Таклиф: Ғолибларни аниқлашда очиқлик керак
… Ва ниҳоят “Олтин қалам” танлови эълон қилинди. Сўнгги йилларда унинг ғолиб ва совриндорларини аниқлашдаги “тизим” танқидга учради. Баъзида бирон жиддий, муҳим масалада мақола ёзиб эл эътиборига тушмаган, ҳатто исм шарифини деярли ҳеч ким танимайдиган “муаллиф”ларнинг ғолиблар сафида учраши ҳақли эътирозларга сабаб бўлди. Шунинг учун мамлакатимиз журналистикасининг энг нуфузли танлови ғолибларини аниқлашда мутахассислар билан бирга бевосита ўқувчи, томошабин, тингловчининг ўзи ҳам иштирок этишига имкон яратиш лозим. Масалан, ижтимоий тармоқда “Олтин қалам” деган янги канал очиб ҳар бир номинация бўйича номзодлар кўрсатиш эълон қилинсин. Сўнг улар ичидан ўнтадан энг кўп овоз олган ОАВ ёки журналист аниқланиб уларнинг рўйхати “Олтин қалам” каналида эълон қилиниб ғолиблик ўринлари учун қайтадан овоз берилса, унинг натижаларига кўра танлов ғолиблари, совриндорлари аниқланади. Агар шундай қилинганда мен овоз бериш учун энг яхши телевизион иш номинацияси бўйича номзодлар рўйхатига:
1. Халқаро Пресс клуб ижодий жамоаси,
2. “Муносабат” кўрсатуви бошловчиси Қуддус Аъзамов
3. “Марказий студия” ахборот дастури ижодий жамоасини киритишни таклиф этган бўлардим.
Лекин шундай қилинармикин?
Муҳаммаджон ОБИДОВ