Тадбирлар

Адабиёт байрами Бағдодда давом этди

Таниқли ёзувчи ва публицист Анвар Муқимов таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан бугун Бағдод туманидаги 16-болалар мусиқа ва санъат мактабида бир гуруҳ устоз ёзувчи-шоирлар иштирокида адабиёт байрами ташкилланди.

Буюк адиб ва мутафаккирларимизнинг нодир мероси, ибратли ҳаёти ва ижтимоий фаолиятини ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва тарғиб этиш, ёшларимизни ўзликни англаш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, улар ўртасида китобхонлик маданиятини кенг оммалаштириш мақсадида ташкил этилаётган бу каби тадбирлар адабиётсевар халқимизнинг китобга бўлган муҳаббатини янада оширяпти, десак муболаға бўлмас.

Шу маънода, анъанага айланиб бораётган ва жуда кўплаб ёшларни ўз атрофида жипслаштираётган адабиёт байрамлари эндиликда кенг маъно-мазмун кашф этаётгани қувонарлидир.

Фарғона вилояти ҳокимлигининг тегишли чора-тадбирлар режасига асосан, ўзбек миллий адабиётининг йирик намоёндалари – Жаҳон отин Увайсий таваллудининг 240 йиллиги, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 83 йиллиги, таниқли ёзувчи ва публицист Анвар Муқимов таваллудининг 90 йиллиги кенг нишонланмоқда.

Тадбир аввалида Бағдод тумани ҳокими Алибек Турсунов сўз олиб, иштирокчиларни ташриф билан самимий қутлади.

— Гўзал Фарғонамизда улуғ устозлар назарига тушган, улар ишончини оқлаган, ўзбек ва жаҳон адабиёти ривожига муносиб ҳисса қўшган, ўзига хос овози ва услубига эга бўлган хассос ёзувчи-шоирлар, ўткир қалам соҳиблари етишиб чиққан, — деди туман ҳокими ўз сўзида. – Ўзбекистон халқ шоирлари – Эркин Воҳидов, Анвар Обиджон, Иқбол Мирзо, Энахон Сиддиқова ва яна бошқа кўплаб устоз ижодкорлар билан биз – фарғоналиклар ҳақли равишда фахрланамиз. Улар қаламига мансуб асарлар бугун ҳар бир ўзбек хонадонида мавжуд ва бу асарларни ҳар сафар қўлга олганда, оташин сатрларни ўқиганда юрагимиз фахр-ифтихорга тўлади.

Айни кунларда таваллудининг 90 йиллиги кенг нишонланаётган ҳажвчи ёзувчи Анвар Муқимов ҳам ўз сўзини баралла айта олган ижодкор, энг долзарб мавзуларда қалам тебратган публицист сифатида ўзбек миллий адабиётида муносиб ўрин олди. Айниқса, унинг “Пинҳона жанг қиссаси”, “Қўқон шамоли”, “Кичкина бола эмасман”, “Эринсангиз кулманг” каби кўплаб асарлари китобхонлар томонидан ҳали-ҳамон севиб ўқилмоқда.

Тадбирда сўз олганлар, Анвар Муқимовнинг ўзбек адабиётида тутган ўрни, асарларининг ижтимоий аҳамияти, шунингдек, муаллифнинг инсоний фазилатлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтдилар.

Анвар Муқимов ўзининг 64 йиллик умри давомида ўзбек ҳажвчилиги ривожига муносиб ҳисса қўша олди. “Қовун сайли”, “Бизнинг ташаббус”, “Ғалати одамлар”, “Хотинимдан ўргулай”, “Сиз бир ёндан, биз бир ёндан”, “Чуқур текшириш” каби ўнлаб асарлари орқали халқимизнинг ижтимоий ҳаётида рўй бериб турадиган айрим нуқсон ва камчиликларни сатирик услубда рўй-рост очиб берди.

Тадбирда, муаллиф қаламига мансуб “Хотинимдан қўрқмайман” номли ҳажвия Ҳамза номидаги мусиқий драма театри актёрлари томонидан саҳналаштирилиб, иштирокчилар эътиборига хавола қилинди. Шундан сўнг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошидаги “Ижод” фонди маблағлари ҳисобидан чоп этилган Анвар Муқимовнинг “Танланган асарлар”и тақдимоти ҳам ўтказилди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Муҳсин Мўминов, 26-умумий ўрта таълим мактаби фольклор жамоаси ҳамда 19-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиларининг чиқишлари тадбир қатнашчиларига байрамона кайфият улашди.

Фарғона вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати