Тадбирлар

Қадр бор бўлсин. Меҳр-эътибор учун раҳмат!

Биз ярим аср “Қўқон садоси” (илгариги “Меҳнат байроғи”) газетаси таҳририятида фаолият кўрсатдик. Ушбу ижодий жамоада танишиб, севиб ва севилиб турмуш қурдик. 

Ижодий фаолиятимиз давомида кўплаб кўрик-танлов ғолиблари сафидан ўрин эгалладик. Журналистик меҳнатимиз ўз қадрини топди. Мукофотларга ҳам сазовор бўлдик. Кўпдан буён пенсиядамиз: бахтли қарилик гаштини суряпмиз.

Биздек фахрий журналистларни эъзозлаш ҳам савобли амаллардан биридир. Бу борада, айниқса, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг вилоят бўлими раиси Муҳаммаджон Обидов томонидан амалга оширилаётган хайрли ишлар ибратлидир. У бошқа таҳририятларни ҳам ана шундай савобли амалларни тез-тез ўтказиб туришга жалб этяпти. Бундан эса оммавий ахборот воситалари ва матбуот тараққиётига катта ҳисса қўшган фахрийлар ва ёш ижодкорларнинг устозлари бўлиб қолган кекса авлод вакиллари мамнун.

Яқинда бўлим кенгаши шаҳар ва туман газеталари таҳририятлари билан ҳамкорликда “Сизларни қадрлаймиз, устозлар!” акциясини ўтказди. Бўлим кенгаши номидан тарихи ярим асрдан ҳам ошган “Қўқон садоси” – “Знамя труда” газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири Мухтасархон Норбоева бир гуруҳ ижодкорлар билан яшаш хонадонимизга ташриф буюриб, бир пиёла чой баҳона суҳбат қурдилар.

Суҳбат чоғида кўпларга устоз бўлиб қолган фахрий журналистлар эсланди, ўтганлар ёд олинди. Ҳозирда фаолият кўрсатаётган ёш журналистларни уларнинг  ҳаёт ва ижод йўлларидан ибрат олишга, бой тажрибаларини ўрганишга даъват этдилар.

Бизга Журналистлар ижодий уюшмаси томонидан юборилган 12 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларидан таркиб топган совға-саломлар мажмуасини топширдилар.

— Сизлар доимо эъзоздасиз, устозлар! – деди уни бизга берар экан бош муҳаррир Мухтасархон Норбоева. – Ижодий фаолиятларингиз ва бой тажрибаларингиз ёш ижодкорлар учун ибрат мактабидир…

Биздек фахрли журналистларни йўқлаш ва меҳр-эътибор кўрсатишни ташкил этган Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг вилоят бўлимига  минг бора раҳмат.

Қурбоной СУЛТОНОВА,
“Шуҳрат” медали ва учинчи даражали

 “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳибаси.

Баҳодир НОСИРОВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси.