Ҳолвани ким егану…
ёки “Shamaxmudova inklyziv taʼlim” инклюзив ресурс маркази ўтказмоқчи бўлган “семинар-тренинг” ҳақида
Шиддат билан ривожланиб бораётган замон журналистдан доимий ўқиб ўрганиш, касбий малакасини ошириб боришни талаб этади. Бу борада Фарғонада муайян ишлар қилинмоқда. Биргина 2018 йилда 5 марта журналистика муаммоларига бағишланган конференция ва семинар-тренинглар ўтказилди. Бундан ташқари мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган халқаро ташкилотлар, ННТ ва турли жамғармалар ҳам ўз лойиҳалари доирасида журналистлар учун семинар-тренинглар ташкил этмоқда. Уларни ўтказиш вақти, жойи, мавзуидан келиб чиқиб ихтисослашган иштирокчи журналистларни таъминлаш масалалари аввалдан келишиб олинади. Бу ишга вилоят ҳокимлиги ҳам, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими ҳам ҳамиша яқиндан ёрдам бериб келган.
Масалан, март ойининг 14-16 кунлари журналистларни қайта тайёрлаш маркази Фарғонада “Зиддиятли вазиятларда журналистика асослари ва принцплари” мавзуида жуда қизиқарли семинар-тренинг ташкил этди. Биз унга шу мавзуда қалам тебратаётган ҳамкасбларимиздан 15 нафари иштирокини таъминладик. Қолаверса ташкилотчилар розилиги билан ахборот хизмати вакилларидан яна 15 нафарини ҳам жалб этдик. Семинарда қатнашиб, мавзу юзасидан фикрларимизни билдирдик.
Афсуски, журналистларга ўқув уюштириш учун грант маблағларини олган айрим ташкилотлар зиммаларидаги вазифаларни бошқаларга юклашга ҳаракат қиладилар. Мана бир мисол.
Тошкентдаги “Shamaxmudova inklyziv taʼlim” инклюзив ресурс маркази АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси кичик грантига эга бўлган ва унга асосан Фарғона вилоятидаги ОАВлари ижодий ходимлари учун “Алоҳида эҳтиёжга эга болаларни масаласини ОАВларда ёритиш” (алоқа хати ва дастурдан айнан кўчирма) мавзуида семинар – тренинг ўтказиши лозим эди. Бу ҳақда негадир Фарғона вилоят ҳокимлигига хат ёзиб, семинарда “матбуот хизматчиларини(?) хабардорлигини ва медиа саводхонлигини (?) ошириш мақсадида амалий ёрдам кўрсатиш ва маслахатлар бериш кўзда тутилган”ини иддао қиладилар. Лекин “Shamaxmudova inklyziv taʼlim” инклюзив ресурс маркази ёзган хат уларнинг ўзи қанчалар “саводли” эканини кўрсатиб турарди. “Матбуот хизматчилари”нинг куни кимга қолибди, дея таажжубландик. Аммо бу ҳолва экан. Хатнинг давомида вилоят ҳокимиятига талаблар қўйилган: “Сиздан семинар-тренинг ўтказиш учун жой, техник воситалар (проектор, экран) билан таъминлаш… қатнашувчилар рўйхатини жорий йилнинг 5 март кунига қадар тақдим этишингизни”… Уни ўқиб ҳайрон қоласан киши. АҚШ элчихонасининг грант маблағини ким олган, Фарғона вилоят ҳокимлигими ёки “Shamaxmudova inklyziv taʼlim” инклюзив ресурс марказими?!
Бу ҳам майли, Фарғона вилоятида 11-12 март кунлари кенг кўлам ва йўналишларда уч мамлакат ёшларининг дўстлик фестивали ўтаётган эди. Вилоят ОАВлари мухбирлари фестивал дастури манзилларида, ташкилотчилар эса матбуот марказида бўлган. “Shamaxmudova inklyziv taʼlim” инклюзив ресурс маркази директори Дилдора Тўлаганова осмондан тараша тушгандек 12 март куни соат чамаси 15 ларда Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими раиси хонасига кириб келиб “Матбуот уйи” йиғилишлар залида семинар ўтказмоқчи эканингизни айтиб проектор ва экран талаб қилди. Биз бу гаплардан хабарсиз эдик. Табиийки, Сиз кимсиз, қайси мавзуда, нима мақсадда келганини сўрадик. Д.Тўлаганова эса ҳар сўзида ҳокимиятни рўкач қиларди.
Мен бу семинарда иштирок эта олмаслигимни ва уни фақат номигагина “ўтказилди” деган белги қўйиш учун бўлишига қаршилигимни айтдим.
Кейин билсам, “Shamaxmudova inklyziv taʼlim” инклюзив ресурс маркази талаби билан вилоят Матбуот бошқармаси ходимаси “Матбуот уйи”даги бор одамни залга чақириб берибди.
-Мен хонамда ишлаб ўтиргандим, тез йиғилиш хонасига тушинг, дейишди. Тушсам иккита аёл гап нимада эканини ҳам айтмай фамилияларимизни бир рўйхат варағига ёздиришди. 10-15 минут кутдим. Кейин ишим кўп эди, чиқиб кетдим, -дейди “Фарғона ниҳол” газетаси дизайнчиси Г.Абдураҳмонова.
-Мени ҳам чақиришди. Улар ким, нима мақсадда келишган, нима бўлади ўзи, билолмадим. Тезда рўйхатга фамилиямни ёздиришди. Бир оз кутиб ўтирдим. Кейин чиқиб кетдим,-дейди “Маънавият” газетаси мухбири М.Бойбобоева.
-Мени ҳам одам кўпайсинга залга чақиришди,-дейди Матбуот бошқармаси котибаси Д.Иминбоева.
-Мен иш излаяпман. “Кимёгар” газетасига олишмоқчи. Шу куни “Фарғона ҳақиқати” таҳририятига келгандим. Семинар бўлади, дейишди, кирдим. Аммо бир оз кутиб, бошқалар қатори чиқиб кетдим, -дейди Ф.Ўктамова.
-Мен “Фарғона ҳақиқати” газетасида компьютерчи бўлиб ишлайман. Мени ҳам залга чақиришганди,-дейди А.Ҳусанов.
Хуллас, шу куни 15 чоғли одамни залга йиғиб беришган экан. Уларни мен кўрмадим, гаплашмадим ҳам. Негадир “семинар” амалга ошмабди Д.Тўлаганова эса… ўз хатолари аламини Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлимидан олмоқчи бўлибди. Ўзбекистон Президенти халқ қабулхонаси ва Фарғона вилояти ҳокимиятига ёзган шикоятида гўё мени “…. бу залда семинар ўтказишга рухсат бермайман, деган сўзлар билан ҳаммани залдан чиқариб юборди. Матбуот ходимлари бундай вазиятдан ҳайрон бўлиб биз бу семинарда қатнашишни истаган эдик, долзарб мавзу бўйича экан, деб хафа бўлиб чиқиб кетишди.” деб ёзибди ва яна шундай талаб қўйибди “Натижада “Меркурий” номли тадбирларни ташкил этиш хизмати фирмасига олдиндан тўланган тушлик овқат пуллари бекор сарфланди. Натижада қонунчиликда кўзда тутилган тартибда хатларни ижроси таъминланмаганлиги, М.Обидовдек инсонларнинг “иззатталаблиги” касрига, семинар-тренинг ўтказилмади. Хатга жавоб беришингизни ва чора кўришингизни сўраймиз. Директор Д.Тўлаганова”. (хатлар илова қилинмоқда)
Бўлиб ўтган воқеа табиий саволлар келтириб чиқаради. Хўш, грант маблағлари ажратилишидан мақсад нима эди?
Ҳеч нарсадан хабарсиз бир неча мухбир, дизайнчи, компьютерчи, идора котибасини бир хонага йиғиб, уларни рўйхатга олиб, суратга тушириб бир кунлик дастурни соат 15 дан бошлаб номигагина ўтказиб грант берувчи олдида берилган пулларни гўё “ювиш” учунми?
Яна бир савол.
Эрталаб 9:00 дан 14:45 гача, яъни салкам олти соатли дастурни соат 15:00 да келиб қачонгача амалга оширар эдингиз? “Меркурий”га буюртма берилган “тушлик” ми ёки кечки овқатми?
Аслида матбуотдан мутлақо йироқ бўлган “Shamaxmudova inklyziv taʼlim” инклюзив ресурс маркази ва унинг раҳбари Д.Тўлаганова “Матбуот хизматчиларининг саводхонлигини ошириш”и мумкинмикан?
Умуман ҳолвани еган сизу, …
Муҳаммаджон Обидов,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими раиси