Пресс-тур

Фарғона наслли арғумоқлари (фото+видео)

Хитойнинг шарқий савдо-сотиқ пойтахти деб ном олган Урумчида ЕМА корпорацияси бўлиб, унинг мўжизалар майдонига айланган кўргазма боғлари мавжуд. Бу ерда олимлар ёшини 130 миллион йилга тенглаётган ўзга сайёралардан тушган комета тошлари қўйилган.

Улар дарҳақиқат ҳайратланарли. Шакл-шамойили, ранги, таркиби жиҳатидан ҳалигача ер куррасининг бирон-бир бурчагида бундай жисмлар учрамаган. Корпорация раҳбари Чен Жифеннинг ишқибозлик “касали” туфайли ер юзига тушган самовий тошлар нархига қарамасдан сотиб олинган ва шу ерда жамланган.

Фото: Тош «ўрмон»

Иккинчи мўжиза – тошга айланган дарахтлар “ўрмони”дир. Ҳудуди 5 гектардан зиёд майдонда ер курраси замининг барча қитъаларидан тош дарахтлар келтириб ўзига хос кўргазмага айлантирилган. Улар орасидаги тор йўлакчалардан борар экансиз, табиатнинг ақл бовар қилмас қудратидан лол қоласиз. – Буларнинг ҳар бири бир-бир ярим миллион йиллик ёшга эгалигини ёзибдилар, олимлар, – дейди хитойлик ҳамкасбим, “Контимост” журналининг мухбири Хэ Цзинь Хун. – Лекин корпорация мўжизаларининг асосий майдони ҳали олдинда. Мен бу не мўжиза экан дея юрагим ҳапқириб Хэ Цзинь Хунга эргашдим. Биз сунъий шаршара, жасмин гуллари боғидан ўтиб ёғочдан ғоят гўзал қилиб қурилган ҳашаматли бино олдига чиқдик.

МАВЗУГА ОИД:

Хитой телевидениесида Фарғона ҳақидаги теледастурлар дунёга намойиш этилмоқда (видео)

– Бу ЕМА корпорациясининг отхонаси, – деди ҳамрохим. – Гап шундаки, бу ерда дунёнинг энг наслли отлари боқилади. Уларнинг аксарияти сизнинг юртингиз Ўзбекистон, Фарғонадан келтирилган. Ҳар бир арғумоққа нақшинкор эшикли алоҳида отхона, уч-тўрт эшик олдида биттадан отбоқар. Мана, улардан бири қоп-қора арғумоқни етаклаб чиқди. Оёқлари узун. Бўйни чўзиқ. Танаси текис бўлса ҳам бели бир оз чўккан. Бошдан белгача тик ёли унга янада чирой берган. Ихчам кийинган йигирма беш ёшлардаги бир йигит отни қабул қилиб олди ва енгил сакраб устига минди. Арғумоқ йўрғалаб кетди. Ортидан чиқдик. Уч-тўрт минг томошабинга мўлжалланган, ўртаси ғоят текис ва ораста отчопар эди олдинда. Отнинг тўрт оёғигина эмас, бўғинлари алоҳида-алоҳида ҳаракат қилар, ўргатувчиси йўриғига сўзсиз итоат этиб, енгил ва чиройли одимларди.

– Энди бу ёққа қаранг, – деди Хэ Цзинь Хун майдон тўрини кўрсатиб. Отчопар пештоқида Хитой халқ Республикаси ва Ўзбекистон байроқлари хилпираб турарди. Остида эса хитой тилида: “Бу ерда Фарғона наслли отлари боқилади” деб ёзилганди. – Жаноб Чен Жифен юртингиздан мана шу каби отларни келтириб тарбиялаяпти, – деди ҳамкасбим кулиб ва чавандозга қарата нималардир деди. От бошини биз томон буриб йўрғалади.

– Исмим Акёр Муҳаммад, – деди чавандоз саволимизга жавобан. Мен у билан ўзбек тилида бемалол гаплаша бошладим. – Урумчи ва Пекинда корпорация отхоналари бор. Бу ерда энг наслдор 90 та от боқилади. Уларнинг 40 таси Фарғона арғумоқлари наслидан бўлиб ҳали тойлигидаёқ Ўзбекистондан олиб келинган, – дейди Акёр Муҳаммад. – Пекинда эса яна 15 та шундай отлар бор.

МАВЗУГА ОИД:

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими таклифи асосида Хитой марказий телевидениесининг “CCTV-4” канали ижодкорлари сайёҳлик салоҳияти, халқимизнинг урф-одат ва анъаналари ҳақида лавҳалар тайёрлади.

Фарғона наслли отларини Хитойга олиб келиниши аслида янгилик эмас. Хитой тарихий манбааларида қайд этилишича, эрамиздан аввалги II асрда Хитой императори У Ди душманларга қарши курашда тарафдорларни топиш ва кўндириш мақсадида элчи Жан Ченни мамлакат шарқига сафарга юборади. У ватанига қайтгач (эрамиздан аввалги 138-126 йиллар) Фарғона водийсида бўлгани (ўша пайтда бу водий Довон деб аталган), бу ерда 70 дан зиёд ҳунармандчилик ривожланган шаҳар-қишлоқлар борлиги, мевалари ширин-шакарлиги, матогарлик ривожлангани ҳамда оёқлари узун, ғоят учқур ва гўзал наслли отлари борлиги ҳақида императорга ҳисобот беради. Ўша даврдаёқ элчи узум кўчати билан бирга бир неча арғумоқларни карвонга қўшиб олиб кетган эди. Шу-шу, Хитойда юртимиз отларига ихлос юқори. Пекин ва Урумчидаги ЕМА корпорацияси отхоналарида тарбияланаётган Фарғона зотли отлари икки минг йил аввалги арғумоқлар наслидан бўлса ажаб эмас.

Муҳаммаджон Обидов

Пекин-Урумчи-Тошкент.