Эътироф

Хитой телевидениесида Фарғона ҳақидаги теледастурлар дунёга намойиш этилмоқда (видео)

Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими Хитой журналистлари ассосиацияси билан бевосита ижодий алоқалар ўрнатган. Сўнгги икки йилда 31 нафар фарғоналик журналист Хитой оммавий ахборот воситаларида ўзаро тажриба алмашиб келди. Ўз навбатида Хитойнинг 33 нафар таниқли журналисти ижодий уюшма вилоят бўлими таклифи билан Ўзбекистонга, Фарғонага ўзбек ҳамкасблари фаолияти билан танишгани келишди. Бу каби ҳамкорлик натижасида ёзилган мақолалар, тайёрланган телекўрсатувлар туфайли икки мамлакат халқлари бир-бирини янада яқинроқ билиши имконияти яратилди.

Ўтган йилнинг сўнгги ойларида CCTV-4 Умумхитой “Дўстлик” телеканалининг ўн бир нафар телеижодкори Фарғона вилоятида бўлишди. Бу ерда улар журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлими фаоллари билан ижодий учрашувлар ўтказди. Газеталар таҳририяти, телерадиоканаллар иш фаолияти билан танишди. Икки ижодий уюшма ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш ҳақида келишиб олинди.

– Ўшанда хитойлик телеижодкорлар журналистлар ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими иштирокида бешта мавзуда телекўрсатув тасвирга туширган эди, — дейди бўлим раиси Муҳаммаджон Обидов. – Шу кунларда кўрсатувларини дунёнинг 170та давлатида қабул қиладиган CCTV-4 канали “Буюк ипак йўлидаги Марғилонга саёхат”, “Ипак жилолари”, “Ҳунармандлар сулоласи”, “Фарғонанинг учқур отлари” ҳамда “Конфуций Фарғонада” деб номланган теледастурларни дунёга намойиш этмоқда. Уларда қадимий Марғилон тарихи, буюк зотлари, ҳунармандчилик анъаналари, вилоятдаги тарихий-маданий мерос, сайёҳлик салоҳияти, халқимизнинг урф-одатлари ва анъаналари, юртимизнинг бетакрор табиати ҳамда ажойиб одамлари ҳақида самимий ҳикоя қилинган. Айниқса, пилладан шохона матоларгача бўлган ишлаб чиқариш жараёни батафсил лавҳаларда акс эттирилган.

Тарихий манбаларда қайд этилишича, бундан 21 аср муқаддам Хитой императори элчиси Фарғона водийсига келган. Бу ернинг жўғрофий тузилиши, табиати, ўсимликлари, халқининг урф-одатлари, касб-кори ҳақида ёзиб қолдирган. У ўзи билан узун оёқли қорабайир наслли учқур отлардан, узум, ёнғоқ уруғи ва кўчатидан олиб кетган. Императорнинг буйруғига кўра бу кўчатлар Хитойда маҳаллийлаштирилган.

Хитойлик телеижодкорлар элчи босиб ўтган манзиллар хусусан, Қувасой шаҳридаги “Водий тулпорлари” қорабайир от наслчилик мажмуаси ҳақида ғоят қизиқарли кўрсатув тайёрлади.

Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими ташаббуси ва ҳамкорлигида кетма-кет уч марта ўзбек ва хитой тилларида чоп этилган Конфуцийнинг “Суҳбат ва мулоҳазалар” китоби Ўзбекистон-Хитой маданий алоқаларини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса деб айтилади кўрсатувларнинг бирида.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бу кўрсатувлар хитой тилида бўлсада, инглиз тилига таржима қилиниб субтитр (тасвир остидаги матн) билан эфирга узатилди ва телеграм, youtube каби тармоқлар орқали ҳам тарқатилди.

Умида Мирзаматова,

Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими мутахассиси