Фарғоналик журналистлар Хитойда
Ўзбекистон ва Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги муносабатлар ҳар жабҳада тобора ривожланиб бормоқда. Ҳозиргача иқтисодиётнинг кўплаб соҳаларида ҳамкорлик лойиҳалари амалга оширилди. Икки давлат ўзаро тенглик асосида эришган ютуқларини мустахкамламоқда. Май ойида Навоий логистика маркази ва Шанҳай орасида юк ташиш, уни Европа ва Осиё мамлакатларига етказиш хаво кўприги ишга тушди. Айнан шу кунларда ижтимоий муносабатлар борасида ҳам яна бир кўприкка асос солинди. Ўзбекистон Республикасининг Фарғона вилояти журналистлари делегацияси Шандун провинцияси журналистлар ассоциацияси таклифига биноан ўзаро тажриба алмашиш мақсадида шу мамлакатга ташриф буюрди.
Хитой Халқ Республикасининг Шандун провинцияси
Провинция умумий майдони 157,1 квадрат километр. Аҳолиси 97,9 миллион нафар (2014 йил ҳолатига). Провинция маркази Цзинан шаҳри. 2014 йилда ишлаб чиқарилган ЯИМ 967,4 миллиард долларликка тенг. Йиллик ўсиш 8,7 фоизни ташкил этади. 180 мамлакат билан савдо алоқалари олиб боради. Ўтган йилда импорт-экспорт ҳажми 277,1 млрд долларга етган. Шу билан бирга чет элда Шандун провинциясининг 2400 корхонаси фаолият юритмоқда.
Провинцияда 140 та олий ўқув юрти, 30 та илмий тадқиқот институтлари бор.
Шандунда 92 та газета, 100 та теле ва радиоканал, 9та интернет ахборот сайтлари ишлаб турибди.
Ўн олти нафар Фарғона вилояти ОАВлари раҳбар ва вакиллари Пекиндан Цзинан шаҳрига тезюрар поездда етиб бордик. Бизни Шандун провинцияси халқ хукумати масъуллари, ташқи ишлар Концелярияси ва журналистлар ассоциацияси раҳбарлари кутиб олдилар.
– Шандун Хитойнинг шарқий-шимолий қисмида Хуанхе дарёси қуйи оқимида Бахай ва Сариқ денгизга туташ майдонда жойлашган. Шандунни Хитойнинг зиёратгоҳларидан бири – Тайшен тоғлари кесиб ўтган. Унинг тупроғида 128 хил фойдали қазилмалар, жумладан катта захирага эга олтин, нефт ва олмос конлари бор. Хитойдаги салкам ўттиз фоиз пахта, дон, ипак, мой, мевалар, жумладан олма, шафтоли, писта айнан шу ерда етиштирилади… – Йўлбошчи, ташқи ишлар Канцеляриясининг МДҲ бўлим бошлиғи ўринбосари Цзин Цяньцянь фахр ва ғурур билан ҳикоя қилар эди.
– Шандун Хитойнинг оммавий ахборот воситалари, умуман журналистикаси энг ривожланган провинциялардан бири ҳамдир, – қўшиб қўйди у.
Биринчи куни биз Шандуннинг маркази Цзинан шаҳридаги муқаддас булоқларни зиёрат қилдик.
– Бу биздаги анъана, – деди Цзин Цяньцянь. – Қайси даражадаги меҳмон юртимизга келмасин, дастлаб шундай қилинади.
Дарҳақиқат, етти миллион аҳолиси бўлган меъморчиликнинг энг замонавий услубларида 50-60 қаватли бинолар қуршовида қолган Цзинанда мингга яқин булоқ бўлиб, унинг 72 таси муқаддас булоқ деб эътироф этилганди. Гап шундаки, бу булоқлардан ер ости суви кучли босимда катта ҳажмда, қишин-ёзин бир хил илиқликда 18 даражада қайнаб чиқар эди. Одамлар булоқ сувидан идишларга олиб кетар, уни ичганлар ички касалликдан, ювинганлар тери касаллигидан фориғ бўлар эканлар. Сув таркибида элликка яқин минерал бор экан. Булоқлардан чиққан сув каттагина анхор-канални ташкил этган, у эса бориб шаҳар марказидаги кўлга қўшиларди. Биз яхши ниятлар ила булоқ сувидан ичдик, юз-қўлимизни ювдик.
