Янгиликлар

Сайлов кодекси қандай бўлиши керак?

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда демократик сайловлар ўтказиш, том маънода, муҳим ижтимоий-сиёсий анъанага айланди. Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Сайлов жараёнларида барчамизнинг, аввало, дунёқарашимиз, сиёсий ва ҳуқуқий маданиятимиз, гражданлик позициямиз яна бир бор намоён бўлади”.

Биринчидан, мамлакатимизда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнлари халқаро нормалар ҳамда демократик принципларга тўла жавоб беришида миллий қонунчилик ва сайлов амалиётимизнинг аҳамияти беқиёсдир. Шунинг учун давлат раҳбари 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга йўллаган илк Мурожаатномасида Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш вазифасини кун тартибига қўйди.

Иккинчидан, Сайлов кодекси лойиҳасини тайёрлаш вазифаси 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини 2018 йил — “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурига киритилди.

Учинчидан, Президентимизнинг 2018 йил 6 ноябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси фаолиятини такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан “Сайлов қонунчилиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури” тасдиқланди.

Тўртинчидан, ушбу Дастурга мувофиқ Сайлов кодекси лойиҳасини тайёрлаш ва уни жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш, муҳокама натижаларига кўра лойиҳа матнини такомиллаштириш ва Сайлов кодексини қабул қилиш, шунингдек, бошқа қонун ҳужжатлари ва Марказий сайлов комиссияси ҳужжатларини Сайлов кодексига мувофиқлаштириш режалаштирилди.

Бешинчидан, давлат раҳбарининг 2018 йил 4 октябрда қабул қилинган “Сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, шубҳасиз, сайлов қонунчилиги соҳасида амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. Бу қарор мамлакатимиз сайлов тизими ва амалиётини янада такомиллаштиришга хизмат қилмоқда.

Буларнинг барчаси, бир томондан, мамлакатимизда сайловларнинг нечоғли улкан ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эгалигини кўрсатса; иккинчи томондан, Президентимиз Ўзбекистон тарихида биринчи маротаба Сайлов кодексини ишлаб чиқиш ғоясининг ташаббускори эканини тасдиқлайди.

Ушбу ҳуқуқий ҳужжатнинг аҳамияти

Шуни таъкидлаш лозимки, ўтган икки йил ичида Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилди. “Сайлов кодексининг долзарблиги ва аҳамияти нимада?” деган савол туғилиши табиий.

Биринчи сабаби: ушбу саволнинг жавоби сиёсий ҳаётимизда муҳим аҳамиятга эга бўлган сайлов қонунчилиги ва амалиётининг ҳозирги ҳолати билан бевосита боғлиқдир. Президентимиз таъкидлаганидек, бу борада қабул қилинган қонунлар ва бир қатор қонуности ҳужжатлари ҳалигача яхлит бир ҳужжат шаклига келтирилмаган.

Ушбу ҳаққоний фикрнинг тасдиғи учун сайловларга доир амалдаги 5 та Қонунни санаб ўтамиз:

1. 1991 йил 18 ноябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонун;

2. 1993 йил 28 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Қонун;

3. 1994 йил 5 майда қабул қилинган “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги Қонун;

4. 1998 йил 30 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги Қонун;

5. 1994 йил 5 майда қабул қилинган “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун.

Иккинчи сабаби: сайловларга доир ана шу бешта Қонуннинг барчасида фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари билан боғлиқ деярли бир хил нормалар такрорланган. Сайловга доир қонунларнинг кўплиги ҳам фуқаролар томонидан уларни қўллашда муайян қийинчиликларни юзага келтираётганди.

Учинчи сабаби: шу вақтга қадар юртимизда сайлов жараёнларига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиб-қоидалари қонун даражасида эмас, балки Марказий сайлов комиссиясининг низом ва йўриқномалари билан тартибга солинарди. Масалан, “Сенат аъзоларини сайлаш тўғрисидаги Низом”ни олайлик. Бундай воқелик, ўз-ўзидан, Президентимиз олдимизга қўйган, яъни қонунлар тўғридан-тўғри ижро этиладиган бўлиши керак, деган муҳим талабга зиддир.

