Видео-эссе: Тасвир ортидаги ҳаёт
Муҳаммаджон Обидов. Бу ном мамлакат аҳлига таниш. Унинг долзарб мавзулардаги телерепортажлари мамлакат ва маҳаллий газеталарда чоп этилган ўткир муаммоли мақолалари, ёзган қатор китоблари ўз мухлисини топган.
У Марғилон шаҳрида 1951 йилда оддий хизматчи оиласида дунёга келди. 14-ўрта мактабда ўқиётган ўқувчилик чоғидаёқ, мактаб радиосини ташкил этди. Ўша пайтдаги болалар, ёшлар газеталарида кичик-кичик хабар, мақолалари чиқиб турди. 1968 йилда Тошкент Давлат Университети журналистика факультети талабаси бўлди.
Муҳаммаджон Обидов Ўзбекистон телевидениесининг “Ёшлик” студиясида ўтган асрнинг етмишинчи йиллари бошида “Студентлик олтин даврим”, “Зарбдор қурилишлар йўқламаси”, “Сенинг замондошинг” каби туркум кўрсатувлари билан иқтидорли тележурналист сифатида тилга тушди.
Кейинроқ “Ахборот” дирекциясига ишга ўтгач Обидовнинг чинакам журналистик истеъдоди юзага чиқди. 1989-1991 йиллардаги мамлакатнинг энг “қайноқ” жойларидан репортаж бериб туриш унга ишонилган эди. Тошлоқ, Қувасой, Қўқон, кейинроқ эса Намангандаги олатасирлар ичида юрди. Ўшанда террорист Тоҳир Йўлдош ва Жума Намангонийлар билан илк бор вилоятнинг ноқонуний эгаллаб олинган биносида юзма-юз келганди.
1992 йил, 2 апрель. Бу сана Муҳаммаджон Обидов ҳаётидаги унутилмас кунлардан бири. Мингбулоқда катта босимда нефть отилиб чиқди. “Ўзбекистон энди Қувайтга айланади”, дедилар мутахассислар. Бутун мамлакат ҳар куни Мингбулоқдан хабар кутар эди. “Ахборот” Муҳаммаджон Обидовнинг репортажи билан бошланадиган бўлди.
Ўзбекистон, Россия, Америка мутахассислари икки ой олишган нефть фаввораси 2 май куни ёниб кетди.
Муҳаммаджон Обидов ўзининг ҳозиржавоб, холис, таҳлилий телерепортажлари билан ишонч қозонганди. Шунинг учун ҳам у ҳамиша энг “оғир”, оғриқли жойларга юборилар эди. Андижондан Қорақалпоғистонгача у бўлмаган шаҳар, туман қолмади. Қайси мавзу бўлмасин холислик асосий меъзон эди.
Муҳаммаджон Обидов Ўзбекистон телевидениесида журналист суриштируви жанрини юқори поғонага олиб чиқди. Унинг “Ўзбекистон” навли истеъмолга деярли яроқсиз ун, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводидаги хом ашё етишмаслиги оқибатлари. “Кварц”нинг ўғриланган айланма маблағи, “Тошкент вино”да лўлилардан олинган шиша идишлар қайта ишлатилиши, Фарғона ёғ-мой корхонасидаги ўғирликлар каби кўплаб мавзулардаги суриштирувлари ҳар гал жиноятчилар тўдаларини фош этарди. Бу репортажлар мамлакат ҳукумати, ҳатто олий раҳбариятида муҳокама қилиниб чора кўрилар эди.
Бу репортажни эфирга узатилишига ҳатто юқори даражадаги куч ишлатар тизим вакиллари ҳам қаттиқ қаршилик қилганлар. Аммо Обидов ва телерадиокомпаниянинг ўша даврдаги раҳбари Абдусаид Кўчимовнинг қатъийлиги туфайлигина у намойиш этилди. “Ахборот” эфиридан сўнг ёғ-мой заводлари тизимидаги бир неча мансабдорларга нисбатан жиноий иш қўзғатилиб, айбдорлар қамоққа олиндилар. Олдинда эса Обидов ва телевидение раҳбарларини интиқом, ўч кутарди. Шунда тўсатдан “Қишлоқ ҳаёти” газетасида Озод Шарафитдиновнинг “Масъулият. Таниқли журналист Муҳаммаджон Обидовга очиқ хат”и эълон қилинди. Унда адолатпарвар олим жумладан шундай ёзади:
“Ҳурматли, Муҳаммаджон Обидов! Мен умуман сизнинг чиқишингизни анчадан бери кузатаман. Сизнинг чиқишларингизда кўпинча теран фикр ва қизиқарли таҳлил бўлади. Бир қараганда, сиз гоҳ шелуха, гоҳ кунжара каби жуда оддий нарсалар ҳақида гапирдингиз, лекин, шу оддий нарсалар билан боғлиқ бўлган шунақа масалаларни кўтардингизки, улар бугунги иқтисодимиз ривожининг туб масалалари деса ҳам бўлаверади. Мени қувонтирган нарса нафақат сизнинг дидиллигингиз, балки, умуман бугунги матбуотда бундай тамойилнинг борган сари кенгайиб бораётганлигидир”.
Бугун сўз, матбуот эркин. Ўша йилларда эса ҳукумат давлат ҳокимияти билан даҳлдор танқидий бир оғиз ҳам сўз айтиш мушкул эди. айтган журналист эса “ҳар боб” билан уриларди. Тўғри сўз айтган Обидовнинг бошига не кунлар тушмади.
Қувада тўқимачилик комплекси яратамиз, замонавий технология олиб келамиз дея Туркиянинг аслида сохта “Язекс” фирмаси фарғонадан ўн минг тонна пахта толасини олиб кетди. Лекин, бир цент ҳам тўлмади.
“Язекс” ишончли ҳамкормиди?” сарлавҳали суриштирув эфирга берилгач, Обидовга ҳужум бошланди. Вилоят ҳокими топшириғи ва ташаббуси билан уни жазолаш мақсадида “Фарғона ҳақиқати” газетасида “Устомонлик қачонгача?” сарлавҳали фельетон эълон қилди. Унда Обидовга нисбатан нима айблар қўйилмаган дейсиз…
Таҳририят унинг раддиясини чоп этмагач Обидов судга мурожаат қилди. Фарғона шаҳар, вилоят, Олий суд даъвони қаноатлантирди ва дастлабки қарорни кучида қолдирди. Фельетондаги Обидовга қўйилган биронта ҳам айб исботини топмади, туҳмат бўлиб чиқди. Аммо вилоят ҳокими мен амалда турсам раддия берилмайди, дея суд қарорини инкор этди. Шунда Обидов энди прокуратурага унга туҳмат қилганлари юзасидан масалани қонуний кўриб чиқишни сўраб арз қилди. Фарғона вилояти прокуратураси вилоят ҳокими, унинг матбуот котиблари, газета бош муҳаррири ва мақолага мажбурлаб имзо қўйдирилган мухбирга нисбатан жиноий иш қўзғатди ва терговда туҳмат исботлангач судга юборди. Суд ҳукмида шундай дейилади.
Вилоят ҳокими Мирзажон Исломов жиноят содир этганини инкор этмай унга нисбатан Президент Фармони билан эълон қилинган амнистия актини қўллашни сўрайди. Қолганларга ҳам жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди 3 йилдан озодликдан маҳрум қилиб, амнистия асосида тайинланган жазони ўташдан озод этиш ҳақида ҳукм чиқарди.
Обидовни йўқотдик, деб тантана қилганларнинг қувончи узоқ чўзилмади. Давлат раҳбари ўша пайтдаги матбуот котибининг фикрини инобатга олиб мамлакат барча сут заводларидаги сариёғ миқдори ва сифатини аниқлашга топшириқ берди. Ўшанда Ўзбекистонда 1000 тонна сифатли сариёғ мавжудлиги, Фарғонадаги 50 тонна сариёғ эса оий навлиги, ҳеч қандай асоссиз равишда чет элдан валютага сариёғ олиб келингани аниқланди. Обидов вазифасига тикланди. аммо унинг ноҳақликдан чеккан азоблари, қалб изтиробининг хунини нима қоплай оларди?
Муҳаммаджон Обидов дунёнинг тўрт қитъасидаги қирққа яқин мамлакатда бўлди. Қайси давлатдан репортаж бермасин, давлатлараро муносабатлар, сиёсий мулоқотлар, халқлар ҳамкорлигини профессионал журналистика даражасида таҳлил қила оларди. Япония, Хитой, Италия, Франция, Германия, Россия, ўнлаб Шарқ мамлакатлари шулар жумласидандир. У Ўзбекистон телевидениесида халқаро тележурналистика пойдеворига муносиб ҳисса қўша олди.
