Янгиликлар

Ўзбекистон журналистларининг касб этикаси кодекси тасдиқланди

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг IV конференциясида Ўзбекистон журналистларининг касб этикаси кодекси тасдиқланди

Мазкур кодекс муқаддима ҳамда 10 та банддан иборат бўлиб журналистлар ва барча ОАВ ходимлари ўз касб мажбуриятларини бажаришда риоя этиши шарт бўлган маънавий-ахлоқий йўналишларни белгилайди.

Ҳаққонийлик, холислик, адолат, фикрлар хилма-хиллиги ва инсон ҳуқуқларига ҳурмат Ўзбекистон журналистлари фаолиятининг асосий қоидаси ҳисобланади.

Ўзи тарқатаётган ахборотнинг ишончлилигини текшириш ва холис ахборот тақдим этиш журналистнинг мажбурияти ҳисобланади.

Ишончсиз ва далилларга асосланмаган ахборот тарқатган тақдирда журналист зудлик билан ўз хатосини тан олиши, узр сўраб, хатосини тузатиш чорасини кўриши лозим.

Ҳужжат билан журналист касб этикаси талаблари ва меъёрлари бузилиш ҳолатларини таҳлил қилиш ва хулоса чиқариш мақсадида оммавий ахборот воситалари бўйича Жамоатчилик кенгаши тузилиши белгиланди.

Жамоатчилик кенгаши етти кишидан иборат таркибда беш йиллик муддатга Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси конференциясида сайланади.

Жамоатчилик кенгаши журналистлик фаолияти билан боғлиқ баҳсли ҳолатларга ойдинлик киритилишида ёрдамлашади.

Жамоатчилик кенгаши қарори журналистни интизомий, маъмурий ёки бошқа турдаги жавобгарликларга тортиш учун асос ҳисобланмайди, у тавсия хусусиятига эга бўлади.

Кодекснинг тўлиқ матнини «Кодекс» саҳифасида ўқишингиз мумкин.