Каъбага муҳаббат мўъжизаси
Яратганнинг марҳамати кенг. Унинг илтифотига сазовор бўлмоқлик барчамизга насиб этсин.
1994 йил баҳори эди. Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Бухоро сафарига борган чоқда Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳи этагида “Фарғона боғи” яратилса, деган таклиф айтди. Орадан бир неча кун ўтар-ўтмас Қува, Водилдаги кўчат етиштирувчилардан иккита машинада турли мевали кўчатлар ва бир “Икарус” автобусда боғбонлар вилоят ҳокими Мирзажон Исломов бошчилигида Бухорога йўл олдик. Мен тасвирчимиз билан ҳамроҳ эдик.
Эрта тонгда бизни вилоят ҳокими Дамир Ёдгоров Бухоро вилояти чегарасида кутиб олди. Зиёратгоҳга келганимизда боғ учун ер тайёрлаб қўйилган эди. Дарҳол ип тортиб саф чизилди ва кўчатларни эка бошладилар. Кечгача боғ анчагина кўзга кўриниб қолди.
– Бугунга етар, – деди Ёдгоров. – Энди дам оламиз. Боғбон ва мутахассисларни меҳмонхонага олиб кетдилар. Исломов ва “Ахборот” мухбири мен вилоят ҳокимлиги оромгоҳи (дачаси)га боришимиз керак эди. Шу пайт мен оёқ тираб туриб олдим. Бу кечани Баҳоуддин Нақшбанд масчитида ўтказишимни айтдим. Ноилож мени қолдиришди. Ҳокимиятдан бир киши ош-овқат олиб келди. Кейин таҳорат олгач устунлари сирли нақшинкор, аммо салобати руҳий қувват берувчи масчитга кирдим. Ўзим ҳам ҳайронман. Аслида ўшанда диний илмим йўқ, энам (дадамнинг оналари) болалигимда ёдлатган 5-6 та сура ва намоз ўқишни билардим холос. Лекин қандайдир куч мени тўкин дастурхонли зиёфат, иззат-икром кечасига эмас, шу ерда олиб қолганди.
Масчитга кирган заҳотим беихтиёр кўзим ёшланди. Билганларимни тўхтовсиз ўқир эдим. Такрор ва такрор ўқирдим. Шу алпозда юпқагина кўрпачада ғужанак бўлиб ухлаб қолибман.
Ўша 1994 йил баҳорида ҳали ҳозиргидек паробал телеантенналар йўқ эди. Макка, Мадина ҳақида, Каъба сиймоси ҳақида ўқиб, эшитгандим холос. Лекин тушимда…
Оппоқ мармар тошли саҳнда, устига қора заррин мато қопланган чорбурчак бинонинг олтиндек нур таратувчи эшиклари қаршисида тиз чўкканча Оллоҳга илтижо қилардим. Ҳали мен таниб улгирмай, кўкрак сутига тўймай бевақт оламдан ўтган онам, охирги йўлга кузата олмаганим – отам, менга меҳр бериб боққан марҳум энам, бобомга жаннатдан жой, гуноҳларимга кечирим сўрадим. Ичимдан отилиб чиққан дард кўз ёшим бўлиб оқарди…
Тўсатдан уйғониб кетдим. Ёстиғим хўл бўлиб кетганди. Шу пайт масчит мутавалисининг шарпасини сездим. Оҳиста азон янгради.
Руҳим мажруҳ эди. Тушимда кўрганим қаер? Нега йиғлай-йиғлай илтижо қиляпман? Ўзи, умуман менга нима бўлди?
Соат тўққизларда яна иш бошланди. Боғбонлар кўчат экишда давом этишди. Мен иш билан овуниб тушимни бир оз унутдим. Жараён ҳақида тасвирлар етарли эди. Кетма-кет интервьюлар олдим. Ўзим кадрда туриб “Фарғона боғи”нинг муҳим жиҳатлари ҳақида гапирдим. Соат ўн яримлар эди чамаси. Бир “Волга” машинаси шитоб билан келиб тўхтадию, ундан ёши 40-45ларда бўлган кўзойнакли киши тушиб, ҳой, ичларингда “Ахборот” мухбири Обидов борми, деб сўраб қолди. Мен дарҳол унинг ёнига келдим.
– Мен ҳокимиятданман. Зудлик билан Тошкентга борар экансиз. Самолёт бир соатдан кейин учади. Билет брон қилдик. Қани, юринг, – у шоша-пиша гапирарди.
Мен гап нимада эканини тушунмасамда тасвирчидан касеталарни олиб аэропортга кетдим.
Тошкентда, телевидениеда раҳбаримиз гапни қисқа қилди.
– Эртага, охирги самолёт Жиддага учар экан. Сиз унда ҳажга борасиз. Топшириқ шундай бўлди.
Мен турган жойимда қотиб қолдим. Чунки ўзбекистонлик зиёратчилар узоқ тайёргарликдан сўнг барчаси учиб кетишганди. Фақат ишчи гуруҳнинг айрим аъзолари, шифокор ва божхоначилар қолган экан.
Шу куни уйга, Марғилонга бирров келиб кетдим ва сўнгги самолётда Жиддага учдик. Самолёт меъқот чегарасига келганида таҳорат олиб эҳромга кирдик. Икки ракат намоз ўқиб Яратгандан ҳажимизни қабул қилишини сўраб дуои-фотиҳа қилдик.
Саудия ҳаво дарвозасида бизни кутиб олдилар. Янги қурилган Доруссалом меҳмонхонаси Ўзбекистондан келган зиёратчиларга ажратилган экан, ундаги хоналардан бирига жойлашдим.
Тилимиздан лаббайкани қўймай пиёда Харами Шарифга томон йўл олдик. Диний идорадан бўлган Бобуржон исмли йигит йўлбошчи эди. Ассалом дарвозасидан кирдигу… не тил билан баён қилай, қаршимда ўша, икки кун аввал тушимда кўрганим – сатҳи оқ мармарли, устига Қуръон оятлари олтин ипларда ёзиб ташланган, мусулмон оламининг қиблагоҳи – Каъба турарди.
Мен бу гал туш кўрмасдим. Тумонат зиёратчилар қаторига қўшилиб етти бор тавоф қилдик. Сўнг… сўнг ўша мен тушимда кўрган Олтин дарвоза қаршисида икки ракат намоз ўқигач тиз чўкиб Оллоҳга илтижо қилдим!
– Во дариғ! Менга шунчалар меҳрибонлик сабаби нима? Бундай мукофотга муносибманми?
Шукр, шукрона айтиб адоғ қила олмасдим.
– Ҳожи ака… – деди майин бир овоз эгаси елкамга қўлини қўйиб. – Ҳали Умранинг бажариладиган амаллари бор.
Шу куни эҳромдан чиққач дарҳол яна Ҳарамга қайтдик. Каъбанинг деворларига бағримни бериб қанча вақт қолиб кетдим, билмасдим. Мен ҳаёт йўлимдаги хато ва камчиликларим учун Яратгандан шафоат тилардим.
Салкам бир ой Макка, Мадина зиёратгоҳарида бўлдик, вақти, соатига қараб Ҳаж амалларини бажардик. Ўнлаб ватандошлар суҳбатидан, уларнинг гоҳида аянчли, баъзида бахтли ҳаётий тақдирларига бағишланган суҳбатларидан баҳраманд бўлдик. Оллоҳга шукрки, мен Ҳаж ибодатларини бажариш билан бирга Ўзбекистон телевидениесида биринчи марта юртдошларнинг буюк зиёратларига бағишланган “Муборак ҳаж сафари” видеофильмини баҳоли қудрат тайёрладим. Тасвирчи ҳам, муаллиф ҳам ўзим эдим. Баъзида стендап (мухбирнинг ўзи тасвирда гапириши) керак бўлганида камера оёқларини чиқариб, ўзим турадиган жойга мослаб сўнг тасвирга олишни ёқиб қўяр ва кадрда пайдо бўлар эдим. Ҳам тасвирга тушириш, ҳам ибодатни адо этиш икки ҳисса қийин бўлган. Лекин айнан шу тасвирларни мен тарихга муҳрлаётганим руҳий куч берар эди.
