КИТОБ ТАҚДИМОТИ КЎТАРИНКИ РУҲДА ЎТДИ
Марғилон шаҳридаги Рақамли технологиялар марказида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Муҳаммаджон Обидовнинг “Кусто оролида 10 кун” номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда адабиётшунос олимлар, Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмаси аъзолари, вилоят ОАВ ходимлари, эркин ижодкорлар, маънавият жонкуярлари ва адабиёт мухлислари иштирок этди.
Тақдимотда Фарғона давлат университети профессори Йўлдошхўжа Солижонов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятлари бўлими раҳбарлари Дилшода Эргашева, Зиёвуддин Мансур, Хуршидабону Қўчқорова, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Наманган вилояти бўлими раиси Носиржон Деҳқонов, шоира Зуҳра Алиева, фахрий журналист Матлубахон Абдураҳмонова ва бошқалар Муҳаммаджон Обидовнинг ўзбек журналистикаси ва адабиётига қўшаётган салмоқли ҳиссаси ҳақида тўхталиб ўтишди. Саёҳат шинавандаси бўлган муаллифнинг самарали меҳнати, тинимсиз изланишлари, ўқиб-ўрганишлари натижасида яралган “Кусто оролида 10 кун” саргузашт қиссасининг мазмун-моҳияти, унда илгари сурилган ғояларга муносабат билдирдилар. Журналистика ва адабиёт бир-бирига ҳамоҳанг, асоси – сўз, соҳа вакиллари эса бу қурол ёрдамида битилган асарлари билан муштарийлар қалбига кириб борувчи фидойилар эканини таъкидлашди.
– Саёҳат туркумида кўп асарлар ёзилган, бироқ “Кусто оролида 10 кун” асари ўзбек адабиётига янгича руҳ олиб киради, албатта. Муаллиф узоқ орол манзаралари, у ерда яшаётган қабилалар урф-одатлари, турмуш тарзини кенг очиб бериш баробарида, жамиятимиз оғриқларига ишора беради. Асарнинг тили жуда содда, равонлиги билан китобхонни ўзига жуда тез ошно этади, –дейди “Репетитор” газетаси таъсисчиси Муҳаммадвали Маматвалиев.
Тақдимот якунида “Кусто оролида 10 кун” китоби муаллифи Муҳаммаджон Обидов асарнинг ёзилиш тафсилотлари ҳақида гапириб берди.
Маҳиёра БОЙБОБОЕВА.