Фарғонада адабиёт кунлари
Буюк адиб ва мутафаккирларимизнинг нодир мероси, ибратли ҳаёти ва ижтимоий фаолиятини ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва тарғиб этиш, ёшларимизни ўзликни англаш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, улар ўртасида китобхонлик маданиятини кенг оммалаштириш мақсадида ташкил этилаётган тадбирлар адабиётсевар халқимизнинг китобга бўлган муҳаббатини оширяпти, десак муболаға бўлмас.
Шу маънода анъанага айланиб бораётган ва жуда кўплаб ёшларни ўз атрофида жипслаштираётган адабиёт байрамлари эндиликда кенг маъно-мазмун кашф этаётгани қувонарлидир.
Шу кунларда вилоят ҳокимлигининг тегишли чора-тадбирлар режасига асосан Фарғона яна бир адабий анжуманга мезбонлик қилмоқда. Ушбу анжуманда адабиётимизнинг йирик намоёндалари Жаҳон отин Увайсий таваллудининг 240 йиллиги, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 83 йиллиги, таниқли ёзувчи ва публицист Анвар Муқимов таваллудининг 90 йиллиги кенг нишонланмоқда.
Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг бир гуруҳ ижодкорлари, илмий-адабий жамоатчилик вакиллари иштирок этишяпти. Ижодкорлар сафида Ўзбекистон халқ шоирлари Анвар Обиджон, Тўлан Низом, таниқли ижодкор ва журналистлар Салим Ашур, Сирожиддин Рауф, марҳум Эркин Воҳидов оила аъзоларининг борлиги диққатга сазовордир.
Бугун тадбир меҳмонлари Марғилон темирйўл вокзалида тантанали кутиб олиндилар. Ижодий ташриф Жаҳон отин Увайсий уй-музейидан бошланди. Шоира уй-музейида сўзга чиққан Ўзбекистон Халқ шоирлари Энахон Сиддиқова, Анвар Обиджон, Марғилон шаҳар ҳокими Мирзоҳид Убайдуллаевлар анъанага айланиб бораётган адабиёт кунларининг мазмун-моҳияти, ижод аҳлининг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганлигини эътироф этдилар.
Ижодкорлар боғида меҳмонлар Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов ҳайкали пойига гулчамбар қўйиб, эҳтиром кўрсатдилар. Шоир ҳаёти ва ижоди акс этган мемориал музейда ҳам бир қатор қимматли манбалардан бохабар бўлдилар.
Жаҳон отин Увайсий таваллудига бағишланган илмий-адабий конференцияда вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилафруз Қосимова сўзга чиқди.
Шоира ижодининг адабиётимизда тутган ўрни ҳақида сўз юритилди. Увайсийнинг бой адабий мероси ва унда акс этган эзгу фикрлар бугунги авлод вакиллари учун сабоқ бўлиб хизмат қилаётгани мутахассислар томонидан эътироф этилди.
Адабиёт байрами муносабати билан кўҳна ва навқирон Марғилон шаҳри, Фарғона шаҳри ҳамда Бағдод туманида таваллуди нишонланаётган ижодкорларнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган бир қатор тантаналар, илмий анжуманлар, давра суҳбатлари ва ижодий учрашувлар, фото ва китоб кўргазмалари бўлиб ўтади.
Тадбирлар ҳақида батафсил хабарлар бериб борилади.
Фарғона вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати.