Фарғоналик журналистлар Навоийда
Навоий вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти ҳамкорлигида ташкил этилган “Миллий журналистика: анъаналар давомийлиги ва замонавийлик” мавзусидаги республика медиафорумида фарғоналик журналистлар ҳам иштирок этди.
Форум давомида журналист ва блогерлар учун вилоятдаги қадамжолар, сайёҳлик гўшалари ва ҳудуд саноатидаги муҳим объектларга пресс-тур ташкил этилди. Қизилқум саҳроси бағридаги “Мурунтов” конида журналистлар маҳсулот қазиб олиш ва НКМКга қарашли 7-гидрометаллургия заводида хомашёни ярим тайёрлаш жараёнлари билан танишдилар.
“Мурунтов» кони олтин қазиб олиш бўйича дунёда етакчи ҳисобланади. Kitco таҳлилий маркази талқинига кўра, 2020 йилда олтин қазиб олиш бўйича энг яхши кон деб топилган. Унинг чуқурлиги ҳозирда 650 метр. Келгусида ер қаърининг 1080 метрдаги бағридан ҳам олтин рудалари олиш режалаштирилган. Кареъердан тепага хом-ашё ташиб чиқарадиган «Белаз»нинг ўз оғирлиги 180 тонна, юки билан эса 400 тоннани ташкил этади.
Нурота эса саноат ва қишлоқ хўжалиги ривожланган туман. Биргина «Чашма»сининг таърифи тилларга тушган. Президентимиз ташаббуси билан «Чашма» тарихий-меъморий мажмуасида ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, халқаро туризм талабларига жавоб берадиган гўшага айлантирилди. Ҳозирда мазкур маскан нафақат мамалакатимиз аҳлининг балки сайёҳларнинг ҳам севимли ошёнига айланган.
Медиафорим қатнашчилари Зарафшон шаҳар «Олтин водий» таҳририятида бўлиб ўзаро тажриба алмашди. Зарафшон шаҳри ўтмиши ва бугуни акс еттирилган музей экспонатлари ОAВ ходимларида катта қизиқиш уйғотди.
Медафорум давомида “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев, “Ҳуррият” газетаси бош муҳаррири Абдурасул Жумақулов, “Қишлоқ ҳаёти” газетаси бош муҳаррири Чори Латипов, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжаев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев сингари таниқли журналистлар меҳмон бўлишди ва улар иштирокида мастер-класс ташкил этилди.
Шунингдек иштирокчилар кунлик белгиланган вақтларда “Навоий кон-металлургия комбинати”га қарашли “Металлург” профилакторий-санаторийсида соғломлаштириш муолажаларини олиб боришди.
Камола Полвонова,
журналист.