Тошкентга қайтгач тасвирларни матнга мослаб монтаж қилдим. Видеофильм жуда катта муваффақият қозонди. Телетомошабинлар талабига кўра такрор-такрор намойиш қилинди.
Ҳудога беадад шукрки, бугунгача уч бор ҳаж ибодатини адо этиш (шундан икки бор ҳожиакбарлик йилида), тўрт марта қадр кечасини Маккада, Ҳарами шарифда кутиш насиб этди. Бундай марҳаматга етказган Оллоҳимга ҳамду саноларим бўлсин. Лекин ҳар гал Яратганнинг бир мўъжизасига рўбаро бўлар эдим.
1999 йилда Андижон вилояти ҳокими Қобилжон Обидов таклифи билан андижонлик ҳожилар сафида бордим. Ўшанда Маккага келганимизда вилоят қозиси (бош имом ҳатиби) Нуриллоқори Баҳромов билан менга Қудайдаги меҳмонхонадан бир хона ажратиб бердилар.
Нуриллоқори ака ёшлари етмишларда бўлсада тетик, оқ сариқдан келган, доим кулиб турадиган юзидан нур таралувчи, диний соҳанинг катта билимдонларидан эди. Хонага киргач қизил, ўртача катталикдаги жомадонларини кўрдим. Биз умра вазифаларини адо этиб келгач эҳромдан чиқдик. Шунда кўрдим, жомадонда бир-икки кийим, қолгани қадимий китоблар эди. Нуриллоқори ака ҳарамда ибодат қилар, меҳмонхонага қайтгач қизил жомадондаги китоблардан бирини олиб мутолаа қилар эдилар. Соатлаб пайғамбарлар, азиз-авлиёлар, дин аҳкомлари ҳақида гапириб берардилар. Биз бир-биримизга жуда ўрганиб қолгандик.
Ниҳоят ҳаж амалларини адо этиш вақти-соати келди. Дастлаб Мино майдонига чиқдик. Эртаси куни Арофатдаги чодирларнинг бири бизга ажратилди. Тўхтовсиз ибодатда бўлган Нуриллоқори ака пешиндан ўтганда тўсатдан менга шундай дедилар:
– Ҳожим, андижонлик имомларга айтинг, чодирларини кўтариб бир даврага бирлашсинлар. Мен Жалақудуқ тумани имом-ҳатиби Икромхон қорига бу гапни етказдим. Дарҳол ўнлаб чодирларнинг ён пардалари кўтарилиб катта майдон ҳосил бўлди. Чамаси беш юз нафар андижонлик ҳожилар саф тортиб ўтирдилар. Нуриллоқори ака пайғамбаримизнинг гўзал ахлоқлари, охират ҳақидаги сўзлари, мўминнинг Оллоҳдан ва бандасидан қарзининг фарқлари ҳақида муқаддас китоблардан далиллар келтириб масала қилдилар. Шундан сўнг биз чодиримизга қайтдик. Аммо тўсатдан қори аканинг тоблари қочди.
– Ҳожим, мен сув бўлиб оқиб кетяпман, – дедилар аранг. Мен уларга у-буни тахлаб ёстиқ қилиб тўшадим ва ётинг дедим. Ўзим докторга чопдим. Биз билан Ўзбекистондан келган шифокорларнинг бири Арофатга бирга чиққанди.
– Ҳеч гап йўқ, бир оз толиққанлар, қолаверса, қуёш тафти… дегандек.
Доктор битта дори берди.
Лекин Нурилло қори ака тобора қувватсизлана борарди.
