Муштарий нега “Фарғона ҳақиқати” газетасини ўқимай қўйди?
Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими ҳар ойда бирон бир ОАВ ижодий фаолиятининг таҳлилига бағишланган сайёр семинарлар ўтказиб келади. Бу гал Фарғона вилояти ҳокимлиги муассислигидаги “Фарғона ҳақиқати” газетаси таҳлили семинар мавзуси бўлди. Қуйида “Фарғона ҳақиқати” газетасининг 2018-2019 йиллардаги таҳламларини вароқлаган, ўрганиб чиққан “Янги Фарғона” газетаси бош муҳаррири Азизбек Эрматовнинг фикрлари билан танишасиз.
***
“Фарғона ҳақиқати” газетаси Фарғона вилояти ҳокимлиги муассислигида чоп этиладиган ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий нашр. Газета А2 форматда, офсет усулида, 1- ва 4-саҳифалари тўрт хил, 2- ва 3-саҳифалари 2 хил рангда ҳафтасига икки марта чоп этилади. 1917 йил 14 октябрдан чиқа бошлаган газетанинг шу кунга қадар 24 минг 316 та сони ўқувчилар қўлига етиб борган.
Ўтган 2018 йил давомида таҳририят томонидан газетанинг 104 та сони тайёрланиб, чоп этилган. Газетанинг 2018 йил бошидаги адади 10 минг 300 нусхадан ортиқ. Йил ярмида 8 минг 900 нусхада чоп этилган газета йилнинг 4-чорагида 4 минг 334 нусхага тушиб қолган. 2019 йилда, яъни бугунга келиб эса 3 минг 200 та нусхада чоп этилмоқда. Сурхондарё, Самарқанд, Андижон каби вилоятларда ҳокимлик нашрлари 15-20 минг ададда чиқмоқда. Умуман, республика бўйича вилоятлар бош расмий нашрларининг ўртача тиражи 10 минг нусхани ташкил этмоқда. Буни “Фарғона ҳақиқати”нинг бугунги адади билан таққосласак, ўртача умумий тираждан 3 баравар камлиги ойдинлашади. Хўш, нега фарғоналиклар “Фарғона ҳақиқати” газетасини ўқимай қўйдилар?
Айни пайтда таҳририятда 27 нафар ходим фаолият юритяпти. Уларнинг 13 нафари ижодий, 14 нафари эса техник ходимлар. Таҳририят ўз биносига, 3 та хизмат автомашинасига эга. Журналистлар фойдаланувида 17 компьютер жамланмаси, ноутбук, диктафон, фотоаппарат ва нусха кўчириш ускунаси мавжуд.
Ўзининг бир асрдан ортиқ тарихига эга газетага турли йилларда устоз журналистлар муҳаррирлик қилган ва “Фарғона ҳақиқати”нинг ўзига хос ижод мактаби яратилишига муносиб ҳисса қўшишган. Газета ижодий жамоаси мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий ҳаётидаги ислоҳотлар мазмун-моҳиятини халқимизга етказишда фаол иштирок этган ва этмоқда. Бугун таҳририятда узоқ йиллик тажрибага, юксак журналистик салоҳиятга эга бўлган устозларимиз, ҳамкасбларимиз қалам тебратишмоқда. Таҳририят ўз вақтида “Олтин қалам” миллий мукофоти учун халқаро танловда бош мукофотни қўлга киритган. Таҳририятнинг кўплаб ходимлари давлатимизнинг юксак мукофотлари, эсдалик нишонлари билан тақдирланишган. Вилоят ва республика миқёсида ўтказилаётган турли танловларда совриндорлар сафидан ўрин олишган. Бу каби ютуқлар газета жамоасининг қандай ижодий салоҳиятга эга эканлигини кўрсатиб турибди.
Бугунги кунда таҳририятда Маъмура Абдураҳимова, Ботир Омон, Дилнавоз Қўлдошева каби истеъдодли журналистлар фаолият кўрсатаётган бўлиб, уларнинг турли мавзулардаги мақолалари газетхонларнинг эътиборини қозонган. Хусусан, М.Абдураҳимованинг “Фарғона санъатининг нуфузини ким кўтаради?” (2018, 5 январь), “Қайтишинг аламли бўлмасин”, “Йигирма иккинчи баҳор хазони” (2018, 3 март), “Зиёратгоҳларга эътибор аждодларга эҳтиромдир” (2018,2 июнь), “Сохта тариқатга кимлар эргашади?” (2018, 7 июль) каби мақолаларида жиддий мавзулар қаламга олинган. Тили равон, мантиқий хулосалар асосли.
Шунингдек, газета саҳифаларида вилоятда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, соҳалардаги ислоҳотлар, воқеа ва янгиликлар имконият даражасида ўқувчиларга етказилишига ҳаракат қилинганлиги кўриниб турибди.
***
Сир эмас, кейинги икки йил давомида мамлакат миқёсида аксарият ОАВнинг қиёфаси, мазмун-моҳияти кескин ўзгарди. Интернет сайтлари, жумладан расмий манба – Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ҳам тубдан ўзгарди, фаоллашди. Материаллар сони, сифати ва энг муҳими, мазмун-моҳияти янгиланди. Танқидий-таҳлилий материаллар салмоғи ортди. Илгари айтишга истиҳола қилинган гапларнинг, мавзуларнинг аксарияти бугун экранга, газета саҳифаларига, интернет сайтларига кўчяпти. Давлатимиз раҳбари ҳам бир неча марта журналистлар фаол бўлиши, танқидий-таҳлилий мақолаларни кўпроқ ёзиши, кўпроқ шундай йўналишдаги кўрсатувлар тайёрлаши зарурлигини, умуман амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол кўмакчи бўлишлари кераклигини таъкидладилар.
Аммо “Фарғона ҳақиқати” замон билан ҳамқадамликдан ортда қолди. Негадир “Фарғона ҳақиқати” саҳифаларида танқидий-таҳлилий материалларнинг камлиги кўзга ташланади. 2018 йил давомида газетанинг 104 сони чоп этилган бўлса, фақатгина 2 та сонда танқидий мақола берилган. Биринчиси, газетанинг 2018 йил 17 январь кунги 4-сонидан ўрин олган Ботир Мадиёровнинг “Алдагани бола яхши…ми?” сарлавҳали мақоласи. Мақолада Қўштепа туманидаги 35-мактабгача таълим муассасасининг ачинарли ҳолати, бу муассасада зудлик билан ҳал этилиши зарур бўлган муаммолар атрофлича таҳлил қилинган. Мазкур муаммо газета саҳифаларида ёритилгач, мақолага қандай муносабат билдирилгани, боғчада қандай ўзгаришлар қилингани ёки қилинмагани хусусида ҳам чиқиш қилинганда мақсадга мувофиқ бўларди.
Шу жойда бир жиҳатга ҳам эътибор бериш керакка ўхшайди. Ботир Мадиёровнинг танқидий мақоласи билан ёнма-ён Дилнавоз Қўлдошеванинг “Болалар боғчалари энг замонавий таълим-тарбия масканларига айланади” сарлавҳали ахбороти жойлаштирилган. Танқидий мақолада боғчада ҳатто қўл ювиш учун сув йўқлиги таъкидланган ва менимча, бу тўғри таъкид ва танқид бўлган. Шу мақоланинг ёнидаги ахборотда эса вилоятдаги 642 та МТМнинг барчаси тоза ичимлик суви билан таъминлангани қайд этилган. Қандай изоҳ беришга ҳайронсан..
Иккинчи танқидий фикрлар қисман ўрин олган мақола Камола Полвонова муаллифлигида 26 май кунги сонида “Мавсумга оз фурсат қолди: оромгоҳлардаги тараддуд” сарлавҳаси остида чоп этилган. Унда вилоятимиздаги айрим болалар оромгоҳлари ёз мавсумига етарли даражада тайёргарлик кўрмагани ўринли ва асосли танқид қилинган. Бу мақола бўйича ҳам мутасаддилар муносабатига ёки кўрсатилган камчиликларни бартараф этиш бўйича қилинган ишлар ҳақидаги кейинчалик маълумот берилмади.
Йил давомидаги танқидий мақолалар шу холос. Умуман, газетада жанрлар имкониятларидан унумли фойдаланилмаган. Асосан, расмий ахборотлар, тадбирлардан хабарлар ва статистик ҳисоботлар билан чекланиб қолинган.
***
Газетанининг 2018 йил 2 февралдаги 9-сонида “Ижтимоий-маънавий муҳит барқарор бўлиши зарур” сарлавҳали материал берилган. Риштон туманидаги маҳаллалар ва оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этишга кўмаклашиш бўйича республика ишчи гуруҳининг 5 кунлик фаолиятига бағишланган мақола ҳажман жуда катта, 1-,2-,3-саҳифаларнинг асосий қисмини эгаллаган. Аксарият қисми ҳисобот ва статистикадан иборат. Назаримда ишчи гуруҳнинг қилинган ишлар бўйича ҳисоботидан кўра, мана шу ўрганишлар оддий одамлар ҳаётида, кундалик турмушида қандай ўзгаришларга сабаб бўлди, уларнинг оғирини енгил қилдими, деган саволларга ҳаётий мисоллар билан жавоб берилганида мақоланинг таъсирчанлиги ва ўқишлилиги ортарди.
Шу мақолада “…мурожаатлар билан ишлашнинг ўзига хос янги – самимий шакли яратилди” дейилган. Бу ўринда шакл билан самимий сўзини қўллаш ўринлими? Наҳотки шакл самимий ёки носамимий бўлса?
Яна шу мақолага Риштон туманидаги Дашти Пандигон МФЙ аҳолисининг ташаккурномаси илова қилинган. Ташаккурнома шундай жумла билан бошланган: “Биз Риштон тумани Дашти Пандигон қишлоқ аҳолиси ва ҳудуддаги фермер хўжалиги раҳбарлари номидан қишлоғимизда жойлашган 150-сонли дренажни таъмирлашда, яъни ушбу дренажга янги насос ажратиб таъмирлаб беришга амалий ёрдам сўраб қилган мурожаатимиз инобатга олиниб, 150-сонли дренажга янги насос ўрнатилиб, таъмирланди ва сув чиқарилиши таъминланди.”
Оддий ўқувчи бу мужмал жумлалардан нимани тушуниши мумкин?
Газета саҳифаларида солиқ янгиликларини бериб бориш йўлга қўйилибди. Бу ўқувчиларнинг солиқ соҳасига оид ҳуқуқий билимларини оширишда яхши самара бериши аниқ. Лекин кичик янгиликларга қўйилаётган сарлавҳалар жуда узун, назаримда. Масалан, “Юридик шахслар ер солиғини ҳар ойда тўлайди, у бўйича ҳисоб-китобни 10 январгача топширади” ёки “Экспорт қилувчи корхоналар учун солиқлар ставкаларининг камайтирилиши 2018 йилнинг 1 апрелидан бекор қилинади” каби сарлавҳалар. Шуларни сарлавҳа дейиш ўринлими?
Газетанинг 22 август санасидаги сонида газета бош муҳаррири А.Тешабоевнинг “Барча фуқаролар диққатига” рукни остида “Ўзбекистонда “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури амалга оширилмоқда” сарлавҳали материал берилган. Журналистиканинг қайси жанрига оидлигини тушуниб бўлмайди. Ушбу материалда индюк, бедана, бройлер жўжа, сўқимга қорамол боқиш бўйича тавсияларни бир мавзу, бир сарлавҳа остида бир-бирига боғлашга ҳаракат қилинган. Материалда негадир мисол тариқасида Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида яшовчи фуқаронинг оилавий тадбиркорлиги келтирилган. Яна бир жойда Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа тумани “Қилчиноз” овулида яшовчи Искандар Матёқубовнинг иссиқхонаси ҳақида сўз боради. Ваҳоланки, вилоятимизда ҳам оилавий тадбиркорликни намунали тарзда йўлга қўйган фуқаролар кўплаб топилади. Ёки мақола бошқа газетадан кўчириб олинганми, билмади.
Газета саҳифаларида пахта мавсумини ёритишга ёндашувни ҳам бироз ўзгартириш керакка ўхшайди. Чунки, мамлакатимиз аграр соҳадан саноатлашиш томон юз бурди ва бугун иқтисодиётимизнинг асосий қисмини саноат ва кичик бизнес ташкил этмоқда. Пахта миллий бойлигимиз, деган тушунчалар аста-секин истеъмолдан чиқиб кетяпти. Марказий нашрлар аллақачон бу мавзуни, мана шундай ёндашув билан ёритишдан воз кечиб бўлди.
Мавсумга оид расмлар ҳам бир хил – қўлида пахта ушлаб турган, айримлари ҳатто чаккасига ҳам пахта тақиб олган, бир неча эркак ва аёллар сураткашга қараб кулиб турибди. Шу бир хил кўринишдаги суратлар газетанинг кетма-кет 5-6 сонида, биринчи саҳифада берилгани тушунарсиз.
Январь ойида икки марта, август ойида бир марта Аҳмадали Тешабоевнинг вилоят ҳокими Ш.Ғаниев билан суҳбати уюштирилган. Вилоятнинг биринчи раҳбари фикрларини газета орқали ўқувчиларга етказиш яхши анъана. Лекин интервьюлар асосан, ўқувчини зериктирадиган рақамлар ва маълумотлар базасидан иборат бўлиб қолган. Ваҳоланки, вилоятда амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг натижасини оддий одамлар ҳаётига боғлаб, ҳаётий мисоллар билан ўқувчига етказиш мумкин эди.
2018 йилнинг 8 август сонида А.Тешабоевнинг вилоят ҳокими билан “Мамлакатимизда ҳудудларни ривожлантиришнинг янги тизими амалга оширилмоқда” сарлавҳали яна бир суҳбати эълон қилинган. Маълумотлар базасидан иборат суҳбат мазмун жиҳатидан газетхонни зериктиради. Суҳбатда нечта ишчи гуруҳ, нечта секторлар ҳақида узоқ ва аввалги сонларда чоп этилган мақолаларда такрорланган маълумотларни келтиради.
Қуруқ рақамлар, фуқароларнинг исм-фамилиялари қайд этилган нуқтали вергуллардан иборат ҳиссиз матнлар журналистиканинг бирор жанрига мос эмас.
Вилоятда амалга оширилаётган ислоҳотларга, вилоятни комплекс ривожлантиришга оид маълумотлар, рақамлар, статистик ҳисоботлар ҳам муаллифлар имзоси билан берилгани тушунарсиз. Эътиборингизни 2018 йил 15 декабрдаги 100-сонига қаратамиз. Бу сонда ҳам бош муҳаррирнинг ўзи “фаоллик кўрсатяпти”. “Фарғона барқарор ривожланиш йўлида” сарлавҳали 6 устунли мақолада 258 та рақамни санадик. Хўш, ўқувчи бу бухгалтерия ҳисоботига ўхшаш мақоланинг мазмунини тушуниб етармикин? Унинг ёнидаги “Фарғона вилоятида 2019-2029 йилларда қишлоқ хўжалиги соҳасининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш концепцияси”А.Тешабоев номидан бериляпти. Бунда ҳам 81 та рақам ўқувчи фикрини чалкаштириб юборади. Қизиқ вилоят концепцияси муаллифи наҳотки Тешабоев бўлса? 2018 йил 28 июнь сонида ҳам А.Тешабоевнинг “Муҳаррир минбари” рукнида “Ҳар бир оила – тадбиркор” Дастури обод юрт ва фаровон турмуш учун” сарлавҳаси остида “маълумотномаси” чоп этилган.
Газетанинг 2019 йил 13 апрелдаги 28-сонида 5 та материал вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати номидан берилган. Уларнинг учтаси биринчи саҳифада ёнма-ён жойлаштирилган. Ахир, “Фарғона ҳақиқати” ҳам вилоят ҳокимлигининг бош нашри ҳисобланади ва бундай муҳим тадбирларни бевосита ўз мухбири ёрдамида ёритиб бориши керак эмасми?
