Чимён ҳақиқатлари ёхуд Фарғонада тўпланган юз чоғли журналист ОАВ тақдирига оид қатор масалаларга қандай ечимлар излашди?
Президент кўрган манзилларда
Чимёнда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва унинг вилоят бўлими ташаббуси билан тўққизинчи бор анъанавий тарзда ўтказилган ушбу медиафорумда Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда мамлакатимизнинг барча вилоятларидан вакиллар қатнашди.
Бу ўзига хос тадбир дастури доирасида иштирокчилар дастлаб Фарғона вилоятидаги кўзга кўринган тадбиркорлик субъектлари фаолияти билан яқиндан танишдилар. Эътиборли жиҳати, бу замонавий корхоналардан айримлари номини ёзсак, бирданига, э, Президент ташриф буюрган номдор жойлар-ку, ташкилотчиларга балли, қаламкашлар учун минг марта эшитгандан кўра, ўз кўзлари билан кўрганлари гўзал иш бўлибди-да, дейишингиз табиий. Шу маънода Марғилон шаҳридаги Рақамли технологиялар марказида бўлиб ўтган ҳамда Олий Мажлис Сенати аъзоси, довруғи баланд тадбиркор-ҳунарманд Иброҳимжон Султонов раҳбарлик қилаётган Ҳунармандлар марказида кечган суҳбатлар ажиб таассуротларга бой бўлди. Айниқса, 400 дан ортиқ иш ўрни яратилган Ҳунармандлар марказидаги эртакнамо манзарани кўрган одам шошиб қолади. Дунёга маълуму машҳур Марғилон атласи, ипакли адрас, сатин, шойи, аъло бахмал каби табиий ипак матоларга турли усуллар билан безак бериш жараёнларини таърифлашга сўз ожиз.
Асли касби шифокор бўлган, айни пайтда эса хорижликлар орасида ҳам довруғ таратаётган ишбилармон замондошимиз, O‘zLiDeP фаолларидан бири Абдураҳмон Ниёзов бошчилигидаги “Fergana stone paper” қўшма корхонаси жуда қисқа муддат, яъни 8 ой ичида хитойликлар билан бирга ташкил этилди. Худди шу корхонага давлатимиз раҳбари келиб, тошдан, ҳа-ҳа, айнан тошдан қоғоз ишлаб чиқарилаётгани учун тадбиркорга улкан омадлар тилаган эди. Бундан руҳланган ишчи-хизматчилар шу кунларда янада улканроқ режаларни рўёбга чиқармоққа интилишаётганини форумга келган журналистларга тўлқинланиб сўзлаб беришди.
Бу йил 14 октябрда чоп этила бошланганига 104 йил тўладиган “Фарғона ҳақиқати” газетасидаги ижодий муҳит билан танишганларнинг ички ҳайратлари бир дунё. Сабаби аёнки, ҳатто манаман деган республика миқёсидаги газета ё журналда ҳам бу ердагидек шароит йўқ ҳисоби. Бугунги замонавий талабларга мос равишда ҳафтада икки марта 11 мингдан ортиқ нусхада босилаётган бу нашрга кўпчилик ҳавас, айримларнинг эса ҳасад билан қарашиям чин. Вилоят ҳокимлиги муассислигидаги “Фарғона ҳақиқати”даги ижодий муҳит, яратилган шароит, алоҳида бино, теша тегмаган мавзулар, бот-бот босилиб турган танқидий мақолаларга Фарғона ҳокими Хайрулла Бозоровнинг ҳам муносабати ижобий. Бизнинг “Хўш, жаноб Обидов, ходимларингиз, сир бўлмаса, қанча ойлик маош олади?” деган саволимизга у киши кулимсираб, ана ўзларидан сўранг, мен баъзи мақтанчоқларга ўхшаб, сал ошириб айтворсам, хафа бўлади, деб қўйди. Сал илгарироқ республика даражасидаги номдор агентликда шов-шувли мақолалари билан танилган ва бугун ушбу таҳририятнинг олд журналистларидан бири Севара Алижоновага юзланамиз.
“Ҳаммамизнинг ишга келиб кетишимиз учун иккита машина ажратилган, бепул тушлик, йилда 8 марта устама мукофот, аёллар учун 7 соатлик иш куни, ойликми, энг ками уч миллиондан бошланади, қолганини ҳисоблайверинг. Тошкондаям бунча рағбатлантириш йўғиди”…
Журналистлик касбми ёки тақдир тошими?
Ростданам шундай бўлади. Аввалги саккизта медиафорумда ҳам жиддий баҳс-мунозаралар, тортишувлар шу тарзда бошланган. Журналист халқининг феъли ғалати. Ҳадеганда сиркаси сув кўтармай қолади, баъзида йўлбарс юракка, баъзида эса қуёнюракка айланади. Лекин ҳар қандай замонда ҳам маддоҳлик, тарафкашлик, муросасозлик обрў келтирмаслигини биладиганлар халқ назарига тушган, аксинча, боридан айрилган ҳам.
Медиафорумнинг онлайн мулоқотида қатнашган “Америка овози” ахборот агентлиги(АҚШ) мухбири Навбаҳор Имомова таъкидлаганидек, бугун Ўзбекистон матбуотига тоза ҳаво кириб келаётгани рост. Ва бу қай кўринишда давом этишини ҳали башорат қилиш мушкул. Айниқса, исталган вазиятда журналист прокурор, адвокат ё судьялик қилишга ҳаққи йўқ. У ҳеч қачон бирор тараф манфаатига хизмат қилмаслиги керак. У холис, ошкора, оғмасдан ишлаши лозим.
Айниқса, кейинги пайтларда халқимиз ишончини қозонишга ҳаракат қилаётган “Дунё ўзбеклари” интернет-газетаси бош муҳаррири Исмат Хушевнинг эътироф қилишича, бундай нуфузли тадбирлар, айтиш мумкинки, дунё ОАВларини қийнаётган муаммолар муҳокама қилинаётган машваратларга бир пайтлар қора парда тортилган ахборот воситаларининг қатнашиши жиддий ўзгаришлардан нишона. Буларнинг бари Ўзбекистон ҳукуматининг очиқлик, сўз эркинлигини таъминлашга интилаётганидан далолат беради десак муболаға бўлмас.
Қарийб бир ҳафта давом этган анжуманда “Би-би-си” ва бошқа хорижий ОАВлар, шунингдек, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, Халқаро пресс-клуб раҳбари Шерзодхон Қудратхўжа, ЎзА миллий ахборот агентлиги бош директори Абдусаид Кўчимов, парламент депутати, таниқли адиб, мураббий Хуршид Дўстмуҳаммад, Қорақалпоғистон Республикаси Журналистлар ижодий уюшмаси раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Кенгесбай Реймов ҳамда қатор республика марказий газеталари бош муҳаррирларининг бугунги кунда жамият ва журналистика олдида энг долзарб бўлиб турган масалалар юзасидан билдирган фикр-мулоҳазалари, таклифлари кўпчиликка манзур бўлди. Шу баҳонада ўнлаб туман ва вилоят ҳокимликлари муассислигида чоп этилаётган газеталарнинг ҳам тақдимотлари ўтказилгани янада ибратлидир.
Обидовнинг кўз ёшлари
Эсласангиз, 2020 йилдаги даҳшатли пандемия Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, айнан ўзбек миллий журналистикаси тарихига “Чимён медиафоруми” деб ёзилажак тадбирнинг тиниб-тинчимас ташаббускори Муҳаммаджон Обидовниям четлаб ўтмаганди. Оғир синовларни бошдан кечирди у. Икки дунё ўртасида муаллақ қолганида уни таниган, танимаган, билгану билмаган етти ёт бегоналар ҳам Оллоҳдан умр тилади, тезроқ соғаймоғини сўради.
