Тадбирлар

Чимён медиафоруми 3-кун: Ўзбекистон имиджини ҳорижда қандай тарғиб қилиш керак?

Медиафорумнинг учинчи кунида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги «Дунё» Ахборот агентлиги бош директори Садриддин Суяров билан мулоқотда шу саволларга жавоблар олинди. Тажрибали дипломат-журналист замонавий журналистикадаги тенденциялар хусусида тўхталди, форум иштирокчилари билан «Дунё» Ахборот агентлигининг иш тажрибасини бўлишди.

— Журналистика соҳасида тарихий бир даврда ишлаяпмиз. Электрон журналистика Японияда 1990 йилларда ривожлана бошлаган бўлса, юртимизга 1996 йилларда кириб келиб, 2010 йилдан мобил алоқадан фойдаланиш орқали кенг оммалашди. Анъанавий босма ОАВларига рақобатчи тарзда электрон ахборот алмашиш воситалари, мессенжерлар, блогерлик фаолияти кириб келди. Жараён шуни тақозо этадики, газеталар янгича услубда ишлашга ўтиши зарур, яъни барча етакчи воситаларда ахборот узатишни йўлга қўйиши, видеоконтентлар билан бойитиши керак,- деди Садриддин Суяров.- «Дунё» Ахборот агентлиги дастлаб «Жаҳон» ахборот агентлиги номи билан фаолият юритган. Чет элларда 12 та мухбирлик тармоқларига эга бўлган. Агентлигимиз мухбирлари дипломат сифатида рўйхатдан ўтиб фаолият кўрсатишган. Айни пайтда 8 та мамлакатда мухбирлик пунктларимиз мавжуд. Жорий йил охирига қадар хорижий тамоқларимиз сони 20 тага етказилади. Мухбирларимиз фаолияти Ўзбекистон ҳақида туркум мақолалар тайёрлаш, хориждаги ўзбек аудиторияси учун ахборотлар етказишдек масъулиятли ишлардан иборат. Мухбирларимиз учун асосий мезон нафақат чет тилларини билиш ва журналистик материаллар ёзиш қобилиятига эга бўлиш, балки тилшунос бўлиш билан бирга мамлакатшунос, ўлкашунос бўлиши, қизиқарли ёндашувлар асосида материал тайёрлай олиши ҳам зарур.

Агентлик директори ушбу медиафорум орқали маҳаллий журналистлар, ижодкорлар билан ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланишини эътироф этди. Зарур кўникмаларга эга журналист кадрлар билан «Дунё» Ахборот агентлиги ҳамкорликка тайёр эканлигини маълум қилди.

Медиафорум қизғин давом этмоқда.

Мухтасар Исақова,
журналист