Пресс-тур

Бухоролик журналистлар ва блогерлар Фарғонада

Фарғона вилоятининг ижтимоий-маънавий ҳаёти, кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ободончилик ва бунёдкорлик ишлари билан танишиш ҳамда вилоятдаги оммавий ахборот воситалари ходимлари билан тажриба алмашиш мақсадида бухоролик бир гуруҳ журналистлар ва блогерлар кеча вилоятимизга ташриф буюрди.

Улар уч кунлик ижодий сафар давомида Марғилон шаҳридаги “Полиграф-пресс” МЧЖ босмахонаси, Эркин Воҳидов номли истироҳат боғи ва адабиёт музейи билан танишадилар. Қўштепа туманидаги қишлоқ хўжалиги экинларини томчилатиб суғориш технологиясини кўздан кечиришади.

Ёзёвон тумани ҳокимлигининг “Марказий Фарғона”, вилоят “Фарғона ҳақиқати” – “Ферганская правда” газеталари таҳририятлари, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлимида икки вилоят журналистлари иштирокида ижодий учрашувлар бўлиб ўтади. “Марказий Фарғона” ва Бухоро вилоятининг “Маънавият сарчашмаси”, “Фарғона ҳақиқати” ва “Бухоро ёшлари” газеталарининг ҳамкорлик меморандумлари имзоланади, қўшма сонлар тақдимоти ўтказилади. Ҳамкасблар самимий мулоқотлар чоғида ўзаро тажриба алмашадилар. “Рухсор” телерадиокомпаниясида Бухоро ҳақидаги кўрсатувни эфирга узатиш ҳамда фарғоналик ижодкорлар томонидан тайёрланган Фарғона вилояти ҳақидаги кўрсатувни тақдим этиш маросими режалаштирилган.

Шунингдек, Бухоро ОАВ ходимларининг вилоятдаги саноат корхоналарига, Ҳунармандлар марказига, маданият муассасаларига ташрифлари белгиланган.

Муқимжон ҚОДИРОВ олган сурат.