Ижодий сафар чоғида фарғоналик журналистлар Шандун провинцияси Халқ Хукумати раҳбарияти, журналистлар ассоциацияси, провинциянинг бош нашри “Дажонг” (“Халқ оммаси”) корпорацияси ва телерадиокорпорацияда қабул қилиндилар.
– Биз Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими ва Шандун провинцияси журналистлари ассоциациясининг ўзаро тажриба алмашиш, икки мамлакат ижодкорларининг хамкорлик келишувларини қўллаб-қувватлаймиз. Чунки бу 2014 йилда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг бизнинг мамлакатга ташрифи чоғида ХХРнинг Давлат кенгаши раиси Си Цзинь Пин билан биргаликда имзолаган шартномаларининг хаётий ижросидир, – деди Шандун халқ хукумати Департаменти директори Лю Жифу қабул маросимида. – Ўзбекистон Хитойнинг Марказий Осиёдаги йирик ва мухим стратегик ҳамкоридир.
Лю Жифу сўзларининг руҳи бутун сафаримиз чоғида ҳамрох бўлди.
Бир-биримизни тўлдирамиз
Тантанали қабул ишчанлик руҳидаги амалий учрашувлар билан давом этди. Шандун провинцияси журналистлари ассоциацияси мухташам мустақил бинода жойлашган. Икки мамлакат байроқлари қўйилган музокаралр столида Ўзбекистон томони бўлиб ўтриш барчамиз учун ҳаяжонли, ҳам маъсулиятли эди.
– Журналистлар ассоциациясига 1940 йилда асос солинган. Бизда барча ишларни мувофиқлаштирувчи котибият, учта бўлим, жумладан ташқи алоқалар, журналистлар малакасини ошириш бўлимлари мавжуд, – дейди ассоциация раиси ўринбосари Жианг Кежианг. – Ассоциация провинциядаги 276 та бошланғич ташкилотни бирлаштирган. Фаолиятимиз аъзолик бадалидан ташқари асосан хукумат томонидан молиялаштирилади.
ОАВ ходимлари ижоди, тарқатган ахборот ҳаққонийлиги ва уларнинг хулқи юзасидан шикоятларни дастлаб ассоциация қошидаги ахлоқ комиссиясида кўриб чиқамиз. Биз йилда бир бор энг фаол журналистларни танлов орқали тақдирлаймиз, уларнинг мақолаларини жамлаб чоп этамиз ва ғолиблар Давлат мукофотларига тавсия этилади.
Журналистлар ассоциацияси ўзининг нашри – профессионал журналига эга.
Биз ассоциация фаолиятига доир ҳужжатлар, бўлимлар иши билан танишдик. Саволларимизга жавоб олдик. Хитойлик ҳамкасблар бизиинг ижодий уюшма фаолиятига ҳам муносиб баҳо бердилар. Журналистлар малакасини ошириш мақсадида ўтказаётган ойлик ўқув-семинарлар, ҳар йили оромгоҳларда ташкил этиладиган медиалагер, ижтимоий ҳимоя борасидаги ишларимиз, айниқса мамлакат ичкариси вилоятлари ва чет эл журнлистлари ташкилотлари билан ўзаро тажриба алмашув шакллари уларда катта қизиқиш уйғотди.
– Биз илк бор ҳорижий журналистлар делегациясини қабул қилишимиз, – дейди Жианг Кежианг. – Ўзимиз ҳам ҳали бирон давлатга ижодий сафар уюштирмаганмиз. Қолаверса, бу ишни аввало мамлакат ичкарисидан бошлашимиз зарурга ўхшайди. Медиалагер тарзидаги ўқув семинарлар ўтказиш тажрибангиз ҳам ибратлидир.
Ижодий уюшмалар келгусида журналистларнинг икки мамлакат оммавий ахборот воситаларида қисқа муддатли ижодий амалиёт ўташлари, рўй бераётган мухим воқелик, иқтисодий, ижтимоий, маданий соҳалардаги мухим янгиликлар ҳақида ўзаро ахборот айирбошлаш, биргаликда ОАВларнинг мухим масалаларига бағишланган конференциялар ташкил этиш каби хамкорликнинг асосий йўналишларини белгилаб олдилар.
Ахборот тезкорлиги – асосий меъзон
Шандунда чоп этиладиган хукуматнинг бош нашри “Дажонг” (“Халқ оммаси”) кундалик газетасидир. Уни “кундалик” дейиш тўғри бўлармикан, чунки бир кунда “Дажонг” икки бор эрталаб ва кечқурун 1,4 миллион нусхада чоп этилади.
– Газетага 1939 йилда асос солинган. Бугунга келиб “Дажонг” корпорация тарзида фаолият олиб боради, – дейди корпорация раисининг биринчи ўринбосари Ян Сяочжоу “Дажонг”нинг ҳашаматли музокаралар залида бўлиб ўтган қабул чоғида. – Унинг таркибида 12 та газета, 5 та журнал, интернет-газета, мобил газета (бу ҳақда алоҳида тўхталамиз) бўлиб, 7700 та ижодий ва техник ходимлар ишлайди. “Дажонг” активлари 1,1 миллиард долларга тенг. Корпорация ўз босмахонаси, логистика маркази (нашрларни тарқатиш тизими), мехмонхонаси, кўргазмалар маркази… ва яна бир қанча ижтимоий инфратузилмаларга эга.
Ҳар куни 1,4 миллион нусхада икки бор, эрталаб ва кечки нашрлар чоп этиладиган “Дажонг” (“Халқ оммаси”) таҳририяти ва Шандун телерадиокорпорациясидаги учрашувлар ғоят қизиқарли ўтди. Фарғона журналистлари Ўзбекистонда ОАВларининг ривожи, унинг қонуний асосларини яратиш, журналистларни моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар ҳақида хитойлик ҳамкасбларига ахборот бердилар. Сўз ва матбуот эркинлиги, цензуранинг бекор қилингани ҳақидаги фикрлари эса катта қизиқиш уйғотди.
– Ўзбекистондаги ОАВлари фаолиятига доир қонунчилик демократия тамойилларига тўла мослигини эътироф этиш билан бирга, бу мамлакатда журналистика ривожига кўмаклашувчи ўзигагина хос меъёрий ҳужжатлар борлиги, хусусан “Ахборот олиш эркинлиги ва кафолатлари”, “Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунлар ҳар қандай таҳсинга лойиқдир, – дейди Ян Сяочжоу. – Қолаверса, Фарғона вилоятидаги мавжуд ОАВларининг учдан икки қисми нодавлат, хусусий эканлиги, уларнинг иш тажрибалари биз учун ҳам эътиборли бўлди.
Биз 98 миллион аҳолиси бўлган Шандун провинциясида 92 та босма нашр бўлиши билан бирга ахборот тарқатиш ҳуқуқига эга 500га яқин электрон сайтлар мавжудлиги, ҳатто мобил телефон учун алоҳида электрон газета яратилганини уларнинг ютуқларидан бири деб айтдик.
– Ёшларни ёт ғоялардан асраш учун маҳаллий ижтимоий сайтлар очилгани биз учун ҳам ибратли тажриба бўла олади, – дедилар музокара чоғида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти делегацияси аъзолари.
Биз ҳамкорликда шундай мавзуда ўқув семинарлари ташкил этиш лойиҳасини ишлаб чиқишга келишиб олдик.
Ўн йилдирки “Дажонг”нинг электрон нусхаси – интернет газета провинция ва мамлакатнинг энг мухим янгиликларини тарқатиб келмоқда. Энди эса мобил газета яратганлар. Унда янгиликлар тасмаси кун сайин эмас, соат, дақиқа сайин янгиланади. Газетадан фарқли ўлароқ, воқелик, шарҳ ва интервюлар жонли, видеотасвирларда берилади. Бизни телефон газетанинг телестудиясига олиб кирдилар. Мўжазгина студияда видеотасмага туширилган суҳбат, воқелик (янгилик)ка мутахассис муносабати шу заҳотиёқ мобил(телефон) газетага қўйилади, ўқувчи (телефон эгаси) интерактив усулда SMS юбориб ёки жонли овозда студия билан бевосита мулоқот қила, савол бера олади.
