Янгиликлар

Фахрий журналист ҳолидан хабар олинди

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Фарғона вилоят бўлими қошидаги “Фахрий журналистлар кенгаши” режасига биноан Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан фахрий, кам-таъминланган, бемор журналистлар ҳолидан хабар олинмоқда. Бугун Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси Абдужалил Бобожонов Тошлоқ тумани ҳокимлиги муассислигидаги “Тошлоқ тонги” газетасининг собиқ бўлим мудири Йўлдошали Мамаев хонадонида бўлди. Фахрий журналистга байрам совғалари ва уюшма вилоят бўлими табриги топширилди.

Йўлдошали Мамаев 1986 йилда Тошкент Давлат университетининг журналстика факультетини тамомлаган. 1986 йилда мухбир, 2001 йилдан 2022 йилга қадар бўлим мудири лавозимида ишлаган. У ёш кадрларга газета сир асрорларини ўргатди. Узоқни кўра билувчи, теран фикрли журналист сифатида хурмат қозонган.

–Мен ишлаган “Тошлоқ тонги” газетасининг ўзига хос ўтмиши, ўз йўли, овози бор. Шу кунгача турли номлар билан аталиб келган. Мен ўқишни битирган йилим шу газетага ишга келганман. Нафақага чиққунимча шу газетада ишладим. Ҳозирги журналистларимизга яратилаётган қулайликлар, имкониятларга хавасим келади. Улар бу имкониятлардан оқилона фойдаланиш керак. Кириб келаётган байрам барчамизга муборак бўлсин. Барчага соғлик омонлик тилайман, –дея дуога қўл очдилар.

Биз ҳам Йўлдошали акага узоқ умр, соғлик-саломатлик, оилавий хотиржамлик тилаб қоламиз.

Ўзбекистон Журалистлар уюшмаси Фарғона вилоят бўлими