Мен муфти Абдурашид қори олдига чопдим. Аҳвол оғирлашаётганини айтдим. Муфти:
– Ундай бўлса, қори акани меҳмонхонага юборинг, – деди.
Нурилло қори ака Арофатдан қайтишни истамас эдилар.
– Ўзингиз менга айтгандингизку, ал-ҳажжу ал-арофат, Арофатда турмоқлик ҳаж ибодатини бажармоқлик, деб. Меҳмонхонага қайтасиз. Врач назоратида бўласиз, у ерда.
Шундай деб аранг кўндирдим. Бир такси тутиб, йўл ҳақини бериб навбатчи шифокор билан уларни Қудайга жўнатдим.
Шом арафасида Арофатда тўп отилди. Зиёратчилар бу муқаддас майдондаги узлуксиз ибодатларини якунлаб Муздалифа водийсига йўл олдилар. У ерда ҳам тонггача Оллоҳга илтижо қилдик. Қўлларимизга тош териб олдик ва қуёш бир терак кўтарилганида шайтон қаршисига етиб келдик. Уч шайтонга бисмиллаҳу оллоҳу акбар дея тош отдик. Шу билан бугунги амалнинг бири бажарилган эди. Мен дарҳол такси тутиб Маккага, меҳмонхонага келдим.
Нуриллоҳожи ака даҳлиздаги парда билан ўраб қўйилган вақтинчалик “шифохонада” ёлғиз ётган эдилар.
– Келдингизми, ҳожим, – дедилар қори ака интизор кўзларини тикиб. – Мени бир таҳорат олдиринг.
Аввал ўзим таҳорат олдим. Сўнг ёнларидаги жойга оҳорли чойшаб ёйдим. Ҳеч тортинмай лозимларини ечдим. Сув илитиб мустаҳаб қилдирдим. Қори аканинг юз, қўлларини ювдирдим. Улар энди тура олмасдилар. Аранг оғиз-бурун чайқай олдилар.
Титроқ қўллари билан ётган жойларида бошга базўр маҳси тортдилар. Хонадан янги оқ кўйлак ва лозим олиб тушдимда қори акани даст кўтариб янги чойшабли краватга олиб, кийинтирдим.
Нурилло қори ака йиғлаб-йиғлаб узоқ дуо қилдилар.
– Сиз ётиб дам олиб туринг, мен ҳарамга бориб тавоф қилиб тез қайтаман, – дедим.
Ҳарамга одам сиғмас эди. Саҳндаги зиёратчилар денгиз тўлқинидек гоҳ у, гоҳ бу томонга сурилиб кетардилар. Оллоҳ куч берди. Тилдан дуоларни қўймай тавоф қилиб олдим.
Меҳмонхонага “учиб” келдим. Қори акани ётқизган каравот бўш турарди.
– Оғирлашиб қолдилар. Маҳаллий касалхонага мурожаат қилгандим, келиб олиб кетишди, – деди навбатчи. – Мана, шифохона манзили.
Мен қўлимда бир парча қоғоз, тил билмайман, бир такси тутиб ўша ҳукумат касалхонасига етиб бордим. Қабулхонада:
–Ўзбекистон, Нуриллоқори Баҳромов, – дердим такрор ва такрор.
У ердаги оқ халат кийган ўрта ёш бир киши дафтарини варақлаб кўрди-ю, мени ҳовлига бошлади. Биз ҳовли четидаги бир бинога кирдик. Негадир эшиклари икки қават темирдан эди. Ичкарида совуқдан баданларим сесканиб кетди. У икки ёнда тўрт қатор баландликда тортқичли эшиклари бўлган девор бўйлаб юриб бир жойда тўхтади. Қўлидаги қоғозга ёзилган рақамни тортқичли эшикдаги рақамга солиштирди ва уни тортди.
Не кўз билан кўрайки, Нурилло қори ака узун темир қутида юзидан нур таратиб ўлмагандек ётардилар. Бу ер ўликхона эканини, қори ака омонатларини топширганларини шундагина билдим. Наҳот, наҳотки! Қори дада-я! Мен қути устига энгашиб уввос солиб йиғладим. Қори дада юз-кўзларини силадим. Нега ёнингиздан кетиб қолдим-а, дея ўзимни койир эдим.
Кузатувчи бир оз сабр қилгач, алҳамдулиллоҳ, алҳамдулиллоҳ, дея мени қути устидан туртиб четлатди ва яна уни ичкари итариб жойига киритди.
Эй воҳ! Сенга шунчалар ошиқ банданг жонини олишга бунча шошмасанг?!
Мен аранг ўзимга келдим. Лекин нима қилишни билмасдим. Воқеа содир бўлганди. Оллоҳнинг измига бўйсунмасликнинг иложи йўқ. Нурилло қори ака вафот этганларини тан олмоқ лозим.
Мино майдонига етиб келганимда зиёратчилар бирин-кетин шайтонга тош отиб қайтаётган эдилар. Тўғри Шамсудиддинхон ака олдиларига кирдим.
Шамсуддинхон Бобохонов ўша пайтда Ўзбекистоннинг Саудия подшоҳлигидаги элчиси эдилар. Ҳаж мавсуми арафасида пойтахт Риёддан Маккага, биз турган меҳмонхонага келиб ўзларига ажратилган хосхонага жойлашгандилар. Арофат тоғи, Мино майдонида ҳам Саудия подшоҳлиги уларга “софед” – элчи дея алоҳида чодир тиккан эди. Қимматбаҳо гиламлар тўшалган, зарланган диван ва креслолар қўйилган бўлсада, лўла болишга ёнбошлаб қўлларидаги тасбеҳни саловатга мос чиқиллатиб ётарди элчи.
– Э келсинлар, ҳожи, бормисиз, – дея самимият билан қаршилади мени Шамсиддинхон ака.
Ўша воқеадан 25 йиллар чамаси аввал биз Москвада танишган эдик, элчи билан. Шамсуддинхон ака собиқ иттифоқ Фанлар Академиясининг Шарқшунослик институтида ишлардилар. Шу-шу устоз билан гоҳ Москва, гоҳ Ўзбекистонга келганларида, кейинчалик мамлакат муфтиси бўлганларида ҳам учрашиб, суҳбатларидан баҳраманд бўлиб турар эдим. Шунинг учун ҳам эски қадрдонлардек, расмиятчилик ва илтифотсиз қаршилагандилар мени.
Мен дастлаб Нуриллоқори аканинг динга хизматлари, уларнинг собит эътиқодлари ҳақида билганимни айтдим. Сўнг қазо воқеасини сўзладим. Ва хулосага илтимос қилдим.
– Шундай одам жанозаси ҳарами шариф – Каъбада ўқилиши ва “Жаннатул Муаллақ” қабристонига дафн этилишга муносиб, эмасми?
– Нималар деяпсиз, хаёлингиз ўзингиздами, ҳожим, – деди Шамсиддинхон ака капалаги учиб. – Каъбада жаноза ўқишга рухсат мутлоқ подшоҳлик рухсати билан бўлади. Сиз орзулаган қабристонга ҳам подшоҳлик қарори билан динимизга улкан ҳисса қўшган буюк уламолар дафн этилади.
– Мен билган Нурилло қори ака сиз айтаётган уламолардан, ўзбек уламоларидан бири. Илтимос, устоз, Макка амири сизни қанчалар ҳурмат қилишини биламан. Ахир у қирол оиласидан, унинг ишонган таянчи. Илтимос, амирдан бир сўраб кўринг.
Мен қанчалар қайсар эканимни элчи биларди. Ҳарчанд эътироз билдирмасин, айтганимдан қайтмасдим.
– Бир қўнғироқ, бир оғиз сўз устоз!
Ниҳоят Шамсиддинхон ака телефон гўшагини олди. У томондан араб тилида кимдир нимадир деди. Элчи амирни сўради шекилли, бир оз сукутдан сўнг ким биландир уч-тўрт дақиқа гаплашди. Мен гарчи бирон сўзни тушунмасамда, оҳанг ва элчининг юз, кўз ифодасидан ҳис қилдимки, у илтижо қиларди.
Ниҳоят гўшакни қўяр экан, – Амир банд экан, ёрдамчисига вазиятни тушунтирдим, – деди менга тикилиб. Сўнг қўшиб қўйди: – Илтимос ҳам қилдим. Ҳозир жавобини айтишади.
Биз телефонга термулганча ўтирардик. Орада араб хизматчи қаҳва тайёрлаб олиб кирди. Олдимизга ширинликлар ҳам қўйди. Шу лаҳза унинг илтифоти кўнгилга сиғмасди. Қанча вақт кутдик, аниқ билмайман. Тўсатдан телефон жиринглади.
Шамсуддинхон ака шошиб гўшакни кўтарди.
– Машаллоҳ, машаллоҳ, – деди. Бирдан чеҳралари очилиб кетди. Нималардир дедилар яна. Менинг жавобга интиқ юзимга қараб бошларини сарак-сарак қилиб қўярдилар. Наҳотки, бу ризо аломати бўлса!
Устоз суҳбат якунлангач ёш боладек қувонч ва ҳайрат билан дедилар:
– Амир рози бўлибди ва бу ҳақда кўрсатма ҳам берибди. Оллоҳга шукр, Оллоҳга шукр! Бу Ўзбекистонимизга бўлган илтифот, улуғ аждодларимиз, олиму уламоларимиз ҳурмат ва ҳаққидан берилган қарор! Бу Ҳарами шариф – Каъбага муҳаббат мўъжизаси!
Шамсиддинхон ака мени қучиб шу сўзларни такрорлардилар.
Мен шошганимча андижонлик зиёратчилар ёнига югурдим. Жалақудуқ имоми Икромхон қорига воқеани айтдим. У уввос солиб “вой отам-а”лаб йиғи солди. Дарҳол қолган имомлар етиб келдилар. Нурилло қори ака вафотини чуқур қайғу билан қабул қилдилар. Қози домла Андижон аҳли қалбидан чуқур жой олган экан. Шогирдлар, ҳожи акалар бирдек йиғларди.
Икромхон қорига тасалли берган бўлдим. Энди марҳумни ювиш, жаноза учун Каъбага олиб бориш ва қабристон тадоригини кўриш лозимлигини айтдим.
Биз иккимиз марҳумни махсус машинада (уни касалхона берди) ювиш марказига олиб бордик. Кўз ўнгимизда ғассол ювиб тараб кўк матога ўради. Мушки анбарлар сепди.
Мен касалхонага кетишда имомларга барча андижонликларни Ҳарами Шарифнинг Ас-салом дарвозаси қаршисига аср намози арафасида йиғилиб боришни, кимдаки дўпписи бўлса кийиб олишини тайинлаган эдим. Ҳожи акалар Маккага келиб тавоф қилганлар ва эҳромдан чиқиб, айтганимдек дўппи кийиб тўпланиб турган эканлар. Биз машинани шу ерга тўхтатдик. Имомлар “вой отам”лаб олдда йиғи солиб бордилар. Чамаси 400-500 нафар ўзбекистонлик (асосан андижонлик) ҳожилар бошда дўппи, елкадаги майитни қўлма-қўл қилиб Ҳарамга олиб кирдилар.
Судайснинг қалбларни эритиб юборувчи қутлуғ нафаси билан намоз адо этилди. Кичик бир сукутдан сўнг жаноза намозига қулоқ қоқиб қўлларни белга боғладик. Жанозадан сўнг майит дунё ҳожилари ўртасида қўлма-қўл бўлиб кетди.
Қабристон Ҳарамдан 2-3 чақирим нарида эди. Ташқарига чиқдик. Кўчалар тирбанд. Одамдан машина кўпдек, гўё. Аммо полициячилар ҳаракатни чеклаб бизга йўл очиб берарди. Такрорланмас манзара: майитга ҳамма, у қайси миллат, қайси тилли, қайси мамлакатдан бўлмасин, қўлим тегиб қолсин дея интилар эди. Чунки Ҳаж мавсумида ўнлаб, балки юзлаб ҳожилар вафот этар, аммо Ҳарамда жанозаси ўқилиши камёб ҳодиса. Демак, бу одам Оллоҳнинг энг яқин дўстларидан, дея интилар эканлар… Майит ортида бошида дўппи – юзлаб мусибатдошлар зикр айтиб борарди.
Катта йўлда ҳамма бизга йўл очди. Машиналар четга чиқиб тўхтаб турарди. Ниҳоят бир пайтлар пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллоллоҳу алайҳу вассалам жинларга қуръон ўқиб берган, кейинчалик шу ерда қурилган жин масжидга туташ “Жаннат ал-муаллақ” қабристонига етиб келдик.
“Жаннат ал-муаллақ” Саудиянинг энг қадимий қабристонларидан биридир. Бу ерга пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо (с.а.в)нинг хотинлари Хатича онамиз, ота-боболари ҳамда тоғалари Абу Толиб ибн Абдулмуталиб дафн этилган. Ўн беш асрдан буён бу қабристон Саудия қироллари томонидан сақлаб келинмоқда. Айтишларича, бу ерга минглаб саҳобалар ҳам қўйилган. Яратганнинг инояти билан улуғ мақомга эга қабристонга, улуғлар қаторидан устоз Нурилло қорига ҳам шу жой насиб этди. Ота-оналарининг асли насаби қўқонлик бўлган Абу Салмон ал Хўқандий деган биродаримиз жаноза ва дафн маросимида иштирок этди. Лаҳадга тушиб олиб ўзбекистонликларга илтижо қилди:
–Эй, биродарлар! Марҳум ҳожи акани жойларига қўйишдек савобни менга ҳадя этинглар!
Кўп тортишувлардан сўнг изн берилди ва Абу Салмон бу ишни бажарди.
Биз ҳали Маккада эканмиз, ҳар куни “Жаннат ул Муаллақ”қа келиб дуои фотиҳа ўқиб турдик.
Ниҳоят ҳаж амалларининг фарз ва суннатини тўлиқ адо этдик. Саудия Қироли телевидение орқали зиёратчиларни ҳажжи акбарлик мақоми билан муборакбод этди. Гап шунда эдики, Арофат тоғида жума куни ибодатда бўлгандик. Исломий ҳукмга кўра, қачонки Арофатда турмоқлик жума кунига тўғри келса ҳаж-ҳажжи акбар бўлғусидир. Яъни шу йилги ҳаж-етти бор ҳаж қилганликка тенг мақом беради.
Ўзбекистонга қайтгач, самолётдан тушиб хайрлашаётган чоғи андижонлик имом ва ҳожилар мени ўртага олдилар.
– Биз ёшлигимиздан устоз ёнларида юриб фарзандлари қатори сабоқ олдик. Охирги дақиқаларида устозга хизмат қилиш бизнинг ҳаққимиз эди. Лекин бундай шараф сизга буюрган экан, – деди Икромхон қори йиғидан ўзини тўхтатолмай. – Сиз фарзандлик вазифасини адо этдингиз. Оллоҳ рози бўлсин, сиздан.
Бу воқеалар 1999 йилда, Маккада содир бўлди ва у ҳамон минглаб ҳожи акалар ёдида қолган деб умид қиламан. Рамазоннинг шундай қутлуғ кунларидаги тилагим кўплар қатори дин, илм фидойиси – қози домла Нуриллоқори Баҳромовни ҳам эслаб дуо қилайлик. Зеро, руҳлари шод бўлсин, омин!
Муҳаммаджон ОБИДОВ,
1999 – 2021 йил, апрель.
Уз.А