Янгиликлар

Фармон лойиҳаси муҳокамаси

Орзулар рўёби

Ўзбек журналистикасидаги энг катта муаммолардан бири – бу кадрлар масаласидир. Чунки шаҳар-туман, баъзи вилоят газеталарида ишловчиларнинг аксарияти пенсионерлар. Журналист ёш кадрлар қаерда, деган савол бўлиши табиий. Аксарияти пойтахт Тошкентда қолиб кетишяпти. Қолганлари бошқа соҳаларга кириб кетганлар. Бунга асосий сабаб, моддий манфаатдорлик, десак янглишмаймиз. Чунки маҳаллий босма нашрларда ишловчиларнинг ойлик маошлари ҳаминқадарлигидир.

Бундан буён янгилик жарчилари бўлган журналистлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланадиган бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оммавий ахборот воситаларни қўллаб-қувватлаш ва миллий журналистикани ривожлантириш тўғрисида”ги фармони лойиҳаси эълон қилинди. Лойиҳада таҳририят ва журналистлар учун жуда катта имконият ва имтиёзлар кўзда тутилган.

Жумладан: оммавий ахборот воситаларидан ундириладиган фойда солиғи, ОАВ таҳририятидан оладиган даромадига нисбатан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ставкаси уч йил муддатга 50 фоизга камайтириш белгиланади.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари муассислигидаги даврий босма нашрлар таҳририят иш ҳақи ҳаражатларининг камида 50 фоизи муассиснинг бюджетидан ташқари маблағлари ва туман маҳаллий бюджетининг қўшимча маблағлари ҳисобидан қопланади.

2022 йил 1 августдан бошлаб, давлат органлари ва ташкилотлари муассис бўлган ОАВ ўз таҳририятларида тўлиқ ставкада фаолият юритаётган мутахассислиги журналист ходимларга бошқа тўловлардан қатъий назар меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5 баробаридан кам ойлик иш ҳақи тўлаш тақиқлансин, деб ёзилган.
Шунингдек, лойиҳада журналист кадрлар тайёрлаш, журналистлар соғлиги, дам олиши, қўйингки, ҳамма-ҳаммаси бор.
Хуллас, фармон лойиҳасида журналистларимиз кўнглидаги орзулари ўрин олган.
Бу фармон лойиҳаси орзуларимиз рўёбидир.

Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими мажлислар залида фармон лойиҳаси муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлди. Йиғилишда сўз олганлар лойиҳани қўллаб-қувватлаб, ўз таклифларини ҳам билдирдилар.

Азимжон ХУДОЙҚУЛОВ,
журналист.