Журналист cуриштируви – давр талаби
Бугун ўзбек матбуотида ҳам, жаҳон матбуотида ҳам журналист суриштируви жанрига эътибор катта. Бунинг сабаби жамоатчиликка маълум бўлмаган (ёки тўла маълум бўлмаган), бирор бир ташкилот (мансабдор шахс) хизмат мавқеидан фойдаланиб) сир тутишга, жамоатчилик фикрини чалғитишга ҳаракат қилаётган воқеа-ҳодиса тафсилотини ўрганиш асносида тайёрланган материал, яъни журналист текширувига қизиқиш катта. Аммо бундай материалларда шунчаки шов-шув кўтариш, кимнидир бадном қилиш, йўлини тўсиш эмас, ҳақиқатни аниқлаш, ундан жамоатчиликни хабардор этиш, келгусида содир бўлиши мумкин бўлган бирор иллатнинг олдини олиш асосий мақсад бўлмоғи лозим.
Дунё мамлакатларининг ОАВ фаолиятига доир қонун ёки бошқа меъёрий ҳужжатларида айни шу талаб эътироф этилган.
Матбуот жамиятнинг демократик институтларидан бири экан, жамият ўз олдига қандай вазифа қўйган бўлса, матбуот олдида ҳам айни шундай вазифа туради. Бундан англашиладики, турли жамиятларга мансуб ахборот воситаларининг вазифаси матбуотнинг воқеаларни холис, ҳаққоний ва вақтида ёритишга доир умумий приципларига қатъий риоя қилган ҳолда, у ёки бу жамиятнинг тараққиёт даражасига қараб бир-биридан фарқ қилиши мумкин. Буни ривожланган ва тараққий топган мамлакатларнинг матбуоти билан миллий ривожланиш йўлига энди-энди қадам қўяётган мамлакатларнинг матбуоти мисолида аниқ кўриш мумкин.
Шу ўринда яна айтиш керакки, бугун Германия, Англия, Россия ва Украина матбуоти олдида турган вазифалар бир-биридан кескин фарқ қилади.
Демакки, журналистик суриштирув ҳам турли мамлакатларда турлича аҳамият касб этиши табиий. Масалан, Англияда матбуот неча асрлардан бери мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётининг таркибий қисми, таъбир жоиз бўлса, кўзгуси ҳисобланади. Франция ёки Белгияда, борди-ю кимдир журналистлар тарқатган хабарнинг тўғрилигига шубҳа қилса ва муаллифларни судга берса, журналистлар судда маълумот манбаини ошкор қилишлари шарт эмас, эътирозга сабаб бўлган хабарни ошкор қилишдан аввал ундаги маълумотларнинг тўғрилигини текшириб кўрганлари ва тўғрилигига ишонч ҳосил қилганларини исботлаб берсалар бўлди. Даниялик журналистлар мамлакат қонунларида кўзда тутилганидек, бирор жиноят иши тўғрисида ёзмоқчи бўлсалар, суд ҳукми кучга киргач ва жиноятчи жазо муддатини ўтай бошлаганидан кейингина бу хусусда фикр-мулоҳаза билдиришлари мумкин.
Германияда журналист ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзининг ҳақлигини исботлаб бериши шарт. Масалан, агар у мақоласида расмий ҳужжатдан иқтибос келтирган бўлса, судда ана шу ҳужжатнинг асл нусхасини (ишончли вариантини) намойиш қилмаса, баҳсни ютқазади.
Швецияда журналист суриштируви билан шуғулланиш жамият ҳаётида фахрли ишлардан бири ҳисобланади. Бу иш билан марказий газета-журналларнинг мухбир ёки репортёрлари, вилоятлардаги ижодкорлар ҳам фаол шуғулланади. Улар бирор бир сирни очишга муваффақ бўлишса, мақола ёки репортажларини газета-журналлар таҳририятларига мўмай пулга сотишади. Бу жанрнинг ютуғи ҳам, камчилиги ҳам шунда. Чунки журналист суриштируви билан кўп ҳолларда профессионал журналистлар эмас, махфий сирни ошкор этиб, ном қозониш илинжида бўлган ҳаваскорлар шуғулланади.
Бундай мисолларни Италия матбуотдан ҳам кўплаб келтириш мумкин. Биргина мисол. 1979 йили журналист Карминэ (Мино) Пекорелли ўлдирилади.
Матбуот унинг ўлимида мамлакат бош вазири Жулио Андреоттини айблайди. Тергов ишлари йигирма йил давом этади. Перуджа шаҳри суди уч ярим йил ичида 168 та йиғилиш ўтказади, 231 гувоҳнинг кўргазмаларини тинглайди ва 1999 йилнинг сентябрь ойида Андреоттини айбсиз деб топади. Журналистлар эса бу фикрга қўшилмай, курашни давом эттирадилар. Орадан уч йил ўтгач, Перуджа шаҳрининг апелляция суди ниҳоят Андреоттини айбдор деган қатъий хулосага келади.
Германия Федератив Республикасининг собиқ президенти Кристиан Вульф журналлардан бирининг бош муҳарририга қўнғироқ қилиб, ўзи билан боғлиқ танқидий мақолани чоп этмаслигини сўрагани учун истеъфога чиқишга мажбур бўлди. Буюк Британиянинг энергетика вазири Крис Хьюн 1986 йили бундан 26 йил аввал (!) автомашинасини бошқариб бораётганида тезликни ошириб, йўл қоидасини бузгани, аммо бу айбини яширгани учун жиноий жавобгарликка тортилди.
Машҳур сиёсий шарҳловчи Генрих Боровикнинг ўғли Артём Боровикнинг “Яширин уруш” (“Спрятанная война”) китоби журналист суриштирувининг энг яхши намунасидир. Лариса Кислинскаянинг Россия Федерацияси адлия вазири Валентин Ковалёвнинг ишқий саргузаштлари тўғрисидаги суриштируви вазирнинг истеъфосига сабаб бўлди. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.
Миллий матбуотимизда таниқли журналистлар Холида Аҳророва, Алиназар Эгамназаров, Ҳабибулла Олимжонов, Муҳаммаджон Обидов, Бекқул Эгамқулов, Абдунаби Ҳайдаров, Ёқубжон Хўжамбердиев, Камол Матёқубов, Сафар Остонов, Мурод Абдуллаев, Беҳзод Шукуров, Хуршид Далиев, Турсунали Акбаров, Дилмурод Қирғизбоев, Элвира Тухватуллина ва бошқалар журналист суриштируви жанрида кўплаб жиддий чиқишлар қилишган.
Таниқли тележурналист Муҳаммаджон Обидов кўп йиллар мобайнида жамият ҳаётида мавжуд бўлган муаммоларни чуқур ва ҳар тарафлама ўрганиб, телеэкран орқали эфирга узатилган ва кучли мунозараларга сабаб бўлган туркум кўрсатувларнинг муаллифи сифатида танилганидан ҳаммамиз яхши хабардормиз.
Кейинги йилларда тележурналистикада журналист суриштируви сезиларли даражада фаоллашди, ўз ишини бугунги талаблар асосида қайта қура олган таҳририятларнинг сўзи эшитилмоқда, эътиборга олинмоқда. Матбуотнинг жамоатчилик фикрига таъсирида ижобий ўзгаришларни кузатиш мумкин. Фикримизга “Ҳуррият”, “Ишонч”, “Миллий тикланиш”, “Ўзбекистон овози”, “Фарғона ҳақиқати” каби газеталарда эълон қилинаётган туркум таҳлилий мақолалар, “Кун.уз” сайтида чоп этилаётган журналист суриштируви материаллари (муаллифлар Шуҳрат Шокиржонов, Илёс Сафаров, Исомиддин Пўлатов, Жамшид Ниёзов, Элмурод Эрматов) мисол бўла олади. Давлатимиз раҳбари ўзининг нутқ ва маърузаларида, ижодкорлар билан учрашувларида матбуотни янада журъатли бўлишга, муаммоларнби дадил кўтариб чиқишга ундамоқда.
Журналист суриштируви (тадқиқоти) баъзан носоғлом ниятда (буюртма асосида) ҳам олиб борилиши мумкин. Бунга хорижий матбуотдан (Россия матбуотидан ҳам) кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Журналист ишга киришиш, бирор фактни аниқлашдан аввал якуний хулосани чиқариб қўйса, бундай суриштирув холисликдан мутлақо йироқ бўлади. Буни асло унутмаслик керак.
Аҳмаджон Мелибоев, ЎзМУ доценти.
«Замонавий журналистиканинг долзарб муаммолари II Фарғона халқаро конференцияси» тўпламидан