Эътироф

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси таҳририятимизда

“Ўзбекистон демократик тамойилларни ҳар соҳада тадбиқ этиш ва мустаҳкамлаш йўлидан қатъий бораётган давлат”. Бу – дунёнинг таниқли сиёсатчилари, давлат арбоблари Ўзбекистонда амалга оширлаётган сиёсий, иқтисодий ислоҳотларга бераётган баҳо, аниқроғи эътирофдир. Бундай баҳо, жумладан мамлакатимиздаги сўз ва матбуот эркинлиги соҳасига ҳам тааллуқлидир. Гарчи цензура расман бекор қилинган бўлсада, ОАВларда яширин ёки ички цензура бор эди. Сўнгги йилларда чин маънодаги фикрлар хилма-хиллиги пайдо бўлди ва у матбуотда ўз аксини топди.

«Фарғона ҳақиқати” – “Ферганская правда” газеталари таҳририяти, журналистлари ҳам бундай имкониятлардан самарали фойдаланмоқда. Газетанинг ҳар бир сонида “мих” мақола – таҳлил ёки асосланган танқидни учратасиз. Муҳими, унга бўлган дахлдор идоралар, давлат бошқарувининг муносабатида. Ҳатто вилоят ҳокимлигида айрим муаммоли мақолалар муҳокама этилиши, чора-тадбирлар кўрилиши одатга кирди. Кўтарилган мавзу ечимини топиб, бундан жамият нафланяпти. Биз, журналистларнинг мақсади ҳам шу.

Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги Фарқулодда ва мухтор элчиси жаноб Дэниел Розенблюмнинг Фарғона вилоятига расмий ташрифи доирасида “Фарғона ҳақиқати” – “Ферганская правда” газеталари таҳририятига келиши, бу ерда журналистлар билан учрашиб суҳбатлашиши сабабларини ҳам юртимиздаги ислоҳотлар натижаларидан излаш керак.

– Очиғи, яқинда АҚШнинг Глобал Медиа ахборот Агентлиги шу ерда ўтказган ўқув-семинаридан сўнг Фарғона журналистлари ижоди, “Фарғона ҳақиқати” – “Ферганская правда” газеталарига қизиқишим ортди, – дейди элчи жаноблари. – Аввало, шуни айтишим керакки, Матбуот уйи менга ёқди. Газеталар 104 йилдан буён мунтазам чиқиб келаётгани эса ҳавас қилгулик. Журналистларнинг иш жойлари, кичик студия ташкил этилгани талаб меъёрларига мос. Сафар арафасида “Фарғона ҳақиқати” – “Ферганская правда” газеталарининг электрон вариантлари билан танишдим. Долзарб мавзуларни учратасиз, ҳар бир сонида. Мен Фарғона журналистикасига муваффақият тилайман.

Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, пандемия бир оз чекинса биз АҚШга журналистлар учун малака ошириш ва танишув турларини ташкил этамиз. Ўшанда бу гал делегация таркибида албатта маҳаллий журналистлар бўлади, деб ўйлайман.

Элчи Дэниел Розенблюм Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими фаолияти билан ҳам танишди. Бўлим бошқаруви қарори билан элчи жаноблари Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлимининг Фахрий аъзолигига қабул қилинди ва унга аъзолик гувоҳномаси ҳамда кўкрак нишони топширилди.

Шундан сўнг таҳририят конференциялар залида водий вилоятлари журналистлари вакиллари билан Дэниел Розенблюм учрашиб суҳбатлашди. Унда журналистика муаммолари, Ўзбекистон-АҚШ муносабатлари ва элчихона матбуот хизмати билан алоқаларни мустаҳкамлаш каби масалаларда фикр алмашилди.
Ташриф чоғида АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси “Фарғона ҳақиқати” – “Ферганская правда” газеталари учун эксклюзив интервью берди.

