Эътироф

Янада мароқли ва серқирра форумлар кутиб қоламиз

Тўғри, бу дунёда ҳамманинг ўз назари ва ҳақиқати бор, аммо фактлар барча учун бир. Шундай экан, холис ва ҳаққоний журналистика сув ва ҳаводек зарур. Касбимиз ва соҳамиз метин тамойилларга эга. Курраи заминни ишончли маълумот тебратади — энг эркин ва энг ёпиқ жамиятларда ҳам буни ҳеч ким ҳеч қачон ўзгартира олмайди, чунки инсонга ҳамиша у таяна оладиган ахборот керак, акс ҳолда жабрини тортади. Чимёнда ҳар йили Ўзбекистон журналистлар ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими Муҳаммаджон Обидов бошчилигида ўтказадиган медиа форумда бу сафар шу ҳақда ва бошқа долзарб мавзуларда гаплашдик.

Форумнинг ўнинчи йилида бешинчи марта иштирок этдим, илк бор шахсан ўзим бордим. Ўзбекистоннинг барча вилоятларидан келган ҳамкасблар билан дийдорлашиб, фикр алмашиб, бошим осмонга етди. Журналистика фахрийлари билан ҳам вақт ўтказиб, севиндим. Соатлаб чақчақлашдик. Соғ бўлинглар, азизлар, фаолиятимизга барака.

Мухаммаджон Обидов, Ўзбекистонда медиа форум деганда сизнинг тадбирларингизни тасаввур қиламан, улар давом этади деган умиддаман. Медиани медиа лидерлар йиғади, мутассаддилар ёки ҳукумат эмас. Биламан, юзлаб одамни бир жойга тўплаш, бир-биридан қизиқ ва фойдали сессиялар ташкил этиш, мезбонлик қилиш узоқ вақт, катта маблағ, қаттиқ меҳнат, кучли ғайрат талаб қилади. Аммо, буни менинг назаримда, Ўзбекистонда сизчалик бошқа ҳеч ким эплолмаган ва эплолмайди. Шундай экан, янада мароқли ва серқирра форумлар кутиб қоламиз ва уларга ҳисса қўшишга тайёрмиз. Ташаккур!

Навбаҳор Имомова,
«Америка Овози»нинг етакчи мултимедиа журналисти.