Тадбирлар

Журналист кадрларнинг ижодий фаоллиги оширилмоқда

13-март кунида старт олган Чимён Х медиафоруми республикамизда фаолият кўрсатаётган оммавий ахборот воситаларида демократиялаш жараёнларини чуқурлаштириш, хориж тажрибаси ва журналистикага қўйилаётган замонавий талаблардан келиб чиқиб, вақтли матбуот ва интернет тизими журналист кадрларининг ижодий фаоллиги ва касбкор малакасини янада ошириш мақсадларига хизмат қилмоқда.

Бугунги медиафорумда Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари фаолиятини меъёрлаштирувчи қонунлар, уларга киритилиши кутилаётган ўзгаришлар ва янги қонун лойиҳалари мавзусида сўз борди.
Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати технологиялари масалалари қўмитаси раис ўринбосари Дониёр Ғаниев ва Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, қўмита аъзоси Умиджон Жабборовларнинг мавзу юзасидан кенг маълумотлар бердилар.

Медиафорумда таъкидланганидек, давлатнинг ахборот сиёсати ОАВларининг ўрни ва ролини ошириш, фикрлар хилма-хиллиги, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, сўз, фикр эркинлигига кенг йўл очиш каби уч асосий йўналишда амалга оширилади. Ахборот сиёсати 20 дан ортиқ қонун ва қонуности нормалари билан тартибга солинади. Айниқса, Конституциямиз ОАВнинг цензурадан ҳоли жамият барпо этиш йўлидаги машаққатли фаолиятларида қонуний асос вазифасини ўтайди.

— Айни пайтда давлат оммавий ахборот воситалари қаторида хусусий сектор ривожига катта аҳамият қаратиляпти. Бу тенденция соҳада соғлом рақобат, объектив журналистика муҳитини яратишда қўл келяпти, — дейди Дониёр Ғаниев. — Юртимиз қонунчилигидаги янгиланишлар келгусида хусусий ОАВларини янада ривожлантириш, рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашга йўналтирилади. Бунинг самарасида журналистик фаолиятнинг ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланади. Ахборот алмашинуви орқали жамият аъзоларининг ўз ҳуқуқ ва эркинликларидан тўлақонли фойдаланиш маданияти оширилади.

Депутатларимиз ўз чиқишларида «Ноширлик тўғрисида», «Реклама тўғрисида»ги ва бошқа қонун ҳамда қонуности нормаларига киритилаётган ўзгаришлар хусусида кенг маълумотлар бердилар. Ёлғон ахборот тарқатишнинг олдини олиш, айниқса, ижтимоий тармоқларда фаолият юритишда холислик мезонларига амал қилиш, инсон қадр-қимматига ҳурмат билан муносабатда бўлишни тарғиб қилиш, журналистика этикасининг умумий тан олинган қонунларига риоя этилишини таъминлаш, жамоатчилик назорати самарадорлигини ошириш масалаларига тўхталдилар.

Умиджон Жабборов:
— Сўнгги йилларда қонунчиликка ахборот сиёсатини таъминлашда хорижий тажрибаларга таянган ҳолда ёлғон ахборот тарқатиш, ОАВни қўллаб-қувватлаш, Ўзбекистонда сўз эркинлигини таъминлаш борасида бир қатор ўзгартиришлар киритилди. Ахборот сиёсати жамиятнинг бошқарувга нисбатан муносабатини кўрсатади. Очиқлик бор жойда ривожланиш бўлади, ОАВ эркин бўлган мамалакат ривожланади.
Журналист қандай бўлиши керак? Журналист холис ва виждонли бўлиши, ўзи тарқатаётган ахборотга ҳурмат билан муносабатда бўлиб, ўқувчи, тингловчи ва томошабин олдидаги масъулиятини унутмаслиги зарур.

Медиафорум мавзу юзасидан савол-жавоблар билан давом этади. Медиафорум дастуридан маданий тадбирлар ҳам ўрин олган бўлиб, иштирокчи журналистлар учун форум ташкилотчиси — Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан ташкилланган концерт дастурлари намойиш этилмоқда.

Медиафорум иштирокчиларининг маданий ҳордиқ чиқаришларига эътибор қаратилмоқда.

Мухтасар Исақова, 
журналист