***
Албатта, ҳар бир газетанинг ўз позицияси, ўз услуби ва қиёфаси бўлиши лозим. Аммо биз кўздан кечирган газетанинг 2018 йил ва жорий йилнинг ўтган давридаги сонларида буни сезмадик. Биринчидан, газетанинг алоҳида бир жамоатчиликда қизиқиш уйғота оладиган ўз рукни ташкил этилмаган. Иккинчидан, жамоатчи мухбирлар билан ишлаш масаласи ҳам етарли даражада эмас. Учинчидан, газетада таҳлилий-танқидий мавзудаги материаллар сони жуда кам.
“Фарғона ҳақиқати” вилоятнинг юзи саналиб, отахон таҳририят ҳисобланади. Аммо кейинги даврда газетада берилаётган мақолаларнинг савияси анча пасайганини сезиш мумкин. Газетада барча соҳа ўз аксини топмаган. Айрим ахборотларга катта жой ажратилган бўлиб, ўқувчини қизиқтира оладиган мақолаларни деярли учратмайсиз.
14 феврал сонида А.Тешабоевнинг “Картошка экинг” деб номланган мақоласи берилган бўлиб, у жуда катта ҳажмни эгаллаган. Аввало, газета қишлоқ хўжалиги соҳаси учун ихтисослашмаган. Шунинг учун ҳам бундай катта ҳажмдаги мақолани берилишининг ўзи нотўғри.
Газетанинг 2019 йил 23 январь сонида берилган “Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев Жанубий Корея делегациясини қабул қилди” номли мақолада ҳам ғализ жумлалар учрайди. Хусусан, ундаги “Сизнинг ташрифингиз бизга илҳом бағишлади” деганни рости тушунмадик. Расмий ахборотни ёзиш қоидалари бор. Газетанинг 19 январь сонидаги “Миср Араб Республикаси элчиси-Фарғонада” деган мақола ҳам жиддий таҳрирни талаб этади. “Вилоят ҳокими меҳмонларни илиқ кутиб олди ва Амани ҳоним фаолиятига юқори баҳо берди” каби жумлалар ҳар қандай газетхонни ажаблантириши табиий. Хорижий мамлакат элчиси фаолиятига вилоят ҳокими баҳо беришга ҳақлими? Нега газетада бундай жумла кетиб қолди?
2019 йил 20 февраль сонида аксарият мақолаларнинг матни “Муҳтарам Президентимиз” деган жумлалар билан бошланган. “Данғарада балиқчилик ривожланяпти”, “Ҳар бир оила томорқадан самарали фойдаланиши зарур”, “Иқтисодий ривожланиш ва фаровон ҳаёт мезони”, “Пробация хизмати” каби мақолалар жиддий таҳрирга муҳтож.
Шунингдек, газетада берилган баъзи материлларда ташкилот ва корхоналарнинг номлари, Президент ва ҳукумат қарорларининг ёзилишида хатоликларга йўл қўйилган. Хусусан, 2019 йил 23 февраль сонидаги “Муҳокамада шартномалар ижроси” номли мақолада “Вилоят касаба уюшмалари федерациясида” деган жумла бор. Бу “вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси” бўлиши керак эди. Шунингдек, 9 февраль сонидаги “Янги турдаги маҳсулотлар энди Фарғонада тайёрланмоқда” мақоласида ҳам бир қатор хатоларга йўл қўйилган. Масалан, “Ўзбекистон-Жанубий Корея Вин Чемикал қўшма корхонаси” деган жумла учрайди. Афсуски, бундай номдаги корхона аслида йўқ ёки нотўғри ёзилган.
2019 йил 20 март сонида “Оилавий тадбиркорликка эътибор-аҳоли бандлигини таъминлаш ва фаровонлигини юксалтиришга бўлган эътибор” номли мақоланинг аксарияти Президент қароридан кўчирилган (“Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбироркликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори. 2019 йил 7 март). Ваҳоланки, мазкур қарор чуқур таҳлил қилиниб, шарҳлаб берилиши лозим эди.