– Ишонинглар, бирор кори ҳол рўй берса, аввало фарзандлар, қариндош-уруғ, дўсту ёронлар тиргак, суянч бўлар экан, жонга ора кириб кўнгил сўрар экан. Бошим ёстиқда-ю, ўзимга келганим заҳоти “Чимён-2021”ни ўтказармиканман, деган ўй келибди хаёлимга. Яхши ният, ярим давлат деганлари исботи балки шудир. Кўпнинг дуолари ижобат бўлди, – деди у тадбир бошланишидан бир ҳафта аввал қўнғироқ қилганида хўрсиниб.
Чимён гурунгларини четдан кузатган кишида дастлаб ғалати таассурот қолиши эҳтимол. Лекин мен шу давра ичида ўтириб бевосита кузатдим ва… жайдари хулосаларим ҳозирча шундай: бу дунёда биттагина одам бўлсаям китоб мутолаа қилса, китобхонлик ўлмайди. Дунёда яккашгина саводхон ўқувчи газета ё журнал ўқиса, тафаккур қилса, газетхонлик яшайверади. Интернетга муккасидан берилиб, маънавий дунёси тутаб-ёниб кетаётган башоратчилар хомтама бўлмасин, Президент, ҳукумат, зиёлилар халқнинг эртасини ўйлаётир, ушбу медиафорум ҳам бежиз ўтказилмагани бунинг исботи аслида.
Энди ташкилотчилик бобида ўзига хос мактаб ярата олган Муҳаммаджон Обидов ҳақида тўрт қатор гап айтмасам, ноинсофлик бўлар. Биламан, айримлар бу сўзларни ўқиб, пешонаси тиришар. Лекин тан олайлик-да: шу инсоннинг отасига минг раҳмат, қани, бошқа вилоятдаги бирор шундай мақомдаги раҳбар (бошқа тоифаларни қўяверинг) Чимёндагидек анжуман ўтказа оладими? Йўқ, албатта. Бу одам яқинда етмишга киради, нима кераги бор бунча ташвиш, маломатнинг дейишингиз ҳам мумкин. Шахсан мен Муҳаммаджон акани таниганимга ўттиз йилдан ошган бўлса, бирор кун тинчгина, бамайлихотир, сўрида оёғини узатиб бир пиёла кўк чой ичганини эслолмайман. “Ахборот”да ишлаганида-ку ҳаммамиз биламиз, ҳали водийда, кун ўтиб-ўтмай Оролбўйида, у ёғи муборак ҳаж зиёратида дейсизми, кейин кўрдик, жанубий сарҳадимиз Сариосиё талотумларида, кейин Боткенда жонли репортажлар тайёрлади. Кейин… ҳаёт унинг бошида неча марта тегирмон тошларини юргизди, Яратганга ва яна ўзигагина аён.
Яхшиси, бугунга қайтайлик яна. Шанба. 27 февраль. Медиафорум ниҳоясига етаётганди. Устоз Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “мастер-класс”и ҳаммани ўйлатиб, сергаклантириб қўйди. Жуда аламли ва ўз навбатида кўнгилга таскин бергувчи мулоҳазаларини, таклифларини айтди устозимиз. Саволлар кўп бўлди, жавоблар ҳам. Ниҳоят форум ташкилотчиси Муҳаммаджон Обидовга сўнгги сўз берилди. Шунча кун ўз қувонч-ташвишларини ҳамма билан баҳам кўриб, бирини ака-ука, бирини оғам, бошқасини синглим, қизим деб елиб-югуриб юрган одам жим-м-м бўлиб қолди. Залда ҳам сокинлик эди. Микрофон тутган қўллари қалтираб, елкалари титраб-титраб, “Келинглар, жондай азиз қадрдонларим, хайрлашмайлик, бир-биримизни ҳамиша қадрлаб, йўқлаб, соғиниб яшайлик. Оллоҳ насиб этса, ҳали Чимёнда кўп йиллар учрашмоқ, дардлашмоқ ҳаммамизга насиб этсин!” дея кўзёшларини тиёлмади…
«XXI-asr»