Эътироф

Ўзбекистон — очиқ эшиклар сиёсати юритаётган мамлакат

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм Фарғонага ташрифи чоғида Ўзбекистон ҳақида «очиқ эшиклар сиёсати юритаётган мамлакат» дея баҳо берди.

Хабарда айтилишича, Фарғона вилоятида бугун 384 та чет эл капитали иштирокидаги корхоналар фаолият юритмоқда. 2018 йил якунига кўра уларда вилоят ЯХМ ҳажмининг учдан бир қисми ишлаб чиқарилди. Америка ишбилармонлар доираси вакиллари ва компаниялари ҳам вилоятга катта қизиқиш билдиряпти. Бундан ташқари қишлоқ хўжалиги, таълим ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик тобора мустаҳкамланиб бораётганини кузатиш мумкин.

«Рузвельт дунёда барча миллатлар аҳил яшасагина мамлакатлар ривожланади, халқлар, айниқса ёшлар келажаги порлоқ бўлади, деганди, — деб айтган Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев элчи билан бўлган учрашувда. — Америка олисда бўлса-да дилларимиз, орзу-умидларимиз бир бирига яқин».

Учрашувда томонлар Фарғона олий ўқув юртларида меҳнат қилаётган Америкалик олим-мутахассисларнинг фаолият муддати яна бир йилга чўзилиши, тиббиёт ва гуманитар соҳаларда беғараз зарур дори-дармонлар етказиб бериш, узумчиликда ҳосилни совуқхоналарда узоқ вақт сақлаш ва экспорт қилишга кўмаклашувчи воситалар тақдим этишни давом эттиришга келишган.

«Келгуси ойда Фарғона вилоятида бўладиган халқаро иқтисодий форумда АҚШ компаниялари вакиллари қатнашишидан манфаатдормиз», — деган Шуҳрат Ғаниев.

АҚШ элчиси Дэниел Розенблюм Фарғона вилоятига ташрифида Фарғона давлат университети, «Мурувват уйи» ва Олтиариқ туманидаги узумчиликка ихтисослаштирилган «Бойматов» фермер хўжалиги фаолияти билан ҳам танишган.