Тўртинчи сабаби: ҳозирги кунда дунёнинг 40 та давлатида Сайлов кодекслари қабул қилинган. Ўзбекистонда ҳам халқаро норма ва стандартларга жавоб берадиган ягона Сайлов кодексини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш зарурати туғилди.

Бешинчи сабаби: кейинги даврда амалдаги 17 кодексдан 6 таси, яъни Бюджет, Солиқ, Божхона, Ер, Уй-жой, Шаҳарсозлик кодексларининг қабул қилингани ислоҳотларнинг ҳозирги босқичида мамлакат ҳаётининг энг муҳим соҳаларини кодекслар билан тартибга солишга ўтилганидан далолат беради. Сайлов кодекси лойиҳасининг ишлаб чиқилиши ушбу қонун ижодкорлиги анъанасининг узвий давомидир.

Олтинчи сабаби: Сайлов кодекси лойиҳасида бугунги кунга қадар тарқоқ ҳолда амал қилган сайлов тўғрисидаги қонунлар ва қонуности ҳужжатларини халқаро норма ва стандартлар ҳамда илғор хорижий тажриба талабларидан келиб чиқиб кодификация қилиш, сайлов жараёнига нисбатан ягона шаффоф ва самарали ёндашувлар назарда тутилган.

Бу, ўз навбатида, мазкур Кодекс лойиҳасида ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш кўзда тутилаётган бешта яхлит қонун ва уларга киритилган ўзгартиришлар тўғрисидаги 17 та қонун ўз кучини йўқотишини англатади.

Уни тайёрлашда қайси манбаларга таянилди?

Сайлов кодекси лойиҳасини ишлаб чиқишда, асосан, учта манбага таянилди.

Биринчи манба — сайловлар тўғрисидаги миллий қонунчилик ва сайлов амалиёти. Бу ўринда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, сайловга доир 5 та Қонун ва Марказий сайлов комиссиясининг 40 га яқин қонуности ҳужжатлари, шунингдек, демократик сайловлар ўтказиш борасидаги қарийб 30 йиллик миллий сайлов амалиётимиз асосида иш олиб борилганини қайд этиш лозим.

Иккинчи манба — сайловларга доир илғор хорижий тажриба. Кодекс лойиҳасини тайёрлаш давомида дунёдаги 50 дан ортиқ давлатлар, хусусан, Франция, Нидерландия, Канада, Италия, Швеция, Бельгия, Польша, Албания, Беларусь, Озарбайжон каби мамлакатларнинг сайлов кодекслари ва қонунлари ўрганилди. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, ҳозирги вақтда Франция, Бельгия, Польша, Албания, Арманистон, Озарбайжон, Болгария, Грузия сингари 40 та давлат ўзининг ягона Сайлов кодексига эга.

Учинчи манба — сайловларга доир халқаро стандартлар ва демократик принциплар. Сайловга доир 10 дан ортиқ халқаро ҳужжатлар атрофлича таҳлил қилиниб, уларнинг асосий ғоя ва стандартлари Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси лойиҳаси нормаларига имкон қадар чуқур сингдирилди. Бундай ҳужжатлар жумласига Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги пакт, ЕХҲТнинг инсонийлик мезонлари тўғрисидаги ҳужжатлари, жумладан, 1990 йилги Копенгаген ҳужжати, Парламентлараро Иттифоқнинг Адолатли сайловлар тўғрисидаги декларацияси ва бошқа халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар киради.

Лойиҳа қандай ишлаб чиқилди?

Ҳаракатлар стратегияси ижросини таъминлаш ва давлатимиз раҳбари томонидан белгиланган вазифалар талабидан келиб чиққан ҳолда, сайлов қонунчилиги ва сайлов амалиётини такомиллаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов раҳбарлигида Ишчи гуруҳ тузилди. Унинг таркибидан Марказий сайлов комиссияси, Олий Мажлис палаталари, Адлия вазирлиги, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат ташкилотлари вакиллари, олимлар ва экспертлар жой олди.

Ушбу Ишчи гуруҳ томонидан Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг илк лойиҳаси ишлаб чиқилди. Тайёрланган Сайлов кодекси лойиҳасининг кенг жамоатчилик ўртасида муҳокамаси ва лойиҳа экспертизаси қуйидаги бешта йўналишда амалга оширилди.

Биринчи йўналиш — интернет, яъни ижтимоий тармоқларда Кодекс лойиҳаси бўйича жамоатчилик муҳокамаси ташкил этилди. Шу мақсадда Сайлов кодекси лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида (www.regulation.gov.uz) жамоатчилик муҳокамасига қўйилди ҳамда Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида (www.elections.uz) ўзбек ва рус тилларида жойлаштирилди.

Иккинчи йўналиш — лойиҳа фуқаролик жамияти институтлари экспертларининг жамоат экспертизасидан ўтказилди. Сайлов кодекси лойиҳасининг мазмун-моҳияти туман ва шаҳарлардаги маҳаллалар, меҳнат жамоалари ҳамда ўқув муассасаларида кенг жамоатчилик иштирокида қизғин муҳокама этилди. Бунда, айниқса, сиёсий партиялар ва уларнинг парламентдаги фракциялари фаоллик кўрсатди. Улардан тушган кўплаб таклиф ва мулоҳазалар лойиҳани такомиллаштиришда ҳисобга олинди.

Учинчи йўналиш — Кодекс лойиҳаси бўйича илмий экспертиза амалга оширилди. Бу ўринда лойиҳа бўйича келиб тушган таклиф ва тавсиялар тегишли Ишчи гуруҳ ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти мутахассислари томонидан изчил ўрганиб чиқилганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Тўртинчи йўналиш — Кодекс лойиҳаси юзасидан бевосита амалиётчиларнинг фикр-мулоҳазалари олинди. Яъни лойиҳа вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари раҳбарлари ҳамда аъзолари, шунингдек, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг депутатлари ва мутахассислари иштирокида атрофлича муҳокама қилинди.

Бешинчи йўналиш — Кодекс лойиҳаси халқаро ташкилотларга мустақил халқаро экспертиза учун тақдим этилди. Бу борада Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)нинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) тавсиялари, шунингдек, Европа Кенгашининг Венеция комиссияси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) Ижроия қўмитасидан тегишли хулоса ҳамда фикрлар олинди.

Мисол учун, 2018 йилнинг кузида мамлакатимизга ташриф буюрган Венеция комиссияси экспертлари Ўзбекистонда Сайлов кодекси лойиҳаси тайёрланаётганини ва кейинги сайловларда сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати амал қилиши жорий этилаётганини ижобий баҳолади.

Бу бежиз эмас. Бугунги кунда Президентимизнинг “Сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш ва ундан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари” режаси асосида изчил иш олиб борилмоқда. Шу маънода, олдимизда турган сайловлар нафақат қонунчилик нуқтаи назаридан, балки техник-технологик жиҳатдан ҳам мутлақо янгича форматда бўлиб ўтади.

Бинобарин, ХХI аср — замонавий ахборот-коммуникация технологиялари асридир. Мамлакатимиз сайлов амалиётига замонавий ахборот технологиялари тобора кенг кириб бораётгани, йилдан-йилга сайловчиларнинг сайлов жараёнига нисбатан талабчанлиги тобора ошаётгани, шунингдек, сайловга нисбатан жамоатчиликнинг ишончини янада юксалтириш долзарблиги нуқтаи назаридан қараганда ҳам, Президентимизнинг бу борадаги ташаббуслари халқаро экспертларнинг эътирофига сазовор бўлаётгани айни муддаодир.

Шундай қилиб, кенг қамровли муҳокамалар чоғида Сайлов кодекси лойиҳаси бўйича жами 400 тадан ортиқ таклиф ва тавсиялар келиб тушди. Ушбу таклифлар диққат билан ўрганилди, умумлаштирилди ва Кодекс лойиҳасида эътиборга олинди.

Билдирилган энг муҳим таклифлар овоз беришни ташкил этиш ва ўтказиш жараёнлари, маҳаллий Кенгашларга сайловларнинг хусусиятлари, вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссияларининг фаолияти, номзодлар ва уларнинг ишончли вакилларини рўйхатга олиш, уларнинг ҳуқуқий мақоми, кузатувчиларнинг, сиёсий партиялар ваколатли вакилларининг, оммавий ахборот воситалари вакилларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари юзасидан бўлди.

2018 йилнинг 16-17 ноябрь кунлари Бухоро шаҳрида миллий ҳамда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда Сайлов кодекси лойиҳасининг хорижий экспертлар иштирокидаги муҳокамасига бағишлаб халқаро конференция ўтказилди. Ушбу йўналишда бошқа бир қатор амалий анжуманлар ҳам ташкил этилди. Ўтказилган тадбирлар оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди.

Янгиликлар нималардан иборат?

Сайлов кодекси лойиҳасининг тузилиши — 2 қисм, яъни Умумий қисм — 6 боб ва Махсус қисм — 12 боб, жами 18 боб, 101 модда.

Сайлов кодексининг 26 та янги, энг асосий қоидалари қуйидагилардан иборат:

Биринчи янгилик. Қонунчилик палатасида депутатлик ўринлари учун Ўзбекистон экологик ҳаракати вакилларига квота ажратиш институти чиқариб ташланмоқда. Бунда Қонунчилик палатасида амалдаги депутатлик ўринлари (150 ўрин) сақлаб қолинади.

Иккинчи янгилик. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига номзод кўрсатиш тартиби бекор қилинмоқда.

Учинчи янгилик. Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг ягона электрон рўйхатини шакллантириш Кодекс билан тартибга солинади.

Тўртинчи янгилик. Муддатидан илгари овоз бериш ва сайлов куни овоз бериш учун ягона сайлов бюллетенини жорий этиш орқали “сайлов варақаси” тушунчаси чиқариб ташланмоқда.

Бешинчи янгилик. Сайловларни ўтказиш ёки ташкил этишнинг бошқа масалалари юзасидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби киритилмоқда.

Олтинчи янгилик. Сиёсий партиялар томонидан имзо йиғиш жараёнида сайловчиларнинг бир ёки бир нечта номзодларни ёхуд партияларни қўллаб-қувватлаб имзо қўйиши мумкинлиги белгиланмоқда.

Еттинчи янгилик. Овоз бериш жараёнида сайловчиларга бир нечта белгилардан (+, v, X) бирини қўйиш имконияти берилмоқда.

Бундан ташқари, процессуал, яъни бевосита сайлов жараёнлари билан боғлиқ бир қатор янги қоидалар жорий этилмоқда. Жумладан:

  • Сайлов участкасида овозларни санаш баённомасининг нусхасини дарҳол жойлаштириш тартиби белгиланмоқда.
  • Овоз бериш тугаганидан кейин участка сайлов комиссияси томонидан амалга ошириладиган ҳаракатлар (овозларни санаб чиқиш, баённома тузиш ва бошқалар) кўрсатилмоқда.
  • Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари томонидан участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар бўйича таклифлар киритиш тартиби белгиланмоқда.
  • Қонунчилик палатасига, маҳаллий Кенгашларга сайлов бир вақтда ўтказилган тақдирда, ягона сайлов участкаларини тузиш назарда тутилмоқда.
  • Илгари Марказий сайлов комиссияси қарори билан тасдиқланган Олий Мажлис Сенати аъзоларини сайлаш тартиби тўғрисидаги низомни бекор қилиб, Сенат аъзоларини Кодекс даражасида сайлаш масаласи киритилмоқда.
  • Сайлов комиссияси аъзолари учун янги талаблар ўрнатилмоқда. Бунда номзодларнинг яқин қариндошлари ва ишончли вакиллари, шунингдек, номзодларга бевосита бўйсунувчи шахслар сайлов комиссиясининг аъзолари бўлиши мумкин эмаслиги белгиланмоқда.
  • Номзодлар ишончли вакилларининг Ўзбекистон Республикасидаги сафар харажатлари сайловни ўтказиш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан тўланиши тартиби белгиланмоқда.

