Янгиликлар

АҚШ газеталар инқирозидан қандай чиқмоқда?

Нью Йорк Таймс, Стар Трибюн, Вашингтон пост… Яқиндагина миллиардлаб фойда келтираётган ушбу нашрлар ҳам интернет асрида анчайин мураккаб ҳолатга тушиб қолган экан. Юзлаб ҳудудий нашрлар эса сўнгги 10 йилда тарихга айланишга улгурди. АҚШга сафаримиз давомида ушбу инқирозни енгиб ўта олган нашрлар фаолияти билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдик.

Уларни кузатар экансиз, учта умумий жиҳатни илғашингиз қийин кечмайди.

Биринчидан, рақобатда энг кучли газеталаргина устунликни сақлаб қола олди.

Иккинчидан, ҳудудий газеталарнинг аксарияти ёпилди.

Учинчи жиҳат газеталар пул топиш учун қўшимча даромад манбаларини излашмоқда.

Энг кучлилар ҳам инқироздан ҳадикда…

Дунёнинг йирик ахборот агентликларидан бири бўлган Ассошейтед пресс таҳририятида бўлиб ўтган учрашув давомида агентлик вице президенти Жон Данишевскийнинг маълумот беришича, кейинги вақтларда анъанавий ОАВнинг муаммолари агентлик фаолиятига ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда. Бироқ бу вазиятдан халқаро майдондаги фаолият орқали ечим топилмоқда

– Ҳозирда 150 та мухбирлик пунктларимиз бўлса шундан 100 таси мамлакат ташқарисида фаолият олиб боради, – дейди Жон Данишевский 500 миллион АҚШ доллари атрофида даромад кўрмоқдамиз. Лекин, бу аввалги кўрсаткичга қараганда кам. Биз ўз фаолиятимизни мунтазам такомиллаштириб боряпмиз, авваллари фақат матн билан жалб қилинган ўқувчи бугун сурат, хариталар ва видео билан бойитилган материални талаб қилмоқда. Фуқаролик журналистикасининг бугунги ривожланиш жараёнида эса биз мустақиллик, холислик ва аниқлик орқали ўз ўрнимизни сақлаб қолдик.

Миннесота университети Журналистика ва Оммавий коммуникациялар мактаби профессори, Пулицер мукофоти соҳиби Крис Айсоннинг фикрича, АҚШ аҳолиси ижтимоий тармоқлар васвасасидан қутулган. Бунинг сабаби эса турли блоглар ва шов-шувга берилган сайтлар муаллифларининг тасдиқланмаган маълумотларни етказиши билан изоҳланади. Ўзини ҳурмат қилган нашрлар бундай қилмади ва ўз ўрнини сақлаб қолди. Одамлар онгли равишда ишончли манбаларга қайтишди ва уларга пул тўлаб ўқишга ҳам тайёрлигини билдиришди. Бугун Нью Йорк таймсда 2 миллиондан ортиқ пул тўлаб ўқийдиган онлайн обуначилари бор. Шунга яраша сифат ҳам бир меёрда ушлаб турилибди…

“Стар трибюн” муваффақиятининг 5 сабаби

АҚШда газеталар жиддий молиявий муаммолар қаршисида турган вақтда “Стар трибюн” нашри фойда кўришда давом этмоқда.

– Бизда тўлиқ эркинлик бор ва ҳамма соҳани танқид қила оламиз, – дейди нашр муҳаррири Жон Реш. – Эътиборни халқни қизиқтирган мавзуларга қаратамиз. Бунда ижтимоий тармоқлар бизга қўл келади. Уларда одамларнинг нимага кўпроқ муносабат билдираётгани акс этиб туради. Умуман сўз эркинлиги ОАВ ривожида муҳимдир. Бугун бу борада АҚШ 48-ўринда, лекин мен уни энг олдинги ўринларда кўришни хоҳлардим. Сизда эса сўз эркинлиги борасида юқорилаш кузатиляпти. Биз газеталар инқирозидан қандай чиқдик.

Биринчидан, Газетамиз обуначиларга ва реклама берувчиларга интернет саҳифаларимизда бепул эълон ва реклама жойлаштириш имконини берган.

Иккинчидан, газетада ҳеч қаерда эълон қилинмаган маълумотлар чоп этилади.

Учинчидан, биз корчалонлар эмас, оддий аҳоли учун жуда муҳим бўлган янгиликларни саралаймиз. Айтайлик, қандайдир сиёсий жараёндан кўра маҳаллий крекет жамоасининг навбатдаги ўйини кўпроқ қизиқтиряптими, шунга кўпроқ урғу берамиз. Кимнидир хафа қилиб қўйишдан чўчимаймиз.

Тўртинчидан, замонга қараб такомиллашиб боряпмиз. 20 йил олдин бир финжон қаҳва билан газетанинг қоғозларини шитирлатиб ўқишни афзал билувчилар кўп бўлган бўлса, энди телефонида ҳамма нарса бўлишини хоҳлайдиганлар кўп. Шу сабабли биз ҳам мобил версияларини йўлга қўйдик ва қоғозда чоп этишни максимал даражада камайтирдик. Бу ҳам харажатларни камайтириб, иқтисодий самара берди. Энг асосийси биз яхши контент ярата олишимиз керак. Сиз қизиқ бўлмаган маълумотни бераверсангиз, ўз аҳамиятингизни йўқотиб бораверасиз. Ижтимоий тармоқлар ва электрон почта орқали мунтазам равишда энг қизиқарли мақолаларни эълон қилиб борамиз ва мунозара майдонини яратамиз. Бу эса доимий ўқувчиларимиз билан яқин ҳамкорлик ўрнатишда қўл келади.

Бешинчидан, энди биз шунчаки қоғозда материаллар чоп этадиган газета эмасмиз, балки жамоатчиликни диққат эътиборида бўлган турли тадбирлар ташкилотчиси ҳам саналамиз. Тадбирлар ташкил этиш орқали эса реклама берувчилар сонини оширишга эришдик. ЭНГ КАТТА ХАТО — бошида рақамли форматга ўта бошлаганимизда материалларни бепул тақдим этганимиз бўлган! Текин ўқишга ўрганган одамларни пуллик хизматга ўтказиш анча қийин кечди. Ҳозирда 10 тагача материални бепул ўқиши мумкин, кейин эса тўлов талаб этилади. Бизнинг штатда аҳоли ўқишни яхши кўради. Аҳолини савияси қанча юқори бўлса ўша ерда нашрларга ҳам анча осон бўляпти.

“Портланд трибюн”нинг 44 йиллик тажрибали мутахассиси газеталарни динозаврларга қиёслайди…

Бугун АҚШдаги газеталарни варақлар экансиз саҳифалар сони сезиларли даражада камайганини гувоҳи бўласиз. Бундан ўн йил аввал ҳар куни 100 бетгача саҳифада, рекламаларга тўлиб тошган ҳолда чоп этилган газеталар бугун 20 саҳифада бир ҳафтада 3 маротабагача сотувга чиқариляпти. Журналистлар иш ўринлари ҳам ўндан бирга қисқарган. 100 киши ишлаган таҳририятни бугун 10 киши эпламоқда. Ходимлардан бўшаган хоналар эса бошқа ташкилотларга ижарага берилган.

