Янгиликлар

Фарғоналик журналистлар Мадинадан Маккага йўл олишди

Хабарингиз бор, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими раиси Муҳаммаджон Обидов раҳбарлигида бир гуруҳ Фарғоналик журналистлар Умра  амалларини адо этишмоқда.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Муҳаммаджон Обидов сафар таасуротлари, қизиқарли маълумотлар билан мунтазам Ўзбекистон телевидениясининг янгиликлар дастурига видео хабарлар етказиб турибди.

Хабарларга кўра, зиёратчилар Макка шаҳрида бўлиб туришибди. Улар мана шу кунларда  Лайлатул қадр кечасини ўтказиш бахтига муяссар бўлишмоқда.

Шунингдек, сафар мобайнида саудиялик журналистлар билан ижодий учрашув ва мулоқотлар, ўша ерда истиқомат қилувчи ватандошлар билан дийдорлашув, Ўзбекистоннинг Жидда шаҳридаги консуллигида бўлиш режалаштирилган.


УМРА ЗИЁРАТИ ҲАҚИДА

Умра — зиёратнинг қисқартирилган шакли бўлиб, у фақат Масжиди Харамда бўлиб ўтади. Арофат тоғи ва Мино водийсига борилмайди. Шунингдек, зиёратни йилнинг исталган вақтида амалга ошириш мумкин.

КААБА ТОШИ ЁКИ “ҲАЖАРУЛ — АСВАД” АФСОНАСИ

Айтишларига қараганда, ушбу тошга Муҳаммад пайғамбарнинг қўли теккан. Афсонага кўра, ушбу тош Худо Таолло томонидан Одам Ато ва Момо Ҳавога совға қилинган. Ўша вақтда у оқ рангда бўлган, лекин кейинчалик инсон гуноҳларидан у қорайиб кетган. Бошқа маълумотларга кўра, ушбу тош метеорит бўлаги, лекин бу ҳали тасдиқлангани йўқ. Тавофидан сўнг Масжиди Ҳарам ичида икки ракат намоз ўқилади ва Зам зам қудуғидан сув ичилади.

ҚАДР КЕЧАСИ ФАЗИЛАТЛАРИ

Рамазон ойи охирги ўн кунлигининг тоқ кечаларидан бирида “Қадр кечаси” яширилган бўлиб, унда қилинган тоат-ибодат ва яхшиликлар бошқа минг ойдаги амаллардан яхшироқдир. “Қадр” сўзи улуғ даража, қадр-қиммат, тақдир маъноларини англатади. Ушбу кечада Аллоҳ таоло фаришта Жаброил (алайҳис-салом)га Қуръони каримни Лавҳул маҳфуздан дунё осмонига олиб тушишни буюрди. Сўнгра у ердан йигирма уч йил давомида Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га босқичма-босқич нозил қилинди. Қуръони каримнинг биринчи нозил қилинган “Алақ” сурасининг 5 ояти ҳам айнан Қадр кечаси туширилди. Мана шу бир кечада бажарилган ибодат саксон уч йилдан кўпроқ муддат ичида қилинган ибодатга тенг бўлади. Бор – йўғи бир неча соатлик ушбу кечани ғанимат билиш лозим.