Янгиликлар

Водил: Ҳоким қабулида таклифлар ҳам киритилди

Водилдаги кекса чинорлар ором берувчи боғга бир неча юз ҳамюртларимиз йиғилди. Сабаби Фарғона туманида вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг фуқаролар учун навбатдаги сайёр қабули эди. Бу ерга тўртта сектор раҳбарлари, вилоятнинг барча тармоқ мутасаддилари келишган. Мурожаат ҳам ошкора, ечимидан ҳам барча огоҳ бўляпти.

-Саксон уч ёшга кирдим. Кампирим бир жойда бўлиб қолди. Уч ўғил кўргандик. Оллоҳ пешонамизга ёзмаган экан. Умр бўйи аввал колхозда, кейин ширкатда ишладик. Эр-хотин бир бўлиб 843 минг сўм нафақа оламиз…

Фозилжон ота Ҳалилов шу гапларни айтган заҳотиёқ турмуш ўртоғи бемор Турсуной опа учун аравача берилди. Пенсия жамғармаси мутахассислари отахоннинг уйига юборилди. Ҳужжатларни яна бир бор ўрганиб чиқиш учун. Туман ҳокими эса оилани ўз оталиғига олганини айтди.

Кўзлари жиққа ёш Фозилжон ота қўлларини дуога очди.

Шу куни ўнлаб одамлар мамлакат раҳбарининг доим таъкидлаб келаётган, кечагина Бухорода ҳам айтган ҳар бир инсон, ҳар бир хонадондаги муаммо ечим топиши керак деган сўзларига миннатдорчилик билдирди.

Қабул жараёни ҳали, халқнинг дарди, ташвишга солаётган масалалар талай эканини кўрсатди.

Эъзозахон Махкамова Шоҳимардоннинг Ёрдон маҳалласида бир ўғлини тарбиялаб келяпти. Ўзи сихатгоҳда фаррош. Бева қолган. 1 хона уларга ҳам ётоқ, ҳам меҳмонхона, ҳам ошхона. На поли бор, на шифти тўсилган … Қўли калталик қурсин!

Гулшан қишлоғида 90-йиллари 80 та хонадонга ер бериб уй-жой қурилган. Бу ерда ичимлик суви йўқ. Қўлбола симёғочлар аранг турибди.

Деҳқонов Шермуҳаммад меҳрибонлик уйида тарбияланган. Коллежни тугатгач унга 2 хонали уй берилди. Аммо мутахассислиги бўйича ярим иш ўрни топган холос. Кучим, билимим бор, менга иш беринг деди.

Хуллас бу каби мурожаатлар шу захотиёқ тегишли идораларга топширилиб хал қилинарди.

-Мен муқобил электр энергияси ишлаб чиқаришда инновацион таклифлар киритмоқчиман. Ихтироим билан танишгансиз. –Абдупатто Мамажонов сув, шамол, қуёш энергиясини электр қувватига айлантиришнинг янада самарали усуллари ҳақида гапирар эди. Қабулда иштирок этаётган олимлар дархол Абдупатто ака чизмаларини ўрганишга киришдилар.

-Мен хусусий мактабгача таълим муассасаси қурмоқчиман. Жамғармадан дастлабки 2 миллиард сўм кредит ажратилди. Менга яна 3,7 миллиард керак. Банк гаров шартини бажара олмаяпман. Қўрилаётган бинони гаровга қўйсак… – Шаҳноза Мамадалиева муаммосини ҳуқуқшунос ва банк хизматчилари ўрганиб кўрадиган бўлди.

Қабул ғоят ишчан рухда, самарали ўтди. Яна бир жиҳати – қабулга келганларни дошқозонларда ош дамлаб бир пиёла чой ичириб кузатдилар.

-Отасига раҳмат, давлатимизни, -дейди Фозилжон ота. –Илгари кичик бир идора раҳбари олдига ҳам хафталаб кира олмасдик. Мана энди катта ҳокимларнинг ўзлари олдимизга келиб, нима муаммоинг бор, дейишади. Шу кунларга етказганига шукур.

Муҳаммаджон Обидов