Янгиликлар

Журналистлар кенгашлари: режалар белгиланди

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими мажлислар залида бўлим фаолиятини янада жонлантириш, янги режа ва мақсадларни амалга оширишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вилоятдаги ОАВ – босма  ва интернет нашрлари вакиллари, блогерлар қатнашишди.

Айтиш керакки, журналистлар, мухбир ва блогерларга ҳар жиҳатдан кўмаклашиш, турли ижодий сафарларга юбориш, уларнинг баҳамжиҳат фаолият олиб боришлари учун шарт-шароит яратиш, муҳим ташаббуслар билан чиқиш бўйича вилоятда ўзига хос мактаб яратилган. Бу сафар ҳам шундай бўлди.

Йиғилишда ижодий уюшма вилоят бўлими раиси Муҳаммаджон Обидов сўзга чиқиб, бугунги глобаллашув ва ахборотлар хуружи даври журналистлар зиммасига улкан масъулият юклаши, фикрлар хилма-хиллигини инобатга олган ҳолда, бир ёқадан бош чиқариб ишлаш зарурлигини таъкидлади.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими қошидаги фахрий журналистлар, ҳарбий-ватанпарварлик, интернет журналистикаси, журналист аёллар, блогерлар, спорт журналистикаси, ҳуқуқий журналистика, экожурналистика ва ёш журналистлар кенгашларида 2021 йилда амалга оширилган ишлар сарҳиссоб қилинди, янги режалар тузилди. Кенгашларнинг раис ва аъзолари сайланди. Мазкур кенгашлар белгиланган муддат ичида ўз мақсад-режаларини тақдим қиладилар ва бундан буён ана шу берилган таклифлар асосида иш ташкил қилиш, фаолият олиб борилади.

Бўлим томонидан жорий йилда бир қанча тадбирлар ўтказиш режалаштирилган. Жумладан, мамлакатимиз ва хорижий ОАВ вакиллари иштирокидаги анъанавий X  Чимён медиафоруми, бошқа вилоятлар журналист ва блогерларининг Фарғонага ва ўз навбатида, фарғоналик журналистларнинг бу вилоятларга ҳамда хорижий давлатларга ижодий сафарини амалга ошириш, ёш журналист кадрларни тайёрлаш каби масалаларга устиворлик берилди.

Йиғилишда бугунги матбуотнинг долзарб масалалари бўйича ҳам таклиф-мулоҳазалар эшитилди, истиқболдаги режалар қабул қилинди.