– Биз мобил газета истиқболидан ҳавотирда эдик, – дейди “Дажонг” корпорациясининг биринчи ўринбосари Ян Сяаочжоу. – Дастлабки йилдаёқ ўқувчилар сони 10 миллиондан ошди. Биз ишимизни такомиллаштирдик. Хабарлар оқимида тезкорликдан ташқари мавзу ранг-баранглигига алоҳида эътибор қаратдик. Шунда бизга реклама берувчилар сони кескин кўпайди. Энди мобил газета ўз ҳаражатини қоплабгина қолмай мўмай даромад келтирадиган ОАВсига айланди. Масалан, 2015 йил охиригача мобил газетанинг ўзи 200 миллион юань (33,2 млн доллар) даромад олиши кутиляпти.
“Дажонг”нинг мобил газетасида 200 дан зиёд ходим ишлаши, провинциянинг 17 та район (вилоят)ида унинг мухбирлик бўлими борлиги, ахборот тезлиги ва мавзулар ўқувчининг барча тоифаси қизиқишини инобатга олгани унинг оммавийлигини таъминлаган эди.
– Мобил газета акцияларини биржага қўйишга қарор қилдик. Олинган маблағга янги телемарказ қурамиз ва фаолиятимизни бутун мамлакат миқёсида олиб борамиз, – дейди Ян Сяочжоу.
Хитой сафари ҳар икки томон босма нашр мутасаддилари учун фойдали бўлди. Шандунлик ҳамкасблар Ўзбекистондаги нодавлат ОАВлари ва цензурасиз ишлаш тажрибаси ҳақида бизни саволларга кўмдилар. Сўз ва матбуот эркинлиги, ахборот олиш кафолатлари тўғрисида бахс-мунозаралар юритдик.
Ахборот тарқатишнинг электрон усулларидаги тажриба эса биз учун ибратли эди. Делегациямиз аъзолари Хитой матбуотининг бу борадаги ютуқларини ҳар томонлама таҳлил қилдилар. Яқин орада Фарғонада мустақил электрон газета фаолият бошласа ажабланмаймиз.
“Дажонг” воқелиги газетачилик қотма қиёфа эмас, балки ҳали телевидение билан бахслаша оладиган, унга муносиб рақобатчи бўла оладиган ОАВси эканини кўрсатмоқда.
Овозли ва тасвирли ахборот қасри
Касб тақозоси билан Осиё ва Европадаги кўплаб мамлакатлар телемарказларида бўлганман. Шандун телерадиокорпорацияси ҳам овозли ва тасвирли ахборот қасрларидан бири. Дастлаб бизни 34 қаватдаги томоша мехмонхонасига олиб чиқдилар. 2014 йилда фойдаланишга топширилган Шандун ТРКнинг янги мажмуаси Цзинаннинг, осмонўпар миноралар марказида эди. 8та радиоканал, 9 та телеканал ўз эшиттириш ва кўрсатувларини шу ерда тайёрлаб тарқатади. Бундан ташқари битта сунъий йўлдош телеканали бўлиб у инглиз ва хитой тилларида дунёнинг 44 мамлакатидаги қарийб бир миллиард телетомошабинга хизмат кўрсатмоқда.
– Биз радио ва телеканалларни ихтисослаштирдик. Масалан, битта телерадиоканал 24 соат давомида ахборот тарқатса, яна бири транспорт воситалари эгаларига мўлжалланган. Қишлоқ хўжалиги ходимлари учун, маданият ва тарих, шаҳар овози каби каналлар ҳам машхур, – дейди Шандун телеаридокорпорация бош муҳаррири Люй Пуй. – Хозир корпорациямизда 5300 та ходим бор. Холбуки у 1948 йилда 3-4 та фидойиларнинг радиовозидан бошланган эди.
Бизга ТРК музейига қўйилган ўша йиллар ахборот йиғиш ва тарқатиш техник воситаларини кўрсатдилар. Шу ерда Шандуннинг биринчи радиожурналисти Ян Шенинг сурати ҳам қўйилган. ТРКга ишга қабул қилинган ходим аввало музейдаги унга бағишланган бурчакни зиёрат қилар, жонли гул қўйиб хотираси олдида ҳурмат бажо келтиради. Шу ерда мен бир саволга жавоб топа олмадим. Фарғона радиоси тарихини, илк бор ишлаган журналистлар кимлигини биламанми?..
Радиоканаллар жонли овоз усулида ишларди. Яъни биз танишган барча, 8та радиоканал мустақил студия, журналистлар учун алоҳида-алоҳида ахборот йиғиш, қайта ишлаш, монтаж хоналарига эга эди.
