Эътироф

ЧИНОР

(Фарғонанинг оташ фарзанди Муҳаммаджон Обидовга)

Одатда бирор ишни бошлаш ёки ниманидир ёзишга киришиш ижодкор аҳли учун анчайин муддатни талаб этади. “Чимён” кунлари руҳим қатларига сингиб, оқ қоғозга кўчгунга қадар ўзимни гуноҳкорлик ботқоғида ҳис қилиб юрдим.

Ҳар олти соат давомида олдимизга ёзилаётган дастурхондаги ноз-неъматлардан тортиб, руҳимга бахш этилаётган битмас-туганмас маънавий озуқалар учун шу замин, шу табиат, шу мулки саховатга бошим ерга етгунча таъзим келтиришим менинг гардимдаги қарзимнинг карра-каррасига ҳам урвоқча бўлмас. Демоқчиманки, бу улкан қарзлар ортида учқур, гоҳ наздимда чуқур фаҳм этган хаёлларимнинг бўйлари етмаслиги ожиз фит­ратимга янада ожизлик келтиради. Ушбу муҳташам “йиғноқ”ни бизга аржуманд этган исмни ғоят истиҳола ичида тилга оламан — Муҳаммаджон Обидов!

Муҳаммаджон ака!

Ўша гўзал аржумандларда устозимиз Аҳмаджон Мелибоев сизга бир вақтлар устоз Озод Шарофиддин хат ёзгани ҳақида айтиб ўтдилар. Шу тобда менинг хижолатимдан қоғознингда юзи қизариб бораётгандай. Неча кунки ичимга қамаб олганларим тонг нурларига қоришган кўйи санаторий биқинида ҳайқираётган сойнинг оппоқ кўпиклари юзида чўлғониб оқиб келаётгандай. Халоскорим қалам яна қитирлай бошлади. Беихтиёр тилингга сўз айтишдек неъмат ато этилганига, одамзотга чинор янглиғ фарзандлар берганига шукр, деган калима келади.

Чинор. Сўлим Фарғонанинг рамзига айланган, она тупроқ бағрига илдиз отиб, томир ёйиб кетган, бошида осмонни кўтарган Ота дарахт. Сизни беҳудага шу дарахтга қиёслагим келмади. Зеро, “Чимён” медиафорумида бизга ўзларининг умр йўллари, нодир илму ахлоқи, чуқур тафаккурини ўртоқлашган устозларнинг ҳар бирини асрлар юзини кўрган, гарданида асрлар юки турган улкан чинорларга менгзаш дилга озор етказмас, деган андишадаман.
Аҳмаджон Мелибоевнинг сокин товуши остида қулоқларимизга журналистика ва адабиётда унутилиб келаётган “Эпистоляр” жанр, яъни мактуб жанрининг нечоғлик аҳамиятга эга эканлиги шууримизга сингиётгандай…

Япония матбуоти билан ўхшаш жиҳатлар, мавқеимизнинг тенглиги андак кўнглимизга таскин бўлса-да, даражамиздаги узилишлар ҳуш­ёрликка ундагани рост…

“Жаҳон” Ахборот агентлиги бош директори Садриддин Суяровнинг нафақат сўзлари, суврату сийратининг ўзи бизга чинакам журналист этикасидан дарс бериб турди…

“Америка овози”нинг жасоратли журналисти Навбаҳор Имомованинг эришган мавқеи “а

Оммавий ахборот воситалари орасида бугун енгил кун кўрмаётган босма нашрларнинг ва уларда фаолият кўрсатаётган журналистларнинг тақдири, ўзимизга тегишли бўлган қонунларни билмаслигимиз ва ўрганишни унутиб қўйганимиз бир қадар ишимизда таназзулга юз тутишга сабаб бўлаётганини рўй рост ҳақиқатлар билан етказишга уринган Бобур Алихонов ва бошқа бир қатор таниқли журналистлардан маслаҳатлар олиш илинжида тадбирлардан сўнг ҳам атрофидан ҳамкасблар аримади…

Қадрли Муҳаммаджон Обидов!

Форум ўнинчи бор ташкил этилаётгани, ўн йилдирки, ушбу анъана ўз йўлини тўхтатмагани бежиз эмас! Не машаққатлар ичида юзага чиқадиган бундай ҳодисанинг ўлчовига тарози бормикан?! Тарози бўлганида ҳам адолатли тарозибон бўлиш бурчимиз. Учрашувлар сўнгида қорачуғларингиздан сизиб чиққан томчилар беҳад улкан шахснинг нақадар олийҳиммат қалбидан нишона эди. “Келаси сафарги шундай кунларга етармиканман…?” деган ўй дилингизни ўртаб ўтгани, ниҳоятда ҳуш­ёр, зийраклик билан ўзингиз юраётган йўлга боқибгина қолмай, уни эътиқод кўзи билан мушоҳада этаётган донишона тафаккурингиз инъикоси эди. Сафаримиз тобора қариб бораркан, ушбу форум тўғрисида ижтимоий тармоқларда тарқалаётган турли фикр-мулоҳазаларга дуч келдик. Уларнинг нечоғлик ҳақиқатга яқин ёки йироқлиги қалбларгагина аён.

Ҳазрат Паҳлавон Маҳмуднинг шундай сатрлари бор:
Қумурсқа бўл, фил каби гар зўр бўл сен,
Кимхобда азиз бўл-у юпун, хўр бўл сен.
Кўзингни очиб, жаҳонда бор айбларнинг
Барчасини кўруб туриб, кўр бўл сен.

Устоз Матназар Абдулҳаким юқоридаги рубоийга ўзининг қуйидаги ташбеҳларини берган. Уни борича сиз билан баҳам кўрмоқликка ижозат бергайсиз. “Бу ерда жувонмардийлик маслаги хусусида фикр боради. Яъниким: Фил каби зўр бўла туриб, чумолидек ожизнинг аҳволидан хабардор бўлиш, кимхобга бурканиб, ўзни юпун-хўрдек тутиш. Бу шунчаки қайдлар эмас, балки фаолиятга ундовчи даъватномалардир. Чунки кимхобда бўла туриб, ўзини юпун ҳис қилган одам ўз тимсолидаги ўзга юпунларнинг қашшоқлигини бартараф этиш учун кураш олиб бормоғи шубҳасиздир. Филдек зўр киши чумолининг аҳволини англаса, уни ўзига тенг кўради, топтаб ўтиб кетмайди. “Кўзингни юмиб, жаҳонда бор айбларнинг барчасини кўриб туриб кўр бўл сен”, дейилишининг ҳам ўзига хос ҳикмати бор. Бу ҳикмат назаримизда, шундан иборатки, айбдорларнинг айбини тузатиш учун ҳам, уларни севиш, ўзинг билан тенг тутиб, ардоқлаган ҳолда оҳисталик билан уларнинг ўзларига қарши эмас, балки уларнинг айбларига қарши кураш олиб бормоқ керак”.

Зеро, зиё аҳлининг нияти ҳам, аъмоли ҳам шу. Бу ҳақиқатларни англашни яна бир бор ўргатди бизга “Чимён” анжумани. Сиз яратиб берган етти кунлик мўъжизалардан кўп хушвақт қайтдик. Беҳад ташаккур ва эҳтиромимни қабул этсангиз.

Муҳаббат САПАЕВА,
журналист.

(“HURRIYAT” мустақил газетасининг 30 март, 12-сонидан олинди).