Муаммонинг ечими аввало ўзимизга боғлиқ
Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими ўзининг навбатдаги кўчма семинарини Риштонда ўтказди.
Унда туман ҳокимлиги муассислигидаги “Риштон ҳақиқати” газетасининг ижодий фаолияти, муассис ва тахририят ўртасидаги шартнома шартларининг ижроси таҳлил қилинди. Газетанинг ютуқлари таъкидланган ҳолда йўл қўйилган камчиликлари кўрсатиб ўтилди. Таҳлилий маъруза муҳокамасида мунозарали фикрлар айтилди. “Фарғона ҳақиқати” газетаси бош муҳаррир ўринбосари Абдужалил Бобожонов ҳар қандай газетанинг муваффақияти ва камчиликлари бош муҳаррирнинг журналистик, ташкилотчилик иқтидори билан боғлиқ деди.
–“Риштон ҳақиқати” газетасининг адади камайиб бир ярим мингтага тушиб қолганига аввало ижодий жамоа жавобгар деб ўйлайман. Албатта бунда муассиснинг ҳам масъулиятини инкор қилиб бўлмайди. Аммо муассис обунага ёрдам қилмади дейишлик баҳона бўла олмайди. Газета ўқимишли бўлса албатта обуначи топилади,- деди у.
“Бувайда кўзгуси” газетаси бош муҳаррири Азиза Солиева таҳлил қилинаётган газетада танқидий мақолалар камлиги муассис муносабати ва обуна миқдорига салбий таъсир кўрсатади,-деди.
“Халқ сўзи” газетасининг Фарғона вилоятидаги мухбири Элёр Эхсонов тахририятнинг иқтисодий мустақиллигига эришиш учун ички имкониятлар, масалан, тижорат борасида амалий ишларга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади.
Музокара чоғида сўзга чиққан бошқа иштирокчилар ҳам газетачилик муаммолари юзасидан таклифлар китдилар.
“Риштон ҳақиқати” газетаси бош муҳаррири Зайлобидди Йигиталиев тахлил ва музокара чоғи билдирилган танқидий мулоҳазаларни қабул қилганини айтиб, муассис таҳририят балансига мустақил бино ажратиши масаласида журналистлар уюшмасидан ёрдам сўради. Газета бўлим мудири Муҳаммадамин Хожиматов муассис шартнома шартларини мутлақо бажармаётгани ҳақида фикр юритар экан, “Риштон ҳақиқати” газетасини эркин ижодкорларнинг мустақил газетасига айлантириш, яъни Риштон тумани ҳокимлигини муассисликдан чиқаришни таклиф этди.
Семинарда вилоят журналистлари олдида турган долзарб маслалар ҳам муҳокама қилинди.