ЭНГ ФАОЛ ТАРҒИБОТЧИЛАР АНИҚЛАНДИ
Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан ўтказилаётган «Энг фаол ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи» республика танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилган мазкур танловнинг туман ва шаҳарлар босқичида вилоятдаги умумтаълим мактабларида фаолият олиб бораётган 950 дан зиёд тарғиботчилар фаол иштирок этди. Уларнинг 30 нафари вилоят танловида ёшларнинг билими ва тафаккурларини янада ошириш, маънавий-ахлоқий ва жисмонан соғлом этиб тарбиялаш, маданий, ижодий қобилиятларини рўёбга чиқариш баробарида, келажак авлодлари қалбида мамлакатимизда кечаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини кучайтириш борасидаги амалий ишларини янада ёрқинроқ намоён этишди.
Танловда тарғиботчилар иш фаолиятининг мактаб ўқувчиларини тўгаракларга жалб қилиш самарадорлиги, ижодкор ёшларни кашф қилиш жиҳатлари, ёш авлоднинг китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини шакллантириш, абадий-ижодий танловлардаги иштироки, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлиги ҳамда шахсий ижодий ютуқларига алоҳида эътибор қаратилди. Тақдим этилган ижодий ишлар ҳакамлар ҳайъати томонидан белгиланган мезонларга асосан кўриб чиқилиб, баҳоланди.
Танлов натижасига кўра, Ўзбекистон туманидаги 4-мактабнинг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи Шаҳнозахон Мелиева ҳамда Бувайда туманидаги 50-мактаб тарғиботчиси Наргизахон Ўринова ғолиб деб топилди.
Энди улар танловнинг республикада босқичида иштирок этишади.