Янгиликлар

Марғилондаги ижодкорлар боғига бир келинг​

Президентимиз ташаббуси билан барпо этилган Марғилон шаҳридаги ижодкорлар боғи ва Эркин Воҳидов номини абадийлаштириш мақсадида амалга оширилган эзгу ишлар халқимизнинг ардоқли шоирига юксак эҳтироми ифодаси бўлди.

Мамлакатимиз тараққиётининг бугунги босқичида Фарғона вилоятида ҳам барча соҳаларда ҳаётбахш ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Фарғоналиклар қалбга роҳат ва ҳузур бағишловчи бу ўзгаришларни Президентимиз Шавкат Мирзиёев номи билан бевосита боғлайди. Боиси, давлатимиз раҳбари ҳар гал вилоятга ташрифи чоғида фарғоналикларни юрт равнақи йўлида фаол ва фидойи бўлишга ундаб, ўнлаб истиқболли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилишига рағбатлантиради.

Бинобарин, бугунги кунда дилбар Фарғонанинг нафақат кўрку жамоли, балки вилоят аҳлининг ҳаётга муносабати ўзгариб, эртанги кунга ишончи мустаҳкамланмоқда. Айни жараёнда вилоятнинг бош кентлари бўлмиш Фарғона, Қўқон ва Марғилон шаҳарларидаги янгиланишлар эътиборга сазовор.

photo5420219303187295556.jpg

Кўҳна ва ҳамиша навқирон Марғилоннинг тор ва диққинафас кўча-йўллари, тартибсиз боғлару нураб ётган хизмат кўрсатиш шохобчалари ўрнида қад ростлаган муҳташам ижодкорлар боғи мамлакатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган ана шундай эзгу ташаббусларнинг яна бир амалий тантанаси бўлди. Бугунги кунда бу боғ нафақат вилоят аҳли, бутун Фарғона водийси ёки мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келадиган меҳмонлар, балки хорижлик саёҳлар учун ҳам суюкли масканга айланди.

Боғ атрофидаги эски, чордевор уйлар ўрнида замонавий хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолияти йўлга қўйилди. Ижодкорлар боғига ташриф буюрувчилар худди она табиат қўйнида юргандек эмин-эркин, яйраб нафас олмоқда. Шу маънода, Эркин Воҳидов номидаги ижодкорлар боғи руҳиятни, покиза ва бокира туйғуларни тарбияловчи маънавият ва маърифат маркази сифатида намоён бўлади.

Айниқса, сўнгги уч йилда Фарғона вилоятида ҳам бемисл ўзгаришлар, бунёдкорлик ишлари бажарилди ва тизимли давом эттирилмоқда. Одамларнинг турмуш даражасини янада яхшилаш, фаровонлигини оширишга қаратилган лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Вилоятда 2019-2020 йилларда қиймати 40,4 триллион сўм бўлган 624 йирик ва ўрта инвестиция лойиҳаси ишга туширилиши белгиланган бўлиб, улар негизида салкам 50 мингга яқин иш ўрни яратиш кўзда тутилган. Бугун нафақат саноат, тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги йўналишларида, балки ижтимоий-маданий соҳаларда ҳам оламшумул янгиланишлар рўй бермоқдаки, у юртдошларимиз қалбида ғурур-ифтихор туйғуларини юксалтирмоқда.

photo5420219303187295557.jpg

2017 йилда Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига ташрифи чоғида Марғилон шаҳридаги Эркин Воҳидов номидаги боғнинг қурилиш жараёни билан танишиб, амалий тавсиялар берган эди. “Қаҳрамон шоиримиз номи билан аталадиган ушбу боғ ҳар томонлама мукаммал бўлиши, уни ёшлар маънавиятини юксалтирадиган масканга айлантириш, хиёбонга Эркин Воҳидовнинг энг сара шеърларидан намуналар ёзилган лавҳалар ўрнатиш зарур. Бу ерга келувчилар Эркин Воҳидов шеърларидан баҳраманд бўлиб, маънавий оламини янада бойитиб олсин” деб таъкидлаган эди давлатимиз раҳбари.

Ўтган қисқа вақт ичида бу ерда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Бугунги кунда замонавий ва кўркам ижодкорлар боғи шаҳар кўркига кўрк қўшмоқда. Мазкур мажмуа том маънода санъат ва маънавият ошиёни, истеъдодли ёшлар камол топувчи зиё маскани сифатида янгитдан барпо этилди.

Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовга юксак эҳтиром сифатида унинг ҳайкали ўрнатилиб, адиб номидаги ижтимоий фанлар йўналишидаги истеъдодли ёшлар мактаб-интернати, Эркин Воҳидов мемориал музейи, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими биноси ва бошқа кўплаб иншоотлар қад ростлади. Ижодкорлар боғига қадам қўяр экансиз, шоирнинг дилга яқин шеър ва ғазаллари янграб, сизни беихтиёр адабиёт бўстонига чорлайди.

photo5420219303187295558.jpg

– Давлатимиз раҳбари 2018 йил 12-13 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида ижодкорлар боғида ҳам бўлди, – дейди Ўзбекистон халқ шоири Энахон Сиддиқова. – Бу биз, ижодкорлар учун унутилмас воқеага айланди. Бугун ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг янада самарали ижод қилиши учун барча шароитлар яратилаётганининг ўзи ҳам юксак эъти
бор намунасидир. Чунончи, Ёзувчилар уюшмасига пойтахтимизнинг ғоят хушманзара масканидан бино қуриб берилиши, ижодкорларни уй-жой билан таъминлаш борасида қилинаётган ишлар, машҳур шоир-адиблар номидаги ижод мактаблари, эҳ-ҳе, буларнинг санаб адоғига етиш қийин. Марғилондаги ижодкорлар боғи ҳам халқимизнинг, вилоятга ташриф буюрувчи меҳмонларнинг қутлуғ зиёрат жойига айланди.

Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов миллий маънавиятимизнинг фидойиси сифатида юксак қадрланади. Унинг ибратли ҳаёти, бетакрор ижоди миллий адабиётимиз ва маданиятимиз ривожи, халқимиз маънавиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

photo5420219303187295559.jpg

Юртимизда инсон қалбининг нозик туйғуларини, халқимизга хос орият ва ғурурни, озодлик ва истиқлолни юксак маҳорат билан куйлаган улкан шоир китоблари кириб бормаган хонадон бўлмаса керак. Зеро, у ўзликни англаш, миллий ғурур туйғуларини юксак пардаларда тараннум этади, ҳар биримизни тинчлик-хотиржамликни қадрлашга, чин инсоний фазилатлар соҳиби бўлишга ундайди.

“Тирик сайёралар”, “Шарқий қирғоқ”, “Куй авжида узилмасин тор”, “Яхшидир аччиқ ҳақиқат” каби тўпламларидан жой олган шеърларида, “Руҳлар исёни”, “Истанбул фожиаси” каби асарларидаги ҳар бир сўз, ҳар бир сатрда инсоният қисматидан безовта қалб кечинмалари, замон тақдирига жавобгарлик туйғуси билан ураётган юрак ҳаяжони ловуллаб акс этади. “Инсон”, “Сирдарё ўлани”, “Арслон ўйнатувчи” каби достон ва шеърлари миллий шеъриятимизнинг ғоят нодир намуналаридан, десак, асло муболаға эмас.

Шоирнинг истиқлол йилларидаги ижоди миллий қадриятларни тиклаш, ўзликка қайтишдек машаққатли йўлнинг бағоят шарафли эканини тасдиқлайди.

photo5420219303187295560.jpg

Эркин Воҳидов мемориал музейи ўзбек шеъриятининг рамзи сифатида ҳам қадрли. Бу ерда адиб ва унинг замондошларига мансуб 800 дан ортиқ китоб ва 400 дан ортиқ экспонат бор.

Музейнинг асосий кириш қисмига хивалик усталар томонидан шоир таваллудининг 70 йиллигига совға қилинган Эркин Воҳидов портрети туширилган гилам жойлаштирилди. Ундан сўнг адибнинг 1960-2010 йилларда нашр этилган асарларини кўриш мумкин. Шоир тахминан 7 ёшидан ижод қилишни бошлаган бўлса, музей ходимлари адибнинг барча даврдаги асарлари, уй анжомлари, турли йилларда чизилган портретлари коллекциясини бир ерда жамлашган. Кўплаб экспонатлар орасида шоирнинг севимли шахмат доскаси алоҳида ўрин эгаллайди. Ҳатто шоирнинг 1978 йилда чоп этилган “Муҳаббат” шеърий тўпламининг қалам ҳақига сотиб олинган “ГАЗ-24” русумли автомобили фотосурати ҳам бор. Музейнинг бутун экспозицияси ижодкор ҳаётининг энг ёрқин лаҳзаларини ўзида қамраб олган. Уларнинг аксарияти шоирнинг оила аъзолари томонидан туҳфа қилинган.

Мажмуада Эркин Воҳидов номидаги она тили ва адабиёт фанини чуқур ўқитишга ҳамда хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернат фаолият кўрсатмоқда. Айни кунларда бу ерда адабиётга меҳр қўйган 164 нафар истеъдодли ўқувчи таҳсил олаётир. Синф хоналари замонавий ўқув жиҳозлари билан таъминланган. Ҳар бир фан хонасида видео проектр, компьютер жамланмаси мавжуд. Замон талабидан келиб чиқиб ташкил этилган ижодий инновация, маҳорат хонаси, Эркин Воҳидов галереяси, 320 ўринли фаоллар зали, 80 ўринли ўқувчилар ётоқхонаси, илҳом айвони бугун шундай ижод мактаблари олдига қўйилган эзгу мақсад ва вазифаларнинг самарали адо этилиши учун хизмат қилади. Ўқувчилар мамлакат миқёсида ўтказилаётган кўплаб кўрик-танловларда муваффақиятли иштирок этмоқда. 10-синф ўқувчилари Ҳожимурод Қўзибоев, Муаттар Маматкаримова мактабда таъсис этилган Эркин Воҳидов номидаги стипендия соҳибларидир.

photo5420256458949373201.jpg

Шунингдек, бу ердан Нуронийлар маскани, тадбирлар ўтказиладиган 1600 ўринли амфитеатр ва миллий айвон, ош маркази ўрин олган. Мусиқали фаввора, замонавий аттракционлар аҳоли хизматида.

Юртимизнинг барча ҳудудларида қад ростлаётган бу каби масканлар, иншоотлар ободлик ва фаровонлик тимсоли сифатида барчамизга ғурур-ифтихор бағишлаб, келажак авлоднинг ҳар томонлама баркамол улғайишига хизмат қилаверади.

Маъсуджон СУЛАЙМОНОВ,

Муқимжон ҚОДИРОВ​ (сурат)