***
Таъкидлаш жоизки, вилоятнинг бош нашри қишлоқ хўжалиги ва чорвачиликка нисбатан ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маънавий-маърифий соҳаларни кенгроқ ёритиши зарур. Шунингдек, рақамлар, маълумотлар ва ҳисоботларни имкон даражасида камайтириб, журналистика жанрларидан унумли фойдаланган ҳолда танқидий-таҳлилий материаллар салмоғини ошириши керак.
“Фарғона ҳақиқати” газетаси таҳририятида Маъмура Абдураҳимова, Ботир Мадиёров, Соҳиба Абдураҳмонова, Мадаминжон Солижонов сингари аллақачон ўз ўқувчисини топган фидоий ва қалами ўткир журналистлар меҳнат қилади. Очиғи, бу муаллифларнинг ҳар бир янги мақоласини ўқувчи қизиқиш билан кутади. Ботир Мадиёровнинг бир неча йил аввалги танқидий-таҳлилий мақолалари ўз вақтида анчагина шов-шув бўлган. Танқид нишони бўлган мутасаддилар ҳам анча ҳушёр тортган.
Маъмура Абдураҳимованинг ҳар бир мақоласини қолдирмай ўқиймиз, ҳар сафар ўзимиз учун нимадир янги нарса кашф қиламиз. 2018 йилдаги 9-сонида чоп этилган “Қайтишинг аламли бўлмасин” сарлавҳали мақолада одам савдоси билан боғлиқ муаммоларга биз ўрганиб қолгандан бошқача ёндошув, бошқача услуб бор.
Газетанинг 10 февраль санасидаги 11-сонида Маъмура Абдураҳимова “Бизга мактуб йўллабсиз” сарлавҳаси остида таҳририятга турли инсонлардан турли мавзуларда келган хатлар ўзига хос усулда бир ипга терилиб, самимият билан таҳлил қилинган.
3 мартдаги сонида Маъмура Абдураҳимова муаллифлигида берилган “Йигирма иккинчи баҳор хазони” сарлавҳали мақола ҳам ўта таъсирчанлиги ва долзарблиги билан ажралиб туради. Мақолани ўқигач, Сурияга бориб қолган марғилонлик ўсмир тақдири сизни узоқ вақт ўйлашга мажбур қилади.
20 октябрь санасидаги газета саҳифаларидан ўрин олган “Менга ўзбекча гапир, набирам ёхуд тилга эътиборсизлик унга эҳтиёжсизлик эмасми?” сарлавҳали мақоласида ҳам бугунги кунда она тилимизга бўлган муносабат ҳаётий мисоллар ва таъсирчан воситалар ёрдамида ёритилган.
20 январдаги 5-сонида берилган Камола Полвонованинг “Соядаги йигитлар” сарлавҳали айрим оилалардаги ноқобил фарзандлар тақдири қаламга олинган мақоласини ҳам ўқувчи бир нафасда ўқиб чиқиши, шубҳасиз.
Лекин бу каби мақолалар бармоқ билан санарли. Ҳолбуки, газетанинг ҳар бир сонида ақалли битта, одамни ўйлантирадиган, жамоатчилик фикрини шакллантирадиган “устун мақола” бўлиши керак.
“Фарғона ҳақиқати” вилоятимизнинг бош нашри. Биз журналистлар ва ижодикорлар ҳамиша уни диққат билан кузатиб борамиз ва бу газета барчамизга андоза бўлиб қолишини истаймиз.
…Семинар чоғи “Фарғона ҳақиқати” газетаси тахририятининг ойлик, йиллик иш режаси йўқлиги, чет муаллифлар билан ишлаш етарлича йўлга қўйилмагани, тахририятда умуман хафталик ижодий тахлил (летучка) ўтказилмаслиги каби камчиликлар таъкидланди. Унинг якунига кўра, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими бошқаруви “Фарғона ҳақиқати” тахририяти ва муассис – Фарғона вилоят ҳокимлигига газета фаолиятини қайта кўриб чиқиш юзасидан тавсиялар берди.
Умида Мирзаматова
Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими мутахассиси.