Питер Ван 44 йилдан буён журналист сифатида фаолият олиб боради. – Мен давлат идораларида янгиликларни ёритишдан бошлаганман, дейди асли хитойлик суҳбатдошимиз. – Матбуот тирик қоладими, ёки динозаврлар каби қирилиб кетадими? Бу савол мени ҳам қизиқтиради, лекин мен нафақага чиққунимча, яъни бунга икки йилча бор, газеталар сақланиб қолиши аниқ…(кулади). Бизда асосан каттароқ ёшли кишилар газета ўқишади, ёшлар эса йўқ…

Авваллари кундалик нашр эдик…(хўрсинади). Йирик газеталар асосан номлари сабабли тирик қолишяпти. Чунки, улар аллақачон брендга айланган. Ижтимоий тармоқлар бугун медиа майдонда гегемонлик қиляпти. Биз иш бошлаганимизда бир оз бўлса-да ўйлаб кўришга вақт бўларди. Бугун у йўқ. Сиз тез ҳаракат қилишингиз керак. Бўлмаса ҳудуди югуриш мусобақасидаги каби ютқазасиз. Олдин газета нашрга кетгандан кейин тин олардик, бугун тунни тонгга улаяпмиз. АҚШда ОАВ ва давлат доим бир бирига қарши бўлиб келган, биз давлатдан ҳеч қандай кўмак олмаймиз ва бу ютуғимиз эди.

Газеталар кейинги 100 йилликда “иккинчи ҳокимият” даражасигача кўтарилди ва бу асосан сиёсатга хизмат қилишдан воз кечганимиз туфайли қўлга киритилган. Бугун қайсидир нашр ўта сиёсийлашса, ўз аудиториясини йўқотади. Авваллари ОАВ ўртасида аниқ фарқ бор эди ва унинг тингловчиси, ўқувчиси ва томошабини бўлган бўлса бугун уларнинг ҳаммаси интернетда бирлашди. Энди биз уларнинг барчасини қизиқишларини инобатга олишимиз керак. Уларнинг барчаси учун маҳсулот тақдим этишимиз керак.Айтайлик газетанинг сайтида нашрда чоп этилган узундан узоқ мақолани тўғридан тўғри эълон қилиш нотўғри. Ундаги асосий маълумотларни саралаш жоиз бўлади. Чунки у мобил версияга ҳам тўғри келиши керак. Подкастлар бугун жуда оммалашди, видео ва аудио янгиликлар кўпроқ одамларни жалб қиляптими, демак, газетчилар ҳам эски қолиплардан чиқиб бу янгиликларни жорий этишлари лозим бўлади.

Яна бир камчилимиз, бугун тажриба қадрланмаяпти. Иқтисодий қийинчиликлар сабабли кўпчилик нашрлар ёш ва тажрибасиз журналистларни ишга олишяпти. Ойлик кам, иш вақти эса кўп. Улар бераётган маошга тажрибалилар кўнмайди-да, моддий қийинчилик туфайли журналистлар матбуот хизматларига ўтиб кетишяпти. Бу эса материаллар сифатига таъсир кўрсатди. Биз ишга келганда бизга ёзишни ўргатадиган тажрибали ходимлар кўп эди, бугун эса ёшлар ўз хатоларидангина хулоса чиқаришади. Бизда сиёсий цензура эмас, иқтисодий чекловлар юзага келди, десам адашмайман.

Сиз молиялаштирган томон ва ҳақиқат турганда қайси бирини танлайсиз?

– Менда, бундай танлов бўлмаган. Лекин, бошқаларда кузатганман. Агар молиялаштирган томонни танласа газета муштарийларидан ажралади. Чунки, бошқа нашрлар бу маълумотни чоп этиши мумкин. Рақобат бор жойда унча бунча нарсани яшириш мушкул.

“Портланд трибюн” нашри ҳақида тўхталадиган бўлсак, у штатдаги асосий газеталардан бири саналади. Бир ҳафтада 3 маротаба нашр этиладиган газетанинг адади 30 минг атрофида. У 22 та газетага эгалик қилувчи холдинг таркибига киради. Бир вақтлар 300 киши ишлаган таҳририятда газетанинг кунлик адади 120 мингдан ортган. 2000 йилда биргина янгиликлар бўлимида 90 киши фаолият олиб борган бўлса, бугун бутун газета жамоасининг сони шунча чиқмайди. Шундай бўлсада жамоа изланишдан тўхтагани йўқ.

Энди асосий хулосаларга келадиган бўлсак, кузатишимизча АҚШда ҳам худди дунёнинг бошқа мамлакатлари каби газеталар ўз муштарийларини сақлаб қолиш учун янгича ишлаш услубига ўтишни, кўплари электрон форматни афзал билишяпти. Америка матбуоти — бизнес, десам муболаға бўлмайди. Мамлакатда давлат ОАВлари деярли йўқ. Фақат хориждагина қаратилган “Америка овози” ёки “Радио Марти”, “Марти телевидениеси” каби бармоқ билан санарли ОАВлар давлатдан молиявий таъминот олади. Шунингдек, жамоат телевидениеси ва радиоси бор, лекин уларнинг аудиторияси жуда камчиликни ташкил этади. Қолган барча нашрлар тижорий асосда фаолият олиб боради. Агар газета фойда келтирмаса у ёпилади. Бир томондан айни ёндашув ўзини оқлайди.

Мен матбуотни душмани эмасман, бизга газеталар албатта керак. Лекин, шунчаки токчалар учун эмас, ўз сўзига эга, одамлар ўқийдиган нашрлар керак.

Ўзбекистон журналистлар уюшмаси сайтида нашрлар бўйича берилган сўнгги маълумот яъни 2018 йилнинг июль ойи ҳолатига кўра, мамлакатимизда – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида, туман ва шаҳарларда 673 номда газета, 341 номда журнал чоп этилмоқда. Шунингдек, 15 номда ахборотнома-бюллетен нашр этилаётир. Шулардан 482 номдагиси давлатга қарашли, 547 таси эса нодавлат ОАВ ҳисобланади. Уларнинг тиражи ҳақида гапирганда уюшма сайтидаги маълумотга кўра саноқлигинаси 10 мингдан кўпроқ бўлган ададда чоп этиляпти. Ҳудудлардаги аксарият газеталарни адади эса 1000 тага ҳам бормайди. Бу уларни фақат зарарга ишлаётганини кўрсатади.

Уларни қанчаси ўқилаётгани ёки анору-олмаларни ўрашгагина яраётгани алоҳида масала. Бизда ҳам соҳада ислоҳотлар қилиш даври келмадимикан?

Бугун нашрлар фақат бир ҳафтада бир чиқиш учун жон сақлаётган вақтда, уларда сифатли журналистика унсурлари намоён бўладими?

Ўз ҳолича ташлаб қўйилган тармоқ нашрларига қанчалик эҳтиёж бор. Уларни ўқишяптими?

Менимча Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бугун жиддий сўровномалар ва тадқиқотлар ўтказиб, уларни қайсилари рақобатбардош экани, қайсилари эса тарихга айланиши лозимлиги ҳақида ўз хулосаларини бериши керак. Балки қайсидир ҳудудий нашр нари борса 3-4 ижодкорнинг меҳнати билан кун кечирганидан кўра, умумий холдингларга бирлашгани яхшироқдир. Майда нашрларда алоҳида бош муҳаррирлар, бухгалтерлар, ижара каби ўнлаб харажатлар ўрнига, айтайлик 50 кишилик ижодий жамоа ишлайдиган салмоқлироқ нашрлар тузиб, уларни давлат буюртмаси асосида молиялаштириб, нашрлар сифатини ошириш кўпроқ натижа берар.

Ёки умуман давлат нашрларидан воз кечилиб, фақат ижтимоий буюртмалар билан ишлашини йўлга қўйиш керакдир. Хуллас саволлар кўп уларга эса жавоблар керак. Албатта хориж тажрибасини тўлалигича олиш ҳам имконсиз. Ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос инсонлари бўлганидек, ўзига хос ёндашув ҳам бўлиши лозим.

Н. Тошпўлатова