Хотира

ОХИРАТИНГИЗ ОБОД БЎЛСИН!

Ўзбекистон халқ шоири, халқимизнинг ардоқли ижодкори Анвар Обиджоннинг вафоти ҳақидаги хабар фарғоналиклар қалбини чуқур қайғуга солди.

Замонавий ўзбек адабиёти ва журналистикаси забардаст вакилидан жудо бўлганлиги барчамиз учун унутилмас изтироб бўлди.

У 1947 йил 8 январда Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманига қарашли Полосон қишлоғида туғилган. ТошДУ (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультетини тамомлаган.

Анвар Обиджон ҳамиша ижодида ардоқлаб ўтган Фарғона ва фарғоналиклар, унинг серқирра ижодидан баҳраманд бўлган халқимиз учун катта йўқотишдир. Бир умр адабиёт ривожига садоқат билан хизмат қилган севимли ижодкоримизнинг адабий мероси, ўзбек матбуоти, телевидениеси ва радиоси учун қўшган муносиб ҳиссаси тарих зарварақларига мангуга муҳрланиши шубҳасиздир.

Анвар Обиджон илк ижодий фаолиятини Олтиариқ туманининг “Пахта учун” (ҳозирги “Давр овози” ) газетаси таҳририятида бошлаб, вилоят телерадиокомпанияси, “Янги аср авлоди”, “Чўлпон” нашриётларида, “Муштум”, “Ёш куч” журналларида, Ўзбекистон телерадиокомпаниясида самарали фаолият кўрсатди.

Китобхонлар сермаҳсул ижодкорнинг “Она ер”, “Баҳромнинг ҳикоялари”, “Эй, ёруғ дунё”, “Оловжон ва унинг дўстлари”, “Кетмагил”, “Масхарабоз бола”, “Аканг қарағай Гулмат”, “Жуда қизиқ воқеа”, “Даҳшатли Мешполвон”, “Ерликлар”, “Булбулнинг чўпчаклари”, “Танланган шеърлар”, “Ажинаси бор йўллар” сингари кўплаб асарларини севиб ўқийди.

Ардоқли ижодкоримиз болалар ва катталар учун ҳам кўплаб қисса, шеър, достон, ҳикоя, пьесалар ёзди. Анвар Обиджоннинг ўнлаб шеърлари машҳур санъаткорларимиз томонидан куйга солинди, бир неча асарлари мамлакатимиз театрларида саҳналаштирилди.

Таниқли ижодкор 1997 йили “Шуҳрат” медали, 2011 йилда “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланган. 1998 йили “Ўзбекистон халқ шоири” фахрий унвонига сазовор бўлган.

Самимий, камтарин ва меҳрибон устоз Анвар Обиджоннинг мазмунли умр йўли, серқирра ижодий фаолияти, одамийлик фазилатлари халқимиз учун ҳамиша ибрат мактаби бўлиб қолади.

Фарғона вилояти ҳокимлиги, вилоят фаоллари номидан Анвар Обиджоннинг оила аъзолари, қариндош-уруғлари ҳамда барча яқинларига чуқур таъзия изҳор этамиз.

 

Шуҳрат ҒАНИЕВ, Фарғона вилояти ҳокими.

Лолахон МУРОТОВА, Ўзбекистон Қаҳрамони.

Топволди ХОЛДОРОВ, Ўзбекистон Республикаси  Олий Мажлиси Сенати аъзоси.