Пресс-тур

Умра зиёрати: таассуротлар ва фикр-мулоҳазалар

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими ташаббуси  ва ташкилотчилигида ўн бир нафар эътиқоди мустаҳкам, касбига садоқатли ҳамкасбларимиз Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Муҳаммаджон Обидов бошчилигида Саудия Арабистони Подшоҳлигига Умра зиёратини адо этиш ҳамда бу мамлакат оммавий ахборот воситалари вакиллари билан ўзаро тажриба алмашиш учун борган эдилар. Куни кеча улар Ўзбекистонга қайтдилар.

-Оллоҳга шукрларки, Умра амалларини мақбул даражада адо этиш имкони бўлди, -дейди “Қува ҳаёти” газетаси бош муҳаррири, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Зуҳрахон Алиева. –Биз дастлаб Жидда шаҳрига учиб бордик. Сўнг Мадинага йўл олдик. Пайғамбаримиз (с.а.в) равзаларини зиёрат қилиш, ул улуғ зот васият қилганларидек, минбар ва равза оралиғида намоз ўқишдек бахтга муяссар бўлдик.

-Меҳмонхонамиз шундоққина масчитул Набавий ёнгинасида эди. Беш вақт зиёрат ва намозга чиқдик. Рамазон кунлари бўлгани учун таробех ва таажжуб ибодатларини ҳам шу ерда адо этиш насиб қилди, — дейди “Водил ёғдуси” газетаси бош муҳаррири Собиржон Дадахўжаев.

Фарғоналик журналистлар Мадина шаҳридаги “Қубо” масжиди, “Ухуд тоғи”, саҳобалар дафн этилган Жаннатул Баъқий қабристони, Масчитул-Қиблатайин ва бошқа зиёратгоҳларда ҳам бўлдилар.

-Биз Маккаи мукаррамада ўтказган кунларимизни асло унутмаймиз, — дейди “Ойдин” газетаси бош муҳаррири Ҳатичахон Каримова. –Аввало каъбатуллоҳ пойидаги саҳнда бир неча бор ибодат қилолдик. Қадр кечаси уни қайта-қайта тавоф қилдик. Иброҳим Ҳалилуллоҳ мақоми ва Каъбанинг олтин эшиклари оралиғида  дуога қўл очиб юртимизга тинчлик, халққа омонлик, Ватанимизга равнақ тиладик. Бизга эркин-эмин Умра сафарига бориш ва ибодат қилиш имконини берган давлатимиз, юртбошимизга энг эзгу тилакларимизни айтиб илтижо қилдик.

-Мен Рамазон ҳайити номозини ўқигач, фарғоналик ҳамкасбларим қатори Каъбатуллоҳнинг деворларига бағримни босиб ибодат қилишдек бахтга муяссар бўлдим, -дейди “Янги Фарғона” газетаси бош муҳаррири Азизбек Эрматов. –Билиб-билмай қилган гуноҳларимиз учун мағфират тилаб, руҳимиз янгиланиб қайтдик.

Фарғоналик журналистлар Умра сафарини адо этгач, Ўзбекистоннинг Саудия Арабистони Подшоҳлигидаги Бош консули Сирожиддин Шамсутдинов билан учрашиб, икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, иқтисодий, маданий ҳамкорлик масалаларида суҳбатлашдилар. Шунингдек, Саудиянинг йирик газеталари бош муҳаррирлари, машхур тележурналистлари ва оммавий интернет сайтлари журналистлари билан Жидда шаҳрида учрашиб, ўзаро тажриба алмашдилар.

Умида Мирзаматова

Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими мутахассиси