Фарғоналик журналистлар Сурхондарёда
Фарғона вилояти журналистлари мамлакатимиз жанубий ҳудудларида юз бераётган ўзгариш ва янгиланишлар билан яқиндан танишиш, ҳамкасблари билан ўзаро тажриба алмашиш, келгусидаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш мақсадида Сурхондарё вилоятига келди.
Термиз темир йўл вокзалида меҳмонлар давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ижодкорлар ва ёшлар томонидан тантанали кутиб олинди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда борча соҳаларда бўлгани каби адабиёт, маданият ва санъатни янада ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар янги босқичга кўтарилди. Журналистларнинг эркин фаолият юритиши, амалга оширилаётган ислоҳотларни холис, тезкор ёритиши учун қулай шароитлар яратишга эътибор кучайтирилди. Шунга мувофиқ Сурхондарё вилоятида ҳам ижодкор зиёлиларнинг муносиб турмуш кечириши, изланиб, меҳнат қилиши, жамиятда ютуқ ва муаммоларни очиқ ёзиши учун зарур қулайлик яратилмоқда.
Фарғона ва Сурхондарё вилоятлари журналистларнинг Термиздаги учрашувига икки ҳудуд ижодкор-зиёлилари алоҳида ҳозирлик кўрди. Вилоятларнинг ижтимоий-иқтисодий, маданий ва бошқа ҳаёти акс этган қўшма газеталар чоп этилиб, ҳамкорликда телекўрсатувлар тайёрланди. Келгусидаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш юзасидан аниқ режалар белгилаб олинди.
Фарғоналик журналистлар ўз сафарларини Термиз шаҳридаги Матбуот уйининг қайта реконструкция қилинган янги биноси фаолияти билан яқиндан танишишдан бошлади.
Мазкур бино бундан ўттиз йил муқаддам фойдаланишга топширилган. Ўтган даврда босма оммавий ахборот воситалари ходимлари етарли қулайликларга эга бўлмаган иншоотда фаолият юритиб келди. Тўрт қаватли бино чорак асрдан кўпроқ муддат таъмирланмагани сабабли унинг ташқи ва ички кўринишлари ночор аҳволга тушиб қолган эди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 3 августдаги Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувидан сўнг мазкур бино қайта реконструкция қилиниб, барча қулайликларга эга муҳташам замонавий иншоотга айлантирилди. Бунинг учун 7 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Иситиш тизими бунёд этилди. Хоналар янги мебеллар, қишда иситиб, ёзда совитадиган замонавий кондиционерлар билан жиҳозланди. Биринчи қаватда матбуот анжуманлари ўтказиладиган кенг, ёруғ зал, кутубхона, китоб дўкони, иккинчи қаватда мажлислар зали, ёш ижодкорлар тўгараги барпо этилди. Бинонинг ҳар бир қавати юксак дид билан безатилди. Иншоотнинг ташқи қисми ҳам тамомила янги, замонавий қиёфада бўй кўрсатди.
Айни пайтда бу бинода вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси, Ўзбекистон Ёзувчилари, Журналистлари уюшмаларининг вилоят бўлимлари, республика марказий нашрларининг воҳадаги мухбирлари, Термиз шаҳрида чоп этиладиган газеталар фаолият юритмоқда.
Икки кунлик сафар давомида фарғоналик журналистлар “Сурхон тонги” ва “Заря Сурхана” газеталари бирлашган таҳририяти, Сурхондарё вилоят телерадиокомпаниясида бўлиб, ижодий мулоқотлар ўтказади. Ўзаро тажриба алмашади.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази билан яқиндан ҳам танишади. Термиз шаҳридаги ҳарбий қисмлардан бирида фарғоналик ҳарбий хизматчилар билан учрашув ўтказилиши режалаштирилган. Термиз шаҳридаги муҳташам Санъат саройида Маннон Уйғур номли Сурхондарё вилоят мусиқали драма театри санъаткорлари томонидан Ризаев асари асосида саҳналаштирилган “Она” спектаклини томоша қилади. Шунингдек, тарихий обидаларни зиёрат қилиб, Термиз шаҳрининг диққатга сазовор жойларини томоша қилади.