Тадбирлар

“Фарғона пресс-клуб”: Байрамлар оғушидаги Марғилон

Мен шуни кўрдимки, Марғилон байрам, куй-қўшиқ оғушида. Эркин Воҳидов номли  ижодкорлар боғида хорижий этник ансамбллар мамлакатимиз фольклор дасталари, Фарғона ва Марғилон санъаткорлари учун саҳналар ўрнатилган. Ҳар бир гуруҳ майдончасида шаҳар аҳли ва Ўзбекистонга  ташриф буюрган чет эллик сайёҳлар биргалашиб ўйнаб кулмоқдалар.

Бугун эрталаб янги ташкил этилган  “Фарғона пресс клуби”нинг навбатдаги сессияси чет эллик ижодкорлар  ва олимлар  иштирокида “Санъатлар уйғунлигида фольклорнинг ўрни”  мавзусини  муҳокама этди. Унда Корея, Япония, Эрон, Ҳиндистон, Тожикистон,  Ўзбекистон, Туркия каби  бир неча мамлакатлардан келган  фольклоршунос  мутахассислар, якка ижрочилар  ва дасталарнинг вакиллари  қатнашдилар.

Туркия мусиқаси унинг фольклори каби  бутун дунёга машҳур. У шарқ ва ғарб фольклор  санъати чорраҳасида  пайдо бўлган, десак, тўғрироқ бўлади. Турк фольклорида  Марказий Осиё халқларининг мусиқалари, шўх араб мусиқаси оҳанглари, Грециянинг фалсафий мусиқаси, Болқон куйларининг жамоавий оҳанглари уйғунлашган. Фестивал иштирокчиси бўлган туркиялик санъаткорлар Озуман Киргиз, Аксунгер Буннамин ва Килик Эждер Ўркин ўз фикрларини ўртоқлашдилар.

Қадимий кореяда “Пхегван” деган лавозим бўлган. У халқ оғзаки ижодини йиғиб, ёзиб, ижро этиб юрган. Афсуски, бундай вазифани бажарган инсонлар ижоди намуналари  12-13 асрларгагина дахлдор бўлиб, уларгина бизгача етиб келган.  Биз корея фольклоридан туғилиш ва ўлим, ёмғирга ибодат, касалликни ҳайдаш каби мавзуларда яратилган кўплаб қўшиқ ва рақсларни биламиз. Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги ҳосилдорлиги, мавзуси ҳам алоҳида ўрин тутган.  Фестивал иштирокчилари орасидаги кореялик фольклор мусиқа ижрочилари  Парк Хуэжин ва Ле Хижинлар  корейс қўшиқчилигида қадимий фольклор  анъаналарининг таъсири ҳақида гапирдилар.

Ўзбек ва Марказий Осиё халқларига  энг яқин фольклор санъати бу шубхасиз, ҳинд анъанавий қўшиқчилигидир. Халқимиз  болаликдан ҳинд халқ  қўшиқларини тинглаб, ҳинд халқ қўшиқларини кўриб, катта бўлганлар, десак, бу ҳеч қандай муболаға бўлмайди. Ҳинд фольклори аслида  жуда мураккаб  жанр.У юксак  ижро маҳоратини ва қўшиқчининг овозидаги  нафисликни талаб этади Шунинг учун ҳам ҳинд фольклори 20 асрга келиб, Европа ва Американи ҳам забт этди.  Хинд фольклорининг яна бир хусусияти шундаки, индуизм, христианлик ва ислом  уни мукамалликка эришишига таъсир кўрсатган. Спикерлардан бири Ҳиндистонлик мусиқашунос олим Яшванд Парасар жаноблари  ҳинд фольклорининг бошқа халқлар санъатига  таъсири  ҳақида  гапирди.

Фестивалимиз юлдузларидан бири кино санъатида яратган ёрқин образлари билан ёдда қолган Тожикистон халқ артисти Сайрам Исаевадир. У ташкил этган “Бибилар” фолъклор ансамблининг довруғи тез тарқалди.

–Мен нафақага чиққач, ёшлигимдаги орзуйимни амалга оширдим, — дейди Сайрам Исаева. – Дастлаб “Бибилар” ансамблига иқтидорли аёлларни тўпладим. Биз халқ қўшиқлари, лапарлари, айтишувларидан  иборат дастур туздик. Хозир сафимизга ёш ижрочилар қўшилдилар.

Мен дунёнинг кўплаб мамлакатларида  бўлганман. Лекин ҳеч бир давлатда  фолъклор санъатини ривожлантиришга бу қадар эътибор берилганини билмайман. Ташкилотчилар, ўзбек халқига катта раҳмат.

–Япон фолъклори ўзининг мураккаблиги билан ажралиб туради, – дейди  япониялик ижрочи ва олим Ивамато Куоко. – У халқ эртакларига асослаганган бўлиб драматургия қоидалари мавжуд. Шунингдек, буддизим анъаналари, ёвуз руҳларни ҳайдаш, шаҳар ва қишлоқ ҳаёти саҳналарига қурилади. Бугунги шарқ фольклор санъатида япония  фольклорининг ўрни катта.

Шу дақиқаларда қирққа яқин олимлар иштирокида “Буюк ипак йўлида фольклор санъатининг ривожланиш жараёнлари” мавзуидаги  халқаро илмий –амалий конференция иши давом этмоқда.

Муҳаммаджон ОБИДОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.