Сайлов кодекси лойиҳасида сайлов соҳасига ихтисослаштирилган халқаро ташкилотлар томонидан тавсия этилган таклифлар ҳам ўз аксини топган. Хусусан, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ҳамда Венеция комиссиясининг қуйидаги 10 та тавсияси Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси лойиҳасига киритилди:

— Ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этган шахсларнинг (2,3 минг киши) сайловда иштирок этишини чекловчи нормалар чиқариб ташланмоқда.

— Сайлов округларини тузишда сайлов округларидаги сайловчилар сонининг йўл қўйиладиган максимал четга чиқиши 10 фоиздан ошмаслиги шарти белгиланмоқда.

— Қонунчилик палатасига сайловлар бўйича сайлов округларини тузишда Марказий сайлов комиссияси вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларининг эмас, балки халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг тақдимномаларига асосланиши кўзда тутилмоқда.

— Сайловчилар рўйхатига ўзгартишлар киритиш сайловга 3 кун қолганида тўхтатилиши белгиланмоқда.

— Муддатидан олдин овоз бериш сайловга 3 кун қолганида тугаши белгиланмоқда (олдинги 1 кун ўрнига).

— Жиноят иши қўзғатилганлиги муносабати билан қонун олдида жавобгар бўлган фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида номзод сифатида рўйхатга олинишига рухсат этилиши назарда тутилмоқда.

— Сиёсий партиянинг у ёки бу шахсни номзод этиб кўрсатиш тўғрисидаги ўз қарорини сайловга кечи билан 15 кун қолганида бекор қилиш ҳуқуқига эга эканлиги ўрнатилмоқда.

— Ташвиқот ишларини бошлашда барча номзодлар учун ягона муддат, яъни уларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан бошланиши кўрсатилмоқда.

— Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига номзодларнинг ишончли вакиллари сонини 3 дан 5 кишигача кўпайтириш назарда тутилмоқда.

— Сайлов куни ва овоз бериш бошланишидан 1 кун олдин жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов натижалари прогнозларини, ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни эълон қилиш тақиқланмоқда.

ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси таклиф этган қуйидаги та тавсия Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси лойиҳасига киритилмади:

— мустақил номзодларнинг сайловларда номзод сифатида иштирок этишига ижозат бериш;

— номзодларнинг шаъни ва қадр-қимматини бадном этадиган нотўғри ахборот ва маълумотларни тарқатиш мумкин эмаслиги бўйича оммавий ахборот воситаларига қўйилган тақиқни бекор қилиш;

— сайлов жараёнларини кузатишда “фуқаролик кузатуви” институтини жорий этиш.

Шу ўринда Сайлов кодекси лойиҳасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари сайловларда кузатувчи сифатида иштирок этиши мумкинлигига доир норма мавжуд эканини таъкидлаш лозим.

Шунингдек, Сайлов кодекси лойиҳасида Марказий сайлов комиссиясига оид қуйидаги янгиликлар назарда тутилган.

Биринчи янгилик — Марказий сайлов комиссияси аъзоларига талаблар қўйилмоқда (йигирма беш ёшга тўлган, қоида тариқасида, олий маълумотга, сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлган, жамоатчилик ўртасида обрў-эътибор қозонган ҳамда камида охирги беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаб турган фуқаро Марказий сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин).

Иккинчи янгилик — Марказий сайлов комиссияси аъзолари мақом бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларига тенглаштириляпти.

Хулоса ўрнида айтганда, Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган Сайлов кодекси лойиҳаси ошкоралик, шаффофлик, ҳаққонийлик, холислик каби демократик принципларни ўзида акс эттириб, долзарб мазмун-моҳият ва улкан ҳуқуқий, ижтимоий ҳамда сиёсий аҳамият касб этади. Ушбу Кодекснинг қабул қилиниши, аввало, мамлакатимиз сайлов тизимида қонун ҳужжатлари нормалари такрорланишининг олдини олиш имконини беради.

Энг муҳими, ушбу Кодекснинг ҳаётга татбиқ этилиши мамлакатимизда сайлов жараёнлари янада ошкоралик руҳида ўтишини таъминлайдиган янги, илғор амалиётни жорий этишни ҳуқуқий жиҳатдан кафолатлайди.

Акмал САИДОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси.