Тадбирлар

“Замонавий журналистиканинг долзарб муаммолари”

мавзуида II халқаро конференция очилади

Фарғонадаги халқаро медиа анжуманга улкан умидлар боғланган

Марказий Осиёнинг энг йирик ахборот бозорига эга Ўзбекистонда журналистлар орасида мулоқот тобора профессионал тус олмоқда. Соҳа эгалари ва аудитория учун бирдек аҳамиятга молик бу жараён фақат Тошкентда эмас, вилоятма-вилоят олиб борилиши муҳим. Унга эса марказий ёки маҳаллий ҳукумат эмас, айнан журналистларнинг ўзи ва улар аъзо касаба уюшмалари ва мустақил марказлар бош-қош бўлиши керак.

Анжуманлардаги мавзулар бу давралардагина қолиб кетмаслиги керак. Ҳамкасбларни қийнаётган масалаларга eчим топиш лозим. Яқинда АҚШда Марказий Осиёда матбуот эркинлиги ва хавфсизлиги хусусида кечган муҳокамалардан бирида мендан “Ўзбекистонда журналистларни ҳимоя қиладиган ва уларнинг манфаатлари учун курашадиган бирор ташкилот борми?”, деб сўрашди. Тез-тез янграйдиган савол. “Олдингига қараганда кўпроқ муассасалар бу масалада фаоллашган”, дея жавоб бердим. Журналистлар уюшмаси, унинг Фарғона вилоятидаги бўлими, шунингдек, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ва Ўзбекистон миллий медиа ассоциацияси оммавий ахборот воситалари ходимлари равнақи, эркинлиги ва профессионализми учун қайғуриб келаётганини қайд этиш лозим.
Матбуот хавфсизлигини таъминлаш — ҳар қандай мамлакатда энг долзарб вазифалардан бири. Нафақат жисмоний хатар ва зўравонлик ҳоллари, балки онлайн таҳдидлар ҳам авж олган даврда яшаяпмиз. Виртуал дунёда ҳам қабиҳ жиноятлар амалга оширилиши мумкин ва уларни содир этганлар аксарият ҳолларда жазога тортилмайди. Ўзбекистонда журналист ва блогерларга, айниқса, хотин-қизларга нисбатан онлайн босимлар кузатилади. Улар ишлайдиган ташкилотларда кибер-хавфга қарши курашувчи бўлимлар мавжуд эмас. Айримларида бу масалаларга масъуллар бўлса-да, улар индивидуал таҳдидлар, хусусан, аёлларнинг шаъни ва номусига нисбатан қора ишларга, туҳматлар ва ҳақоратларга кўз юмишади. Журналист ва блогерларнинг турли таҳдидлар ҳақидаги даъволарини холис ва ишончли тарзда кўриб чиқиб, чора кўришда кўмаклашадиган бирор мустақил даргоҳ йўқ.

Ўзбекистонда айрим медиа платформалар ўз ходимларини реал ва виртуал ҳимоя қилиш учун зарур механизмларни жорий этмоқда ва бу — ўзига хос ўсиш! Бироқ бу масалалар ҳам камдан-кам ҳолларда очиқ муҳокама қилинади.

Фарғонада шу кунларда ўтаётган медиа мулоқотда бу каби мавзулар албатта муҳокама қилиниб, аввало, маҳаллий муҳитга эътибор қаратилиши керак. Халқаро майдондаги тажрибага таяниш билан бирга, Ўзбекистонга хос мураккаб муҳитда бу борада шу кунгача қилинган ишлар ҳам таҳлил қилиниши зарур.
Ўзбекистон — 2017 йилдан бери нисбатан эркинлашган, журналистлар ҳамда блогерлар фаоллашган жамият. Бу эса ахборот макони чексиз муаммолар уммонида эканини ҳам очиб бермоқда. Фарғонада йиғилаётган ҳамкасблар буни англайди ва анжуманни самарали диалогга айлантиради деган умиддамиз.

Бизни бирлаштирадиган нуқталар

Замон тез ўзгаряпти. Жамият, инсоний қадрият, ижтимоий ҳаёт ва ниҳоят ахборотга бўлган муносабат ҳамда эҳтиёж, уни излаш, қайта ишлаш ва тарқатиш услублари ўзгармоқда. Бугунги журналистика – кечагиси эмас.

Дунё воқеалари, сиёсий жараёнлар шуни кўрсатмоқдаки, давлатлар, унинг раҳбарлари олиб бораётган сиёсатнинг шаклланишига матбуот, журналистика тобора кўпроқ таъсир кўрсатмоқда. Гўёки, сиёсатнинг йўналишини сиёсатчилар эмас, оммавий ахборот воситалари шакллантираётгандек туюлади, баъзида. Ҳозир исталган сиёсий куч аслида ўзи ташкил этган ахборотни таъсир кўрсатиш доираси кенг бўлган ижтимоий тармоқ ёки оммавий ахборот воситасига сингдириши мумкин.

Шундай паллада замонавий журналистиканинг долзарб муаммолари нималардан иборат? 26 октябрь куни Фарғонада бўлиб ўтадиган Анъанавий II Фарғона халқаро конференцияси унинг иштирокчилари учун фикр алмашиш, баҳслашиш майдонини тақдим этмоқда. Конференцияда Америка Қўшма Штатлари, Япония, Корея Республикаси, Хитой, Россия, Туркия, Исроил, Афғонистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг етакчи журналистлари, депутат ва сенаторлар, олимлар қатнашадилар.
Биз турлича қарашларга эгадирмиз. Миллатимиз, динимиз, ҳаётий мезонларимиз турлича. Аммо бизни бир нарса бирлаштиради: воқеликни холис ёритадиган журналистика!

Хуш келибсиз, Ўзбекистонга!
II Фарғона халқароконференциясидаги иштирокингиз самарали бўлсин!