МУСУЛМОН НОМОЗОВнинг қумдек сочилиб кетган ЁЛҒОНЛАРИ
Фейсбукда Азим Рўзиев ва Олимжон Ҳайдаровлар Мусулмон Номозовнинг “Усмоновнинг олтинлари” ҳужжатли қиссасидан парча эълон қилди. Унда менинг 1999 йилдаги Боткен, 2000 йилдаги Сариосиё воқеалари тўғрисидаги репортажларим хусусида ёлғон, тухматдан иборат фикрлар айтилган. Кейинчалик бу парчани ФБ фойдаланувчилари ва айрим интернет сайтлари, масалан, aniq.uz ҳам тарқатган.
Мен Мусулмон Номозов билан телефон орқали гаплашдим. У эълон қилинган парча унинг қаламига тегишли эканлигини тасдиқлади. Ёлғонлари учун узр сўрашдан бош тортди.
Мен ФБ орқали муаллиф билан ади-бади айтишиб ўтирмоқчи эмасман. Фақат у мен ҳақимда ёзганлари ёлғон, тухмат ва бўхтон эканлигини тасдиқловчи бир-икки далил келтирмоқчиман холос. Қолганлари ҳақида тегишли тартибда баҳслашаман.
Шундай қилиб М.Номозов ёзади:
“…. Мен шерикларим билан Боткенга етиб борганимда у (муаллиф қирғиз генералини назарда тутмоқда — М.О.) Ўзбекистонлик мухбирларнинг ҳаммаси ёлғончи, деб тўнини тескари кийиб ўтирган экан….
— Ахир анави телемухбиринг Боткентга келмаганку. Хорижий мухбирларнинг неча кун аввалги хабаридан тасвир ўғирлаб, худди ўзи бориб кўргандай эфирга узатибди!”
Мен уч ой давомида деярли ҳар куни, кун ора Боткендаги воқеа жойидан телерепортажлар бериб борганман. Мана, улардан бир шингил.
М. Номозов яна ёзади:
“…Муҳаммаджон Обидов жангарилар ўрнашган ҳудуддан салкам юз километр наридаги Вахшивор тоғларига чиқиб, ўзини худди душман ўқидан паналаётгандек кўрсатиб. Ваҳимали материал тайёрлади”
Сариосиё воқеаларини бир ўзим эмас мен, тасвирчи ва монтажчидан иборат гуруҳ тайёрлар эди. Биз ҳар куни Сариосиё аэропортидан вертолётда воқеа жойига учиб борар, фақат кечга томон яна вертолётда қайтиб тушгач, репортажни Тошкентга узатганмиз. Мана, улардан бири.
Бу каби воқеа жойидан берилган репортажлар, И.Каримовнинг Сариосиёга сафари ҳақидаги монтаж қилинмаган тўлиқ видео тасвирлар ТВ архивида, президент матбуот хизмати архивида сақланмоқда. Улар билан танишсангиз Мусулмон Номозовнинг ғирт ёлғончи экани маълум бўлади-қолади.
Яна бир гап. Мусулмон Номозов ёлғонни тўқишда «пиру комил» экан. У яна ёзади:
«… Президент узоқдагилар эшитмайдиган қилиб шунақа болахонадор сўкиндики, фикрини сўкиниш орқали етказишга ўрганган ҳарбийлар ҳам бунчалик маҳоратни кўриб, донг қотиб қолишди.
— Ҳе, сендақа ёлғончи журналистни… деб Президент хуморидан чиққунча сўкди… Шундан кейин ўша телемухбир Ўзбекистон телевидениесидан бутунлай кетди. Бу ҳақда шахсан Президентнинг ўзи топшириқ берган бўлса керак.»
Саросиё воқеалари тугагач, унда қаҳрамонлик намуналарини кўрсатган жангчи ва зобитлар қатори тасвирчимиз Шуҳратжон Мирзакаримов Президент Фармонига асосан «Шуҳрат» медали билан тақдирланди. (Аввалроқ менга «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист» унвони берилган эди.)
Сариосиёдан Тошкентга қайтган кунимиз мени Президент девонига чақиришди.
-Сариосиё воқеалари ҳақида видеофильм қиласизлар,-деди Давлат Маслаҳатчиси. — Бу шахсан Президентимиз Ислом Каримовнинг топшириғи.
Девондан катта консултант Ғаффор Хатамов ижодий гуруҳга киритилди. Биз иккимиз видеофильм сценарийсини ёздик. Ёқубов режиссёрлигида «Тажовуз» видефильми ўзбек, рус ва инглиз тилларида тайёрланди. Шу кунлари Олий Мажлис сессияси бўлиб қолди. Унда қатнашаётган Президент тўсатдан мени минбарга таклиф қилди. Ўшанда «Терроризмга қарши кураш тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси муҳокама қилинаётган эди.
-Муҳаммаджон, Сариосиё воқеалари ҳақидаги хулосаларингни гапириб бер, лойиҳага қандай таклифларинг бор, — деди Президент.
Мен Сариосиё сабоқлари ҳақидаги фикрларимни дадил баён қилдим.
Дарвоқе, мени ўшанда ҳеч ким телевидениедан хайдамаган. Яна узоқ йиллар шу даргоҳда ишлаб, нафақага чиқдим.
Ана энди ўзингиз хулоса чиқаринг, Мусулмон Номозов “ҳақгўй”ми ёки ёлғончи? У қумдан қурмоқчи бўлган туҳмат қасридан нима қолди энди?
Мухаммаджон Обидов