Аллоҳ Муҳаммаджон Обидовни яна бир марҳамати билан неъматлантирди. Бугунгача у уч бор ҳаж сафарида бўлиб, тўрт марта қадр кечасини Маккада, Ҳарами Шарифда кутиб олди. У ҳар гал ибодат билан бирга Исломнинг муқаддас маконларидан репортажлар тайёрлаб узатарди. Ўзбекистон телевидениесида илк бор тайёрланган “Муқаддас ҳаж сафари” видеофильмининг муаллифи ҳам унинг ўзи.
Ўзбекистон журналистикаси тарихчиларининг таъкидлашича, Муҳаммаджон Обидов мамлакатда ҳарбий журналистика қалдирғочларидан бўлган.
1991 йилда Намангандан қочиб кетган Тоҳир Йўлдош ва Жума Намангоний жангарилари 1999 йилда Қирғизистоннинг Баткен вилоятига бостириб келдилар. Уларнинг мақсади Сўх орқали водийга кириш эди. Қирғизистон бирлашган ҳарбий кучлари уч ой деганда уларни Абрамов музликларигача сиқиб қувиб бордилар. Ўшанда Муҳаммаджон Обидов ҳар куни жанг майдонидан репортаж узатиб борди.
Орадан бир йил ўтиб жангарилар Сурхондарёнинг Сариосиё ва Узун тумани тоғларидан Ўзбекистонга ҳужум қилди. Бир ойлик жанглар давомида душман катта талафот кўрди ва тум тарақай қочди. Афсус, жанг талофатсиз бўлмади. Ватан ҳимоячиси бўлган норғул йигитларимизнинг бир нечаси шаҳид бўлдилар.
Мамлакат аҳлининг кўзи, қулоғи “Ахборот”да Обидовнинг жанг майдонларидан икки тилда узатаётган кундалик репортажларида эди.
Журналист учун энг катта мукофот эл юрт эътирофи. Муҳаммаджон Обидов мамлакат журнатлистикаси ривожига қўшаётган ҳиссаси давлатимиз тоомнидан юксак баҳоланиб унга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвони берилди. У Ўзбекистон Олий Мажлиси ва халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлигига сайланди, ҳамюртлари, шогирдлари қалбидан муносиб жой тополди.
Муҳаммаджон Обидов ўз вақтида давлат раҳбарининг мамлакат бўйлаб ва чет элларга cафари чоғида телемухбир сифатида ҳамроҳлик қилди.
Бундай сермаҳсул умр йўлини босиб ўтишнинг омилларидан бири – билим эди. у ёшлигидан китобга қизиқди. Университетда ҳам аъло баҳолар билан ўқиб қизил дипломга тугаллади. Кейин ҳаёт сабоқлари унга муаллимлик қилди.
Муҳаммаджон Обидов ўзбек журналистикаси тарихи, муаммолари ҳақида бир неча китоблар ёзди. “Журналист суриштируви: тажриба ва таҳлил”, “Мен кўрган дунё” китоблари эса журналист тайёрлайдиган Олий ўқув юртларида қўлланма сифатида фойдаланилмоқда.
У фақат телемухбиргина эмас, иқтидорли таҳлилчи-публицист эканини ҳам исбот қилди. Унинг Ўзбекистон ва дунё муносабатлари ҳақидаги қатор китоблари қўлма-қўл ўқилмоқда.
Обидов журналистикада орттирган тажрибалари ва илмий кузатишларини ҳар доим ёзиб бошқалар билан ўртоқлашар эди. шунинг учун ҳам унинг номи халқаро илмий-амалий конференцияларда тез-тез тилга олинадиган бўлди. Илмий мақолалари эса Москва, Санкт-Петербург университетларининг тўпламларида, Шанхай медиафоруми алманахида, Шандун университети журналида чоп этиб келиняпти.
2004 йилдан буён ҳозиргача Муҳаммаджон Обидов Ўзбекистон журналистлар ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлимини бошқариб келади. Бу йиллар давомида нодавлат нотижорат ташкилот жамиятнинг мустаҳкам иморатларидан бирига айланди. Журналистлар малакасини ошириш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хорижий мамлакатлар журналистик ташкилотлари билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш ва шу мамлакатлар ОАВларида юртимизда рўй бераётган илоҳотларни тарғиб этиш борасида салмоқли ишлар қилинди. Россия, Хитой, Корея Республикаси, Туркия, қўшни мамлакатлар ОАВлари ва журналистлар уюшмалари билан мустаҳкам алоқа ўрнатилди. Ўтган йиллар давомида Фарғонага бир неча мамлакат журналистлари ўзаро тажриба алмашгани келди ва аксинча 53 нафар фарғоналик журналист хорижий мамлакатларда ижодий сафарда бўлди.
Ҳар йили халқаро конференциялар, медиатурлар ташкил этилди, хорижий делегациялар қабул қилинди. Ҳатто Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Цзи Янь хоним уюшма вилоят бўлимида расман қабул қилинди.
Бу йил анъанавий “Чимён медиафоруми” тўққизинчи бор ўтказилди ва унда мамлакатнинг барча вилоятлари ҳамда АҚШ, Канада, Буюк Британия каби мамлакат журналистлари онлайн тарзида қатнашдилар.
Икки йил аввал эса Саудия Арабистони подшоҳлигининг Жидда шаҳрида араб давлатининг 16 та оммавий ахборот воситалари раҳбар ва вакиллари иштирокида мулоқот ўтказилиб, ўзаро тажриба алмашилди. Обидовнинг икки мамлакат ҳамкорлиги, Ўзбекистоннниг туризм салоҳияти ва маконлари ҳақидаги мақолалари Саудиянинг 1,5 миллион нусхада чиқадиган энг нуфузли “Ал-Ямама” журналида чоп этилди.
Мамлакатда очиқлик, сўз эркинлигини таъминлашда давлат идоралари таркибида ахборот хизматларининг ташкил этилиши катта аҳамиятга эгадир. 2019-2020 йилларда Муҳаммаджон Обидов Фарғона вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари сифатида фаолият кўрсатди ва янги тизимнинг қарор топишига жуда катта ҳисса қўшди. Ҳозиргача унинг баёнот, билдиришлари, шарҳ ва раддиялари, ташкил этган медиатур ва матбуот конференциялари тилдан тушмайди.
Баъзан, беихтиёр бир ҳақиқатни англашга ҳаракат қиласан киши. Яратган истеъдод борасида бир инсонга шунчалар сахийлик кўрсатадими? Обидов тақдир тақозоси билан сўнгги йилларда вилоят ҳокимлигининг “Фарғона ҳақиқати” – “Ферганская правда” газеталари бош муҳаррири.
Газета тубдан ўзгарди. Ҳар сонида албатта бир-иккита “мих” мақола чоп этилади. Ахборот узатиш услуби, шакли янгича тус олди. Ижодий жамоа бирлашиб катта кучга айланди.
Муҳаммаджон Обидов қачон, қаерда, қайси лавозимда ишламасин юрагининг тубида телевидение туради. У энг кичик имкониятдан ҳам фойдаланиб телекўрсатувлар тайёрлайди. Мана, икки йилдирки, “Фарғона пресс клуби”ни бошқаради.
Хитойдаги дунёнинг 170 давлатига кўрсатувларини тарқатадиган CCTV-4 журналистларини Фарғонага таклиф қилиб вилоятдаги ислоҳотлар, ҳунармандчилик, саёҳат манзиллари ҳақида 5 қисмли кўрсатувни биргаликда тайёрлади ва у бутун дунёга намойиш этилди. Аслида буни журналистдаги ватанпарварликнинг ёрқин намунаси, дейиш мумкин.
Ҳаётда ҳаммага бирдек ёқишнинг иложи йўқ. Обидовни ҳам ёқтирмайдиганлар борлиги табиий ҳол. Кимдир аламзада, кимдир ҳасад қилади, яна кимдир аслида уни яқиндан билмайди.
Обидов оддийликни ёқтиради. “Боғбон журналист” фермер хўжалигидаги юмушларга ҳам вақт топади. Боғбонлик, механизаторлик, мироблик унинг севимли машғулоти. Айниқса, оддий одамлардан сен кутмаган мулоҳазаларни тинглаш қанчалар гаштли…
Умр йўлдоши Фотимахон ая билан уч ўғил, бир қизни жамиятга муносиб фарзандлар қилиб тарбияладилар. Келин-куёв кўришди. Ўндан зиёд набиралар қуршовида бахтли ҳаёт кечиришмоқда.