Матбуот тарихи музейини ташкил этиш долзарб масалалардан бири
«Бугун-эрта Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети тантанали очилади. Мени ҳам таклиф этишди. Янги уйга қуруқ қўл билан бориб бўлмайди. Мен Қўқон маданияти тарихи давлат музейи хазиналар фонди билан танишдим. У ердан бир нарса қидиргандим. Хайрият, топдим», — деб ёзади у.
Мана ўша қимматбаҳо экспонат. 1914 йил 3 апрелда тадбиркор Обиджон Маҳмудов илк бор ташкил этган босмахонада Ашурали Зохирий муҳаррирлигида чоп этилган «Садои Фарғона» газетасининг Марғилонда махсус нафис ипакдан тўқилган оқ, ҳарир шоҳига босилган биринчи сони. Орадан 104 йил ўтган бўлса-да, газета ёрқинлигича сақланиб қолган.
«Садои Фарғона»нинг шу кунгача сақланиб қолаётган сонларини варақлар эканмиз, ХХ аср бошидаги сиёсий, ижтимоий, ахлоқий муҳит ҳамда зиёлилар маънавияти, маслаги, нуқтаи назари ҳақида тасаввурга эга бўламиз. Ёки бошқача айтганда матбуот замон тарихи саҳифаларини битгувчи ишончли манбалардан бири бўлиб хизмат қилади. Биз у орқали миллат ва Ватан ўтмишини ўрганамиз, аждодларимиз, ҳамкасбларимиз руҳи, малакаси билан юзма-юз келамиз. Шундай қилиб, оммавий ахборот тўпловчи, таҳлил қилувчи ва тарқатувчигина эмас, балки тарихни муҳрлагувчи восита вазифасини ҳам бажаради.
«Садои Фарғона» газетасининг илк сони тарихчи олимлар таъкидлашича, 100 нусха оқ шохи матога ва 1500—1700 нусха қоғозга босиб тарқатилган. У Фарғона вилоятида (ўша йиллари Фарғона вилояти таркибида ҳозирги Наманган, Андижон вилоятлари ҳам бирликда бўлган) чиққан илк миллий газетадир.
«Садои Фарғона» газетаси бош мақоласида шундай дейилади: «Ғазетани нашрдан мақсадимиз албатта тижорат эмас, балки халқимизға қўлимиздан келган қадар хизмат этмакдир».
«Арбоби қалам ва асхофи ирфон учун ғазетамизнинг сутунлари ҳар замон очиқ бўлуб, маслакимиза мувофиқ бўлғон ҳар бир мактуб дарж ўлинажакдир… Дардимиз — бир, касалимиз ҳам — бир, даво ва дармонимиз ҳам бирдур. Бас, андоғ бўлса, эй ҳимматлик биродарлар, чиқинглар майдонға, ёзайлук, ўқуйлук! Чунки дардларимизнинг давои шофийси ёлғиз ўқумоқ ва ёзмоқдур».
Шубҳасиз, «Садои Фарғона» ўзбек матбуоти тарихини ўрганишда талабалар учун ғоят қимматли қўлланма бўлиб қолади.
Бундан ташқари биргина Қўқонда 1917 йил ва унга қадар ўзбек тилида «Тирик сўз», «Фарғона саҳифаси», «Фарғона нидоси», «Равнақ ул ислом», «Халқ ғайрати», «Эл байроғи» каби газеталар, «Кенгаш», «Ҳуррият», «Юрт» каби журналлар чоп этилган. Уларнинг бизгача етиб келган нусха ва сонларини Қўқон, Фарғона, Тошкент, Самарқанд, Санкт-Петербург музейларида учратиш мумкин.
Бугун юртимизда журналистикага ихтисослашган олий даргоҳ иш бошлаяпти. Унинг олдига қўйилган бош масала – юқори малакали журналистлар тайёрлаш. Лекин бу натижага эришиш учун талаба Матбуотимиз тарихини ҳам яхши билиши лозим. Таклифим — Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети таркибида «Ўзбек миллий матбуоти тарихи» музейини ташкил этиш зарур. Унга замонавий музей технологиялари ва ўйлашимча бюджетдан етарли маблағ ажратилиши керак.
Балки, шундай лойиҳа тайёрланар ва ҳукуматга таклиф киритилар. Экспонатлар масаласига келсак, мамлакатимиз журналистлари фидойилик кўрсатиб уларни йиғиб топширишда асосий куч бўлади, албатта. Биз матбуот тарихига оид ҳар қандай қимматга эга бўлган китоб, газета нусхалари, телерадио, босмахона жиҳозлари, фотосуратлар ва ҳ.к. борки, уларни ана шу музейга келтириб берайлик. Бу доимо бойиб борадиган чинакамига Ўзбекистон матбуоти тарихи музейи бўлсин.
Шу ўринда яна бир гап. Юқорида номи тилга олинган биз хорижий сайёҳларга мақтаниб кўрсатадиган Қўқон маданияти тарихи давлат музейидаги аҳвол аслида талабга мутлақо жавоб бермайди. Унинг фондида бош сақловчи Акромжон Яхяев айтишича 47,5 минг экспонат бор. Аммо кўргазма залларида атиги икки мингга яқини қўйилган холос.
Вилоят музейлари идораси раҳбарига ўтинч билан мурожаат қилиб, эҳтиёткорликка кафиллик бериб «Садои Фарғона» газетасининг биринчи сонини бош хазинабон Акромжон ака Яхяев ҳамроҳлигида Фарғона шаҳрига олиб келиб ундан нусха олгач яна Қўқонга, музейга бориб топширдик. Матбуотимиз тарихига оид экспонатлар сақланаётган бошқа музейлардаги аҳвол ҳам бундан яхши бўлмаса керак.
Шундай экан, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида замонавий талабларга жавоб берадиган матбуот тарихи музейини ташкил этиш долзарб масалалардан биридир.