Муносабат
Очиғи “Фейсбук”да бирон фикрингни ёзишга ҳам одам безиллаб қолди. Мен на Дима Қаюм, на блогерлар ҳақида ёки Дима президент иштирокидаги йиғилишда қатнашгани ҳақида бир сўз ҳам ёзмаганман. Постимни диққат билан ўқиганларнинг муносабати ҳам буни кўрсатиб турибди. Аммо «чаламулла» лар уни гўё Дима қатнашганига, ўзини таклиф этишмаганига алам қилиб ёзди, дея “Фейсбук” ни тўлдириб ташладилар. Мен, биринчидан, мана уч ойдирки газета бош муҳаррири эмасман. «Фарғона ҳақиқати» редактори йиғилишга киритилмагани ҳақида ёзганимда мутлақо ўзимни назарда тутмаганман.
Иккинчидан, мен нафақат Фарғона, балки мамлакат миқёсида расмий ташрифларни ёритишда жойлик журналистларга паст назар билан қарамаслик, «маҳаллий» деб тоифалаётганлари ҳам тенг ҳуқуқли журналист экани ва уларга ҳам бундай ташрифларни яқиндан ёритиш имкони берилиши лозимлиги ҳақида гапирганман, постда.
Учинчидан, худога шукрки, касбим туфайли давлат раҳбарининг мамлакат ва чет элларга қилган кўплаб сафарларида ҳамрох бўлганман. Қолаверса, ўша пайтларда вазият тақозоси туфайли ҳатто Хитой, Россия, Италия, Туркманистон каби давлат раҳбарлари билан қўл бериб, саломлашиш насиб қилган. Бу тарих. У кимгадир ёқмаса ҳам воқелик. Мени аламдан пост ёзган деб хулоса чиқариш мутлақо мантиқсизликдир. Юқорида айтганимдек, мамлакатимизда журналистлар тенг ҳуқуқли ва уларни марказий ҳамда маҳаллий дея тоифалаш хато деб ўйлайман.
Мени тўғри тушуниб, қўллаганларни оллоҳ қўлласин.
Муҳаммаджон Обидов,
Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.