Телеканалларнинг юраги – аппарат – бошқарув заллари фаолиятини кузатдик. Узунлиги 25-30 метрни ташкил этадиган бошқарув заллари деворига тўрт-олти қатор юзлаб телемониторлар қўйилган. Уларда дунёнинг беш қитъасидан, Хитой ва провинция районларидан видеохабарлар келиб туради. Журналист мутахассислар уларни таҳлил қилиб, саралаб, томошабин учун қизиқарли шарх иловасида яна бир марказга – ахборот тарқатиш студиясига ўтказадилар. Бу ердан эса тасвир сигналлари сўнгги форматдаги тиниқликда Хитой ва дунёга тарқатилади.
– Энг кўп томошабин йиғадиган дастурлар қайсиниси, – сўраймиз ТРК раҳабаридан.
– Тарихий телесераллар, ахборот дастури ва шубҳасиз кўнгилочар телешоулар, – дейди у кулиб. – Дастур бошловчиси, телесериал бош роли ижрочиси телевидение туфайли жуда тез машҳур шахсга айлана олади.
Биз Хитойда бўлган саккиз кун давомида ўнлаб телеканалларни кузатдик. Биронтасида бирон марта бўлсада Америка ёки Европада ишлаб чиқарилган зўравонлик, жангари лавҳалар, фахший муносабатлар бўлган фильмни кўрмадик. Унинг ўрнини хитой маданияти, тарихи, бугунги ютуқлари ҳақидаги фильм, кўрсатув, телешоулар эгаллаган. Дори-дармон ва ичимлик рекламасига эса умуман эфирда ўрин йўқ. Рекламаларда Хитойда ишлаб чиқарилган маҳаллий маҳсулотлар тарғиб қилинади.
Телевидение монтаж хонаси ҳақида тўхталиб ўтмасак бўлмас. Битта катта залда юздан зиёд электрон монтаж ускуналари – компютер мажмуаси қўйилган.
– Журналист ёзишдан ташқари тасвирга тушириш, монтаж қилишни билиши бирдек талаб этилади, – дейди Люй Пуй.
Шандун телевидениесида ҳам ўзига хос бир хусусият бор эди. Бу ТРК таркибидаги интернет телеканалидир. Тележурналистлар йўлда, сафарда, тронспорт воситасида, далаю-тоғда бўлган томошабинни йўқотиб қўймаслик учун интернет телеканали яратган бўлиб, унинг кўрсатувларини телефон, планшет, компютерда бемалол қабул қилаверадилар.
Маълумки, реклама берувчи газета тиражига, тасвирни қабул қиладиган аҳоли миқдорига қарайди. Яшаш учун кураш Шандун телерадиокорпорациясини ижодий изланиш, интилиш, ахборот тарқатишнинг ноанъанавий усулларини яратиш йўли билан аудитория чегарасини кенгайтиришга олиб келган. Натижада Шандун ТРК Хитойда рекламадан даромад олиш ҳажми бўйича провинциялар орасида биринчи ўринга чиққан.
– 2014 йил якуни бўйича рекламадан олинган соф даромад 3,2 миллиард юань (500 миллион доллар)га етди, – дейди хитойлик ҳамкасбларимиз. – Бу телеканаллар ҳаражатининг 95 фоизини ташкил этади.
Биз уларга вилоятимиз ТРКга хукумат қарори билан “Сименс” лойиҳаси асосида рақамли техник воситалар ўрнатилгани, кўрсатувларимизда эса ҳар бир фуқаро ўз ўрни билан қатнаша олиши, шахсий нуқтаи назарини эркин-эмин баён қила олиши, информацион дастурлар энг оммабоплиги ва яна 4та хусусий телеканаллар фаолияти расмий цензурадан ҳоли эканини гапириб бердик.
Ижодий сафар баҳона…
Сафар доирасида Фарғоналик журналистлар Шандун провинциясидаги дунёга машҳур бренд ярата олган аниқ ўлчов асбоблари корпорацияси “Inspur Group”, катта юк машиналари корпорацияси “Sinotrik” (“Howo”), маиший электр ускуналари корпорацияси “Haier” фаолияти билан ҳам танишдилар. Цюйфу шаҳрида Конфуций зиёратгоҳларига қадам ранжида қилишди, Циндао шаҳрида денгиз устига қурилган дунёдаги энг узун 41,5 километрлик Чо Човен кўприги ва денгиз сатҳидан 82,7 метр чуқурликда бунёд этилган тоннелдан ўтдилар, Цзинандаги шифобахш 72 булоғи бўлган боғ ҳамда Пекинда Буюк Хитой девори, Ёпиқ шахар каби тарихий ёдгорликларни бориб кўрдилар.
– Шу йилнинг июн ойида Ўзбекистон ва Хитой иқтисодий ривожланиш хукуматлараро комиссияси айнан Шандунда навбатдаги йиғилишини ўтказади. Агар унда Фарғона вилояти тадбиркорлари ҳам иштирок этсалар биз улар билан инвестиция киритиш, ўзаро иқтисодий лойиҳалар тузишга тайёрмиз, – дейди Шандун провинцияси ташқи ишлар Концелярия Бош директор ўринбосари Ванг Шинонг, биз билан хайрлашар экан. – Фарғона вилояти халқига, сизларни ижодий сафарга юборишга ҳисса қўшган вилоят раҳбарияти ва бошқа даҳлдор идораларга бизнинг ҳам салом ҳамда миннатдорчилигимизни етказинг. Чунки Ўзбекистонлик журналистларнинг Шандунда бўлиши, ўзаро фикр алмашувлар, тажрибаларни ўртоқлашув ҳар икки томон учун ҳам тенг фойдалидир. Мухими Сиз журналистлар туфайли Шандунлик аҳоли Ўзбекистон, Фарғона вилояти ҳақида кўпроқ ахборотга эга бўлди.
Дарҳақиқат, биз Хитойга “қуруқ қўл” билан келмагандик. Фарғона вилояти мисолида мустақиллик йиллари Ўзбекистон эришган улкан ютуқлар ҳақида ҳикоя қилувчи мақолалар ёзиб, уни хитой тилига таржима қилиб Шандун босма нашрларига бердик.
“Дажонг”, унинг кечки нашри “Чилу Вамбао” газеталари, умумхитой интернет газетаси “China.com” сайти, Шандун теле ва радио каналлари Ўзбекистонлик журналистлар билан тажриба алмашув тадбирлари, истиқбол режаларни белгиловчи музокараларни кенг ёритди. Фарғона ҳақида туркум мақолалар эълон қилди. Масалан, “Чилу Вамбао” газетаси “Фарғона – Ўзбекистоннинг марвариди” сарлавҳали мақоласида шундай ёзади:
“Фарғона водийси қадимдан етти иқлимни ўзининг бой маданий-маърифий салоҳияти, тарихий обидалари, гўзал табиати ва сўлим гўшалари билан лол қолдирган диёр шу боис ҳам ўзбек халқи ушбу масканни Ўзбекистоннинг гавҳари, марвариди сифатида эъзозлайди. Айниқса, инсоният тамаддунида мухим аҳамиятга эга бўлган Буюк Ипак йўлининг марказида жойлашган Қува-Марғилон-Қўқон шаҳарлари орқали ўтганлиги ташриф буюраётган мехмонлар қизиқишини янада орттирмоқда.
Собиқ Иттифоқ даврида Фарғона вилоятида инвестиция иштирокидаги корхоналар атиги 2 тани ташкил этган бўлса, жорий 2015 йилга келиб уларнинг сони 137 тага етди. Мустақилликдан илгари вилоятда бор-йўғи 1 млн долларлик маҳсулотлар хорижга экспорт қилинган бўлса, бугунга келиб экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ҳажми 5 млн доллардан ортиб кетди”
Ижодий сафар аҳамияти Пекинда, Ўзбекистоннинг Хитой Халқ Республикасидаги элчиси Дониёр Қурбонов қабулида бўлганимиз чоғи яна бир бор тилга олинди.
– Ўзбекистон-Хитой муносабатлари янги босқичга кўтарилди. Бунда халқ дипломатияси ривожига ҳисса қўшган мазкур ташрифнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор, – деди Дониёр Қурбонов.
Дўстлик масофа билмас экан. Эзгу ниятлар ижобат бўлиб олис юртга қилинган ижодий сафар кутилган натижалар берди.
Биз бу қадим юртдан қайтаётганимизда мехмондўст ҳамкасбларга Ўзбекистонда, Фарғона диёрида кўришгунча хайр, дедик.
Муҳаммаджон Обидов
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси
Фарғона вилоят бўлими раиси,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист