Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими бошқарувининг 2014-2019 йилларда қилинган ишлари юзасидан умумий йиғилиш ҲИСОБОТИ
Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ Фарғона вилоятида оммавий ахборот воситалари янги босқичга кўтарилди. Энг аввало воқеликка ёндашувда сўз эркинлиги ҳар бир оммавий ахборот воситаси ўзининг мақсад ва маслагини қайта кўриб чиқишга мажбур қилди.
Энди матбуотда миллий ўзлик, маънавий қадриятлар, ватан ва халқ тарихи долзарб мавзуларга айланди. Ўзбекистонда матбуот цензураси бекор бўлди. Оммавий ахборот воситалари фаолиятига дахлдор бир неча қонунлар қабул қилинди. Улар асосида тармоқ, хусусий нашрлар, электрон оммавий ахборот воситалари ташкил этилди. Информация бозорида истеъмолчи учун кураш, рақобат юзага келди. Журналист ижодий изланиши, ўз ўқувчиси, томошабин ва эшитувчисини ўзи топиши лозим эди.
Вилоятда етмишга яқин босма нашр, бешта телевидение, иккита радио фаолият кўрсатяпти. Уларда уч юздан ортиқ ижодий ходимлар меҳнат қилмоқда. Ижодий уюшма вилоят бўлими ўтган беш йил давомида асосий эътиборни низомий мақсадларга, яъни журналистларнинг жамиятдаги тутган ўрни ва мавқеини кўтариш, мулкчилик шаклидан қатъий назар турли газета-журналлар, теле ва радиоканалларда, нашриёт ва ахборот агентликларида ишлаётган, шунингдек, эркин ижодкорларнинг ижтимоий-иқтисодий, ижодий ҳамда муаллифлик ҳуқуқларини, шаъни ва қадр-қимматини, давлат ва жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситаларининг муассислари ва ноширлари олдидаги ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга кўмаклашишга қаратди.
Жамият ҳаётида демократия ва ошкоралик тамойилларини қарор топтириш, фикрлар хилма-хиллиги, турли қараш ва ёндашувларга кенг йўл очиш муҳим вазифалардан биридир. Биз уюшма фаолиятида оммавий ахборот воситалари, журналистика ва ноширлик соҳасига оид қонунлар ижросини таъминлашда фаол қатнашишга матбуот демократлашувининг омили сифатида муносиб ўрнини топишига ёндошдик. Шу мақсадда бир неча бор Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Олий мажлиси Сенати аъзолари, мамлакатдаги етакчи оммавий ахборот воситаларининг раҳбарлари иштирокида амалий семинарлар, Конференция ва очиқ мулоқотлар ўтказилди. Цензуранинг бекор қилиниши ва ички цензурани енгиш билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Баҳс-мунозараларда ҳар бир журналист ўз фикрини айтиш имконияти яратилди. Айниқса, журналистик фаолият билан боғлиқ Ўзбекистон Республикаси Қонунларининг лойиҳаси қуйида экспертизадан ўтказилиши ва унда фарғоналик журналистлар иштирок этиши парламентчилик институтида ҳам янги воқелик эди.
Журналистларни ижтимоий жиҳатдан муҳофаза қилиш, рағбатлантириш, уларнинг меҳнат, турмуш ва дам олиш шароитларини яхшилашга ёрдам бериш ижодий уюшманинг вилоят бўлими учун ҳамиша устувор йўналишлардан бири бўлиб келди. Ҳар йили Мустақиллик, Наврўз байрамлари, Хотира ва Қадрлаш куни арафасида вилоят ОАВларида узоқ йиллар ишлаб, ҳозир қарилик таътилида бўлган устозлар, бемор, кам таъминланган ҳамкасбларимизни хабар олиш, улар кўнглини кўтариш тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Самимий истакларимиз ёзилган дил сўзлари ва гулдастамиз ёнига қопда ун, гўшт, ёғ ва яна топган-тутганимизни қўлтиқлаб жамоа бўлиб хонадонларига кириб борганимизда қувончдан чеҳраси очилиб, руҳлари ва қаддилари тетиклашиб, юзларини қадр ёшлари ювганини неча бор кўрдик… ва ҳа гал бу каби савоб ишни ҳеч қачон тўхтатмасликни дилимизга туйдик.
Шунингдек, ижодий уюшма вилоят бўлими ишлаб турган журналистлар соғлиғини мустаҳкамлаш уларни ижодий руҳлантириш омили деб қараб келади. Шу мақсадда “Чимён” санаторийсида биргина 2015-2016-2017-2018 йилларнинг ўзида 239 нафар журналист ҳам соғлиғини тиклади, ҳам малака ошириш ўқувларида иштирок этди.
Оммавий ахборот воситалари ижодий ходимлари касб маҳоратини ошириш, уларнинг ижодий ва амалий тажриба алмашишларига кўмаклашишга уюшма вилоят бўлими энг долзарб масалалардан бири деб ҳисоблаган. Ҳаёт шуни кўрсатдики, ўша 2004 йил апрел ойида бўлиб ўтган ижодий уюшма вилоят бўлимининг таъсис йиғилишида ҳатто бир вилоятда фаолият кўрсатаётган кўплаб газета муҳаррирлари бир-бирларини билмас, танимас эдилар. Кейинчалик билдикки, бошқа вилоятларда ҳам аҳвол шундай экан. Аввало ижодий ҳамкорлик керак эди. ОАВлари ўз муаммолари қобиғида ёлғиз қолишлари мумкин эмасди. Шунинг учун турли баҳоналар билан вилоят миқёсида кўчма конференция, семинарлар ташкил этдик, таҳририятлар, босмахоналар иши билан танишдик. Бу каби анжуманлар ҳамкасблар тажрибасини оммалаштириш, камчиликларни пайқаб олиш ва бартараф этиш, ўзаро дўстона муносабатларнинг шаклланиши ҳамда мустаҳкамланишига олиб келди. Ҳудди шундай усулни иккинчи босқичда республика вилоятларидаги ҳамкасбларимиз билан тажриба алмашишни ташкил этганимизда қўлладик. Хисобод йилларида Қорақалпоғистон, Хоразм, Самарқанд, Навоий, Сурхондарё вилоятлари журналистларини Фарғонага таклиф этдик. Уларни ҳокимлик, тармоқ ва хусусий газеталар таҳририятларига, босмахоналарга, давлат ва нодавлат телевидениеларга олиб бордик. Ҳар жабҳада фикр алмашув, мунозаралар бўлди. Сўнг вилоятда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, илғор меҳнат жамоалари билан таништирдик.
Шу куни бош газеталар, масалан, “Фарғона ҳақиқати”—“Сурхон тонги” ва “Ферганская правда”—“Заря Сурхона”ларнинг қўшма сонларини чиқардик. Уларда ҳар икки вилоят ҳаётини тўлақонли акс эттиришга ҳаракат қилдик. Вилоятдаги телевидение ва радиоканаллар орқали ҳамкасбларимиз тайёрлаб келган қўшни вилоятнинг ютуқ ва муваффақиятлари, фидойи инсонлари, мафтункор гўшалари ҳақидаги икки соатли кўрсатув ҳамда радиоэшиттириш эфирга узатилди. Журналистларнинг ижодий учрашувлари энди икки вилоят аҳлини бир-бирига яқинлаштирувчи кенг доирадаги тадбирга айланганди.
Шундай анжуманлар туфайли биз ва ҳамкор вилоят журналистлари “Ким нима билан қандай нафас олаётгани”ни биладиган, камчиликларини бартараф этиб, илғор тажрибаларни ўзида қўллайдиган бўлганди.
Биз билдикки, матбуотимизнинг ютуқ ва муаммолари ҳамма ерда ҳам деярли бир-бирига яқин экан. Энди биз ўзимизга ташқаридан ҳам қарай оладиган, камчиликларимизга ўзимиз баҳо берадиган бўлдик. Тажриба алмашишдан кутилган энг катта натижа ҳам аслида шу эди.
Дарвоқе, уюшма вилоят бўлимининг саъй-ҳаракатлари ва ташаббуси билан агар 2017 йилда 5 та таҳририятга хизмат автомашинаси сотиб олинди
Касб-кор малака оширишнинг учинчи босқичида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими хорижий ҳамкасблар билан ҳамкорликни йўлга қўйди. Ўтган даврда Россия Федерацияси Санкт-Петербург журналистлари уюшмаси, Жанубий Корея Республикасидаги ОАВлардаги ҳамкасблар билан учрашиб ўзаро тажриба алмашилди. Хисобот даврида эса Хитой Халқ Республикаси ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги журналистлари билан мулоқотлар бўлди.
Ҳеч кимга сир эмаски, вилоятларда журналист мутахассислар “корпуси”нинг ўртача ёши улғайиб бормоқда. Журналистика ўқув юртларини битирган ёшларнинг жуда катта қисми пойтахтда қолиб кетяпти. Таҳририятларда ёш журналистларга бўлган талаб бугунга келиб юқори чўққига чиққан. Айрим таҳририятларда бор-йўғи 2-3 та кекса журналистлар газета чиқармоқда. Бундай шароитда журналистикага хайриҳоҳ бошқа соҳа ёшларини жалб этиш, улар малакасини ошириш муҳим эди. Шу мақсадда икки бор ёшларни Тошкентга юбориб, республиканинг етакчи босма ОАВларида бир ҳафталик ижодий-амалий ўқувини ташкил этдик. “Халқ сўзи”, “Ўзбекистон овози”, “Жамият”, “Ҳуррият”, “Моҳият”, “XXI аср” каби таҳририятларда журналистика сабоғини олган ёшлар бугун вилоятимиздаги турли нашрларда муваффақият билан ижод қилмоқдалар.
Умуман, давр билан ҳамнафаслик журналистлардан ҳар доим ўз устида тинимсиз ишлаш, изланишни талаб этади. Шунинг учун вилоятда чоп этилаётган газета муҳаррирлари ҳам Тошкент шаҳрида малака оширишда бўлдилар. Улар республика нашрларида, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Сенатнинг тегишли қўмиталарида, журналистика олий ўқув юртларида бўлиб соҳага оид билим ва маълумот билан танишдилар.
Журналист ҳаёт билан баробар эмас, балки бир қадам олдида юриши лозим. Бу бизнинг фикримиз эмас. Илк бор бир неча аср илгари босма нашрлар пайдо бўлибдики, унинг хабар тарқатувчи (мухбир)ларига шундай талаб қўйилган. Аслида орадан неча юз йиллар ўтмасин, журналистга бўлган энг биринчи талаб ҳозир ҳам шу. Ижодий уюшманинг вилоят бўлими журналистларга иқтисодий, ижтимоий, сиёсий аҳвол ҳақида етарлича таҳлилий маълумот бериб туришга ҳаракат қилмоқда. Бунинг учун долзарб мавзуларда конференциялар, симпозиум, семинарлар, давра суҳбатлари уюштирилмоқда.
Ўзбек журналистикасида ўзига хос ижод мактабини яратган ижодкорлар, етук матбуот ходимлари борки, уларнинг тажрибаси ҳар доим ёшларга қўл келади. Вилоятда журналистлар касб-маҳоратини оширишда уларнинг ижод лабораториялари билан таништириш, жонли мулоқотлар уюштириш усули ҳам назаримиздан четда қогани йўқ. Катта олим, таржимон, танқидчи, публицист Иброҳим Ғофуров, Хуршид Дўстмуҳаммедов, Саъдулла Ҳакимовларнинг журналистик тажрибаси билан яқиндан танишиш мақсадида вилоятга таклиф қилиб ундан юзма-юз сабоқ олинди. Муҳаррирликнинг ўзига хос нозик томонлари, таҳрир сирлари, муаллиф билан ишлаш, ўз устида изланиш каби мавзулардаги семинарлар унинг иштирокчилари учун фойдали бўлди. Ҳудди шу каби ижодий учрашувлар тажрибали давлат арбоблари ва олимлар Шерзод Қудратхўжаев, Беруний Олимов, фан доктори, профессор Ҳуршид Дўстмуҳаммедов, “Жамият”, “XXI аср”, “Қишлоқ ҳаёти” газеталари бош муҳаррирлари Беҳзод Шукуров, Норқобил Жалил, Чори Латипов ва бошқалар билан ҳам ташкил этилди.
Чимён медиалагерида дастлаб вилоятимиз ОАВ вакилларига ўқув-семинар уюштирган бўлсак, кейинчалик унга Андижон, Наманган, яна кейинроқ 4 та ва ўтган 2018 йили 8 та вилоят журналислари ҳам қўшилдилар. Ўтган йили медиалагерда “Озодлик”, “Америка овози” радиолари, БиБиСи, Туркиянинг Анадоле ахборот агетлиги мухбирлари ҳамда “Дунё ўзбеклари” интернет сайти раҳбари иштирок этгани унинг аҳамиятини, нуфузини янада юқорига кўтарди. Бу ўқув семинар якунига кўра “Ҳаракатлар стратегияси: ислоҳотлар жараёни ва оммавий ахборот воситалари” тўплами ҳам чоп этиб барча ОАВларига бепул тарқатдик. Бу анжуман дунё матбуотида ҳам кенг ёритилди ва муҳокама қилинганидан ҳабарингиз бор.
Журналистларнинг юбилейларини, ижодий кечаларини ташкил этиш билан уюшманинг вилоят бўлими шуғулланиб келмоқда. Фотомухбир Муқимжон Қодировнинг вилоят ўлкашунослик музейида унинг фотоасарлари кўргазмасини ташкил этдик. Бир ой мобайнида вилоят аҳли ва меҳмонлари борлиқни фотоижодкор нигоҳида тасвирга туширилган унутилмас лаҳзалар билан танишдилар.
Ўзбекистон журналистлар ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими ўтган беш йил мобайнида муайян концепцияларни шакллантирди. Шулардан бири оммавий ахборот воситалари фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича таҳлил ва социологик тадқиқотлар ўтказиш, уларнинг натижаларига кўра, шунингдек, оммавий ахборот воситалари тизимини мутассил ривожлантиришга қаратилган таклифлар, тавсиялар ишлаб чиқиш ҳамда тегишли давлат ҳокимияти идораларига, нашрлар муассисларига киритишдир. Режа асосида ҳар ойда бир марта битта газета фаолияти, унинг таҳририяти ва муассис ўртасидаги шартнома ижроси, ОАВлари фаолиятига доир қонунлар ижросининг назорат-таҳлили ўтказиб келинмоқда.
Ўтказилган мониторинг-семинар натижасида таҳририятлар янги бинога кўчирилди ёки таъмирланди, таҳририятларга муассис томонидан компьютер, факс, рақамли фотоаппарат, принтер олиб берилди. Яна бир энг муҳим натижа шуки, бундай кўчма семинарларда вилоятдаги барча ОАВлари раҳбарлари иштирок этаётгани, ҳамкасбининг ютуқ ва камчиликларидан батафсил хабардор бўлаётгани, шу куниёқ ўзининг фаолиятига танқидий назар ташлаётгани ва ниҳоят буларнинг ҳаммасидан хулоса чиқараётганидир.
Журналистика ижоднинг бир тури сифатида чексизликка дахлдордир. Тинимсиз изланишгина мукаммалликка элтади. Мукаммалликка эришувнинг йўлларидан бири ихтисослашувдир. Шунинг учун ижодий уюшма вилоят бўлими қошида еттита тегишли йўналиш ва соҳалар бўйича мувофиқлаштирувчи кенгашлар тузилган. Булар “Ҳуқуқий мавзуда ёзадиган журналистлар кенгаши”, “Иқтисодий мавзуда ёзадиган журналистлар кенгаши”, “Аёл журналистлар клуби”, “Ёш журналистлар клуби”, “Репортерлик маҳорати мактаби”, “Давлат тизими ва сиёсий партиялар билан ишлаш клуби”, “Газета дизайнчилари кенгаши”дир.
Дунёда рўй бераётган глобаллашув ОАВларни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Бу соҳада илғор мамлакатлардаги матбуот ва журналистлар фаолиятига доир энг сўнгги янгилик ва тажрибаларни Ўзбекистон ОАВлари ва журналистлари орасида оммалаштириш зарур. Ижодий уюшма вилоят бўлими келгусида Туркиядаги ҳамкасблар билан тажриба алмашишни ҳам режалаштирган. Чет эл жамоат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар ўрнатиш услуби бундан буён ҳам давом этаверади.
Сафимизда ўз ишига ҳалол, виждонан, холис ёндошадиган, юқори савиядаги журналистлар оз эмас. Улар ижоди мамлакат миқёсидаги танловлар, матбуот шарҳлари, нуфузли конференцияларда эътироф этилиб тилга олинмоқда. Хисобот даврида Супиев Абдусамад, Маъмура Абдураҳмонова, Ахмадали Тешабоев, Зухра Алиевалар давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлдилар. Аммо матбуотни шахсий сохта обрў ва манфаат қуролига айлантириб олганлар ҳам йўқ эмас.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси қайта ташкил этилгандан сўнг ОАВлари ходимларини рағбатлантириш, улар меҳнатини муносиб тақдирлаш ўз ўрнини топди. Масалан, сўнгги беш йилда биргина фарғоналик журналистлардан 9 нафари “Йилнинг энг фаол журналисти”, “Энг улуғ, энг азиз” республика танловларининг совриндори бўлдилар. 8 нафар ҳамкасбимиз эса “Олтин қалам” миллий мукофоти халқаро танловида ғолиб чиқдилар. Давлат мукофотига сазовор бўлган журналистлар сафи ҳам йил сайин кенгаймоқда. Мамлакат Президенти ва ҳукумати кўрсатаётган бундай ғамҳўрлик журналистларни янада ижтимоий фаол бўлишга даъват этмоқда.
Бу ишларни амалга оширишда сиз азиз ҳамкасбларга сиҳат-саломатлик ва ижодий муваффақиятлар тилаймиз.