Муҳаммаджон Обидов,
“Фарғона ҳақиқати” “Ферганская правда” газеталари бош муҳаррири:
– Ўзбекистонга элчи бўлиб тасдиқланганингиз ва фаолият юритаётганингизга уч йил бўлди.
Бу мамлакатимизда рўй бераётган ўзгаришлар, аввало сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар, халқ кайфияти ҳамда муносабатини яқиндан билиш учун етарли вақт деб ҳисоблаймиз. Янги Ўзбекистоннинг ташқи ва ички сиёсатига қандай баҳо бера оласиз? Сизнингча Ўзбекистонда келгуси учинчи Ренессанс рўй берадими?

Дэниел Розенблюм,
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси:
– Ўзингиз яхши биласиз, Ўзбекистонда беш йил аввал яқин ва узоқ муддатга мўлжаллаб кенг кўламли ислоҳотлар бошланган эди.

Бу жараён осон кечмаслигини Президент олдиндан кўра билган. Ислоҳотлар замирида нафақат мамлакат иқтисодини янада ривожлантириш, аҳоли турмуши фаровонлигини яхшилаш, балки азалий қардош давлатлар билан яхши қўшничилик анъаналарини қайта тиклаш, ўзаро тенг шериклик алоқаларини янги босқичга олиб кўзланган. Энг муҳим ва аҳамиятли жиҳатларидан бири давлат ва фуқаролар ўртасидаги алоқаларни ислоҳ қилиш эди, менинг назаримда.

Уч йиллик иш фаолиятим давомидаги кузатувларим бўйича фикрлайдиган бўлсам, Ўзбекистонда юз бераётган муҳим жараёнлар ўз навбатида бошқа ҳолатларни ҳам юзага келтиради. Ҳозирги пайтда аҳоли давлатдан, ҳукуматдан кўпроқ ўзгаришларни кутади. Ўзининг талаб-истаклари, сўровларини кўпроқ олдинга суради. Бу бир томондан яхши, лекин бошқа томондан маълум қийинчилик, муаммоларни кўндаланг қўяди. Уларга ечим топиш ислоҳотлар жараёнида энг мураккаб ҳолатлардан бири деб биламан.

Сиз мендан Ўзбекистонда Учинчи ренессансга эришиш йўлида қандай имкониятлари бор деб сўрадингиз. Президент Ш.Мирзиёев Янги Ўзбекистонни бунёд этиш бўйича фикр билдирганда, кўп бор Учинчи ренессанс ҳақида гапириб ўтган. Менинг ўйлашимча, Ўзбекистон аниқ мақсадига эриша олади. Бунинг учун мамлакатингизда барча имкониятлар мавжуд. Мамлакат салоҳияти жуда юқори. Ўзбекистон бўйлаб сафарларимда гувоҳи бўламанки, бу юртда ватанпарвар, садоқатли аҳоли, зиёли инсонлар яшайди, мукаммал билим-иқтидорга эга бўлган ёш йигит-қизлар бор, улар жуда катта мотивацияга эга. Бир сўз билан айтганда, ҳамиша олға қадам ташлашга тайёр, ёрқин келажакни кўзлаган юртдошларингиз бор. Уларда инсониий салоҳият мавжуд. Иккинчи томони, моддий ресурслар билан боғлиқ. Ўзбекистон бой давлат, қайсики, барча ер минерал ресурсларига эга.

Яна бир муҳим нарсани ҳам айтиб ўтиш керак, у ҳам бўлса, ҳукумат, давлат иқтисодий ривожланишдан тенгликни, барча манфаатдор бўлишлигини таъминлаши керак. Яъни аҳолининг барча қатламлари ислоҳотлар жараёнидан бирдек манфаат кўриши керак . Бу ҳақида айнан Президент ҳам сўз юритган эди. Агар шу ислоҳотлар амалга ошса, Ўзбекистон албатта Сиз айтган Учинчи ренессансга эриша олади.