Пресс-тур

ҚУДДУС: МЎЖИЗА БИЛАН ЮЗМА-ЮЗ

Ҳозирги Исроил ва Фаластин давлатлари ҳудудида дунёнинг учта динидаги улуғ ибодатгоҳ ва зиёратгоҳлари жам бўлган “Муқаддас ер” жойлашган. Унда Христианлар эътиқодидаги Исо пайғамбар туғилган ва хочга илинган ҳамда қайта дунёга келажак жой, Иудизм (яхудийлар дини)даги шох Довуд қурган “Ибодатлар тоғи”нинг ғарбий деворлари – “надомат девори” ва мусулмонлар учун биринчи қибла – Ал-Ақсо масжиди бўлиб, улар уч дин қавмлари учун ҳам муқаддас Қуддусда жойлашган.

Қуддуснинг эски шаҳари 0,9 квадрат километр жойни эгаллаган, атрофи тошдевор билан ўралган. Кўчалар тор, 2-2,5 метр кенгликда. Иморатлар қубсимон сарғич тошлардан қурилган. Қадим замонлардан дарак берувчи шарқона меъморлик кишини ҳайратга солади. Бу уйларда ҳамон одамлар яшайдилар. Уларнинг биринчи қаватида асосан дўкон ва хизмат кўрсатиш муассасалари жойлашган.

Қуддуснинг эски шаҳари гўё эртаклардаги каби сирли, синоатли. Биз унинг Яфф ёки Бобил Ҳалил дарвозасидан кирдик. Бирин – кетин тор кўчалар, пиёдалар йўлакларидан ўтиб “Надомат девори” қаршисида тўхтадик. Минглаб яхудийлар деворга бағриларини босиб оллоҳдан нажот сўрардилар. Инсонга унинг ҳаётлик даврида берилган бебаҳо бойлик – қалбидаги диний эътиқоддир. Эътиқод қайси динга бўлмасин, юзида тобелик, оллоҳга, унинг амрига тобеликни кўрасиз.

Сўнгра яна тор кўчалар бўйлаб юриб Исроил ҳарбийлари текширув постидан ўтдик. Ним қоронғу йўлак охирида гўё қуёш порлаб тургандек эди. Биз Ал-Ақсо ҳудудига қадам босдик. Дастлаб саккиз бурчакли ҳашаматли бино олдига чиқдик. Уни кўрдиму вужудимни титроқ босди, қалбимни хузурбахш ором эгаллади, тилимдан “ла илаҳа иллаллоҳ” калимаси тушмасди. Зиналардан кўтарилиб ичкарига кирдим. Мен буюк илоҳий мўжиза қаршисида эдим. Ўртада қоятош. Муқаддас китобларда ёзилганидек, Ражаб ойининг йигирма еттинчи кечасида инсоният тарихидаги энг муҳим ҳодисалардан бири содир бўлган. Ўша кечада Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг Исро ва Меърожлари бўлган.

Аллоҳ таоло:
«Ўз бандасини кечаси Масжидул-Ҳаромдан атрофини баракали қилганимиз Масжидул-Ақсога оят-мўъжизаларимизни кўрсатиш учун сайр қилдирган Зот пок бўлди. Албатта, У эшитгувчи ва кўргувчи Зотдир», деган.

Араб тилида «исро» сўзи-кечаси юргизиш маъносини англатади.

Бу ояти каримада Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломни Маккаи мукаррамадан Қуддуси Шарифга кечанинг бир қисмида олиб боргани ҳақида сўз юритилган.
Зиёратимнинг шу иноятли дақиқаларида намозга азон чақирилиб қолди. Одамлар сафлардан жой ола бошладилар. Мен пайғамбаримиз меърожга кўтарилган қоятош остига элтувчи йўлакчадаги посбонларга илтижо қилдим.

-Бир лаҳза шу ерни зиёрат қилай.

Аммо улар кўнмадилар. Одамлар суннат намозини бошлашди. Посбонлардан бири сафга қўшилди. Иккинчиси менинг кўз ёшларимга дош беролмади ва бош ирғади. Мен қоятош остига отилиб кирдим. Эшитиб, ўқиганимдек, у ерда кичик бир меҳроб бўлиб, Пайғамбаримиз меърож сафаридан олдин айнан шу жойда икки ракат намоз ўқиганлар. Ё раб, наҳотки менга шунчалар меҳрибонсан! Мен шу меҳробда туриб кўзларимда дув-дув ёш, қулоқ қоқдиму оллоҳнинг зикрини ўқий бошладим. Танам олов бўлиб ёнарди, аммо бошим, кафтларим, тиззам саждада эканида илгари, умрим бўйи хис қилмаган қандайдир енгиллик, қувват, ёруғлик ва шу қадар ёқимли, хушбўй ифор оғушида эдим. Шу тариқа икки ракат намозни адо қилиб қўлимни очиб оллоҳдан гуноҳларимга мағфират тиладим. Қарасам, юқоридаги назоратчи, “ваъдасида турмаган зиёратчи”ни сабр билан кузатаётган экан. Унинг ҳам кўзлари жиққа ёш. Биз бир-биримизни танимасак, тилимизни тушунмасакда беихтиёр маҳкам қучоқлашдик. Бизни илоҳий эътиқод – динимиз бирлаштирган эди.

Меърож чоғида умматларга намоз вазифаси қўйилгани ҳақидаги сахих ҳикояларнинг бирида шундай дейилади:

“Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар осмонда бир пайғамбар ва кўплаб фаришталар ила кўришдилар. Шунингдек, жаннат ва жаҳаннамнинг ҳолини кўрдилар. Сидратул-Мунтаҳога ўтиб, Аллоҳнинг малакут оламида кўпгина ажойиботларни кўрдилар. Ўшанда беш вақт намоз фарз қилинди. Сўнгра ортга қайтдилар. Қиссани борича у зотнинг ўзлари Умми Ҳониъга айтиб бердилар”
Шу ерда зиёратчилар учун пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в)нинг муборак қўллари теккан қора тош қўйилган бўлиб, унга кўп қатори мен ҳам бармоқларимни босишдек марҳаматга мушарраф бўлдим. Ўша дақиқаларда гўё илоҳий бахт уммонига йўғрингандек эдим. Кўнглим висол, оллоҳ ва пайғамбаримиз висолида ўртанар эди.

Ал-Ақсо катта мажмуа бўлиб, бу ерда бир неча масжидлар бор. Улардан бири Ал Қиблий масжиди олтин гумбазли муқаддас қоятош қаршисида, чамаси 100-120 метр оралиқда. У милодий 636 йилда ҳалифа Умар (р.а) нинг топшириқлари билан қурилган.

Бошқа минглаб зиёратчилар қаторида каминага ҳам Ал Қиблий масжидида пешин намозини мазхабимиз қоидалари асосида ўқиш, юртимиз, халқимиз, оиламга эзгу тилакларни илтижо қилишга муяссар бўлдим.
Ҳар бир мусулмон диндошимга бундай мархаматли онлар насиб қилсин.

Муҳаммаджонҳожи Обидов
Қуддус