Янгиликлар

“Умра сафарига йўл олдик”

Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими ташаббуси билан бир гуруҳ вилоят журналистлари Умра сафарига йўл олдилар.

Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона бўлими раиси Муҳаммаджон Обидов ўзиннинг фейсбукдаги саҳифасида сафар олди таассуротлари билан ўртоқлашди. Унда шундай ёзилган:

Азизларим! Оллоҳ йўл бериб, юртимиздаги кенг шароитлар туфайли Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими ташаббуси ва ташкилотчилигида 11 нафар фарғоналик журналистлар бугун, 25 май куни Саудия Арабистони подшоҳлигига йўл олдик. Ниятимиз аввало Умра амалларини бажариб гуноҳларимизга кечирим, юртимизга равнақ, халқимизга тинчлик-омонлик, ижодий уюшмамизга янги йўл тилашдир. Сафарга узоқ тайёргарлик кўрдик. Саудиялик ҳамкасбларимиз билан ижодий учрашув ва мулоқотлар, Ўзбекистоннинг Жиддадаги консули қабулида бўлиш каби тадбирлар ҳам кўзда тутилган. Асли Ўзбекистондан бўлган ватандошлар билан дийдорлашамиз. Аввалроқ, Ўзбекистон, Фарғонамиз ҳақида мақолалар ёзиб, уни араб тилига таржима қилиб, Саудия ОАВ ларига юборгандик. Ҳамкасбларимиз биз билан учрашув кунлари уларни энг оммавий нашрларда чоп этишларига келишиб олганмиз. Аэропортга бизни кузатгани улуғ инсон, дўстимиз Хуршид Дўстмуҳамедов чиқибдилар. Бошимиз осмонга етди. Биргаликда эсдаликка тушган сувратимизни сизга илиндик. Шу паллада Шерзодхон Қудратхўжаев ҳам қўнгироқ қилиб айни вақтда Тошкентда эмасликлари, шахсан келолмаганларига узр сўраб, ок йўл тиладилар. Фарғоналик миннатдор журналистлар уларни дуо қилдик. Азиз ҳамкасблар, Сизларга ҳам шу каби қутлуғ сафарлар насиб қилсин, Омин!