўчаси бошланишига жойлашган. Тарихчиларнинг ёзишича сарой 1394-йилда қирол Тхе Чжо Во буюруғига асосан архитектор Чон До Жон томонидан қурилган. ХХ аср бошларида мустамлакачилар даврида 330 та иморатдан ўнтасигина  сақланиб қолган. 1990 йиллардан бошлаб тарихий саройлар қайта тикланяпти. Кинджонжон мажмуаси уларнинг биридир. Бу ерда мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ҳамда ўқувчилари учун тарих фанидан машғулотлар ўтказилар экан. Корея қироллари элчиларини қабул қиладиган Кёнхвери саройи ҳам  сақланиб қолган. Саройни нилуфар гуллар билан қоплаган кўл ўраб туради.

Кёнбоккун ҳозир ҳам сиёсий аҳамиятга эга сарой ҳисобланади. Мажмуа тўрида тарихий ва замонавий архитектура уйғунлигида Корея Республикаси президентининг қароргоҳи жойлашган.

Сеулни корейслар янги шаҳар дейдилар. Бунинг сабаби шундаки 1950-1953 йиллардаги фуқаролик уруши даврида шаҳар икки бор қарама-қарши томонлар қўлига ўтган ва тарихий ҳужжатларда акс этишича, шаҳардаги 20 мингдан зиёд бинолар вайронага айланган. Бугун кенг ва кўркам кўчалар, осмонўпар бинолар алоҳида киборлар мавзеларини кўриб яқин тарих яраларини эсламайсиз.

2003 йилда  Сеулнинг қоқ марказидаги Чхонгечхон мавзесидан Ханган  дарёсигача 16 километр узунликдаги сунъий анҳор қурганлар. Ўша пайтдаги шаҳар мери Ли Мен Бакнинг бу ишини мамлакат аҳолиси мақуллаган ва кейинчалик Ли Мен Бак президентлик сайловида кўп овоз олишига ана шу ҳайрли ташаббуси ҳам сабабчи бўлган дейишади. Биз шаршара ва сокин анҳор бўйлаб  сайр қилдик.

Намсан тоғига чиқсангиз Сеулни чор тарафдан томошо қилиш мумкин. Икки четига гул ва манзарали дарахтлар экилган йўлдан тепага кўтарилдик. Бу ерда Сеул телеминораси жойлашган. Унинг баландлиги 480 метр бўлиб 380 метр юқорида беш қаватли ресторан, савдо мажмуаси, томоша заллари мавжуд. Бу нуқтадан дунёнинг энг машхур шаҳарларигача неча километр эканлиги ҳам ёзиб қўйилган.

Телеминора пойида очиқ концерт майдончалари, кўргазмалар бўлиб ҳамиша сайёҳлар билан гавжум.

Кореяга келиб олимпияда стадионларини кўрмай кетиб бўлмасди. Делегациямиз аъзоси футболнинг ашаддий мухлиси ва мутахассиси, “Давр овози” газетасининг бош муҳаррири Олимжон Ҳакимов таклифи билан Сеулдаги олимпиада шаҳарчаси ва футбол бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтган стадионларни ҳам бориб кўрдик.

Сеулнинг жануби Каннамгуни ёшлар мавзеси деб атар эканлар. Бу ерда кўплаб кўнгилочар муассасалар, ҳиёбонлар, концерт заллари бор. Халқаро савдо маркази СОЕХнинг ҳашаматли иморатлари остида эса океаниарум бўлиб, унга сувости барча жониворлари келтирилган. Кўз илғамас мавжудодлардан то баҳайбат сувости фили деб аталмиш хайвонларигача, балиқларнинг минглаб турлари, акулалар шундоққина ёнбошингиз, тепа ва оёқ остингиздан сузиб ўтаверади. Сиз эса сув ичидаги  ойнаванд, босимга чидамли мустаҳкам йўлакдан бориб уларнинг ҳаракатини кузатасиз.

Сеул шаҳрини Ханган дарёси икки қисмга бўлиб оқади. Бу дарё қадимда кемалар Сариқ денгизга чиқадиган асосий йўл бўлган. Ҳозир эса унинг икки қирғоғида узундон-узоқ сайлгоҳлар ташкил этганлар. Йоидо уларнинг бири. Биз шу ердан саёҳатчи кемаларининг бирига чиқдик ва кечки Сеулни Ханган дарёсидан завқ билан томоша қилдик.

Сеул аслида  фақат осмонўпар иморатлардангина иборат эмас. Аҳолининг учдан бири тоғлар бағридаги тор кўчалар ва пастқам уйларда яшайдилар. 50-70 қаватли бинолар ортида ҳали минглаб булар каби уйлар қайта қурилиш вақтини кутмоқда.

Шаҳарда текис ҳудудни деярли учратмайсиз. Бир мавзедан бошқасига ё тунеллар орқали ёки айланма йўллардан ўтасиз. Ана ўшанда ўргимчак тўри каби маҳаллаларга дуч келасиз. Шундай тор йўлаклардан бири Сеул масжидига олиб боради.

Диний эътиқод  масаласида ҳам Корея ўзига хослиги билан ажралиб туради. Расмий маълумотларга кўра аҳолининг 46 фоизи ҳеч бир динга сиғинмайди. 29 фоизи христиан ва 23 фоизи буддизим динига эътиқод қўйганлар. Қолганлари эса бошқа динларни қабул қилган. Жумладан Кореяда 150 минг мусулмонлар бор. Унинг 50 мингдан зиёди Корейс миллатига мансуб. Биз Сеул масжиди бош имом-ҳатиби Абдураҳмон Ли билан суҳбат қурдик.

  • Ўзбекистонда мусулмонлар ислом динига эркин ва эмин

эътиқод қилишлари учун президент Ислом Каримов барча шароитларни яратгани ҳақида кўп эшитганман, – дейди Сеул масжиди бош имом-ҳатиби Абдураҳмон Ли. – Ҳадиси шариф султони имом-Бухорий ҳазратларининг мозийгоҳи улкан маърифат маркази ва зиёротгоҳга айлантирилганини ўқиб билдим. Иншооллоҳ юртингиз дунё ислом илми бешикларидан биридир. Бу юрт тупроғини тавоф қилиш орзусидаман.

Кореяда ислом ҳақида гапирар эканман 1969 йилда Сеулда кейинроқ Пусан, Тегу, Кванджо, Теджон каби шаҳарларда масжидлар очилди. Сеулнинг ўзида 40 мингдан зиёд қавмимиз бор. Мадрасамизда эллик нафар корейс болалари таҳсил олади.

Кореялик ҳамкасбларимиз таклифи билан дам олиш куни яна Йонгин шаҳрига йўл олдик.

Йонгин Корея Республикасининг 5 та йирик шаҳарларидан бири ва электроника саноати марказидир. Бу ерда “Samsung” компаниясининг асосий корхоналари жойлашган. Лекин Йонгин номини оламга машхур қилган биргина  “Samsung” эмас. Ўнлаб мамлакат халқлари тилига таржима қилиниб  телетомошабинлар қалбидан чуқур ҳурмат топган бош қаҳрамони Тангем бўлган “Сарой жавохири” филимининг айнан Йонгиндаги қишлоқлардан бирида тасвирга тушурилгани ҳамдир. Корейс қишлоғидаги кўчалар кичик сарой ва маъмурий- маданий бинолар, савдо расталари одамлар яшайдиган уйлар, тегирмонлар – буларнинг ҳаммаси минг йиллар аввалги ҳаёт тарзини акс эттиради. Фарғоналик журналистлар ҳар бир бинода корейс сериалларида кўрган манзараларни эсладилар ва ана шу жойларда эсдаликка суратга тушдилар.

–Бу ерда биздан қайси мамлакатдан келганимизни сўрашганида Ўзбекистондан, десак хижжалаб  “О, Ўзбекистон, жуда зўр!” деганларда қувончдан ичимизга сиғмай кетдик. – “Истиқбол йўли” газетаси бош муҳаррири Хатичахон Каримова ифтихор билан бу гапларни қайта-қайта таъкидларди.

–Юртимиз тарихи бунданда қадимий, халқимиз маданияти бунданда бой. Демак, Биз журналистлар олдида уни бугунги авлодга имкон қадар чуқурроқ етказиш вазифаси турибди, – дейди “Маънавият” газетаси бош муҳаррири Маъсуджон Сулаймонов.

Йонгин шаҳридаги яна бир сайлгоҳ  Гиннеслар рекордлари китобига киритилган Эверленд боғи эди. 320 гектар майдонда табиий муҳитдаги  ҳайвонот боғи, катта-ю кичик учун мўлжалланган юздан зиёд турфа хил атракцион, кўнгилочар майдончалар ташкил этилганки, бу чинданда ҳайратомуз. Ойнасига панжара тортилган автобусда шерлар, қоплонлар диёри, айиқполвонлар макони, тимсох-у ўн-ўн беш метрли баҳайбат илонзорларни кездик, ирода ва қўрқувни синовлардан ўтказадиган атракционларга ўзимизни топширдик. Буларнинг ҳаммаси унутилмас қувноқ хотиралар ва ён дафтарчаларни тўлдирган битикларни қолдирди.

Биз Корея республикасининг қаерида бўлмайлик мустақил Ўзбекистон эришаётган ютуқларини, буюк келажак сари танланган йўл, тараққиёт тамойилларини ва албатта ўзбек матбуоти, журналистикасини тарғиб қилдик. Мезбонлар билан ҳар жабҳада бахсга киришиб фикр алмашдик, тажрибалар ўртоқлашилди. Энг муҳими Ўзбекистоннинг ишончли ҳамкори бўлган бу давлат сиёсати, иқтисоди, маданияти ва матбуоти билан танишиб қайтдик.

Имкониятдан фойдаланиб бу сафарни ташкил этишга ёрдам берган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Фарғона вилояти ҳокимлиги, “Фарғонаазот” ОАЖга миннатдорчилигимизни билдирмоқчимиз.

Фарғоналик журналистларнинг Корея Республикасига ижодий сафари мустақиллик берган ҳуқуқнинг ёрқин ифодасидир.

Муҳаммаджон ОБИДОВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси

Фарғона вилояти бўлимининг раиси.

Фарғона–Тошкент–Сеул.