Эътироф

27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни. Дунё тинч, устоз!

1987 йили “Коммуна” (ҳозирги “Фарғона ҳақиқати”) газетаси таҳририятига  сабоқдошим, таниқли тележурналист Дилором Раҳимова билан амалиёт ўташ учун келганимизда бош муҳаррир Дониёр Эргашев делегация билан Японияга кетган эканлар.

Бизни бош муҳаррир ўринбосари Аъзамжон Ортиқов кутиб олдилар. Самимий, мулоҳазали бу инсонни сўнгроқ заҳматкаш журналист, фидойи газетачи сифатида кашф этдим. Қачон хоналарига кирсам бошини қоғозлардан кўтармай, мухбирларнинг машинкада терилган мақолаларини таҳрир қилиб ўтирардилар. Таҳрири пишиқ, эга-кесимларни жой-жойида ишлатар, услубий ва ҳарфий хатоларни синчковлик билан тўғриларди. Сарлавҳа топишга ҳам уста эди. Хуллас, ўша йили Аъзамжон аканинг мактабида тобланиб, унинг тавсифномаси ва чоп этилган мақолаларимизни олиб, пойтахтга қайтганмиз.

Кейинги йили бош муҳаррирни таҳририят биносига кириш йўлагида учратдик. Устоз саломимизга алик олдиларда, индамай ичкарига кириб кетдилар. Биз ҳам уларнинг ортларидан эргашиб, қабулхонага кирдик. Ўша пайтларда ҳафтада бир марта газетада босилган мақолалар юзасидан  фикр алмашиш учун йиғилиш – “летучка” бўлиб ўтарди. Қабулхонада турсак, ўттизга яқин ижодий ходимлар бош муҳаррир хонасига кириб кетишди. Бир оз вақт ўтиб бошлиқ хонаси очилиб, кимдир бизни ичкарига чорлади. Бош муҳаррир бундан кейин “летучка” да амалиётчилар қатнашади, деб бизни чақиртирибди. Бу эътибор туфайли биз журналистлар сафига қўшилдик.

Ходимлар қаторидан жой олдик. Мажлис қизигандан-қизиди. Қизғин баҳс-мунозаралардан кейин Дониёр ака ҳар бир ходимдан бу ҳафта газетага қандай мақола ёзиб берасиз, деб сўраб чиққанлар. Бу сўров шу қадар жиддий тус олган эдики, мана ўттиз уч йилдирки, устознинг ўша талабчанлик принципини хотирамдан  ўчиролмайман. Энди билсам  сўзларни чертиб-чертиб гапирадиган устоз ижодий ходимларнинг имкониятини ҳам ана шундай “чертиб” синаб кўрарканлар.

Бошқа соҳаларни билмадим-у, қалам аҳли кўнгил одамлари бўлишади. Сўзи қиличдай ўткир ижодкор ҳам кўнгил қаршисида тиз чўкади. Газетачиликда аёлларга имконият яратишда Дониёр ака жуда бағрикенг  бўлганлар. Фарзандларимиз боғча ёшидан бошлаб мактабни битиргунгача таҳририят биносида улғайишди, десак муболаға бўлмайди. Навбатчи  бўлсак ёнимизда юрган, хонада газета тахламини ёстиқ қилиб ухлаб қолган болаларимизни устоз бирор марта малол олмаганлар. Гоҳида болалар ташвиши билан ўралашиб, иш-ижоддан узоқлашиб қолган пайтимизда устозга йўлиқиб қолсак, саломимизга алик олган кўйи бир жумлани гўзал истеҳзо билан такрорлардилар:

— Маъмурахон, дунё тинчми?

Орадан қанча сувлар оқди. “Коммуна” ўзининг шонли йўлини босиб ўтди. Саксонинчи йилларнинг охирида Фарғонанинг алп журналисти Воғиз Музаффаров, Аъзамжон Ортиқов, Маҳфуза Усмонова, Ҳафиза Саляҳова, Иброҳимжон Ашуров, Абдужалил Бобожонов, Содиқжон  Сайфуддинов, Муҳаббат Иброҳимова, Машрабжон Саримсоқов, Муқимжон Нурматовдан иборат ижодий жамоадан маънавий қарздор эканлигимни унутмаганим ҳолда, эзгу тилакларимни умрим борича изҳор этаман, ҳақларига дуолар қиламан.

Бугун Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, фарғоналик журналистлар устози Дониёр Эргашев истиқболига пешвоз чиқарканман, ҳар сафар шогирдларини кўрганларида дунё тинчми, деган саволларига ярашиқли жавоб айтгим келади:

— Дунё тинч, устоз! Шогирдлар камолини кўрганда чин  юракдан эътироф этадиган, уларнинг ютуқларидан қувонадиган, ижодларини мунтазам ўқиб, мухлисига айланган сиздек яхшилар борлиги учун тинч бу дунё! Дунё тинч-лигини шогирдларининг ихтиёрига топшириб қўйган инсоннинг умридай тинчдир бу олам!!!